29.09.2020 21:37
4708
«Лион» президенти дедлайн ҳақида огоҳлантирмоқда, «Вулверҳэмптон» португалиялик бўлмаган футболчи олиши мумкин

«Барселона» Куман режасига кирмаётган ва яқин кунларда сотилиши мумкин бўлган футболчиларни аниқлаб олган, деб ёзади Mundo Deportivo. Тодибо, Фирпо, Умтити, Аленья, Брейтуэйт ҳамда Рафинья каби футболчилар ушбу рўйхатга киритилган ва уларнинг ҳар бири бўйича таклифлар мавжуд. Ушбу номларнинг барчаси жамоани тарк этади, деб айтиш қийин, аммо клуб бу футболчилар сотувидан яхшигина пул ишлаб олишни режалаштирган.

«Ювентус» эса сўнгги йилларда катта маошлар билан эркин агентларни ўзига жалб қилиш оқибатини ҳис қилмоқда. Сами Хедира туринликлар жамоасида ортиқча бўлиб қолди, аммо немис яримҳимоячиси осонликча жамоани тарк этмоқчи эмас. «Ювентус» шартномани бекор қилиш учун ҳатто футболчига 3 миллион евро тўлашга рози бўлмоқда, лекин Хедира 6 миллион евро талаб қилган.

«Арсенал» яримҳимоячиси Лукас Торрейра «Атлетико»га ўтиши деярли аниқ бўлиб улгурди. Ушбу уругвайлик футболчининг вакиллари Мадридга келишди, яқин вақтлар ичида музокараларнинг сўнгги босқичи бўлиб ўтади. Трансфер суммаси 30 миллион евро атрофида бўлиши кутилмоқда.

«2 октябрдан кейин ҳам клубда қолган футболчи, ушбу трансфер ойнасида сотилмайди», деб маълум футболчилар учун дедлайн эълон қилди «Лион» президенти. Гап асосан «Барселона»га ўтиши кутилаётган Мемфис Депай ва «Арсенал» қизиқишлари доирасида турган Усам Ауар ҳақида бораётганини пайқаш қийин эмас. У бу баёнот орқали харидор клубларни тезроқ ва аниқроқ ҳаракат қилишга ундамоқда.

Ауар борасида Туриннинг «Ювентус» клуби ўйиндан чиққандек кўринганди, аммо RMC нашри ўз талқинини илгари сурди – уларнинг манбасига кўра, туринликлар яқин икки кун ичида футболчи борасида расмий таклиф юборади.

«Наполи» ва «Интер» марказий яримҳимоячи Матиас Весинонинг трансфери юзасидан музокара ўтказмоқда. «Наполи» 29 ёшли ҳавбекни бир йиллик ижарага олмоқчи, лекин миланликлар тўлақонли трансфер орқали 10-12 миллион евро қўлга киритишни мақсад қилишган. Бу ҳақида Николо Шира хабар бермоқда. Бундан ташқари, «Наполи» футболчининг кейинги икки ойлик маошини ҳам «Интер» тўлаб бериши керак, деб ҳисоблаяпти, зеро Весино яқинда жароҳат олиб, шунча муддатга сафдан чиққан.

«Порту» ҳужумчиси Тикиньо Соарес Хитойнинг «Тяньцзин ТЕДА» клубига ўтди. Бу ҳақида Хитой клуби расман хабар тарқатди. 29 ёшли ҳужумчи учун 5,5 миллион евро тўланди. Шартнома эса, уч йилга мўлжалланган. Аввалроқ ушбу футболчи билан Россиянинг «Локомотив» клуби жиддий қизиқиб турганди. 

«Севилья» ҳужумчи Раул де Томасни сотиб олиш учун «Эспаньол» билан алоқага киришди, деб ёзмоқда Marca. Андалусияликлар 25 ёшли футболчини шу ҳафта охиригача ўз сафларида кўришмоқчи. «Эспаньол» де Томасни бир йил олдин, клуб учун рекорд бўлган 20 миллион еврога сотиб олганди. Ушбу ҳужумчи Ла Лигада 14 ўйинда майдонга тушиб, 4 гол муаллифига айланди.

Marca нашрининг яна бир хабарига қараганда, «Атлетико» Тома Лемарни яқин кунларда сотишга умид қилмоқда. Франциялик вингерга асосий даъвогар сифатида «Вулверҳэмптон» тилга олиняпти. Ушбу трансфер учун асосий тўсиқ футболчининг катта маоши бўлиши мумкин. Икки йил олдин 80 миллион еврога «Монако»дан харид қилинган футболчининг маоши йилига 6 миллион еврони ташкил қилади. Шунингдек, Лемарнинг агенти Жорже Мендеш ҳам катта улуш талаб қилган.

Sky Sport Italia манбаси хабар қилишича, «Наполи» марказий ҳимоячиси Никола Максимович фаолиятни Англияда давом эттириши мумкин. «Ювентус» ҳимоячиси Даниэле Ругани учун курашда «Валенсия»га ютқазган «Вест Ҳэм» Николага қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, «Фулҳэм» ҳам 26 ёшли футболчига даъвогарлик қилади. Ўтган мавсумда Максимович А Серияда 22 ўйинда майдонга тушди ва 1 гол муаллифи бўлди.

«Фулҳэм» учун Максимович ҳимоя марказига учинчи номзод, холос. Николо Ширанинг хабарига қараганда, асосий номзод сифатида «Барселона» аъзоси Жан-Клер Тодибо тилга олиняпти. Футболчи ўтган мавсумни «Шальке» сафида ижарада ўтказганди. Клуб эътибор қаратаётган иккинчи футболчи эса «Торино» сафида тўп сураётган Глейсон Бремер. 

«Тоттенҳэм» «Челси» ҳимоячиси Антонио Рюдигерни бир йиллик муддатга ижарага олмоқчи, деб хабар беради Sky Sport. 27 ёшли марказий ҳимоячи ушбу мавсумда асосий таркибга кира олмаяпти. Аввалроқ Рюдигер билан «ПСЖ» клуби ҳам қизиқаётгани ҳақида хабарлар чиққан.

Жанлука Ди Марционинг ёзишича, «Милан» яримҳимоячиси Лукас Пакета жамоани тарк этишга яқин. Франциянинг «Лион» клуби футболчи учун 20 миллион евро тўлашга тайёр эканини маълум қилган.

«Трансфермаркет» портали талқинида Испания чемпионатининг энг қимматбаҳо футболчилари рейтинги билан танишинг. Рўйхатни «Барселона» ҳужумчилари Лео Месси ва Антуан Гризманн бошқаришмоқда. Кейинги ўринларда эса «Атлетико» вакиллари боришмоқда. Одатда энг қимматбаҳо футболчилари билан фахрланадиган «Реал»нинг энг қимматбаҳо аъзоси эса 5-ўриндан ўрин олган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар