28.09.2020 20:30
12409
Манджукич ўзига янги клуб топди, «Арсенал» «Челси»дан яна бир футболчи олмоқчи. Сўнгги трансфер хабарлари

Эркин агентга айланган Марио Манджукич фаолиятини «Бешиктош»да давом эттириши мумкин, деб хабар беришмоқда турк манбалари. Жумладан, Safak Malatya нашри хабарига кўра, истанбулликлар 34 ёшли футболчи учун йилига 3 миллион евро маош, шунингдек, 4 миллион евро «кўтарма пули» таклиф қилишган. Аввалроқ, хорватиялик ҳужумчи Москванинг «Локомотив» клуби билан деярли келишиб бўлгани хабар қилинганди, аммо руслар маошни евронинг бугунги курси қатъий белгиланган тартибда рублда тўлаб боришмоқчи, футболчи бунга рози бўлмагач, музокаралар боши берк кўчага кириб қолган.

«Барселона»нинг ёш яримҳимоячиси Рики Пуч учун «Порту» ва ПСВ даъвогарлик қилмоқда, деб хабар беради Mundo Deportivo. Ҳар икки клуб ҳам футболчини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олмоқчи. 21 ёшли ҳавбек пандемия билан боғлиқ танаффусдан кейин бир қатор ўйинларда қатнашиб, яхши таассурот қолдирганди, аммо янги мураббий Рональд Куман ушбу мавсумда унинг хизматидан фойдаланмоқчи эмаслигини маълум қилиб, уни ижарага беришни тавсия қилди.

«Ницца» яримҳимоячиси Вилан Сиприен учун «Астон Вилла» ва «Сампдория» рақобат қилади. Журналист Николо Ширанинг ёзишича, генуяликлар 25 ёшли футболчини яқинда «Торино»га сотиб юборилган Карол Линеттига ўринбосар сифатида кўрмоқда. Виланнинг трансфер қиймати 20 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

«Арсенал» даъвогарлик қилаётган Жоржиньо учун «ПСЖ» ҳам курашиб кўради. Saber Desfa нашри хабар беришича, парижликлар ҳам худди «Арсенал» каби футболчини бир йилга ижарага олмоқчи. Аввалроқ, Томас Тухел клуб раҳбариятидан майдон марказига футболчи олиб беришни сўраган эди. «Челси» учун Париж варианти яхшироқ бўлиши мумкин, чунки, жорий трансферлар доирасида клубнинг яна бир футболчиси Виллиан «Арсенал» вакилига айланганди. Турнирдаги асосий рақибларга футболчиларни бериш якунда «Челси»нинг зарарига ишлаши мумкин.

Николо Ширанинг яна бир хабарига кўра, «Интер» ҳимоячиси Андреа Раноккия яқин кунларда «Женоа» сафига бориб қўшилади. «Женоа» футболчи билан 1,5 миллион евро йиллик маош билан уч йилга келишувга эришди. Катта эҳтимол билан миланликлар 32 ёшли ҳимоячини текинга қўйиб юборишга рози бўлади, зеро сўнгги пайтларда у умуман асосий таркибга кира олмаяпти.

«Лидс Юнайтед» «Бавария» марказий яримҳимоячиси Микаэл Кюизанс учун 20 миллион евро тўлашга рози, деб маълумот тарқатди L'equipe. 21 ёшли франциялик футболчи ўтган мавсумда Бундеслигада 9 ўйинда майдонга тушган ва 1 гол уриб, 1 голга ҳаммуаллифлик қилган.

«Бенфика» марказий ҳимоячиси Рубен Диашнинг «Манчестер Сити»га ўтганини расман тасдиқлади. Португалияликлар 23 ёшли футболчи учун 68 миллион евро олди. Шунингдек, турли бонуслар шаклида яна 3,6 миллион евро келиши мумкин. Николас Отаменди эса, келишувга кўра, «Бенфика» аъзосига айланди. 32 ёшли аргентиналик ҳимоячи учун «Манчестер Сити» ҳисоб-рақамига 15 миллион евро тушди.

Грем Потер «Манчестер Юнайтед» вингери Дэниел Жеймсни «Брайтон»га олиб келмоқчи, деб ёзади The Athletic. Мураббий ўз вақтида «Суонси»ни бошқарган ва Жеймсга устозлик қилган. Манчестерликлар аввалроқ, «Лидс»нинг ушбу футболчи бўйича ижара таклифини рад этганди, аммо агар Жейдон Санчо трансфери амалга ошадиган бўлса, Жеймснинг майдонга тушиш имконияти янада пасайиб кетади. Ҳозирда Сульшер ўнг қанот вингери сифатида Мейсон Гринвудга кўпроқ ишонч билдирмоқда.

ВВС, Corriere dello Sport каби нашрларнинг ортидан, энди Фабрицио Романо ва Ди Марцио ҳам Андреас Перейранинг «Лацио»га ўтиши деярли аниқ бўлганини ёзишмоқда. Хабарга кўра, футболчи тиббий кўрикдан ўтиш учун Римга йўл олган ва яқин вақтда трансфер расман эълон қилинади. Келишув бир йиллик ижара асосида бўлиб, келаси ёзда футболчини сотиб олиш ҳуқуқи «Лацио»да бўлади.

Катта эҳтимол билан Лука Йович бу мавсумда «Реал»да қоладиган бўлди. Маrca нашри хабар беришича, Зидан футболчи билан гаплашган ва асосий таркибдан жой кафолатланмаган бўлса-да, кўпроқ вақт беришини маълум қилган. Аввалроқ Йовичнинг Италия клубларига ёки «Айнтрахт»га ижарага берилиши ҳақида хабарлар чиққанди. Ҳужумчининг «Бетис»га қарши ўйиндаги ишончли ҳаракатлари мураббийлар штабининг фикрини ўзгартирган бўлиши мумкин. Айнан Йовичга қарши ишлатилган қўполлик учун рақиб ҳимоячиси майдондан четлатилган ва бу вазият учрашувнинг бурилиш нуқтаси бўлганди.

SPORT нашрида ёзилишича, «Бавария» раҳбарияти «Аякс» жуда инсофсизлик қилди, деб ҳисобламоқда. Гап Сержиньо Дестнинг «Барселона»га трансфери устида боряпти, зеро немислар футболчи билан деярли шартнома имзолашга яқин турганди.

«Лион» Мемфис Депайнинг трансферига тўловнинг бир қисми сифатида Умтитини олишни истамаяпти, деб ёзади Canal +. Маълумки, Рональд Куман Нидерландия миллий жамоасидаги шогирдини Барселонада кўрмоқчи ва 30 миллион евро атрофида трансфер нархи белгиланганди. Шунингдек, клуб франциялик ҳимоячи Умтитини сотиш ниятида. Ўз вақтида ҳимоячи айнан «Лион»дан сотиб олинганди. Французлар собиқ футболчиси қайтишига қарши эмас, аммо алоҳида келишув сифатида музокара ўтказмоқчи бўлишяпти.

«Трансфермаркет» портали версиясига кўра, Италия чемпионатининг энг қимматбаҳо футболчилари рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, «Интер» ҳужумчиси Ромелу Лукаку А Сериянинг энг қиммат футболчиси экан. Табиийки, кўрсатилган нархлар амалиётдан бирмунча фарқ қилиши мумкин, чунки кўрсатилган суммани бера оладиган клублар билан айнан шу футболчига муҳтож клублар кўпинча фарқ қилишади. Шунингдек, масалан, Кристиан Эриксеннинг нархи 60 миллион евро деб кўрсатилган, аммо «Интер» уни 27 миллион еврога ҳам сота олмаяпти.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар