28.09.2020 17:55
9205
Куманнинг «Барселона»си. Жамоада Мессига қарамлик йўқолмоқда, Месси ҳам иштиёқини йўқотмаган

Кўк-анорранглилар мавсумни «Вильярреал»га қарши ўйиндаги ёрқин ғалаба билан бошлашди (4:0).

Испания чемпионати. Примеро. 3-тур
«Барселона» — «Вильярреал» — 4:0 (4:0)
Голлар: Фати, 15 (1:0). Фати, 19 (2:0). Месси, 35 — пенальтидан (3:0). Пау Торрес, 45 — автогол (4:0).
«Барселона»: Нету, Пике, Жорди Альба, Лангле, Бускетс (Пьянич, 78), Коутинью (Дембеле, 70), Сержи Роберто, де Йонг, Месси, Гризманн (Тринкан, 78), Фати (Педри, 70).
«Вильярреал»: Серхио Асенхо, Альбиоль (Фунес Мори, 84), Марио Гаспар, Эступиньян, Пау Торрес, Парехо, Коклен (Иборра, 46), Мойсес Гомес, Пако Алькасер (Тригерос, 46), Морено (Бакка, 84), Чиквуэзе (Кубо, 74).
Огоҳлантириш: Морено, 83.
Ҳакам: Куадра Фернандес.
27 сентябрь. Барселона. «Камп Ноу» стадиони.

Барча Бартомеуга қарши
«Барселона» клуби мухлисларининг катта қисми учун клубда бўлиб ўтаётган воқеалар рамзи Луис Суареснинг хайрлашув маросимидаги кўз ёшлари ва Жозеп Бартомеунинг ҳеч кимни ишонтира олмаган чиқиши бўлди. Мухлисларнинг севимли футболчиларидан бирини клубдан ҳайдаб юборган президент бу маросимга келмагани яхши эди.

Клуб раҳбарияти нафақат жамоанинг Неймар ва Дани Алвес бошчилигидаги собиқ футболчилари томонидан, балки клуб сардори томонидан ҳам танқид қилинмоқда. Месси бунгача ҳам ўзини тия олмасдан «Камп Ноу»да қолиш қарори ҳақида маълум қилган интервьюсида раҳбарият ҳақида нимани ўйласа гапирганди. 

Қолаверса, Бартомеунинг даври тугамоқда президент ҳозир чўлоқ ўрдак каби — кейинги йил унинг президентлик муддати тугайди ва у янги сайловда қатнашмайди. Клуб бош мураббийлигига у томонидан таклиф этилган Роналд Куман ҳам Бартомеуни қўлламаяпти. У Месси ўйинлар ва машғулотлар вақтида барча учун намуна эканини таъкидламоқда, унинг Суареснинг клубдан кетишига муносабатини ҳам оддий ҳолат сифатида қабул қилди. ОАВ томонидан Суареснинг кетишида бош айбдор сифатида кўрсатилган мураббий асли бундай эмаслиги, унинг кетиши фақат клуб раҳбарияти қарори бўлганини маълум қилди.

Таркибдаги тозалаш
Бу оқилона ёндашув бўлди. Биринчидан, мураббий футболчилар билан биргалигини билдирди. Иккинчидан, бу сиёсат ва Куман кейинги йил мартида сайланадиган бўлажак президент вақтида ҳам «Барселона»да қолишни истайди. Шу билан бирга, Роналд клуб раҳбариятининг таркибни янгилаш бўйича қарорини маъқуллади ва янги чемпионат бутунлай бошқача бўлишини айтиб ўтди.

Каталонияни аввалроқ тарк этган Артур ва Ракитич ортидан Суресом, Видаль ва Нелсон Семеду ўзларига янги клуб топиб кетишди. Шу кунларда Тодибо клубини алмаштириши кутилмоқда, Хуниор Фирпо ва Юмтити ҳам бошқа клублардан таклиф кутмоқда. Рики Пучнинг келажаги сўроқ остида, бош мураббий янги Иньеста сифатида қаралаётган бу футболчи ижарага берилиши кераклигини тавсия қилган.

Мухлислар бу ўзгаришларни ижобий қабул қилишмаган бўлишсада, бу қарорлар мантиққа зид эмас. Жамоа яримҳимоя чизиғида рақобат катта ва ҳатто Пьянич ҳам захира ўриндиғида қолиб кетиши мумкин. Аленья, Рафинья ва Филиппе Коутинью каби футболчилар ижарадан қайтишди, клуб бу футболчиларни ҳам ўйин амалиётига эга бўлишлари учун, ҳам молиявий фейр-плейга амал қилиш зарурати туфайли ижарага беришига тўғри келганди.

Клуб бу сафар трансферлар бозорида фаол эмас. Ҳозир Вейналдумни ҳеч ким эсламай қўйди. Лаутаро Мартинес ҳаддан ташқари қиммат, Депай учун эса рақобатчи кўп. Фақат «Аякс»дан америкалик ёш ҳимоячи Сержиньо Дестнинг трансфери ҳал қилинди. Аммо, бу футболчи ҳам келажак учун, Куман эса янги «Барса»ни ҳозирдан қуриши керак.

Фатининг ўйини

Албатта, битта ўйин билан баҳо бериш тўғри эмас, аммо кўк-анорранглиларнинг ўйинида яна мазмун пайдо бўлди. Кике Сетьен даврида тўп назорати тўғри йўлга қўйилмаган ва бу рақибни эмас, «Барса»нинг ўзининг ўйинини бузиб қўярди. Ҳозирда эса каталонияликлар футболи нисбатан вертикал кўриниш олди. Узатмалар шунчаки узатилмаяпти. Тўпнинг ҳар бир ҳаракати вазиятни кескинлаштириш учун хизмат қилмоқда, узун паслар сони ҳам кўпайди. 

Жамоа ҳимоядан чиқишда ҳам самарали ўйнамоқда. «Вильярреал»га қарши ўйиндаги иккинчи голли ҳужум бунга яққол намуна бўлади - Лангле дарҳол марказдаги Коутиньони тўп билан таъминлаганди. Очиқ ҳудудларга эга бўлган бразилиялик футболчи майдон марказини кесиб ўтиб, Фатини зарба бериш нуқтасига чиқарди. Биринчи голда ҳам Клеман Лангле Жорди Альбага узун узатмани амалга оширган, қанот ҳимоячиси эса Фатини ўз вақтида тўп билан таъминлаган, ёш вингер Серхио Асенхонинг яқин бурчагини аниқ нишонга олганди. 

Фати бир йиллик футболчи эмаслигини намойиш эта бошлади. 17 ёшли вундеркинд мавсумни ҳеч кимда савол қолдирмайдиган тарзда бошлади - янги шартномага кўра унинг бадал пули миқдори 400 миллион еврога кўтарилганди. Бартомеу эса Фатининг голлари ва пенальти ишлашидан кейин енгил тин олгани аниқ, чунки Суареснинг «Атлетико»даги ёрқин дебютидан кейин (уругвайлик футболчи захирадан тушиб голли узатма амалга оширди ва икки гол урди) президентга фақат дангасалар тош отмаганди.

Куманнинг услуби

Куманнинг дебют ўйинига энг яхши баҳони мухлислар беришмоқда. Стадионда улар йўқ эди, аммо фанатлар арена ташқарисида иккинчи бўлим бошланаётган чоғда ғалаба мушакбозлигини уюштиришди. Ўйин давомида Унаи Эмерининг «Камп Ноу»даги навбатдаги мағлубияти муқаррар экани кўриниб турарди.

«Барса» ўйинида танқидталаб бўлган жиҳат — ҳимоя чизиғидаги муаммолардир. Қолган барчаси — мақтовга лойиқ. Куман де Йонгдан қандай фойдаланиш кераклигини ҳам билишини кўрсатиб қўйди. Бош мураббийнинг ватандоши ҳужум вақтида таянч зонасини Бускетсга қолдириб ўз вақтида олдинга ўтди. Умуман, ўйин давомида кўп футболчилар вазиятга қараб тўғри позициялар танлашди. Масалан, Гризманн керак вақтда марказда пайдо бўлди, керакли вақтда ўнг қанотга ўтди, ўнг қанот ҳимоячиси вазифасини ҳам бажарди, чапда Фатининг ортида ҳам ўйнади.

«Сариқ субмариналар» ҳимоячилари Коутиньо ҳам майдонда аслида қайси позицияда ўйнаётганини англай олишмади. «Тўққизлик», инсайд ёки қанот ҳужумчиси? Лео эса эркин ижодкор эди ва жамоа бундан самарали фойдаланди. 

Лео Месси: дарвозага етти зарба ва пенальтидан бир гол

Мавсумлар оралиғидаги муаммоларга қарамасдан майдонда жамоа учун борини бериб ўйнашда давом этмоқда. Яхши ҳаракатланмоқда, кескин вазиятлар яратмоқда. 35-дақиқада эса пенальтидан учинчи голни урди. Бу вазиятда Марио Гаспар жарима майдони ичида Фатининг оёғига тепгани учун ҳакам 11 метрли жарима нуқтасини кўрсатганди. 

Месси танаффусгача каталонияликларнинг барча тўрт голида иштирок этди. Унинг Серхио Бускетсга узатмасини тўсиб қолмоқчи бўлган Пау Торрес ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди.

Жамоа сардори энди тўпни майдон марказида олиб рақиб жарима майдонигача олиб бориши талаб этилмайди. Янгиланган «Барса» тезкор футболчилар ҳисобига узун узатмалардан фойдалана бошлади. Бу жараёнга Куманнинг услубини қабул қилган барча футболчилар жалб этилади. Қанчалик ғалати туюлмасин, каталонияликлар Мессисиз ҳам ўйнай олишади. Аммо таркибда Лео бўлгани барибир яхшироқ. Испания чемпионатига ва Европа футболига айнан шундай «Барса» керак.

Иккинчи бўлимда Эмери тўпга эгалик қилиш учун Пако Алькасер ўрнига майдон марказига қўшимча футболчи туширди. Аммо меҳмонлар иккинчи бўлимда ҳам яхши ҳужумлар уюштира олишмади. «Барселона» позицион ҳимояланиб ўйин темпини туширди. Куман ўйинчилар алмаштириш орқали куч тежади: Пьянич, Тринкан ва Педри дебют қилди, Усмон Дембеле ҳам 10 ойлик танаффусдан кейин майдонга қайтди.

Биринчи бўлимда тўлиқ устунлик қилган «Барса» зарбалар бўйича ҳам илгарилаб кетганди – 8:2 (аниқ зарбалар бўйича – 5:0). Танаффусдан кейин «Барселона» меҳмонларнинг 4 зарбасига 9 зарба билан жавоб қайтарди (аниқ зарбалар бўйича – 4:1). Месси етти марта зарба берди. У иккинчи бўлимда бир қанча яхши вазиятларга эга бўлди, аммо Асенхо «Вильярреал»ни ҳисоб янада йириклашиб кетишидан қутқарди. 

Бу ўйинга қараб, «Барселона» ўзига келаётганини айтиш мумкин. Аммо Куманнинг ишига тўла баҳо бериш учун камида ярим мавсум жамоа ўйинини кузатиш керак. Битта йирик ғалаба ўтган мавсумдаги муваффақиятсизликни унуттира олмайди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар