16.09.2020 15:15
1817
Осиё Футбол Конфедерацияси 2020 йилги футбол мавсуми натижалари клублар рейтингида инобатга олинмаслигини эълон қилди

Айни вақтда Қатарнинг Доха шаҳрида ОФК чемпионлар лигасининг гуруҳ босқич ўйинлари давом этмоқда. Лекин ОФКнинг клублар учун мўлжалланган иккинчи мусобақаси – ОФК Кубогининг бу йилги мавсуми ўтказилмайдиган бўлди. 

Бугунги шароитда барча мамлакатлардаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда ва энг муҳими, футболнинг вирус тарқалишига сабаб бўлиб қолмаслигини асосий шарт санаб, ОФК халқаро мусобақаларни босқичма босқич тиклашни мақсад қилиб белгилади. Шунинг учун терма жамоаларнинг барча ўйинлари, шу жумладан Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати кейинги йилга қолдирилди. 2020 йил тақвимида фақат битта мусобақа – ОФК чемпионлар лигаси давом эттириладиган бўлди.

Шунга кўра, агар 2020 йил футбол мавсуми натижалари умумий рейтингда ҳисобга олинадиган бўлса, ОФК Кубогида иштирок этувчи мамлакатларнинг баллари ОФК чемпионлар лигасида иштирок этадиган мамлакатларникидан фарқ қилмасин деган мақсадда, ОФК мусобақаларни ўтказиш қўмитаси 2020 йилги футбол мавсуми натижалари клублар рейтингида инобатга олинмайди деган қарор қабул қилди.

Бу қарор ОФК ижроия қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланди.

2021-2022 йиллар мавсуми учун, аввал эълон қилинганидек, 2019 йил натижалари асосида тузилган рейтинг амал қилади ва унга кўра Ўзбекистон Ғарбий Осиё минтақасида 6-ўринни эгаллаган ҳолда клублар мусобақаларида қуйидаги йўлланмаларга эга бўлади:

ОФК Чемпионлар лигаси: 1+1 (гуруҳ босқичида битта, плей-офф босқичида битта жамоа) 

ОФК Кубоги: 1 (гуруҳ босқичида битта жамоа)

2023 йилдаги ўринлар тақсимоти 2021 йил мавсуми натижаларига биноан тақсимланади ва шу тартибда давом этади (яъни 2024 йил учун 2022 йил мавсуми натижалари, 2025 йил учун 2023 йил мавсуми натижалари ва ҳоказо).

2021 ва 2022 футбол мавсуми учун ОФК кубоги ўринлари

Юқоридагиларга қўшимча тарзда, ОЧЛ тақсимотида 6-ўриндаги мамлакатлар учун ОФК кубогида битта қўшимча гуруҳ босқичи йўлланмаси берилади. 2021 ва 2022 йил мавсумлари учун булар Филиппин (АСЕАН ҳудуди) ва Ўзбекистон (Марказий ҳудуд) мамлакатлари бўлади.

Биз “Пахтакор”га кейинги ўйинларда омад тилаймиз ва мамлакат учун натижа кўрсатиш босимидан халос бўлганларини, қолган учрашувларда эркин ҳаракат қилишлари мумкинлигини эслатмоқчимиз.

Жамолиддин Бобожонов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар