16.09.2020 13:04
10867
Дунёнинг энг кўп даромад олувчи футболчилари ўнталиги эълон қилинди

Forbes журнали 2020 йилда дунёнинг энг кўп даромад олувчи футболчилари рейтингини эълон қилди. Нашр рейтингида бу сафар ҳам Лионель Месси ва Криштиану Роналду етакчилик қилган. Журнал баҳоларига кўра, топ-10 футболчилари олдинда турган мавсумда жами 570 млн доллар ишлаб топишади - бу ўтган мавсумдаги кўрсаткичдан 11 фоизга кўп. Бу сумма маошлар ва мукофот пулларидан ташқари, бонуслар ва реклама шартномаларидан келадиган маблағларни ҳам ўз ичига олади.

1. Лионель Месси «Барселона»
Жами даромад: 126 миллион доллар
Маош: 92 миллион доллар
Реклама шартномалари: 34 миллион доллар

Ўтган мавсум аргентиналик футболчи учун энг оғир мавсумлардан бири бўлди, Мессининг «Барселона» раҳбариятига уруш очди. Аммо Лео янги мавсум арафасида ҳеч қаерга кетмади, демак у яна бир йил давомида шартнома бўйича 92 миллион доллар (солиқлар чиқариб ташланмаганда) ишлаб топади. Тўғри, 2021 йилда шартнома муддати якунланади ва унинг рейтингдаги ўрни ўзгариши мумкин.

2. Криштиану Роналду «Ювентус»
Жами даромад: 117 миллион доллар
Маош: 70 миллион доллар
Реклама шартномалари: 47 миллион доллар

Роналду 35 ёшда. Бу ёшда кўплаб форвардлар фаолиятини якунлашади, аммо португалиялик футболчи гол уришда, рекордларни янгилашда ва катта маблағларни ишлашда давом этмоқда. Криштиану футболда йирик реклама шартномаларига ва ижтимоий тармоқларда ҳаддан ташқари катта аудиторияга эга — 457 миллион. Унда ҳали ҳам катта иштиёқ бор ва у яқинда терма жамоалар сафида гол уриш бўйича янги рекорд ўрнатиши кутилмоқда.

3. Неймар «ПСЖ»
Жами даромад: 96 миллион доллар
Маош: 78 миллион доллар
Реклама шартномалари: 18 миллион доллар

Бразилиялик футболчи 2017 йилда «Барселона»дан «ПСЖ»га ўтиб, ўзининг йиллик маоши миқдорини 4 бараварга ошириб олганди. Ўтган вақт мобайнида бу миқдор ўзгармади. Тўғри, ёзда Неймарнинг Nike компанияси билан шартномаси муддати якунланди, бу компания 13 йилдан буён унга ҳомийлик қилиб келаётганди, аммо  у янги шартнома имзолади — Puma билан.

4. Килиан Мбаппе «ПСЖ»
Жами даромад: 42 миллион доллар
Маош: 28 миллион доллар
Реклама шартномалари: 14 миллион доллар

Неймарнинг клубдоши ундан икки баробар камроқ ишлаб топди. Аммо бу ҳозирча: Мбаппе йилдан йилга машҳурлашиб бормоқда, унинг самарадорлиги ҳам ўсмоқда. Ўтган мавсумда, коронавирус туфайли ярмида тўхтаб қолган чемпионатда 21 ёшли француз яна энг яхши тўпурар бўлди (Бен Йеддер билан бирга), ёзда эса Чемпионлар лигаси финалида ўйнади. Forbes Мбаппе тез орада учликка киришини прогноз қилган — унда Nike ва Hublot компаниялари билан йирик шартномалар бор, у FIFA 21 муқовасига ҳам чиққан.

5. Муҳаммад Салоҳ «Ливерпуль»
Жами даромад: 37 миллион доллар
Маош: 24 миллион доллар
Реклама шартномалари: 13 миллион доллар

Мисрлик ушбу ҳужумчи — АПЛда энг юқори маош олувчи футболчидир. Ҳайрон қолгулик эмас: Салоҳ қаторасига уч мавсум давомида юқори даражада футбол намойиш этмоқда, у «Ливерпуль» Чемпионлар лигасида ва премьер-лигада ғолиб бўлишида асосий ишларни бажарди.

6. Поль Погба «Манчестер Юнайтед»
Жами даромад: 34 миллион доллар
Маош: 28 миллион доллар
Реклама шартномалари: 6 миллион доллар

Погбанинг «МЮ» билан шартномаси кейинги йил тугайди, лекин клуб келишувни узайтириш бўйича банддан фойдаланиши мумкин. Мухлислар унинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилишмаяпти, аммо барча августда у «Верданск» клуби билан шартнома имзолаганида шошиб қолди. Аслида бу Call of Duty: Warzone видеоўйинининг промо-компанияси эди.

7. Антуан Гризманн «Барселона»
Жами даромад: 33 миллион доллар
Маош: 28 миллион доллар
Реклама шартномалари: 5 миллион доллар

Француз футболчиси видеоўйинларни жуда ёқтиради ва компаниялар унинг бу қизиқишларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишади. FIFA, Fortnite, CS:GO, Rainbow Six — уларнинг барчаси Гризманн билан ҳамкорлик қилишади. Тўғри, ҳаётдаги футболда ўтган мавсумда ушбу ҳужумчининг омади юришмади — «Барселона»даги биринчи мавсум муваффақиятсиз чиқди, уни ҳатто «ПСЖ»даги Неймарга алмаштирмоқчи бўлишди.

8. Гарет Бэйл «Реал»
Жами даромад: 29 миллион доллар
Маош: 23 миллион доллар
Реклама шартномалари: 6 миллион доллар

Бэйлнинг «Реал» билан муносабатлари совуқлашишда давом этмоқда. Ўтган йил кузида у Уэльс терма жамоасининг Евро-2020 чемпионатига йўлланма олганини қуйидаги ёзувлар битилган байроқ билан нишонлаганди: «Уэльс. Гольф. Мадрид. Шу тартибда». Албатта, бу иш Зинедин Зиданга ёқмади ва Бэйл сайёрадаги энг қимматбаҳо захира ўйинчисига айланди. Карантин тугагач британиялик футболчи «Реал» сафида атиги икки ўйинда майдонга тушди ва Чемпионлар лигаси ўйинларига заявка ҳам қилинмади. У тез орада бу рейтингдан тушиб қолиши ҳақиқатга яқин.

9. Роберт Левандовски «Бавария»
Жами даромад: 28 миллион доллар
Маош: 24 миллион доллар
Реклама шартномалари: 4 миллион доллар

France Football бу йили «Олтин тўп» мукофотини топширишдан воз кечди, бу эса Роберт Левандовскининг мукофотини тортиб олиш билан тенг бўлди. Поляк футболчиси «Олтин бутса»ни ҳам қўлга кирита олмади, чунки бундеслигадаги ўйинлар сони бошқа чемпионатлардагига қараганда тўрттага кам, шу туфайли бу мукофот «Лацио» ҳужумчиси Чиро Иммобилега насиб этди. Аммо Левандовски ҳам жуда ёрқин мавсум ўтказганди.

10. Давид Де Хеа «Манчестер Юнайтед»
Жами даромад: 27 миллион доллар
Маош: 24 миллион доллар
Реклама шартномалари: 3 миллион доллар

Дунёдаги энг кўп даромад кўрувчи дарвозабон «МЮ» аъзоси. Шу билан бирга, Де Хеани дунёдаги энг кучли дарвозабон деб аташ қийин, гарчи июлда у премьер-лигада қуруқ ўйинлар ўтказиш бўйича клуб рекордини ўрнатган бўлсада. Испаниялик футболчи «Юнайтед» ҳали яна уч мавсум ўтказади, шундай экан у ўз иши учун катта пуллар ишлашда давом этади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар