15.09.2020 21:00
7698
Ноунейм учун 40 млн. Европада ўтган ҳафтанинг асосий трансферлари

Ўтган ҳафтада бир қатор қизиқарли трансферлар амалга ошди. Италияда «Рома» уч футболчиси билан хайрлашди, Англиянинг «Астон Вилла» ва «Вулверҳэмптон» клублари эса трансфер рекордларини янгилашди. Бу вақтда Гонсало Игуаин MLS чемпионатига, Майамидаги «Интер» клубига йўл олган, «Вест Бромвич» бош мураббийи Славен Билич «Челси» ва «Зенит»нинг собиқ ҳимоячиси Бранислав Ивановични кутмоқда. Қуйида ўтган ҳафтада амалга ошган асосий трансферлар келтирилади.

Хамес Родригес («Реал»дан «Эвертон»га)

Колумбиялик футболчи ниҳоят «Реал»дан бутунлай кетди. У ўтган мавсумда Ла Лига ўйинларида атиги 8 ўйинда майдонга тушиб, бир гол урди ва бир голга узатма берди. «Қаймоқранглилар»нинг ўзи ҳам Карло Анчелотти томонидан қизиқиш билдирилаётган Хамесдан қутулишга тайёр эканликларини билдиришганди. Италиялик мураббий 29 ёшли футболчи билан ўз вақтида «Реал»да бирга ишлаган, кейинроқ уни «Бавария»га ҳам чақирганди. Ўтган ҳафта бошида «Эвертон» Хамеснинг трансфери ҳақида расман эълон қилди. Sky Sports маълумотига кўра, «ирислар» футболчи трансфери учун 24,5 млн евро тўлашган. Колумбиялик футболчи кейинроқ яна бир йилга узайтириш шарти билан икки йиллик шартнома имзолади. Хамес Карло Анчелотти ва унинг ёрдамчилари билан мўъжизалар яратишга тайёрлигини айтиб ўтган. У АПЛда дебют қилишга ҳам улгурди - биринчи турда «Эвертон» «Тоттенҳэм»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.  

Александар Коларов («Рома»дан «Интер»га)

34 ёшли серб ҳамон юқори спорт формасини сақлаб қолмоқда. Йил бошида «Рома» футболчи билан шартномани узайтирганди, ёзда эса Миланнинг «Интер» клуби унинг трансфери бўйича алоқага чиқди. Журналист Жанлука Ди Марционинг маълумотига кўра, «нерадзурри» Коларов учун 1,5 млн евро ва қўшимча бонуслар (жумладан, футболчи билан шартнома узайтирилиши эвазига) таклиф этган. Бу таклиф нафақат «Рома»ни, балки футболчининг ўзини ҳам қаноатлантирган, у янги клубида йилига 3,5 млн евро миқдорида маош олади. «Интер» бош мураббийи Антонио Конте ҳимоядаги бир қанча позицияларда ҳамда яримҳимояда ҳам ўйнай оладиган Коларовни таркибда кўришни жуда истаганди. Серб учун «Интер» фаолиятида учинчи итальян клуби бўлди - у «Манчестер Сити»га ўтишдан олдин «Лацио»да ўйнаган, 2017 йилда Англиядан «Рома»га келганди.

Янник Феррейра Карраско («Далянь Про»дан «Атлетико»га)

Икки ярим йил давомида хитойликлар клубига тегишли бўлган бельгиялик яримҳимоячи Мадриднинг «Атлетико»сига доимий асосда қайтди. Сўнгги ярим мавсумни у Диего Симеоне жамоасида ижарада ўтказганди. Бу даврда Карраско Ла Лиганинг 15 ўйинида майдонга тушиб, бир гол урди ва тўрт голга узатма берди. «Матрасчилар» билан бельгиялик вингер 2024 йилга қадар амал қилувчи шартнома тузган. «Атлетико» «Далянь Про»га тўлаши керак бўлган трансфер суммаси аниқ айтилмаган. Карраско Хитойга кетишидан олдин ҳам мадридликлар сафида уч мавсум ўтказган, 2018 йил февралида эса хитойликлар клубига 10,5 млн еврога трансфер қилинганди.

Алессандро Флоренци («Рома»дан «ПСЖ»га)

Ушбу италиялик футболчи «Рома» бош мураббийи Паулу Фонсеканинг режаларидан ўрин олмади ва «ПСЖ»га ижарага юборилди. Парижликлар Флоренцини кейинроқ 9 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йилга ижарага олишди. Аввалроқ, «ПСЖ» ушбу 29 ёшли футболчи ижараси учун 500 минг евро тўлаши хабар қилинганди. «ПСЖ» аввалига «Арсенал»дан Эктор Бельеринни таркибга қўшиб олишга уринганди, лондонликлар рад жавобини беришгач, Флоренцига эътибор қаратилди. Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини Флоренци ижара асосида «Валенсия»да ўтказганди, у Ла Лиганинг 12 ўйинида иштирок этди. «ПСЖ» уни дам олиш кунларида «Марсель»га қарши кечган дербида майдонга туширди.

Патрик Шик («Рома»дан «Байер»га)

«Рома»нинг яна бир футболчиси мавсумлар оралиғида клубни тарк этди. Шик январда «РБ Лейпциг»га ижарага берилганди ва у ярим мавсумни ажойиб ўтказди: барча турнирлар доирасида 28 ўйин, Бундеслигада 10 гол ва 3 голли узатма. Чемпионлар лигаси ярим финалчиси чехиялик футболчини сотиб олишни истамади, «Байер» эса у билан беш йиллик шартнома имзолади. Журналист Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, римликлар ҳужумчи учун бонусларни ҳисобламаганда 27 млн евро олишади. Шу билан бирга, «Рома» 20 млн еврони Шикнинг аввалги клуби «Сампдория»га тўлайди. Чунки 2017 йилда римликлар генуяликлар жамоасидан ушбу футболчи трансферини бўлиб бўлиб тўлаш шарти билан амалга оширганди.

Андре Силва («Милан»дан «Айнтрахт»га)

2017 йилда «Порту»дан Миланга келган португалиялик футболчининг Италияда иши юришмади. «Россонери» Силвани аввалига «Севилья»га ижарага юборди, ўтган мавсумда эса 24 ёшли ҳужумчи Бундеслигада Франкфуртнинг «Айнтрахт» клубида ўйнади. У Германияда ёрқин мавсум ўтказди: барча турнирлар доирасида 38 ўйинда 17 гол. Мавсумлар оралиғида немислар клуби бош мураббийи Ади Ҳюттер португалиялик футболчига клубда қолишни таклиф этди. Силва «Айнтрахт» билан уч йиллик шартнома тузди, қарама-қарши йўналишда Миланга хорватиялик ҳужумчи Анте Ребич йўл олди.

Олли Уоткинс («Брентфорд»дан «Астон Вилла»га)

«Астон Вилла» «Брентфорд»нинг энг яхши футболчисига ўзи учун рекорд даражадаги маблағни сарфлади - 28 млн фунт. Бирмингемликлар бонус сифатида яна 5 миллион фунт тўлаши мумкин. Плей-офф ўйинлари билан қўшиб ҳисоблаганда, англиялик 24 ёшли футболчи Чемпионшипда 49 ўйинда 26 гол урган ва тўпурарлар пойгасида фақатгина «Фулҳэм» ҳужумчиси Александр Митровичдан ортда қолган. Бирмингем клуби Уоткинс билан беш йиллик шартнома имзолади, футболчининг ўзи АПЛда иккинчи тур доирасида «Шеффилд Юнайтед»га қарши кечадиган ўйинда дебют қилиши мумкин.

Фабиу Силва («Порту»дан «Вулверҳэмптон»га)

«Вулверҳэмптон» таркибни португалияликлар билан тўлдиришда давом этади… «бўрилар»нинг бу трансферлар ойнасидаги навбатдаги хариди «Порту»нинг 18 ёшли ҳужумчиси Фабиу Силва бўлди, унинг учун инглизлар клуби 40 млн евро тўлади. Бу трансфер «Вулверҳэмптон» тарихидаги энг қимматбаҳо трансферга айланди. Португалиялик вундеркинд «Порту» таркибида жами 21 ўйин (асосан захирадан тушган) ўтказиб, уч гол урган ва икки голга ҳаммуаллифлик қилган. Аммо шунинг ўзи катта пул сарфланишига етарли бўлди, чунки унинг агенти - Жорже Мендеш. Фабиу Силва «бўрилар» жамоасидаги ўнинчи португалиялик футболчига айланди.

Анте Ребич («Айнтрахт»дан «Милан»га)

Хорватиялик футболчи «Милан»да бир йил ижара асосида ўйнаб, ўзини кўрсатди (барча турнирлар доирасида 30 ўйин ва 12 гол), «россонери» унинг трансфер ҳуқуқини «Айнтрахт»дан сотиб олишга қарор қилди. Ребич эвазига франкфуртлар клуби португалиялик форвард Андре Силвани ўз сафига қўшиб олди. Анте миланликлар клубида 5 йил давомида 12-рақамли футболкада тўп суриши мумкин. Ушбу футболчининг трансферида бош мураббий Стефано Пиоли катта рол ўйнаган, футболчи мураббийни унда ўзига ишонч пайдо бўлишида сабабчи сифатида айтган.

Рикарду Куарежма (эркин агент сифатида «Витория»га)

Португалиялик футболчи ўз авлодининг энг муваффақиятли футболчиларидан бирига айланиши мумкин эди, аммо у катта клубларда тўп суришга муваффақ бўла олмади ва 36 ёшида Туркиянинг «Қосимпошо» клубини эркин агент сифатида тарк этиб, Гимарайншнинг «Витория» клубига ўтди. Куарежма янги клуби билан икки мавсум учун шартнома тузган. «Витория»да Рикарду ўнинчи рақамли футболкада тўпсуради. Клуб видеороликда ушбу янги футболчисини қирол қиёфасида намойиш этди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар