13.09.2020 00:07
21458
Теглар
«Лаънати Юнайтед». Ниҳоят АПЛ бошланди

Брайн Клафф автобиографияси ҳақида шунақа номли фильм бор. Юнайтед деганда «Лидс Юнайтед» назарда тутилган. Шунақа машҳур клуб эди ўз вақтида.

«Лидс Юнайтед»нинг дебютига кўпчилик қизиққанди. Тажрибали АПЛчилар эски хотиралар учун, бошқалар Бьелса қандай жамоа тузибди экан, деган ўй билан, бунинг устига рақиб - «Ливерпуль».

Мана шу «Ливерпуль»га «Энфилд»да бунча голни фақат «Атлетико» урган, адашмасам. Мезбонларнинг тўрттала голиям стандарт вазиятлардан бўлди, бунинг устига, иккитаси пенальтидан. «Манчестер Юнайтед»га салом!

Биласизми, Чемпионшип ғолибларининг АПЛга адаптация жараёни ўхшаш кечади. Чунки қаранг, бу жамоа ўтган йилларда аксарият ўйинларни ҳужумда ўтказган - табиийки, олдинги чизиқдаги боғламлар яхши ишлайди. Кўпчилик бўлиб позицион ҳимояланишда эса, муаммолар кузатилади. (Ҳа, айнан позицион ҳимояланиш, чунки «Ливерпуль» голларни қандайдир кучли ҳужумларда эмас, юқорида айтилганидек, стандартлардан урди) Қайсидир маънода, кичик топ клуб. 

Аммо кейинчалик ҳаммаси ўрнига тушмаса, жамоа ўз имкониятлари даражасида ўйнашни ўрганмаса, муаммолар пайдо бўлиши турган гап.

Бугунги ўйин қайсидир маънода, менга ўтган йилги 1-турни, «Ливерпуль»нинг ўтган йилги дебютант «Норвич» билан ўйинини ёдга солди. Ўшанда «Норвич» ҳам анча дадил ўйнаган, тўп назорати, вазият яратиш борасида кўпчиликка ёққанди. Ўйин 4:3 эмас, 4:1 тугагани сабаби, шунчаки, «Норвич» имкониятлардан фойдалана олмаган, «Лидс» ортиғи билан фойдаланди. 

Нафақат ўша ўйин, кейинги бир неча турда ҳам «Норвич» ҳайрон қолдирган. «Манчестер Сити» устидан қозонилган ғалабанинг ўзи катта иш. Пукки, Буэндиа (нега топ клублар эътибор бермаяпти – жумбоқ мен учун), Кантвелл каби футболчилар кўпчиликнинг оғзига тушишди. Лекин ўша керакли адаптация учун номлари тилга олинган футболчиларда барқарорлик, таркибда эса, тажрибали футболчилар етишмади. Айтайлик, «Вулверҳэмптон» бу борада анча устун, Жоау Моутиньо каби Европа чемпионлари тўп сурарди.

Ҳа, бошқа бир Юнайтед – «Шеффилд» ҳам бор. Таркиб жиҳатидан «Норвич»га яқин жамоа жуда қаттиқ ўйнади, еврокубоклар йўлланмаси учун курашди. Балким мураббий энг бошидан приоритетларни тўғри қўйгани, ўз салоҳиятини тўғри баҳолаганида фарқ бўлгандир «Норвич» билан.

«Лидс» таркиби ёмон эмас. Ҳатто «Валенсия» юлдузи олиб келинди, дебют омадсиз чиққан бўлсаям, потенциали ёмон эмас, Пабло Эрнандес тажрибали, Кох Бундеслигада ўйнаб келган, Кошта ўша «Вулверҳэмптон» ветеранларидан бири... Ёмонмас. Лекин бундай таркиб Англияда деярли ҳаммада бор.

Ҳаммаси Марсело Бьелсанинг вазиятни тўғри баҳолаб, асосий қадриятларни қайта кўриб чиқа олишига боғлиқ. «Лидс» янги «Шеффилд» ҳам, янги «Норвич» ҳам бўлиши мумкин. Бутунлай тескари бўлган ҳар икки оқибат мен учун сюрприз бўлмайди.

АПЛ, 1-тур
Ливерпуль – Лидс 4:3

12 сентябрь, «Энфилд»

Голлар: Салоҳ (4 пенальти, 33, 88 пенальти), ван Дейк (20) – Ҳаррисон (12), Бэмфорд (30), Клих (66).

Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд (Матип, 89), Гомес, ван Дейк, Робертсон, Кейта (Фабиньо, 58), Вейналдум, Салоҳ, Ҳендерсон (Жонс, 66), Мане, Фирмино. 

Лидс – Мелье, Кох, Эйлинг, Даллас, Стрейк, Филлипс, Эрнандес (Робертс, 62), Клих (Шеклтон, 81),
Ҳаррисон, Элдер Кошта, Бэмфорд (Родриго, 62). 

Огоҳлантириш: Фирмино (76).

Қ.Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар