10.09.2020 07:41
1346
#FootWeek: Фарғонада болалар футболи қай ҳолатда?

Ўзбекистонда энг оммавий спорт тури – футбол! Ана шу спорт тури билан нафақат профессионал даражада, балки ҳаваскор даражада ҳам кўплаб кишилар шуғулланишади. Мустақилликнинг илк йилларида футбол бўйича миллий чемпионатимизда Фарғона футболи алоҳида аҳамиятли ўрин тутарди. Вилоятнинг бош жамоаси «Нефтчи» кўп марта мамалакат чемпиони, Осиё ва МДҲ миқёсидаги турнирларда юрт шарафини ҳимоя қилган катта клуб эди.

Тўғри, айни пайтда «Нефтчи» аввалги мавқеини бирмунча бой бергани ҳолда Про-лигада иштирок этяпти. Бироқ, Фарғонада профессионал клублар сони кўпайиб бормоқда. Яйпаннинг «Турон», Фарғонанинг «Истиқлол», Қўқоннинг «Қўқон-1912» клублари Суперлига ва Про-лигада муваффақиятли иштирок этишяпти. Уларнинг амбициялари ҳам юқори.

Вилоятда азалдан футболга, хоссатан, болалар ва ёшлар футболига эътибор етарли даражада бўлган. Бу замин ўзбек футболига етказиб берган иқтидорлар талай. Ҳозир-чи, ҳозир аҳвол қандай? Вилоятда футболга, айниқса болалар футболига эътибор қай даражада? Қандай лойиҳалар амалга оширилиш арафасида?

Биз одатда #FootWeek лойиҳаси доирасида имкон қадар барча ҳудудлардан репортажлар қилишга ва муаммоларни олиб чиқишга ўрганганмиз. Бироқ футбол ва унинг атрофи муаммолардангина иборат эмас. Футболнинг позитив жиҳатлари ҳам етарли. Бу дафъа мини-интервьюмизда Фарғонада амалга оширилаётган яхши ишлар борасида гаплашгимиз келди. Бунинг учун Фарғона Футбол Ассоциацияси вице-президенти, собиқ футболчи Носир Отақўзиевга юзландик. У бизни вилоятда ягона бўлган Футбол маркази билан таништирди.

«Марказда 4 та сунъий майдон мавжуд», дея гап бошлади Отақўзиев. «Марказ 5 гектарга яқин майдонни эгаллаган. Бу ерда, шунингдек, футзал мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган 28х48 ўлчамли замонавий зал бор. 100 кишилик мажлислар зали, 50 кишилик ошхона, 50 кишига мўлжалланган ётоқхона. Коммуникация жойида – сув, иссиқ сув, иситиш тизими, электр таъминоти. Давлат раҳбарининг фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва Вилоят ҳокими қарори билан мана шу Футбол маркази ФФА балансига ўтказиб берилди. Футболга ва ёшларга бўлган эътибор бу. Турли ёшдаги терма жамоалар ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишади. Авваллари ёпиқ турган иншоот энди футболчилар ихтиёрига берилди.

Бирор бир тўловларсиз турли ёшдаги, тоифадаги жамоалар ўйнашлари, машқ ўтказишлари мумкин. Атроф маҳаллалардаги ёшлар ўртасида мусобақа ташкил қилмоқчимиз, уларни барча инвентарлар билан таъминлаймиз. Шу жойнинг ўзида селекция ишларини ўтказяпмиз. 50 нафардан ортиқ болаларни селекция қилиб, танлаб олдик. Ушбу рўйхатни клубларга, спорт мактабларига бердик. Бу йигитлар орасидан исталганини танлаб олинглар, дедик.

Ўзим футболда катта бўлдим, фаолиятим майдонда ўтди. Энди мураббийлик қилиб кўрмоқчиман. Шароит бор. Мураббийликда қўлимдан нималар келишини ўзим учун ҳам кўриб олмоқчиман. Барча истовчиларни йиғиб, кунига бир марта овқатланишини ташкил қилиб, керакли шароитларни тақдим қилиб, либослар билан таъминлаб, уларни синовдан ўтказамиз ва иқтидорларни танлаб оламиз», дея режалари билан ўртоқлашди собиқ футболчи.

Биз эса унинг бу ишларида омад тилаймиз. Вилоятдаги футбол билан шуғулланмоқчи бўлган исталган бола Отақўзиев қошига келиб, ўзини синаб кўриш имконияти бор. Фарғонага катта футбол қайтиши, қайтганда ҳам маҳаллий клублар мамлакатда етакчилар ролида бўлишини истар эдик.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар