02.09.2020 17:17
3266
#FootWeek: Миллий жамоамиз Тожикистон билан баҳсга тайёрми? Ёхуд ҳафта ўйини, Суперлигадаги ғалати голлар ва Нуралиев ўз истеъфоси ҳақида

#FootWeek кўрсатувининг навбатдаги сонида Тошкентда йиғин ўтказаётган Ўзбекистон миллий жамоаси лагерида меҳмон бўлдик. Вадим Абрамов жамоаси 3 сентябрь куни Тожикистон миллий жамоасига қарши ўйинга ҳозирлик кўрмоқда. Кўрсатувнинг бу сонида бош жамоамизнинг пойтахтдаги бу йилги биринчи баҳсига тайёргарлиги, Дилшод Нуралиевнинг «Локомотив»ни тарк этгани сабаблари, Суперлигадиг ғалати голлар ва жаҳон футболидаги бир қатор эътиборли воқеалар жой олган.

«Ўзбекистон миллий жамоасининг янгиланган таркибини кўрасиз...»

Миллий жамоамизнинг «Бунёдкор» академияси майдонида ўтаётган машғулотларида иштирок этиб, Вадим Абрамов бошчилигадаги тайёргарликни кузатиб бораётган ЎФА матбуот хизмати раҳбари, ҳамкасбимиз Даврон Файзиевнинг фикрлари билан қизиқдик.

«ЖЧ-2022 саралаш босқич ўйинлари ФИФА томонидан 2021 йилга қолдирилган бўлса-да, Тожикистон билан келишувмиз бекор бўлмади ва ўртоқлик баҳсини ўтказиб олишга қарор қилинди. Миллий жамоамиз бош мураббийи Вадим Карленович ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, таркибни янада янгилаб олди, дейиш мумкин. Ўтган сафардагидек бу сафар ҳам йиғин легионерларсиз ва «Пахтакор» футболчиларисиз ўтказилмоқда. Ўтган сафар чемпион жамоамизнинг 13 нафар аъзоси карантин сабабли қатнаша олмаганди, бу сафар эса улар Суперлига доирасида Наманганда ўйин ўтказишди. Шунга қарамай, мураббийлар жамоа билан яхши ишлашмоқда. Футболчилар ҳам юқори спорт формасида дейиш мумкин. Сабаби Суперлигада мавсум қизиётган вақт ҳозир. Ўртоқлик учрашуви қизиқарли ўтишига шубҳам йўқ. Баҳс ТВ ва YouTube орқали трансляция қилиниши режалаштирилган», - дейди Даврон Файзиев. 

Йирик мағлубиятлардан кейин истеъфога чиққан «Локо» мураббийи нимадан ранжиди?

Навбатдаги манзилимиз «Локомотив» ёшлар жамоасининг машғулот майдони бўлди. У ерда учта мағлубиятли баҳсдан кейин куни кеча «Локомотив» клуби бош мураббийлигини тарк этган Дилшод Нуралиевни суҳбатга тортдик. Тажрибали мутахассис «Локо»ни вақтинчалик қабул қилиб олганидан кейин «Пахтакор» (0:7) ва «Насаф»га (0:4) учралган йирик ҳисобдаги мағлубиятлардан кейин матбуотда шогирдлари ҳақида кескин фикрлар билдирганди.

«Қўқон-1912»га қарши ўйин куни мени вақтинчалик бош мураббий сифатида таклиф қилишди. Клуб раҳбарлари Андрей Фёдоров кетганидан кейин қийин паллада таклиф қилишгани учун йўқ дея олмай, рози бўлдим. Аммо кетма-кет учта ўйиндаги мағлубият мени анча асабийлаштирди. Ҳаттоки 0:7 ва 0:4 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин соғлиғимни бироз йўқотиб ҳам қўйдим. Мени хафа қилгани жамоани ўз ортидан эргаштира оладиган футболчи чиқмагани бўлди. Имкониятим даражасида клубни оғир вазиятдан олиб чиқишга ҳаракат қилдим. Афсус буни уддалай олмадик. Аммо бу қўлимиздан келарди деб ўйлайман», дейди истеъфога чиққан ва ҳозир яна жамоанинг ёшлари билан ишлаётган Дилшод Нуралиев. Интервьюнинг тўлиқ қисмини томоша қилганингиз афзал.

Суперлигадаги ғалати голлардан Мессининг болаликдаги камёб кадрларигача...

Шунингдек, бу галги кўрсатувда ҳам кўплаб қизиқарли мавзулардаги мулоҳазалар ўрин олган. Жумладан, Суперлига ўйинларида киритилган ғалати голлардан тортиб, Марадонанинг Европада ишлаши мумкинлиги, Кантенинг финти, Буффонни сувдаги суперсейви ҳамда Мессининг болаликдаги ажойиб ўйинлари муҳрланган камёб видеокадрлар жой олган.

#FootWeek'нинг янги сонини томоша қилинг ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда ўз фикрларингизни билдиринг. Биз барча фикрларни кузатиб борамиз.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар