30.08.2020 23:19
12549
Месси vs «Барселона». Иш судгача борадими?

«Мессигейт» иши тинч йўл билан ҳал бўлиши имкониятлари кундан кунга пасаймоқда.

Лионель Мессининг «Барселона»дан кетиши тарихида дам олиш кунлари янги бурилишлар рўй берди. «Мессигейт» номини олиб улгурган бу иш тинчлик билан тугамайдиган кўринади — барчаси оғир суд жараёнларига қараб бормоқда. Томонлардан бирортаси ён беришни хаёлига келтираётгани йўқ.

30 август, якшанба куни «Барселона» футболчилари тиббий кўрикдан ўтиш ва машғулотлар арафасида коронавирусга тест топшириш учун клуб базасида тўпланишди — мавсумлар оралиғидаги илк машғулот душанба кунига белгиланган. Аммо Месси базада кўриниш бермади. Кўриниб турибдики, у клуб машғулотларида ҳам иштирок этмоқчи эмас.

Бу медиа-бомба сифатида қабул қилинмади — аргентиналик футболчи бундай йўл тутиши олдиндан кутилганди. Аввалги кунларда клуб ва футболчи бюрофакс орқали бир неча бор хабар алмашди — эндиги мулоқотлар ҳаракатлар воситасида кечмоқда. (Бюрофакс 1990-йиллардан қўллана бошлаган офис агрегати бўлмиш факсга алоқадор эмас. Бюрофакс — махсус хизмат бўлиб, бу хизмат Испания почта хизмати томонидан кўрсатилади. Бу худди хабарнома етказиб беришга ўхшайди. Ҳужжатлар техник жиҳатдан электрон почта орқали юборилиши ҳам мумкин, хусусан, Месси билан боғлиқ ҳолатда PDF форматида. Гап шундаки, қабул қилувчи томон жўнатмани қабул қилганини расман тасдиқлайди. Бундан ташқари, бюрофакс орқали юборилган қоғозлар судда далил сифатида қабул қилиниши мумкин).

Каталониядаги Sport нашрининг ёзишичав, шанба куни Месси «Барселона» офисига бюрофакс юборган, унда клубни тиббий кўрикка ва тест топширишга келмаслиги ҳақида огоҳлантирган, клуб билан шартномани бекор қилиш нияти борлиги ва келишувни бузиш ҳуқуқига эгалигини таъкидлаган. Шунингдек, клуб президенти Жозеп Бартомеу билан учрашиш ва шартномани бекор қилиш шартларини муҳокама қилиш истаги ҳақида билдирган. Ҳа, Месси энди ўзини «Барса» футболчиси деб ҳисобламаяпти, аммо у чиройли кетишни истамоқда.

Бунга жавобан бир неча соат ўтиб юборилган бюрофаксда клуб аргентиналик футболчига шундай деган: у ҳамон «Барселона» футболчиси, унинг амалдаги шартномаси мавжуд, демак у якшанба кунги тиббий кўрикка келиши керак.

Месси келмагач, каталонияликлар унга нисбатан интизомий санкциялар қўллаш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Ҳолбуки, бу футболчини қўрқитиши даргумон, у ўзининг юридик жиҳатдан ҳақлигига шубҳа қилмаяпти.

Бу вақтда Мессининг шартномасидаги махсус пункт бўйича турли тафсилотлар пайдо бўлмоқда. Шартномадаги ўша бандга кўра, футболчи исталган мавсум охирида шартномани бир томонлама бекор қилиши мумкин, аммо бу ҳақда олдиндан огоҳлантириши лозим. «Барселона» раҳбарлари огоҳлантириш керак бўлган Х кун сифатида 10 июнни кўрсатишмоқда, аргентиналик футболчи ва унинг ҳуқуқшунослари эса бу кун фақат мавсум бутунлай якунлангач келишини айтиб, огоҳлантириш керак бўлган сўнгги кун сифатида 30 августни кўрсатишган.

The Athletic нашри батафсил материал эълон қилди, унда спорт ва меҳнат ҳуқуқи бўйича етакчи испан ҳуқуқшунослари шартноманинг ушбу бандини муҳокама қилишган. Экспертларнинг фикрича, бу вазиятда қонун клуб томонида бўлади, Мессида эса клубни эркин агент сифатида тарк этиш имконияти йўқ.

Аммо Cadena Ser радиостанциясининг El Larguero дастури журналистлари янги тафсилотларни келтирди, агар бу гапларда асос бўлса, иш тақдирини ўзгартиради. Уларнинг талқинига кўра, Месси 2017 йилда «Барселона» билан «3+1» схемасида шартнома имзолаган ва 2020/21 йилги мавсум айнан «+1» бўлади. Аммо 700 миллион евролик бадал пули назарда тутилган пункт фақат дастлабки уч мавсум учун тааллуқли бўлган, тўртинчи - «+1» мавсум учун эмас. Шундай экан, Месси «Барса» билан шартномани ҳеч қандай товон пулисиз бекор қилиши мумкин бўлади.

Шу билан биргаликда, Sport нашри клубдаги манбасига асосланиб, «Барселона»дагиларнинг 700 миллион евролик бадал пули 2021 йил ёзига қадар амалда бўлишига ишончи комил. Cadena Ser журналисти Сике Родригеснинг ёзишича, «Барса» ходимларига қатъий кўрсатма берилган, унга кўра Месси трансфери ҳақида ҳеч ким билан ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаслиги, футболчига қизиқиш билдираётган клубларнинг қўнғироқларига жавоб берилмаслиги белгиланган. Шунингдек, таниқли журналист Гильем Балаге Бартомеу аргентиналик футболчи ва унинг отаси билан фақатгина янги шартнома бўйича учрашиши мумкинлигини ёзган.

Кўриниб турибдики, икки томон ҳам охиригача бормоқчи ва асло чекинмоқчи эмас. Қизиқ, иш Спорт арбитраж судигача етиб борармикин ёки томонлар қандайдир муросага келишармикин? Балагенинг фикрича, бошқа вариант ҳам бўлиши мумкин — Месси шартномани бузади ва янги клуб билан шартнома тузади, «Барселона» уни судга беради ва ишни ютиб чиқади, аммо жарима миқдори 700 миллион евродан анча кам бўлади. Аммо бу ўринда ҳаддан ташқари кўп юридик нозикликлар бор ва ФИФА ёки спорт арбитраж суди масалага қандай қараши аниқ эмас.

Бу вақтда Ла Лига Мессининг 2021 йилгача тузилган шартномаси ҳамон кучда экани ва бадал пули тўланмагунча кучини йўқотмаслигини билдирди.

«Шартнома ҳамон амал қилмоқда, келишувда Месси бир томонлама келишувни бекор қилиб, клубдан кетишга қарор қиладиган ҳолат учун алоҳида товон пули қанча бўлиши аниқ кўрсатиб қўйилган», – дейилган Ла Лига баёнотида. 

Умуман, воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар