29.08.2020 08:44
7781
«Сут, қатиқ, футбол...». Ўзбекистондаги футбол бозори ҳақида

Футболга шундай пул сарфлаш фақат икки шартларда мумкин.

Биринчиси, мамлакатда эркин бозор иқтисодиёти ва шартлари ишлайди – давлат корхоналари футболда ўзларини реклама қилиш орқали икки томонлама манфаатли, бозор нархлари асосида шартнома имзолайди. Худди бошқа йирик хусусий компанияларнинг инвесторлиги каби. Япония ёки Жанубий Кореяни мисол келтириш мумкин.

Иккинчиси, давлат бу ерда халқ ҳам ўта бой бўлиб, барча эҳтиёжлар қондирилган, футбол эса халқ учун ижтимоий овунчоқ вазифасини ўтаб беради. Худди Қатар ёки БААдаги каби. 

Биз ҳар икки тоифага ҳам кирмас эканмиз, давлат компаниялари монопол бўлиб, рекламага муҳтож эмас, юқорида айтганимдек, халқнинг футболдан бошқа мингта дарди бор экан, бошқа зарур соҳалар учун ишлатилиши мумкин (шарт) бўлган маблағлар умумий аҳолининг 1 фоизини ҳам қизиқтирмайдиган соҳага йўналтирилиши нотўғри.

(Хос вазиятлар бўлади. Масалан, рентабеллиги юқори бўлган ОТМК ўз футбол жамоасини ташкил қилиш орқали, асосан комбинат ишчиларидан ташкил топган Олмалиқ аҳолисини рағбатлантиради. Шу орқали ишчилар бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, дам олишлари, кўнгил ёзишларига шароит тақдим этади. Худди шундай, Андижон вилояти ҳокими бюджетдан «Андижон» ФКга пул бериши, айтайлик, вилоятнинг қаеридадир дам олиш маскани, ҳайвонот боғи ташкил этишга ҳаракат қилишидек гап. Аммо меъёр, жавобгарлик, талаб доирасидан четга чиқмаслик шарти билан).

Ўзбек футболида бир клуб молиявий инқироз ёқасига келиб қолди, бир клуб футболчисини сотиб, «пулини еб юборгани» бўйича ПФЛ томонидан айбланмоқда, яна бир неча клуб ягона агентлик остида бирлашиб – халқаро мусобақаларда қатнашиш эшигини ўзи учун ёпмоқда ва ҳоказо. Мана шундай воқеалар фонида яна ўша эски мавзу – футбол клубларини хусусийлаштириш, давлат футболга пул ажратмаслиги кераклиги, футбол даромадлари ва ҳоказо мавзулар чиқиб келаверади. Бу эса, бизга ҳар сафар турли томонлардан қараш имкониятини ҳам тақдим этади.

Футбол клубларини айблар эканмиз, одатда уларга қарата – «ўзинг пул топ, ўз харажатларингни қопла, боқиманда бўлма» қабилида чақириқлар қиламиз. Агар футболнинг ривожланиши ушбу соҳа ўзини ўзи қоплаш даражасига етиши билан боғлиқлигини эътиборга олсак, намуна қилинадиган «Пахтакор», «Қўқон 1912» ёки ҳатто «Турон»нинг аҳволи ҳам у қадар ҳавас қиларли эмас. Бири ўзига бой инвестор топиб, катта пул сарфлаётган бўлса, иккинчиси харажатларини футболга боғлиқ бўлмаган даромадлар ҳисобига қоплаяпти. Яъни иккиси ҳам вақтинча, футбол нисбатан даромад келтирмас экан, инвестор қачондир зерикиши, тадбиркорлар ҳам ўзига бошқа овунчоқ топиши турган гап. Хўш, нима қиламиз? Ҳамма айб клублардами?

Саволни бошқача қўямиз – бугунги футбол шароитимизда, алоҳида олинган бир клуб, яхши бошқарув ва тўғри сиёсат ёрдамида ўз ўзини қоплай оладими? Сифатли маҳсулот – сифатли футбол ишлаб чиқариб, уни сота оладими?

Футбол соҳамизга бизнес нуқтайи назаридан қарасак, биргаликда «футбол маҳсулоти» яратилмоқда. Ушбу маҳсулот харидорлари – мухлислар бор. Талаб бор. Таклиф бор. Иқтисодиёт қоидаларига кўра, бу ерда учинчи факторга эҳтиёж сезилади – бозор.

Энди савол, Ўзбекистонда футбол бозори борми? Умуман, футбол бозори қандай ва ким томонидан яратилади?

Бугунги кунда бутун дунёда клубларнинг энг асосий футбол даромади манбайи – трансляциялар бўлиб қолмоқда. Албатта, уй ўйинлари пайтидаги кунлик даромадлар, футболчи трансферлари, атрибуткалар савдоси, ҳомийлик шартномалари ҳам бор – аммо энг барқарор тушум айнан ўйинлар трансляциялардан бўлади. Маълум бир ўйин иштирокчилари бир клуб билан чекланмайди, унда рақиб жамоа ҳам, мусобақани ўтказаётган Лига ҳам иштирок этади – демак, конкрет бир ўйин трансляцияси бу – ҳамкорликда яратиладиган маҳсулот. Шундай экан, бу маҳсулотни сотиш асосан Лига зиммасига юклатилади.

Маълум бир мусобақа доирасида яратилаётган маҳсулот савдоси, ишлаб чиқарувчиларнинг даромади айнан ўша мусобақа ташкилотчиси билан бевосита боғлиқ. Қисқа қилиб айтганда, бозорни ташкил этиш Лиганинг масъулиятидадир. Янаям аниқроқ айтганда, ПФЛ Ўзбекистонда футбол бозорини яратиш йўлида иш олиб бориши энг зарур ва ҳал қилувчи вазифадир.

Масалан, дунёдаги энг даромадли 20 футбол клубидан 8таси, Топ-10’дан 5таси инглиз жамоалари ҳисобланади. Хўш, бу клублар алоҳида, яхши ва ҳалол менежмент ёрдамида ривожланишдими? Инглиз жамоалари зўр ишлашади деб хулоса қила оламизми? Йўқ, биз одатда Европа клубларининг молиявий томондан анча мулоҳазали иш юритишларини, аксинча, инглиз клублари харажатларни, футболчи сотиб олишда ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйишларини кўрамиз. «Вест Ҳэм»ни «Аякс»га ўрнак қилиб кўрсатишга тилимиз бормайди, тўғрими?

Бу ерда Лига фактори катта аҳамият касб этади. Атиги 11 минг ўриндиқли стадионига эга бўлган «Борнмут» агар Испанияда бўлганида, ҳозирги даромадининг ярмини ҳам топа олмасди. Аксинча, ҳозир молиявий инқироз туфайли барча юлдузларини сотаётган «Валенсия» АПЛ вакили бўлганида, ўз тарихи ва жозибадорлиги билан бақувват клублардан бири бўларди. Бугунги картина «Борнмут» ва «Валенсия» менежментидаги фарқни эмас, айнан АПЛнинг Лига сифатидаги муваффақиятини кўрсатади.

Премьер Лига ўз ўйинларини дунёнинг турли телеканалларига катта шартномалар орқали сотиб, катта даромад қилади. Ушбу сумманинг асосий қисми иштирокчи клубларга тарқатилади. Бу сумма 100 миллион фунт атрофидаги маблағни ташкил этади. Бу ҳаммаси эмас, мисол учун, АПЛни тарк этган жамоа кейинги уч йилда қисмларга бўлиб, яна 50-60 миллион фунт олади. Бу нима учун? Чунки АПЛда иштирок этган клубнинг харажатлари, таркибни ушлаб туриш, маошга кетадиган харажатлар шунга яраша, бирданига қуйи лигага тушиб кетиш молиявий томонга катта зарба бўлади. Трансляциядан келадиган катта улушсиз клуб қийналиб қолиб, инқирозга юз тутиши мумкин. Юқорида айтилган 50-60 миллион фунт айнан шундай қулашлар учун «парашют» вазифасини ўтайди.

Худдики, Франция, Италия, Испания каби бақувват мамлакатлардаги лигалар Англияда бас кела олмаётган бир пайтда мен Ўзбекистонга намуна қилаётганим кулгили туюлар, лекин ҳеч кимдан АПЛ бўлишни талаб қилмоқчи эмасман. Юқоридаги мисоллардан мақсад, футбол клубларининг молиявий барқарорлигида Лиганинг аҳамиятини кўрсатиш ва ўзимизнинг мавзуга тушунарлироқ қадамлар билан ўтиб олиш эди.

Энди, Суперлигага қайтамиз. ПФЛ ўзбек клублари учун футбол бозорини тақдим этяптими? Шу йўналишда қандай ишлар амалга ошириляпти?

Йўқ, биз клубларга «ўзинг пул топ», яъни «чиқарган маҳсулотингни ўзинг сот» деб ақл ўргатмоқчи бўляпмиз-у, лекин ўша маҳсулот учун бозорни тақдим этмадик. Клублар ўз маҳсулотини кўтариб, уйма-уй юриб сотишга мажбур. Буни ҳам ҳамма ҳар хил тарзда амалга оширяпти – бири таниш бойваччани қизиқтириб, маҳсулотини ўтказяпти, бир нечтаси, қанақадир тендерларни ютволиб, давлат ташкилотларига футбол маҳсулот ўтказяпти – аслида давлат ташкилотларига бу маҳсулот керак эмас, яна бири умуман бошқа маҳсулотни сотиб, пулини сотилмаётган «футбол маҳсулоти»ни чиқаришга сарфлаб юрибди.  Баъзилари маҳсулотни ўқитувчи ёки тадбиркорларга мажбурлаб сотяпти. Бу бир.

Иккинчидан, ПФЛ клублардан футболни қисман сотиб олиб, айтайлик телевидениега ёки бошқа ҳомийлик ташкилотларига сотиш орқали даромад қилиши ва даромад клубларга тақсимланиши керак. Айтайлик, пандемия даврида стадионларга одам киритилмади, демак футбол фақат телевидение орқали харидорлар, яъни мухлисларга сотилди, шундайми?

Ҳамма клуб харажат қилиб, Тошкентга боряпти. У ерда тўпланиб, футбол ўйнашяпти. Ўйинлар маҳсулот шаклида Спорт ТВга тақдим этиляпти. Спорт ТВ ўйинларни бизга намойиш қиляпти. Яъни, сотяпти (Бу ерда биз ҳеч қандай пул тўламаётганимиз сизни чалғитмасин – футбол намойиши билан бирга биз истеъмол қилаётган рекламалар тўлов сифатида ўтади). Хўш, энди сотилган маҳсулотдан тушган даромад ишлаб чиқарувчи 14 клубга тақсимланиши керакмасми?

Трансляциялар пайтидаги рекламалардан тушадиган пуллар, «Кока-Кола» каби ташкилотлар билан шартнома суммаларини клубларга бериш ўрнига, улардан яна бадал пуллари олишни қандай қабул қилиш мумкин? ПФЛ айтиши мумкин – бозор харажатлари (бозор ижараси, фаррош, қоровул, чекчи, бозорқўмга тўланадиган маошлар) маҳсулот тушумидан ошиб кетяпти, шунинг учун биз клубларга пул бериш ўрнига, пул олиб қоплаяпмиз, деб. Яъни, Спорт ТВ трансляция учун пул тўламайди, ҳакамлар, инспекторлар, ИИБ ёки ПФЛ ходимларининг маошига кетадиган харажатлар қопланмаётгани учун бадал пулларини оляпмиз деб.

Қисман тўғри. Аммо бу билан айтмоқчиманки, клубларга қарата «мана биз «Кока Кола» билан шартнома туздик, ишлаяпмиз, сенлар ҳам бизга ўхша» деяётганда ПФЛ ўша «Кока Кола»дан олинган пулнинг қисмини клубга бериши керак. Футбол даромадларингни ошир, мухлислар билан ишла, трансферлардан фойда қил, деб клубларга ақл ўргатаётганда, ПФЛ ҳам футбол даромадларини ошириши, масалан, ўша Спорт ТВ билан ғалати шартномаларни тўғрилаши, Лигани чиройли қоғозга ўраб, маҳсулот сифатида сотиш устида иш олиб бориши керак. Акс ҳолда, айтайлик, фермерлардан сабзавотларни йиғиб олиб, яхши сота олмай, ярмини ачитиб, ярмини арзон гаров бериб юбориб, фермерга пул бериш ўрнига, «маҳсулотинг арзон кетди, омбор ижараси, йўлкираларни қопламади, аксинча, сен менга қўшимча пул бер» дегандек бўлмайдими?

Клубларни мазлум бечорадек кўрсатишдан йироқман. Улар учун жуда кўп бебилиска пуллар сарфланяпти. Шу даражадаки, эндиликда, футболга давлат пулларини сарфламаслик ҳақидаги фикрлар анча кўпайди, ҳатто футбол мухлислари ичида ҳам бу йўл билан ривожланиш қийинлигини айтаётганлар бор. Мулоҳазалардан мақсад, муаммо аслида каттароқ, умуман, футбол тизимимиз хўжалик юритишга тайёр эмаслигини тилга олишдир.

Хулосалар эса, ўзгармайди – давлатнинг (халқнинг) футболга сарфланаётган пуллари оқимини тўхтатиш ва клубларнинг хусусийлаштиришга қаратилган қадамлар орасида, умуман, футболни бошқарув тизимидаги ислоҳотлар ҳам жуда муҳимдир.

Акс ҳолда, «Ўзбекистонда футболга давлат пуллари сарфланмасин» қабилидаги чақирувлар «Ўзбекистонда футбол бўлмасин» билан синоним янграйверади. Аслида бутунлай бошқа маъноларни ифода этиши керак бўлса ҳам...

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар