28.08.2020 19:28
7024
«Испаниядан кейин Ўзбекистонга таклиф қилишганди». «Реал» афсонаси ЎФА таклифини нега рад этгани, Ла Лига клубининг Ўзбекистонда ўйин ўтказиш имконияти ва фаолияти ҳақида

Испания миллий жамоаси ҳамда Мадриднинг «Реал» клуби афсонаси Фернандо Йерро Kun.uz ҳамда El Golazo лойиҳаси доирасида эксклюзив интервью берди. Испаниялик машҳур собиқ ҳимоячи суҳбат давомида «Реал»даги ажойиб фаолияти, АПЛда ўтказган мавсуми, Испания миллий жамоасида ЖЧ-2018даги муваффақиятсизлиги сабаби, Ла Лига клубининг Ўзбекистонда ўртоқлик ўйини ўтказиши имконияти, Ўзбекистон миллий жамоаси таклифини нега рад этгани ва яна бир қатор қизиқарли саволларга жавоб берди. Суҳбат El Golazo лойиҳаси раҳбари Зокир Холиқов ҳамда дастур халқаро ҳамкори Анхел Лопес ёрдамида уюштирилди.

 «Энг ноқулай рақиб – Роналдо эди»

 - Фернандо, суҳбатимизни футболчилик фаолиятингиз ҳақидаги савол билан бошласак. Сиз қарши ўйнаган энг ноқулай рақиб ким бўлган?

- Авваламбор, дастурингизда иштирок этишдан мамнунман. Қайсидир футболчини кўрсатиш доим қийин бўлган. Чунки 14 йил давомида Мадриднинг «Реал» клуби сафида Ла Лига, Чемпионлар лигаси ҳамда Испания миллий жамоасида жуда кўп кучли рақибларга қарши ўйнаганман. Ундан ташқари, «Реал» таркибида буюк футболчилар билан машғулотлар давомида тўқнаш келганмиз. Масалан, Роберто Карлос, Сальгадо, Касильяс, Эльгера, Зидан, Фиго, Макелеле, Рауль, Роналдо ва бошқалар. Рақиб сифатида битта футболчини алоҳида ажратиб кўрсатиш қийин бўлса-да, бразилиялик Роналдо энг ноқулай рақиб бўлган, дея оламан.

 - Сизни узоқ вақт майдонда иккита позиция - марказий ҳимоя ва яримҳимоячи сифатида кўрганмиз. Ўзингизга қайси позицияда ўйнаш кўпроқ ёққан?

- Қизиқарли савол. Мураббий сифатида агар қўл остингдаги футболчи кўп позицияларда ўйнай олишини сезсанг, албатта ўзинг учун қулай бўлган позицияда ўйнатишга ҳаракат қиласан. 21 ёшимгача «Вальядолид»да ҳужумкор яримҳимоячи позициясида ўйнаганман. Аммо кейинчалик мураббийларим иқтидоримни марказий ҳимоячи амплуасида кўришган ва уларнинг кўрсатмаларига биноан «Реал» ва Испанияда марказий ҳимояда ўйнагандим. Аммо шахсан ўзимга майдон марказида тўп суриш кўпроқ ёқарди. Кейинчалик ўзим ҳам жамоамга марказий ҳимоячи сифатида кўпроқ фойдам тегишини ҳис этдим ва бунга кўникдим.

 «Перес Мадридга келмагунча, «Реал»нинг халқаро миқёсда машҳур эмасди»

 - Футболчи ва ёрдамчи мураббий сифатида «Реал»да фаолият олиб бордингиз ва аллақачон Мадрид афсонасига айлангансиз. Айтингчи, Флорентино Перес қарор қабул қилишда ким биландир ҳисоблашадими ёки диктаторми у?

- Йўқ, у диктатор эмас. 90-йиллар охирига келиб 32 йиллик танаффусдан сўнг «Реал» яна Чемпионлар лигасини ютишни бошлади. «Реал» ўйинчиси сифатида 5 йил ичида 3 маротаба ЕЧЛни ютдик. Шунга қарамасдан, Флорентино Перес «қироллик клуби»га келгунча, «Реал»нинг халқаро имижи у даражада машҳур эмасди. Флорентино «Реал» Мадрид брендининг дунёда обрўсини кўтаришга жуда катта ҳисса қўшди. У ўзининг аҳил жамоаси билан Мадрид брендининг глобаллашувига сабаб бўлди. Бу унинг яхши бошқарувчи эканлигидан далолат.

 - Испания миллий жамоасидаги фаолиятингиз хақида гаплашсак, футболчи сифатида жаҳон ва Европа чемпиони бўла олмаганингиздан афсусланасизми? Ёки испан футболининг «олтин авлоди» даврида ишлаганингиз буни унутишга ёрдам берадими?

- Испания миллий жамоасидаги фаолиятим ҳақида гапирсам, ўша даврда миллий жамоамиз даражасидаги жуда кўп жамоалар бор эди. Масалан Бразилия, Аргентина, Франция, Англия. Менинг давримда Испанияда яхши ўйинчилар бўлган, лекин саноқли эди. 2008 ва 2012 йиллардаги миллий жамоада эса футболчиларнинг 80 фоизи ўзининг позициясида дунёда энг яхшилари саналишарди. Чунки ўша даврда ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони ва Олимпиада чемпионлари бўлган 3та авлод бирлашганди.

Ёдимда, 2011 йил АҚШнинг Бостон шаҳрида 90 минглик стадионда ўртоқлик учрашуви ўтказганимизда, 70 мингдан ортиқ мухлислар стадионга Испания либосида ташриф буюрган. Бу мен учун катта шараф бўлган ва испан футболи вакили эканлигимдан жуда фахрланганман. Аввал Испания билан бошқа давлатларда ўртоқлик учрашуви ўтказганимизда, мухлислар асосан Бразилия ёки Аргентина либосида стадионга ташриф буюрарди. 2008 ва 2012 йиллардаги муваффақиятлардан сўнг, испан футболи жаҳонга бренд сифатида тарқалди ва бу жараённинг бир қисми бўлганимдан фахрланаман.

 - Испания футбол федерациясида 2007-2011 йилларда спорт директори сифатида қандай вазифаларни бажаргансиз?

- 2005 йил футболчилик фаолиятимни тугатган бўлсам, бир йил давомида дам олиб, 2007 йил мураббийлик курсларида ўқишни бошладим. Ўшанда Испания ФФ бош котиби Хорхе Перес қўнғироқ қилиб, тушликка таклиф қилди. Ўша пайтдаги Испания футбол федерацияси президенти Анхель Вийяр топшириғи билан спорт директорлиги лавозими жорий этмоқчилигини ва бу лавозимга мени идеал номзод сифатида кўришини айтди. Таклифни қабул қилдим ва 2007 йилдан бошлаб Испания футбол федерациясида спорт директори лавозимида фаолият олиб бордим. Асосий вазифаларим – турли ёшлардаги жамоаларга мураббийларни тавсия қилиш ва ҳар хил ёш тоифасидаги жамоаларимизни бир хил услубда ўйнатишга ёрдам бериш, тизим яратиш ва турли ёш тоифасидаги миллий жамоалар мураббийлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда жамоалар учун селекция тизимини яратиш бўлган. Шундан сўнг, Германия, Франция ва Бразилия футбол федерацияларида ҳам спорт директорлиги лавозими жорий этилди. Ўша пайтда биз барча мураббийлар билан аҳил жамоа эдик ва ёш футболчиларга ўтиш даврида катта ёрдам бердик.

 «Реал»нинг ДНКасида ғолиблик руҳи мавжуд»

 - Келажакда Фернандо Йеррони мураббий сифатида кўрамизми?

- Менга футбол майдонига яқин бўлиш ёқади. Аммо асосан футбол лойиҳаларини амалга оширишда кўпроқ муваффақиятларга эришганман. 2018 йилдаги мундиалдан сўнг мураббийлик фаолиятимда қатор таклифлар бўлишига қарамай танаффус олишга қарор қилдим. Хозирги кунда Ла Лига элчиси сифатида фаолият олиб бораяпман. Келажакда футбол соҳасида катта лойиҳаларни амалга ошириш ниятим бор.

 - Эксперт сифатида фикрингиз қандай: Анчелотти «Реал»га келгунга қадар 12 йилдан бери ЕЧЛда ғалаба қозонмаётганди. Карло келганидан сўнг «Реал»да нима ўзгарди ёки Анчелотти омили ҳал қилувчи роль ўйнадими?

- «Реал» билан Чемпионлар Лигасини ютган деярли барча мураббийлар бир хил характерга эга бўлган инсонлар. Улар асосий қахрамон сифатида ўзларини эмас, футболчиларни кўрсатади. Масалан, Висенте Дель Боске, Анчелотти ва Зидан футболчилар билан жуда яхши инсоний муносабатларни йўлга қўйган. Ундан ташқари, «Мадрид»нинг бошқа клублардан ажралиб турадиган асосий фарқи шундаки, унинг «ДНК»асида ғолиблик руҳи мавжудлиги. «Реал» ҳар доим совринлар ютишга чанқоқ, масалан, Зидан 3 марта кетма-кет Чемпионлар лигасини ютган. Тарихда бунақаси бўлмаган. Қолаверса, Мадрид фалсафаси асосини ҳеч қачон таслим бўлмаслик, тартиб ва ғолиблик руҳи ташкил этади.

 - Ўйинчи сифатида «Реал» таркибида ЕЧЛда ўйнаган, Испания таркибида жаҳон ва Европа чемпионатларида иштирок этгансиз. Мусобақалардаги мавжуд форматни тўғри йўлга қўйилган деб ўйлайсизми?

- Испания ФФда спорт директори бўлиб ишлаганимда ФИФА ва УЕФАнинг мусобақалар тақвимини тузишда кўп иштирок этганман. Шундан келиб чиққан ҳолда давравий 38 турдан иборат чемпионат ҳақида гапирадиган бўлсам, бу тўғри йўлга қўйилган адолатли формат ҳисобланади. Чунки бу формат мураббий ва футболчиларнинг бор маҳоратини намоён қилишга тўлиқ имконият беради. ЕЧЛнинг уй ва меҳмонда ўйнаш тизими ҳам тўғри десак бўлади. Лекин жаҳон ва Европа чемпионати нимчорак финалидан бошлаб бир ўйиндан иборат эканлигини адолатли ва тўғри деб ҳисобламайман. Чунки, ҳар қандай жамоада бир баҳсда ўйини чиқмаслиги мумкин ва ўша куни сен мусобақани тарк этасан. Хатони тўғирлашга имконият берилмайди.

 «Испания миллий жамоасидаги муваффақиятсизлик учун Лопетегини айбламайман»

 - АПЛнинг «Болтон» клубида 1 йил ўйнагансиз. Испан ва инглиз футболи фарқи нимада?

- 34 ёшимгача «Реал»да ўйнадим, шундан сўнг Қатарнинг «Ар-Райян» клубида бир йил фаолият олиб бордим. АПЛда ўзимни синаб кўриш хоҳиши бўлган. Чунки Англияда футбол маданияти ўзгача, айниқса мухлисларнинг клуб шарфларини кўтариб туриши, севимли жамоасини олқишлаши менда илиқ таассурот қолдирган. Ўша пайтда «Болтон» Англиянинг 5 ёки 6-жамоаси саналарди. Инглиз футболида тезлик ва жисмоний юкламаларга кўпроқ эътибор берилади. «Болтон» билан Европа лигасига йўлланмани қўлга киритгандик.

 - «Валенсия»да бўлаетган воқеалардан сўнг жамоа мухлислари Питер Лим ва футбол агенти Жорже Мендешнинг клубдан кетишларини сўрашмоқда. Испан клубларининг чет эллик инвесторларга сотилишига қандай қарайсиз? Ҳар ҳолда «Малага»да ҳам Ал-Тани билан ишладингиз...

- Глобаллашув жараёнида клублар бошқарувида хилма-хилликни кузатишимиз мумкин. «Малага» бош менеджери бўлиб ишлаганимда қатарлик Шайх Ал-Танига ўзимнинг дастуримни тақдим этгандим. Лекин бошқа томондан хорижлик инвесторлар фойда олиш учун клубни сотиб олади, уларни ҳам тушунишимиз керак. «Валенсия» ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг эгаси учун биринчи ўринда фойда кўриш туради. Бу дегани ким пул тикса, ўша одам буйруқ беради. Бундай пайтларда клуб қадриятлари ўз ўрнини йўқотади. Аммо футболда пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Масалан «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» жуда катта пуллар тикилишига қарамай ҳалигача Чемпионлар лигасини юта олгани йўқ.

 - ЖЧ-2018 арафасида Лопетегидан кейин Испания миллий жамоасини қабул қилиб олган эдингиз. Ўшанда нимадир қилиш мумкинмиди ёки жамоа тарқоқланиб бўлганмиди?

- Мундиалдаги ҳолат барчамиз учун кутилмаган ва алоҳида воқелик эди. Бунда Лопетегини айблаш ниятим йўқ, у ажойиб инсон ва мураббий. Ҳозирги кунда «Севилья» билан катта натижаларни қўлга киритмоқда. Таклиф мен учун кутилмаганда бўлганлиги учун юрак амрига бўйсунган ҳолда Испания бош мураббийлигини бўйнимга олгандим. Бу жуда қисқа вақт эди ва шунинг учун ҳам бирор нарсани ўзгартириш қийин эди. Агар яна шунақа ҳолат такрорланса, ватанимга бўлган муҳаббатим учун ҳам ҳеч иккиланмай масъулиятни гарданимга олишга тайёрман.

 «Ўзбекистондан таклиф тушган пайтда фаолиятимда танаффус қилишга қарор қилиб бўлгандим»

 - (Зокир Холиқов) Россиядаги ЖЧ-2018дан кейин ЎФА президенти Умид Аҳмаджонов мендан сиз билан гаплашишни ва Ўзбекистон миллий жамоасига бош мураббий бўлишга таклиф қилган эдилар. Бу ўзбек футболи мухлислари учун қизиқ, ўзингиз батафсил сўзлар берсангиз...

- Ҳақиқатдан ҳам Россиядаги жаҳон чемпионатидан Испанияга қайтганимиздан сўнг, сиз менга қўнғироқ қилиб, ЎФА раҳбари таклифини етказган эдингиз. Буни Мадридда учрашиб муҳокама қилгандик. Ўшанда Испания миллий жамоасидаги кутилмаган ва қийин воқеалардан сўнг фаолиятимда танаффус қилишга қарор қилиб бўлгандим. Шунинг учун сизларнинг таклифларингизни қабул қила олмадим. Аммо шуни қайд этишим керакки, 2018 йил бошида ЎФА раҳбари билан Испания футбол федерациясига ташриф буюриб, иш услубимизни ўрганган эдинглар. Бу жуда тўғри йўл. Франция, Германия ва Бразилия каби футболи ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганишингиз керак. Билишимча, Ўзбекистон Қатардаги ЖЧ-2022га чиқиш учун Осиё грандлари бўлмиш Эрон, Япония, Қатар, Хитой ва Австралия каби жамоалар билан кураш олиб боради. Ҳар сафар саралаш баҳсларини кузатиб, эсимга тушасизлар. Бу йўлда сизларга омад тилайман.

 - Мураббий сифатида сизга ғояларингиз муҳимми ёки футболчиларнинг хусусиятларими?

- Жуда яхши савол. Албатта, ҳар бир мураббий ўз ғояларига эга бўлиши керак. Шунинг учун мен ҳам ўз ғояларимни биринчи ўринга қўяман. Аммо айтайлик, 4-4-2 ёки 4-3-3 тактик схемасининг муқим тарафдори эмасман. Чунки мен қўл остимдаги футболчиларнинг хусусиятларига ҳам эътибор берган ҳолда тактика танлашим керак. Тўғри, агар сен бирон клубни бошқарсанг, тактик ғояларингга мос футболчини топиб олишинг мумкин. Лекин миллий жамоани бошқарганда кўпроқ футболчиларнинг техник хусусиятларига таянган ҳолда жамоа шакллантиришга тўғри келади.

 - Ҳозирги кундаги Ла Лига элчиси сифатидаги вазифаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз...

- Сизлар билан суҳбат жараёни Ла Лига элчиси сифатида вазифаларимдан бири ҳисобланади. Биз Фернандо Санс бошчилигида Ла Лига таркибини собиқ ўйинчилар билан испан футболини бутун дунёга ёямиз. Бу тажриба биздан аввал АПЛда 20 йил олдин бошланган. Биз асосан маркетинг ишлари билан шуғулланамиз. Вазифамиз маркетинг ва тадбирлар орқали Ла Лигага бўлган қизиқишни бутун дунёда ошириш.

 «Ўзбекистонга бориш иштиёқим бор»

 - Ла Лига клубларидан бирини Ўзбекистонга келиб, ўртоқлик учрашувлари ташкил этишга таклиф қилардик. Гарчи молиявий фойдаси камроқ бўлса ҳам Примера кўпроқ мухлис йиғиш учун Ўзбекистонда ҳам турнир ташкил этса бўладими?

- Бу борада хавотир олманг, мен Фернандо Санс билан гаплашиб, унинг телефон рақамини сизга бераман. Албатта, футбол глобал спорт тури ҳисобланади. Бу жараён йил сайин ўсиб бормоқда. Бундан ташқари, бундай турнирлар орқали Ла Лигага бўлган қизиқишни ошириш биз элчиларнинг асосий вазифамиз ҳисобланади. Шахсан ўзим Ўзбекистонга бориш иштиёқидаман.

 - Мураббийи бўлишдан ташқари, яхши менеджер ҳисобланасиз. Шундан келиб чиққан ҳолда Ла Лига ва АПЛ билан ўртадаги даромад тафовутини қисқартириш учун қандай стратегияларни амалга оширмоқчи?

- АПЛ ТВ-трансляцияларни марказлашган ҳолда сотиш ва тижорий жиҳатдан 20 йилдан буён яхши тизим яратилгани учун яхши ишламоқда. Ла Лига эса 5 йилдан бери АПЛга ўхшаган тизимда ишлашни бошлади. Бу борада АПЛ Ла Лигага қараганда анча тажрибалироқ ва тижорий тизим анча олдин йўлга қўйилган. Бизнинг устунлик жиҳатимиз эса «Реал» ва «Барселона» каби гранд клубларга эга эканлигимиздир. Ундан ташқари, «Атлетико», «Севилья», «Валенсия» каби йилдан-йилга кучайиб бораётган клубларимиз борлиги, охирги йилларда испан клубларининг УЕФА мусобақаларида чемпион бўлиб келаётгани ва Испания миллий жамоаси муваффақиятлари Ла Лига имижини ошириб бормоқда.

 «Замонавий футболда тактик билимдан кўра, мураббийнинг футболчилар билан муносабати муҳимроқ»

 - Мураббий Пирло хақида сўрамоқчи эдим. Мен узоқ вақт ўқиб, кейин мураббийликка қадам қўйиш тарафдориман. Пирло ҳеч қаерда ишламасдан тўғридан-тўғри «Ювентус» бош мураббийи этиб тайинланиши мураббийлик касбига қандай таъсир кўрсатади?

- Мураббий сифатида кўп тажрибага эга бўлмаган собиқ футболчиларни клубларга таклиф этиш ҳозирги кунда тенденцияга айланган. Буни Пеп Гвардиола ўз вақтида «Барселона»даги фаолияти орқали бошлаб берганди ва яхши натижаларга эришди. Масалан, Зидан ҳам «Реал» бош мураббийи этиб тайинланганда унга ҳеч ким ишонмаганди. Лекин у 3 марта кетма-кет Чемпионлар лигасини ютди. Ёки айтайлик, «Лейпциг»нинг 33 ёшли мураббийини олинг. Шундай экан, «Ювентус» раҳбарияти ҳам Пирлода ниманидир кўрган ва ўша учун унга ишонч билдирди. Чунки замонавий футболда гранд клубларни бошқариш учун тактик билимлардан кўра, мураббийнинг футболчилар билан инсоний муносабати ва обрўси муҳимроқдир.

 - Гвардиола 25 ёшидаёқ ўзини мураббий сифатида ҳис қила бошлаганди...

- Ростдан ҳам кўп футболчиларда мураббийликка туғма истеъдод бўлади. Масалан, мен Раулни яхши билган инсон сифатида айтишим мумкинки, Раул аллақачон гранд клубларни бошқаришга тайёр. Чунки у футболчилар билан муносабатларни жуда тез йўлга қўя олади.

 - Охирги савол. «Реал»нинг «галактикос» давридаги қайси футболчилар билан дўстона муносабатларни сақлаб қолгансиз?

- Барчаси билан. Ўша футболчилар Мадридга келган дастлабки йилдаёқ, ўз ватанига қайтиб кетмоқчи бўларди. Фиго Португалияга, Роберто Карлос ва Роналдо Бразилияга, Зидан Францияга. Мен эса уларга доим Мадридда қолишларини айтардим. Чунки Испания, айниқса Мадрид яшаш учун жуда қулай. Мадридда ҳар икки ҳафтада Рауль, Роберто Карлос билан кўришиб, бирга тушлик қиламиз. Бир ойда бир марта эса Зидан, Роналдо ва Фиголар билан кўришиб, футболчилик хотираларини эслаб турамиз. Масалан, Дубайга борганимда Мичел Сальгадо билан кўришаман.

 - Мазмунли суҳбат учун раҳмат! Ўзбекистонга таклиф этиб қоламиз.

 - Таклиф учун раҳмат. Келажакда албатта Ўзбекистонга бориб маданиятингиз билан танишишга ҳаракат қиламан.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар