27.08.2020 09:10
2378
«Истиқлол»га даъвоси бор «Истиқлол». Клуб ва стадион эгаси ўртасидаги муаммо нимада?

Фарғонанинг «Истиқлол» клуби стадионсиз қолгани ҳақида бизга мурожаат қилишди. Муаммони ўз жойида ўрганиш учун kun.uz мухбирлари Фарғонада бўлиб, «Истиқлол» клуби раҳбарлари, стадион раҳбарияти ва вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти билан учрашди. #FootWeek кўрсатувининг навбатдаги сонида ушбу масалани ўрганиб, икки томонни ҳам эшитдик.

Носир Отақўзиев: «Истиқлол» клубидан стадион ижараси учун 25 миллион берасан дейилгани йўқ»

Фарғона шаҳридаги дастлабки манзилимиз «Истиқлол» стадиони бўлди. Арена номи билан аталувчи клубнинг техник директори Руслан Худойдотовнинг мурожаати бўйича дастлаб Фарғона вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Носир Отақўзиев билан учрашдик.

«Тўғрисини айтсам, «Истиқлол» клуби вакилларининг аввалроқ Kun.uz сайтига берган интервьюсини томоша қилиб, бироз ҳайратда қолгандим. Чунки клуб раҳбарияти «Истиқлол» стадиони ҳар бир ўйин учун 25 миллион сўм сўрагани ҳақида гапиришган. Аслида ҳеч ким бу клубдан 25 миллион сўм бериши кераклигини сўрагани йўқ. Хусусан, «Истиқлол» клуби мураббийлари Сергей Лебедов ва Анвар Бердиев билан «Нефтчи»да бирга тўп суриб, улар менга устозлик қилишган, бу стадиондаги машғулотлар ёки ташкилий ишлар бўйича доим маслаҳатлашишган. Аммо шу кунгача бу клубдан Руслан Жаъфарович ёки мураббийлар менга мурожаат қилиб, «Носир, стадион биздан ҳар бир ўйин учун 25 миллион сўм миқдордаги ижара пули сўраяпти», деб айтганлари йўқ. Бу ҳақда эшитмаганман.

Ўзи майдон бўйича Фарғона вилоятида фақатгина «Истиқлол» клубида муаммо бор. Про лигадаги «Нефтчи», «Турон», Суперлигада эса «Қўқон-1912» клублари ўз стадионларига эгалар. «Истиқлол» клубига стадионда машғулот ўташ учун маълум миқдордаги маблағ тўланиши шарт, деб айтилгани йўқ. Руслан Жаъфарович интервьюда ҳокимлик ҳақида ҳам гапирган эканлар, аслида на вилоят ҳокимияти, на ҳоким «стадионга киритманглар» деб гапиргани йўқ. Уларнинг бунга умуман алоқалари йўқ. Ҳозирги вазиятдан хабардор эканлигим учун бу гаплар ҳайрон қолдирди.

 Клуб стадиондан фойдаланиш бўйича шартнома имзоламоқчи бўлса ҳам, фақатгина шаҳар ободонлаштириш бошқармаси билан бир тўхтамга кела олиши мумкин. Чунки ўйингоҳ уларнинг балансида турибди. Билишимча, шартномада ижара миқдори 5-3 миллион сўм атрофида кўрсатилган. Унга кўра, стадион клубга ўйиндан бир кун олдин машғулот ва эртасига асосий ўйинни ўтказишга рухсат беради.

 Аслида маблағ сўралиши бутун дунёда бор нарса, ҳар ҳолда стадионда 80-100га яқин ишчи ва ходимлар меҳнат қилади, уларга маош бериш керак. Шу боис, айтайлик хусусий клубга стадионни текинга тақдим этиш деган нарса йўқ. Энг асосийси ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўзаро келишиб, ўз ўйинларини бемалол шу стадионда ўтказишлари мумкин.

«Истиқлол» ФК директори: «Клуб аслида янги стадион учун тузилганди, аренага пул сарфладик, энди ўйнаймиз деганимизда чиқариб юборишди»

Фарғона вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Носир Отақўзиев билан суҳбатдан кейин масаланинг иккинчи томонини ўрганиш мақсадида «Истиқлол» клуби директори Мухторжон Йўлдошевга юзландик.

- Клубимиз 2016 йилда ташкил топган. Янги стадион қурилгач, ушбу стадионда ўйнаш учун вилоятимиз ҳокимининг шахсан ўзлари «Истиқлол» жамоаси тузилсин дея, берилган топшириқларига биноан тузганмиз. Орадан 4 йил вақт ўтган бўлса-да, уч йилдан буён стадион муаммоси юзага келган. Сабаби стадионда ўйнашимиз учун 25 миллион сўм ижара пули беринглар дейишяпти. Бу борада келишувга келиш учун кўп ҳаракат қилганмиз. Стадион Ободонлаштириш бошқармасига қарашли эканлиги учун улар билан шартнома тузганмиз. Унга кўра, уч йилдан буён стадион майдонини тўлиқ парваришлаш бизнинг бўйнимизда. Уруғ, ўғит ва минералларни берамиз, қараймиз, суғорамиз – ҳамма ишларини ўзимиз қиламиз. Энди стадионда ўйнаш вақти келганида бизни майдондан шунчаки четлатиб қўйишмоқда. Ўйнамайсан дейишди. Ахир жамоа шу янги стадион учун қурилган бўлса, энди бошқа қаерда ўйнаймиз?

Ўзи хусусий клуб бўлмиз. 3-4та ташкилот биргалашиб бири жамоа овқатланишини, бири маошини, бири сафар харажатларини бўйнига олган бўлса, яна ҳар бир ўйин ижараси учун 25 миллион сўм пулни қаердан оламиз? Аввалдан ўша стадион қароргоҳимиз ҳисобланиб, 35 нафар футболчи учун жой тайёрланиб, клуб базаси саналган. Стадиондаги жиҳозларни ўз ёнимиздан сарфлаб олганмиз. Ҳаттоки ётоқхонамизни ҳам ёпиб, бизни чиқариб юборишди. Стадион футбол клуби учун бўлиши керак. Стадиондан чиқарилиб юборганимиздан буён клубни ўз қароргоҳи йўқ, кўчманчи қабилага ўхшаб кўчиб юрибмиз. Машғулот майдонимиз аҳволини кўриб турибсиз. Аслида янги стадион учун кўп харажат қилганмиз. 78 минг АҚШ долларига сотиб олинган стадион ўриндиқларини ҳадя сифатида топширганмиз уларга.

 Бунгача вилоят футбол ассоциацияси, вилоят ҳокимияти, умуман шу ишни ҳал қилиши мумкин бўлган барчага мурожаат қилиб бўлдик. Ҳеч ким ёрдам беролгани йўқ. Носир Отақўзиев билан ҳам учрашгандик, олдига масалани айтгандик. Бўлди, юқори ташкилотларга мурожаат қиламан, вилоят ҳокимини олдиларига кираман, гаплашиб чиқаман дедилар. Бордилар, аммо гаплаша олишмади. Хатлар билан ҳам чиқдик, жавоб йўқ. Вилоят ҳокими ва ўринбосарлари қабулига ҳам борганмиз, қабул қилишмаган. Андижондаги Марҳамат туманида ўйнишимиз ҳам мумкин эди. У ерни ҳокими шароит бор, бемалол келиб ўйнанглар, фақат Андижон номидан қатнашасизлар деганди. Аммо жамоамиз футболчилар билан келишган ҳолда фарғоналикмиз, Про лигада Фарғона номидан қатнашамиз деб, рози бўлмагандик.

Рустам Аҳмаджонов: «Клубни стадионга қўйиш учун аниқ асос керак, 78 минг АҚШ доллари харажат қилингани – асоссиз»

«Истиқлол» клуби раҳбарияти фикрини билгач, учинчи манзилимиз «Истиқлол» стадионида бўлиб ўйингоҳ директори Рустам Аҳмаджонов билан учрашдик.

- Биласизми, стадион қурилиб фойдаланишга топширилгач, ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар иштирокида стадионнинг қандай молиялаштириш ва харажатларини қоплаш бўйича йиғилиш ўтказилган. Ўшанда стадионнинг бир ойлик ўртача сарф-харажати 37 миллион сўм атрофида белгиланган. Айнан шундан келиб чиққан ҳолда 25 миллион сўм ижара пули ҳақидаги гап пайдо бўлган. Шунга қарамай, ҳали 25 миллион сўмлик шартнома тузилгани йўқ. Менга уларни стадионга қўйиш учун аниқ асос керак. Клуб бермоқчи бўлаётган хатлар эса асос бўла олмайди. Биз Фарғона шаҳри ободонлаштириш бошқармасига бўйсунамиз. Стадионнинг молиявий масалаларини ҳам, шартномани ҳам улар ҳал қилишади.

Клуб билан тузилган аввалги шартнома бор. Унга кўра, улар стадион майдони учун 10 қоп минерал беришган. Ҳа, жамоа раҳбарлари стадион учун аввалги йилларда кўп нарса берганликларини айтишади. Тўғри, «Истиқлол» клубининг муассасларидан бири «Истиқлол» стадиони қурилишида бош пудратчи бўлган, шу боис ўриндиқларни биз ўрнатганмиз дейиши мумкин. Аммо бу стадион бюджет ҳисобидан қурилганлигини инобатга олсак, барчаси давлат томонидан тўланган бўлиши керак.

 «Истиқлол» клуби раҳбарлари майдон бўйича мурожаат қилишса нима деган бўлардим? Ўзим «Истиқлол» клуби раҳбарлари, мураббийи Сергей Лебедовни бир неча маротиба таклиф қилганман. Шу ерни ўзида маслаҳатлашганмиз. Уларни ҳар сафар турли масалалар билан безовта қилиш ноқулай, сабаби собиқ спортчи сифатида уларнинг иши кўплигини жуда яхши биламан. Шу боис уларга доимий алоқада бўлиш учун алоҳида администратор ёки бошқа ходим тайинлашни сўраганман. Сабаби бу ишлар билан мураббийлар қоғоз кўтариб юрмаслиги керак. Алоҳида шуғулланувчи одам керак.

Стадион учун клуб 78 минг АҚШ доллари харажат қилган?! Менимча, бу шунчаки асосиз гаплар. Ўйингоҳда бир ярим йилдан буён ишлаётган бўлсам, стадионни яхши сақлаб туриш учун ҳам кичик таъмирлаш ишларини ўз имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда қилаяпмиз, алоҳида катта пул сўралгани йўқ.

Анвар Бердиев: «Мақсадимиз аниқ – Суперлигага чиқиш»

- Турли майдонларда машғулот ўташ билан «Истиқлол» стадионида тайёргарлик кўриб, ўйинларга чиқишнинг фарқи жуда катта. Стадионинг, майдонинг борлигини сезиб туриш барибир бошқача. Бу жамоага катта таъсир қилади. Ўйинлар яқинлашгани сари биз мураббийлар рақиб жамоа ўйинини ўрганиш, футболчиларни тайёрлаш ўрнига ўйинни қаерда ўтказамиз ва шунга ўхшаган ташкилий ишлар билан банд бўлиб қолаяпмиз. Шунга қарамай, вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Носир Отақўзиев бор, қўлидан келганча ёрдам бермоқда. Мақсадимиз аниқ – Суперлигага чиқиш. Футболчилардан миннатдорман, шароитлар қийин бўлса-да, тиним билмай меҳнат қилишаяпти. Ёмони шуки, бунақа майдонларда тайёрланган йигитлардан кўп нарса талаб қола олмаймиз. Биз ўз олдимизга қўйилган вазифани уддалай оламиз, фақатгина бироз ёрдам керак – яхши машғулот майдони ва яхши ўйин майдони. Бошқа ҳеч нарса сўрамаймиз, - дейди Фарғонанинг «Нефтчи» клуби афсоналаридан бири Анвар Бердиев.

 Томонларнинг фикрини тинглаб, томоша қилдингиз. Барча бу борада ўз фикрига эга. Аммо футболимиз ривожи учун хизмати қилиш керак бўлган стадион ва клуб ўртасидаги бу муаммодан футболимиз азият чекмаслигини истардик. «Истиқлол» ўз номи билан аталадиган ўйингоҳга қайтса ва бундан стадион ҳамда Фарғона футболи ривожига дахлдор бўлган вилоят футбол ассоциацияси манфаатдор бўлса, бундан фақат футбол ютган бўларди. Умид қиламизки, томонлар келишувга келиб аввалги мавқеини тиклаш учун интилаётган Фарғона футболидаги яна бир муаммога барҳам берилади.

 Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар