27.08.2020 16:10
4956
Теглар
«Андижон»дан банкротлик ҳақида хат олдик». Диёр Имомхўжаев клубдаги молиявий қарздорликлар, «GM-Uzbekistan» ҳомийлиги ва Суперлига қандай давом этиши ҳақида

Сўнгги кунларда ўзбек футболи айвонидаги асосий воқеа «Андижон» футбол клубининг молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолгани бўлди. Ҳали мавсумнинг ярми ҳам ўтмай, Суперлига клубининг бундай аҳволга тушиб қолишига нима сабаб бўлди? Устига-устак «Андижон» Суперлига-2020 йилги мавсумида ҳали ғалаба нималигини билмаган ягона клуб бўлиб турибди. Kun.uz ва Tribuna.uz мухбирлари 27 август, пайшанба куни ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев билан суҳбатлашиб, «Андижон» клуби ва жамоанинг Суперлигадаги иштирокига доир вазиятга ойдинлик киритишди.

 Маълум бўлишича, «Андижон» фубол клубини инқирозли ҳолатга келиши Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан анчадан бери тахмин қилинган. Чунки Андижон вилоятининг бош жамоаси нафақат футболчи ва мураббийлар олдида, балки меҳмонхоналар, озиқ-овқат билан таъминловчи ташкилотлар олдида ҳам қарздорлиги бўлган. Бу нарса қачондир охирига етиб келиши керак эди ва ҳозирга келиб юзага чиқди.

«Бу нарса бир кун келиб ёрилиши керак эди»

 - Диёр, «Андижон» атрофидаги муаммолар қачон бошланган? Йил бошида ПФЛга молиявий кафолат ҳақида ҳужжат топширилганмиди?

- Мен 2,5 йилдан буён ПФЛда ишлаётган бўлсам, «Андижон» клуби ҳар йили қарздан-қарзга етиб келадиган клуб. Бу нарса бир кун келиб ёрилиши керак эди. Менимча, клуб учун ўша кунлар етиб келди. Клубдаги вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу анчадан буён кутилган нарса. Қачондир бунинг якуни бўлиши керак эди.

 «GM-Uzbekistan» автомобил заводининг «Андижон»га пул беришга мажбурияти йўқ»

 - Куни кеча «Андижон» футбол клуби муаммолари бўйича Андижонда бўлиб қайтдингиз. Мутасадди раҳбар ёки ҳомийлар билан учрашув қандай якунланди?

- Тўғри тушуниш керак, ҳозирда ғалати тенденция кетяптики, футбол фанатлари ўзлари билмаган нарсани президентга мурожаат ёки бошқа йўллар билан олиб чиқиб, баъзи бир клуб раҳбарлари шу фан-клуб орқасига яширинаётгандек таассурот уйғотяпти. Аслида бу тўғри эмас. Чунки Ўзбекистон президентининг 2017 йилда Токио-2020 Олимпиадасига футболчи ва бошқа спортчиларни тайёрлаш бўйича қарори чиққан. Шуни 6-иловасида футбол клубига ҳомийлар бириктириб берилган. Унга кўра, «GM-Uzbekistan» автомобил заводи Андижонга бириктирилган.

 Лекин бу ерда бир нарсага эътибор бериш керакки, қарорга кўра ҳомий «Водий-Андижон ПФК»га бириктирилган. «Водий-Андижон ПФК» эса вилоят футбол ассоциацияси қошида ташкил этилган. Бугунги кундаги Суперлигадаги «Андижон», аслида «GM-Uzbekistan» автомобил заводига бириктирилган клуб эмас. Бу бошқа - «Андижон футбол-спорт МЧЖ». Яъни ҳозиргиси хусусий клуб. Иккита жисмоний шахс томонидан очилган нарса. Шу боис буларга «GM-Uzbekistan» автомобил заводи пул беришга мажбурияти йўқ аслида.

Ғалати нарса шуки, хусусий клуб бўлганидан кейин давлат томонидан нега ҳомий бириктирилиши керак? Хусусий клуб бўлганидан кейин ўзини аравасини ўзи тортиши лозим. Биз кеча «Андижон» футбол клубидан «Биз банкротликка киряпмиз» деган хат олдик. У ерда «GM-Uzbekistan» автомобил заводи бунча бериши керак эди, ҳокимият бунча бериши, ўзимиз бунча топишимиз керак эди», қабилида гап бор. Лекин смета тўлиқ тасдиқланмаган. «GM-Uzbekistan» шунча пул беришини гарданига олмаган. Биз вилоят мутасаддилари билан учрашувда шу нарсага тўхталдик. Уларнинг ўзлари ҳам буни тўғри тушуниб турибди. Чунки ҳар сафар пул беради, муаммо эса ўнгланмайди. Биз ҳам тушунтирдик, ҳар сафар пул берган билан муаммо ўнгланадиган эмас. Ишни тўғри йўлга қўйиш керак. Мисол учун, Андижонга бориб қанча футболчи «Ласетти», нечтаси «Нексия» ҳайдаб кетди. Катта-катта пуллар ишлашди. Улар, мураббийлар, футболчилар ишини битирди, лекин Андижон футболи бу билан ўнгланганича йўқ.

 Оддий бир мисолни келтираман. Раҳматли Мираброр Зуфарович даврида Андижонни Бўстон деган об-ҳавоси зўр жойида 4-5та стадион қуришга етарли жой олинган. Бемалол база қилиб шакллантирса бўлади. Яъни Андижон футболига бўйсунадиган ҳудуд. Андижон футболи келажагини ўйлайдиган мутасаддилар шу жойни янада обод қилиб, академияни ривожлантиришни ўйлаши керак. Водий футбол клуби эса Сирдарё вилоятида жойлашган Янгиердаги қароргоҳда истиқомат қилади. Андижон қайда-ю, Янгиер қаерда?! Охири вилоят раҳбарлари ҳам шуни тушуниб етаяптики, маҳаллий футболчиларни етиштириш, академияга эътибор қаратиш лозим. Фақатгина пул мақсадида келиб, кейинчалик судга, ФИФАга ариза берадиган футболчиларни боқишдан маъно йўқ. Ундан кўра, янги Бахтиёр Ҳамидуллаев сингари маҳаллий кучли футболчиларни етиштириш учун сарфласа яхши.

 «Андижон» клубини банкрот бўлиши ёки Суперлигадан тушиб кетиши катта йўқотиш эмас»

 - Шу билан бирга иш тоза бўлиши керак. Хусусий фирма ёки МЧЖ қилиб эмас. Тўғри биз клубларнинг хусусийлаштиришдан манфаатдормиз, шуни тарафдоримиз, аммо хусусийлаштириш дегани хўжа кўрсинга бўлиши керак эмас. Мадомики, хусусий клуб бўлдими, ўз аравасини ўзи тортиши керак. Масалан, мен ҳам хусусий клуб бўлиб олиб, давлатдан ёки «GM-Uzbekistan»дан пулни олиб ишлашни биламан. Шунинг учун, «Андижон» футбол клубини банкрот бўлиши ёки Суперлигадан тушиб кетиши бу катта йўқотиш эмас. Бу ерда бир қадам орқага, икки қадам олдинга деган нарса бор. Ёш футболчиларни тарбияласа яхши натижа бўлиши мумкин. Яна қайтараман, клубнинг ҳозирги вазияти шу нарсага олиб келишини билиб турган эдик. Клубнинг янги юридик номланиши 2016 йилда очилган ва шунга қарамай, қарздорлик кўп ҳолатларда «Андижон» билан боғлиқ эди. Ҳали мураббий, ҳали футболчилар, ҳали қайсидир ташкилотдан клубнинг қарздорлиги устидан хатлар бизга келаётганди. Бунгача ҳам қийин аҳволда бўлган 2015 йилги «Андижон» ФКни банкрот деб ёпиб юборишган, қарздорликлар эса қолиб кетган. Клуб янги ном билан фаолият олиб борган бўлса ҳам, бунинг ҳам якуни шундай бўлди. Яна шунақа янги клуб қилинса, 3-4 йилдан кейин ўша жамоанинг бошига ҳозирги кунлар тушишига кафолат йўқ.

 «Жамоа банкрот деб эълон қилинса, 3 йил давомида ушбу клуб номидан ҳеч ким лигада иштирок этишга ҳақли эмас»

 - Воқеалар ривожи нима билан тугаши мумкин? Бу Суперлигага қанчалик таъсир қилади? «Андижон» банкрот дея, мусобақани тарк этиши мумкинми?

- Мумкин. Бундай воқеа Италияда ҳам бўлган. «Парма» клуби банкротлик ёқасига келиб қолганида. Лекин Италиядан ўрнак олса арзийди. «Парма» клуби мавсумни якунлаб қўйиши учун бошқа жамоалар молиявий кўмак берган. Аммо «Парма» бу ҳолатда ишламаган. У тўғри ишлаган, шунчаки иқтисодий инқироздан чиқиб кета олмай қолган. Бизда ҳам мавсумни якунлаб қўйиш мумкин. Бу регламентда ёзилган. Яъни, шу кунгача мавсумдаги ўйинларнинг тенг ярмини ўтказиб улгурмаган бўлса ва жамоа банкрот бўлиб мусобақадан чиқиб кетса, бунгача турнирда ўйнаган барча ўйинлари бекор қилиниб, нолга тенглаштирилади. Ким «Андижон»ни мағлуб этган бўлса, 3 очкодан мосуво бўлади. Агар жамоа ярим ёки ундан кўп ўйинларни ўтказиб, мусобақадан чиқиб кетадиган бўлса, жамоанинг кейинги ўйинларига техник мағлубият ёзиб борилади. «Андижон» бугунги ўйинни ўтказса, тенг ярмини ўтказган бўлади. Агар учрашувни ўтказилмаса, ярмига етмаган бўларди. Шундан келиб чиқиб регламент бўйича иш қилинади. Мана, бугун 13-ўйинни ўтказиши учун майдонга тушиши керак «Андижон». Тенг ярмини ўтказиб кейин мусобақадан чиқиб кетса, кейинги ўйинларига техник мағлубият ёзиб борилади. Қоида шунақа.

 Регламентда яна бир банд борки, агар бирор жамоа банкрот деб эълон қилинса, 3 йил давомида ушбу жамоа номидан ҳеч ким лигада иштирок этишга ҳақли эмас. Бу жамоа қайта тикланган тақдирда ҳам фаолиятини иккинчи лигадан бошлайди. Шунинг учун «Андижон» турнирдан чиқиб кетадиган бўлса ҳам мусобоқа давом этаверади. Лекин фикримча, «Андижон» футболи нисбатан тўғри йўлга тушади. Бу ҳолат 1-2 йил ичида ҳамма клубни бошига тушиши мумкин. Тўғри йўлга тушиб олишимиз учун аслида шундай бўлиши керак деб ўйлайман.

 Жамолиддин Бобожонов суҳбатлашди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар