20.08.2020 20:22
8972
«Барса» яна голланд мураббий қўлида. Тотал футбол қайтадими?

«Барселона» Чемпионлар Лигасидаги шармандали мағлубиятдан кейин бош мураббийни ўзгартирди. Аслида бу ишни олдинроқ қилиш ва ЕЧЛдан муваффақиятлироқ қатнашиш мумкин эди. Аммо салкам бутун Каталониянинг нафратига учраган Бартомеу қайсарларча ўз позициясида собит қолди ва нега келганини ўзи ҳам тушунмаган Сетьеннинг истеъфосини пайсалга солаверди.

Сетьеннинг «қалами келганидаёқ синганди»

Биласизми, Кике Сетьеннинг «Барселона»да ишлари юришмаслиги у иш бошлашидан олдин ҳам деярли аниқ эди. Эрнесто Вальверде катта ўйинларда ғалаба қозона олмаган бўлса-да, жамоа бошқарувини қўлдан чиқармаган синьор эди. Унинг кетиши футболчиларни норози қилди. Энг асосийси, Месси бунга рози бўлмади. Вальверде кетгач, Месси унинг истеъфосидан афсусланиб пост ёзди. Катта эҳтимол ўшандаёқ Сетьеннинг «қалами синганди».

Албатта, у ёмон мураббий эмас, ўртамиёна «Бетис» билан бир мавсумнинг ўзида ҳам «Реал»ни, ҳам «Барселона»ни енгганди. «Ноу Камп»да «уялмай» «Барселона»ни 4:3 ҳисобида мағлуб этган «Бетис»нинг мураббийи айнан Сетьен эди. Бироқ ўртамиёна жамоанинг мураббийи бўлиш билан «Барселона» мураббийи бўлишнинг фарқи катта. Сетьен «Бетис» учун қанчалик яхши мураббий ва етакчи бўлса, «Барселона» учун шунчалик кўримсиз ва соядаги инсонга айланди-қолди.

Сетьен ҳозир «Барселона»дан кетиб, исталган жамоада яхши ишлаб кетиши мумкин. Мисол сифатида «Реал»дан кетган Хулен Лопетегини келтириш мумкин. Рамос ёки бошқа «Мадрид эгалари» билан чиқиша олмаган Лопетеги бежиз аввалига Испания миллий жамоасига, кейинчалик «Реал»га бош мураббий бўлмаганини исботлади ва «Севилья» билан Европа Лигаси финалига чиқди. Сетьен ҳам, айтайлик, «Валенсия»га бориб, жамоани ўзига келтириши мумкин. Аммо «Барселона» ва «Реал»да ишлаш учун фақат яхши мураббий бўлишнинг ўзи етарли эмас. Бу лавозимда харизма бирламчи омилга айланади. Айнан шу нарса «Барса»нинг янги мураббийида бор.

Куман: жангчи ва афсона

Шахсан менинг фикримча, Куман «Барселона»га келиши мумкин бўлган энг яхши вариант эмасди. Чунки Маурисио Почеттино ҳамда Массимилиано Аллегри каби жуда кучли мураббийлар турганда Куман варианти ҳар қанақасига камида учинчи бўлиб қолаверали. Чунки Куман футболчи сифатида кўп нарсага эришган бўлса-да, мураббийликда у қадар кўп нарсага эришмаган. Аллегри ва Почеттино эса нафақат топ-клубларни бошқара олишини, балки узоқ муддатга жамоа туза олишини ҳам исботлашган.

Куман «Барселона» мураббийлиги учун номзодлар рўйхатида Почеттино ва Аллегридан кейинги ўринда турган бўлса-да, шубҳасиз, Хави ва Анридан яхшироқ номзод эди. Анри «Монако»да қандай шармандали натижа кўрсатганини кўпчилик унутмаган. Хави эса кўпчилик жуда юқори баҳо бераётган бўлса-да, ҳали фақат Қатар чемпионатидагина мураббий сифатида ишлашга улгурди. Шунингдек, у ҳали «Барселона» мураббийи бўлиб улгурмай клубга шартлар қўя бошлади. Тўғрисини айтиш керак, ҳамма ҳам Зидан ва Гвардиола каби мураббийликни бошлаши билан муваффақият қозониши кафолатланмаган.

«Барселона» тахтига ёпишиб олган» Бартомеу Куманни олиб келгач, Мессининг тинчланишига умид қилади. Чунки олдинги сафар мураббийликка «Барселона»нинг собиқ футболчиларидан бири Луис Энрике келганида, Месси жуда хурсанд бўлган ва жамоа ЕЧЛда ғолиб бўлганди. Куман бироз олдинги даврга алоқадор футболчи ва Месси унинг ўйинларини эсламаслиги мумкин, аммо Куман «Барселона» афсонаси эканини жамоанинг барча футболчилари билади.

Олдинги собиқ футболчилар уялтиришмаганди

«Барселона» бунгача собиқ футболчиларини бош мураббийликка олиб келиб, адашмаганди. 2006 йил Франк Райкаард, 2009 ва 2011 йил Хосеп Гвардиола, 2015 йилда эса Луис Энрике «Барселона» билан ЕЧЛда ғолиб бўлганди. Кўриб турганингиздек, собиқ «барсачилар» жамоадаги ҳолатни яхши томонга ўзгартира олган. ЕЧЛдаги ғолиблик бунинг исботи.

Куман номи ҳам бевосита Чемпионлар Лигаси билан боғлиқ. «Барселона» бу мусобақада илк марта 1991/92 йилги мавсумда ғолиб чиққан. Ўшанда каталонияликлар финалда Италиянинг «Сампдория» клубини мағлуб этиб чемпионликни қўлга киритишганди. «Уэмбли»да ўтган финалнинг 112-дақиқасида айнан Куман киритган гол «Барселона»га ғалаба келтирганди. Шубҳасиз, «Барселона» учун асосий мақсад Чемпионлар Лигаси бўлган ва Куман шунинг учун олиб келингани ҳақиқатга яқин.

Келинг, Райкаард, Гвардиола ва Энрике «Барселона»да нималарни ўзгартирганига эътибор берсак. Райкаард жамоага келгач, «Барселона» академиясидан чиққан йигитларга катта эътибор қаратди. Айнан унинг бошқаруви вақтида Хави, Иньеста ва айниқса Месси яққол порлаб чиқишди. Ўша вақтда дунёнинг энг зўр футболчиси Роналдиньо ҳам «Барселона»да ўйнар ва фаолиятидаги энг яхши даврларни ўтказаётганди. 2006 йилги ЕЧЛ ғолиблигида айнан Роналдиньо асосий қаҳрамон бўлганди. Шунингдек, Самуэль Это’О ҳам у вақтда жаҳоннинг топ-ҳужумчилари сирасига кирганини унутмаслик керак. Кейинчалик Мессининг катта футболчи сифатида порлай бошлаши ҳам бевосита Райкард номи билан боғланадиган бўлди.

Гвардиола келгач, «Барселона»да кадрлар инқилоби содир бўлди. Пеп биринчи бўлиб қулоқсиз Роналдиньо билан хайрлашди ва жамоанинг асосий футболчиси Месси бўлишини кўрсатди. Фабио Капелло таъбири билан айтганда, Гвардиола футболда инқилоб қилди. Йоҳан Кройф номи билан боғланадиган тотал футболни Пепнинг «Барселона»си чўққига олиб чиқди. Кўпчилик Гвардиоланинг «Барселона»сини ҳануз футбол тарихидаги энг яхши жамоа деб атайди. Хави-Иньеста-Месси триоси қандай ақл бовар қилмас ишларни амалга оширгани кўпчиликнинг ёдида. Ўша «Барселона»да кучсиз жиҳат деярли йўқ эди. Бускетс узоқ вақт дунёнинг тенгсиз таянч яримҳимоячиси деб қаралди, Дани Алвес «Барселона»дан кетиб ҳам ўнг қанотда қанчалик кучли эканини исботлашдан чарчамади, «МЮ»дан қайтган Пике жамоа сардори Пуйол билан марказда жуда ишончли ўйинлар кўрсатди. Жамоа шунчалик кучли эдики, ҳатто Вальдеснинг хатолари сезилмай ҳам кетарди.

Хўш, Гвардиола жамоаси нега бунчалар кучли эди? Аввало, у бутун бошли янгича услуб олиб кирди. Бундан ташқари, Пеп футболчиларнинг ҳурматини ва ишончини қозона олди. Роналдиньо кетган вақтда жамоадаги асосий юлдуз Гвардиола эди. Месси ҳали унда клубдаги ҳамма ҳисоблашадиган шахс эмасди.

Луис Энрикенинг вазифаси бир томондан Гвардиоланикидан қийинроқ эди. Чунки Энрике келганда Месси жамоанинг биринчи рақамли одамига айланган, унинг ёнида эса Суарес ва Неймар каби катта футболчилар олиб келинганди. Луис Энрикеда шунчалик кучли ҳужум учлиги бор эдики, ЕЧЛда ғолиб бўлиш учун ундан аввало бир нарса – футболчиларга халақит бермаслик талаб қилинарди, холос. Энрике буни уддалади ва қўшимчасига жамоада доим ҳам тўп назоратига асосланмайдиган услубини жорий эта олди. Гвардиоланинг «Барселона»си охир-оқибат барча рақиблар томонидан ўрганилди ва унинг эраси амалда «Бавария»дан учралган йирик мағлубият билан якунланди. Бу борада Энрикенинг «Барселона»си ишончлироқ эди.

Куман эса учала собиқ футболчига қараганда мураккаброқ даврда «Барселона»га келди. Клуб фақат Мессига ишониб қолган, раҳбарият шармандали тарзда обрўсизланган ва ниҳоят «Барселона» бир ўйинда саккизталаб гол ўтказадиган даврда.

Ҳозир Куманнинг асосий вазифаси ғазаб отига минган Мессини жамоада қолишга кўндириш ҳисобланади. Чунки Мессининг кетиши «Барселона» учун кўпчилик кутаётганидек янги давр бошланишига эмас, жамоанинг бутунлай ҳалокатга учрашига сабаб бўлиши мумкин.

Куманнинг бахтига мавсум тез орада бошланади ва у ўзини кўрсатиши учун кўп кутиб ўтирмайди. Зеро, урушдан олдинги ҳаяжон уруш бошлангач йўқолади...

Куман қандай мураббий?

Куман мураббийликни нидерланд клубларида бошлаган ва кўплаб совринларни қўлга киритган. «Аякс» ва ПСВ билан мамлакат чемпиони бўлган. Шунингдек, «Бенфика» билан Португалия Суперкубогида, «Валенсия» билан Испания Кубогида зафар қучган. Нидерландия миллий жамоаси Куман билан Миллатлар лигаси финалигача етиб борган. Мураббийлар учун ҳақиқий синов бўлган Англияда ҳам Куман ёмон ишламаган. У «Саутҳэмптон»даги икки мавсумда ҳам жамоа билан Европа Лигасига йўлланма олган ва Почеттинодан кейин қатор юлдузларисиз қолган «авлиёлар» билан яхши жамоа туза олганди.

Куманнинг «Эвертон»даги биринчи мавсуми ҳам яхши ўтганди. У ҳар қанақа жамоада ишлай олишини исботлаган ва «Барселона» мураббийи бўлиши учун етарли даражада чиғириқлардан ўтган.

Тотал футбол қайтадими?

«Барселона» сўнгги вақтларда шунчалик мантиқсиз футбол кўрсатаётгандики, унда қандайдир услуб борлиги ҳам даргумон эди. Клуб худди ЖЧ-2018 мусобақасидаги Аргентинанинг аҳволига тушиб қолган: Месси кўрсатма беради, Месси гол уради, Месси тўп узатади, фақат дарвозада бошқа киши туради. Бунақаси кетмайди. Агар Мессининг ўзига ҳам бу нарса ёқади деб ўйласангиз, адашасиз. Лео жамоа мураббийсиз ҳеч ким эканини тушунадиган даражада ақлли футболчи. У ҳам мураббий тўғри кўрсатмалар бериб, ўйинни ўз қўлига олишини истайди.

«Барселона» мураббийлари Месси учун алоҳида услуб ўйлаб топишса, қўпчилик ҳайрон қолади ва баъзилар бунга кулади ҳам, бироқ бир нарсани унутмаслик керак, сиз иш берувчи сифатида энг яхши ишчингизга энг яхши шароитни яратиб беришингиз керак. Айтайлик, сиз бирор катта корхонада ишлайсиз. Сизнинг корхонада ишлаш учун Илон Маск келди. Сиз унга қора ишларни қилдирмайсиз-ку, тўғрими? Унга имкон қадар яхши шароитлар қилиб берасиз, Tesla, Space X қайд этган муваффақиятлар сизнинг раҳбарлигингизда такрорланишини истайсиз. Чунки Маск нимларга қодир эканини исботлаб бўлган. Месси ҳам шундай. У ўта оғир характерга эгалиги билан бирга жуда кучли ижодкор, майдонда у қила олмайдиган ишининг ўзи йўқ. Шу сабабли, Куман биринчи бўлиб Месси билан муносабатларини яхшилаши ва унга жамоада қулай шароит яратиб бериши керак бўлади.

Куман Кройфнинг шогирди сифатида «Барселона»га яна тотал ва ва тартибли футболни қайтаришини кутиш мумкин. У биринчи навбатда Жоржиньо Вейналдумни олиб келишни истамоқда. Бу «Барселона» мухлислари Бускетснинг даври ўтаётганига кўникишлари керак деганидир. Шунингдек, Лаутаро Мартинес ҳақида гапирилмоқда. Бу эса Суарес ҳам кетиши мумкинлигини англатади. Пике биринчи бўлиб кетиш ҳақида гапирди, «Фулҳэм» унга таклиф билан чиқишга ҳам улгурди. Дарвоқе, «Аякс» Суаресни қайтариш ҳақида ўйламоқда. Қолаверса, «Аякс»дан Донни ван Бек, «Лион»дан Мемфис Депай келиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Хуллас, «Барселона»да Мессидан бошқа ҳамма ўзгарса ҳам, ажабланманг. Бироқ Куман яп-янги жамоа тузадими ёки мавжудининг «мурватларини бураб қўйиш» билан чекланадими – аниқ эмас.

Бартомеу ва Месси

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Месси Бартомеу раҳбарлигидаги жамоада қолмаслиги ҳақида айтгани ОАВда эълон қилинди. Бу вақтда Мессининг отаси Миланда уй сотиб олган. Буёқда «Сити» Месси учун «Барселона»га бўш чек юборишга тайёр. Шундай экан, кейинги йил мартгача жамоада қолишини айтган Бартомеунинг ўзи Мессини жамоада олиб қололмаслиги аниқ. Мессини «Барселона»да Куман, мухлислар, жамоадошлари ва аввало ўзи олиб қолиши мумкин. Лео клуб учун ҳар қандай Бартемоуларнинг ўнтасидан муҳимроқ эканини тушуниб турибди. Хўш, «Барселона»ни нима кутмоқда? Куман уни ботқоқдан олиб чиқа оладими? Месси қоладими? Бу саволларга тез орада жавоб оламиз...

Ўткир Жалолхонов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар