13.08.2020 21:04
3940
«Атлетико» ёки «Лейпциг»: Иккинчи яримфиналчи ким бўлади?

Бугун тунда Чемпионлар лигасининг чорак финалида иккинчи ўйин ўтказилади.

Чемпионлар лигаси, 1/4 финал
13 август, Лиссабон, Jose Alvalade стадиони. Соат 00:00
«Лейпциг» — «Атлетико»

Криштиану комплекси
Бу йилги плей-оффда сюрпризлар етарлича бўлди. «Аталанта» ва «Лейпциг» — чорак финалгача етиб келишди. Чорак финалнинг биринчи ўйинида 89-дақиқагача «Аталанта» бир оёғи билан ярим финалда эди, «ПСЖ» қўшимча дақиқаларда ғалабани илиб кетди. 

«Атлетико» эса нимчорак финалда амалдаги финалчини «Ванда Метрополитано»да ҳам (1:0), «Энфилд»да ҳам (1:0, бу Чемпионлар лигасининг бу мавсумдаги томошабинлар иштирокидаги сўнгги ўйини бўлиб қолди) мағлуб этганди.

«Атлетико» бу мавсумда нисбатан осон йўлдан бормоқда. Диего Симеоне бошқаруви даврида мадридцликлар натижаларни яхшилашди, ўзига хос ўйин услубига эга бўлишди, аммо жамоага Криштиану Роналду комплекси халал бериб келди. Сўнгги ўн йил ичида «Атлетико» Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига 6 марта (ҳозиргиси билан қўшиб ҳисоблаганда) чиққан ва беш марта Роналду ўйнаган жамоага ютқазган. 2014 ва 2016 йилларда «Атлетико» ЕЧЛ финалида «Реал»га ютқазган, 2015 йилда эса шу жамоага  чорак финалда, 2017 йилда — ярим финалда. Ўтган йили Криштиану Туринда ўйнаб ҳам бу жамоага жабр етказди: биринчи ўйинда «Атлетико» «Ювентус»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди, аммо Туриндаги ўйинда португалиялик футболчининг ҳет-трики мадридликларни турнирдан чиқариб юборди.

Энди Роналдунинг ўзи эртароқ турнир билан хайрлашган — «Ювентус» «Лион» тўсиғидан ўта олмади, жамоа биринчи ўйинда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлганди, жамоа учрашувида Роналдунинг дубли кейинги босқичга ўтиш учун етарли бўлмади. Шундай экан, «Атлетико» «жаллоди» билан бу сафар тўқнашмайди. Дарвоқе, мадридликлар гуруҳ босқичида «Ювентус» билан икки ўйин ўтказган, аммо Роналду бу ўйинларда ҳам гол урмаганди. Наҳотки унинг сеҳри тугаган бўлса?

Коронавирус
Криштиану йўқ, аммо «Атлетико»да бошқа муаммо бор. Лиссабонга учиш олдидан асосий таркибнинг икки футболчиси - Шиме Врсалько ва Анхель Корреанинг Covid-19 учун топширган тести мусбат натижа берди. Клуб бу икки футболчини изоляция қилган, улар Португалияга олиб кетилмаган, аммо жамоада хавотирли вазият юзага келган: маълумки, вируснинг инкубация даври икки ҳафта бўлиб, бу вақт давомида жамоанинг бошқа футболчиларида ҳам вирус аниқланиши ҳеч гап эмас.

«Атлетико» УЕФАни бу ҳақда огоҳлантирди: дарҳол ташкилотга ҳам, мухлисларга ҳам хабар берилди. Мадридликларнинг бахтига, ЕЧЛ регламентида коронавирус аниқланган жамоа тўлиқ таркиб билан карантинга олиниши ва ўйинга ёшлар жамоасини тушириши кераклиги қайд этилмаган. Аммо Симеоне таркиб бўйича бошоғриққа дуч келган: Врсалькони муҳим ўйинчи деб бўлмаса ҳам, Корреа — «Атлетико»нинг қанотларга асосланган ўйин услубидаги муҳим механизмдир. Ҳозирда Партей ўйинга қанчалик тайёрлиги аниқ эмас — ганалик футболчида сўнгги ҳафталарда мушак билан боғлиқ муаммолар кузатилаётганди.

«Лейпциг» Вернерсиз
Мадридликларнинг рақибларида ҳам муаммолар кам эмас. Биринчидан, Тимо Вернер июль ойида жамоани тарк этди. Ушбу форвард Лейпцигдан кетиши маълум эди, аммо у еврокубок кампаниясини жамоаси билан якунлай олмади. Албатта, барчаси коронавирус туфайли. Лондонликлар Вернерни жамоасида қолдириб, унинг соғлигини хавф остида қолдиришга рози бўлишмади. «Лейпциг» учун бу йирик йўқотиш, ахир Тимо бу мавсумда 34 гол урганди.

Шу билан бирга, немислар жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн ижобий кайфиятда: у Вернернинг кетиши — бошқа футболчиларга ўзини кўрсатиш имконияти эканини маълум қилган. «Биз Тимони клонлаштира олмаймиз, аммо биз у урган 34 гол ўрнини тўлдиришимиз мумкин», — деган Нагельсманн.

«Атлетико» билан жанг арафасида «Лейпциг» мураббийи худди ЕЧЛ 1/4 финалига доим чиқиб юргандек ҳазиллашди. Нагельсманндан бошланғич таркиб ҳақида сўрашганида, шундай жавоб қайтарди:

«Кимдир ўйиндан олдин нон ва шоколад еб қўйса, у захира ўриндиғида қолади». Немис футболчилари учун шоколадли паста — алоҳида мавзу. Нолинчи йилларда Германия терма жамоасининг ушбу маҳсулот реклама ролигида суратга тушган футболчиларининг фаолияти кейинчалик яхши давом этмаган. Шундай экан, Нагельсманн бунга жиддий эътибор қаратади.

Нима бўлганда ҳам, «Лейпциг»га қийин бўлиши тайин. «Атлетико» тажрибали, таркибдаги футболчилар кучлироқ, иштиёқ ҳам юқори. Катта эҳтимол билан «ПСЖ» финал остонасида айнан мадридликлар билан ўйнайди. Аммо Чемпионлар лигасида сюрпризлар давом этиши ҳам мумкин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар