13.08.2020 20:12
7340
«Арсенал» ва «Рома» футболчи алмашмоқчи, «Ювентус» янги ҳужумчи олмоқчи. Сўнгги трансфер янгиликлари

Tribuna.uz куннинг асосий трансфер янгиликларини тақдим этади.

«Рома» ва «Арсенал» ўз яримҳимоячиларини алмаштириш борасида музокара ўтказишмоқда. Унга кўра, Римдан Лондонга Амаду Диавара борса, Лукас Торрейра «Арсенал»дан Италияга қайтиши мумкин. Диавара ушбу келишувга аллақачон рози бўлган, Торрейранинг ҳолати ҳам ижобий баҳоланяпти, зеро яқинда уругвайлик хавбек А Серияга қайтиш нияти борлигини айтганди. (Манба: Nicolo Schira)

«Ювентус» «Рома» билан ҳужумчи Эдин Жеко борасида музокараларни бошлади. Босниялик футболчи, мабодо Аркадиуш Милик трансфери амалга ошмай қолса, захира вариант сифатида кўриляпти. 34 ёшли Жеко ўтган мавсумда 35 ўйинда майдонга тушиб, 16 гол урган ва 11 голга ҳаммуаллифлик қилган. (Манба: Sportitalia)

«Бенфика» «Тоттенҳэм»нинг собиқ марказий ҳимоячиси Ян Вертонген учун курашда етакчилик қилмоқда. 33 ёшли бельгиялик футболчи июль ойида эркин агентга айланган ва бир қатор таклифларни кўриб чиқмоқда. Аввалроқ, «Рома» Крис Смоллинг трансферидан воз кечиб, Вертонгенни ўз сафига қўшиб олишга уринаётганди. Футболчига шунингдек, «Атлетико»дан ҳам қизиқиш бор. (Манба: Tuttomercatoweb)

Килечи Ихеаначо фаолиятини Туркияда давом эттиришга яқин турибди. «Фенербаҳче» «Лестер» ҳужумчисини 2 йил муддатга ижарага олмоқчи. Бунинг учун турклар 12 миллион евродан воз кечишга тайёр. 23 ёшли нигериялик футболчи ўтган мавсумда АПЛда 20 ўйинда майдонга тушиб, 5 гол ва 5 ассистни амалга оширган. (Манба: Fotosport)

«Милан» марказий яримҳимоячи Тьемуэ Бакойоко юзасидан «Челси» билан келишувдан умид қилмоқда. «Россонерилар» франциялик футболчини бир йилга 3 миллион еврога ижарага олиш, кейин эса, 35 миллион еврога бутунлай сотиб олишни режалаштиришган. 2018/19 йилги мавсумини Бакойоко «Милан» таркибида ижара шартномаси асосида ўтказганди. (Манба: Di Marzio)

Эмери бошчилигидаги «Вильярреал» таркибини савияли футболчилар билан тўлдиришда давом этмоқда. Франциянинг «Анже» клуби яримҳимоячиси Батист Сантамария билан шартнома шартлари келиб олинди, энди, Франция клуби билан тўлов шартлари борасида тўхтамга келиниши керак. 25 ёшли футболчи учун французлар 15 миллион евро талаб қилмоқчи, аммо «Вильярреал» нархни 10 миллионга туширмоқчи. (Манба: France Football)

А Сериянинг энг умидли ёшларидан бири Сандро Тонали «Интер» сафига қўшилиши мумкин. Миланликлар 20 ёшли яримҳимоячи билан беш йиллик шартнома шартларини келишиб бўлди ва унга кўра Сандро йилига 3,5 миллион евро маош олади. «Милан», «Ювентусва «ПСЖ» каби клублар эътиборида бўлган футболчи борасида «Брешиа» билан келишув ҳам якуний паллага етиб келган. (Манба: Corriere dello Sport)

«Саутҳэмптон» «Вальядолид»дан марказий ҳимоячи Муҳаммад Салисуни сотиб олганини расман маълум қилди. Трансфер суммаси 10,09 миллион евро. 21 ёшли футболчи «авлиёлар» билан 4 йиллик шартнома имзолади. (Манба: клуб сайти)

«Ювентус» ҳамон Александр Ляказеттни таркибга қўшиб олиш ниятидан қайтгани йўқ. Туринликлар франциялик ҳужумчининг трансферига марказий ҳимоячилардан бирини қўшишмоқчи. Даниэле Ругани ёки Кристиан Ромеро келишувнинг бир қисми сифатида «Арсенал»га ўтиши мумкин. (Манба: Calcio Mercato)

«Наполи» марказий ҳимоячиси Калиду Кулибали «Манчестер Сити»нинг асосий трансфер мақсадига айланди. «Шаҳарликлар» сенегаллик футболчи учун 10 миллион евролик маош билан беш йиллик шартнома таклиф қилишяпти. «Наполи» 29 ёшли футболчини 80 миллион евродан арзонга қўйиб юбормоқчи эмас. (Манба: Nicolo Schira)

«Рома» ҳимоячиси Жуан Жезус «Кальяри» сафига бориб қўшилишга яқин турибди. Сардинияликлар 29 ёшли бразилиялик футболчи билан уч йиллик шартнома шартларини келишиб қўйган ва энди «Рома» билан музокара босқичи бошланган. Ўтган мавсумда Жезус атиги 4 ўйинда майдонга тушганди. (Манба: Sky Sport Italia)

Энес Унал «Вальядолид»дан «Хетафе»га ўтди. Ушбу трансфер ҳақида Мадрид клуби расман эълон қилди. Туркиялик футболчининг трансфер суммаси 9 миллион еврони ташкил қилди. Ўтган мавсумда 23 ёшли ҳужумчи 35 ўйинда қатнашиб, гол+пас тизимида 6+2 очко тўплаган. (Манба: клуб сайти)

«Валенсия» «Милан» посбони Пепе Рейнани ўз таркибига қўшиб олмоқчи. Иқтисодий инқирозга тушиб қолган «кўршапалаклар» асосий дарвозабон Яспер Силессенни «Барселона»га қайтариб юборишса, 37 ёшли Рейна унинг ўрнига арзон вариант бўлади, деб ҳисобламоқдалар. Рейна ўтган мавсумда А Серияда атиги 1 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол ўтказиб юборган.

«Интер»нинг ўнг қанот вингери Валентино Лазаро учун курашда Менхенгладбахнинг «Боруссия» клуби асосий даъвогар бўлиб турибди. 24 ёшли австриялик футболчи ўтган йили «Ҳерта»дан 22,4 миллион еврога сотиб олинган, лекин асосий таркибда ўйнаб кета олмаганди. Қишда эса, «Ньюкасл»га ижарага бериб юборилганди. Англияда Лазаро 13 ўйинда қатнашиб, 1 гол урган. (Манба: Bild)

«Наполи» «Реал»га чап қанот ҳимоячиси Серхио Регилон учун 15 миллион евро таклиф қилди. «Реал» футболчи юзасидан музокараларга тайёр, аммо камида 25 миллион евро олишга умид боғламоқда. Аввалроқ, 23 ёшли футболчи учун «Эвертон» ва «Челси» харидор бўлаётгани ҳақида ҳам хабарлар чиққанди. (Манба: Nicolo Schira)

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар