13.08.2020 21:00
3355
«Қачон кетишни одамлар эмас, ўзим ҳал қиламан». «Арсенал» Ўзил билан хайрлашмоқчи

«Арсенал» яримҳимоячиси Месут Ўзил шартномаси якунига етмагунга қадар Лондон клубини тарк этмаслигини маълум қилди.

«Арсенал»да амалдаги шартномамнинг охирги кунигача қоламан ва жамоа равнақи учун қўлимдан келган ҳамма нарсани қиламан. Ҳозирги вазият, клубни тарк этишим кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар мени ҳеч қачон синдира олмайди, аксинча янада кучли бўламан. «Арсенал»ни қачон тарк этишим одамларнинг эмас, менинг ишим, буни фақат ўзим ҳал қиламан. Бу жамоа билан 2 ёки 3 эмас, 4 йилга шартнома имзолаганман – буни ҳамма ҳурмат қилиши керак. Ҳозирги аҳвол қийин эканлиги кўриниб турибди, аммо мен «Арсенал»ни яхши кўраман, бу жамоада тўп суриш, бу клубдаги ҳар бир ходим билан бирга ишлаш менга жуда ёқади. Лондонни севаман, бу ер менинг уйим. 

Охирги икки мавсумда нималар рўй бергани ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Клубда бахтиёрман. Руҳан кучлиман, ҳеч қачон таслим бўлмайман. Футболчи жамоадан кетмоқчи бўлганида клуб йўқ деса, ўйинчи бу қарорни қабул қилишига тўғри келади. Энди эса клуб футболчига кет деганида, футболчи йўқ деса буни ҳам тўғри қабул қилиш лозим. Ҳеч қаерга кетишни истамайман, ҳаммаси шу.

2018 йилда олдимда жуда кўп таклиф бор эди, агар қабул қилсам ҳозиргидан ҳам кўпроқ пул ишлашим мумкин бўларди. Аммо «Арсенал» ва бу жамоа мухлисларини яхши кўрганим учун ҳам клубда қолгандим. 

Микель Артета имкониятларимни яхши билади. Агар унга керак бўлсам, ҳар доим майдонга тушишга шайман. Шартномам якунига етишига бир йил қолгани сабаб хотиржамликка берилмайман. «Арсенал» қийин дамларни бошдан кечирмоқда, мен эса ёрдам беришга тайёр. Жамоага ҳали кўп нафим тегишига аминман», - дейди германиялик футболчи «The Athletic» нашрига берган интервьюсида.

Маълумот учун, 31 ёшли яримҳимоячининг амалдаги шартномаси 2021 йилнинг июнь ойида якунига етади. Аввалроқ «Арсенал» Ўзилнинг маоши катта эканлиги сабабли футболчини Туркия клубларига таклиф қилган, аммо Месут клубдан кетишга қаршилик қилганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар