10.08.2020 21:56
3400
Санчо «Боруссия» билан мавсумолди йиғинга кетди. «МЮ»га трансфер бекор бўлдими?

«Боруссия» футболчиси Жейдон Санчо жамоаси билан мавсумолди йиғинга йўл олди. Табиийки, унинг «МЮ»га йўл олишини кутаётганлар бундан ҳайрон қолишди.

Бошқа бир контекстда бу оддий воқеа катта хулосани – Санчо бу ёзда «Юнайтед»га ўтмаслигини билдирадики, барча ёза бошлади. Зеро, аввалроқ немис клуби раҳбари трансфер учун дедлайн 10 август экани, шундан кейин футболчи сотилмаслигини маълум қилганди.

Менимча, бу ҳали ҳеч нарсани англатмайди ва Санчо сериали то амалга ошгунча ёки октябргача давом этади. 

Биринчидан, бу каби катта трансферларни амалга ошириш осон эмас. Машҳур инсайдер Фабрицио Романо ҳам Санчонинг йиғинга кетиши ҳеч нарсани англатмаслигини айтди. Шунингдек, илк бор шу дедлайн ҳақида хабарлар тарқалганда, Вудворд кескин эътироз қилган ва ҳақиқий дедлайн, яъни 5 октябргача имконият бўлишини, бошқа муддатлар сунъий эканини айтганди.

Иккинчидан, хўш, Дортмунд тарафидан қараганда ҳам, ҳали давом этаётган музокаралар чоғида Санчони қолдириб кетиш нимани англатарди? Трансфер ҳар қанақасига содир бўлишини тан олиб, бу борада устунлик «МЮ»га ўтиб кетмайдими?

«Юнайтед» учун ҳам шошилиш вақти эмас. Агар оддий ёз бўлганида, худди Магуайр трансфери билан бўлганидек, клуб мавсумолди йиғинлардан олдин футболчини қўлга киритишга уриниши мазмунга эга, дейиларди. Ҳозир эса клуб Европа Лигасида қатнашмоқда. Шу ҳолатда Санчони қўшиб олиб, жамоага ҳалақит бергандан кўра, футболчи Дортмунд билан шуғулланиб туриши маъқулроқдек.

Сульшерга айнан зарур позиция учун Санчо керак. Демак қандайдир ўн миллионни деб трансфердан воз кечишмайди. «Манчестер Юнайтед» бу шароитда катта пул сарфлай оладиган ягона клуб. Нега рақобатчилар йўқ пайтда қамчини босмаслик керак?!

«Боруссия» эса пандемия пайтида бу пулга ҳеч кимга Санчони сотолмайди. Ҳа, яна бир йилга Санчо қолиши мумкин, лекин унда аввало ҳаётдан хафа Санчони хурсанд қилиш учун маошни кўтариб бериш керак, бундан ташқари, келаси йили Санчога топ клублар навбати ҳосил бўлиши ҳам ҳали аниқ эмас. Санчонинг нархи тушиши ёки Гринвуд ўйнаб кетиб, Дортмунд жиддий харидоридан айрилиши мумкин.

Ҳар икки клуб бир-бирининг «қўлини» жуда яхши кўриб турибди ва яна блеф қилиб қўйишяпти. Якунда трансфер содир бўлмаслиги учун фақат бир сабаб бор – томонлар бир-биридан жаҳли чиқиб, принципга боришлари. Бугунги бизнес даврида эса бунга ишониш қийин...

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар