09.08.2020 20:44
6039
Ҳафта саволи. Андреа Пирло қандай мураббий бўлади?

Андреа Пирло «Ювентус»нинг янги бош мураббийи сифатида эълон қилинди. Унинг футболчилик фаолияти, услуби, ёрқин ўйинлари, устунликлари-ю, камчиликлари ҳаммага маълум. Лекин ундан қандай мураббий чиқади? Футболдаги ғоялари айнан нималарга таянади? Бу ҳозир бутун Италия муҳокама қилиб турган мавзулардан бири. Қуйида унинг чиройли голлари ёки паслари, ютган совринлари эмас, футбол ҳақидаги назарий фикрлари, қайси мураббийлардан ўрнак олиши-ю, қадриятлари ҳақида фикр юритилган.

2013 йилнинг баҳорида Андреа Пирлонинг «Ўйлаяпман, демак ўйнаяпман» ном илк автобиографияси чоп этилганди. Италия терма жамоаси собиқ футболчиси ундан келажакда буюк мураббий кутаётганларнинг ҳафсаласини пир қилганди – «мен мураббийлар ўриндиғида ўтиришимга бир цент ҳам тикмаган бўлардим. Бу иш мени ўзига жалб қилмайди. Кўп ўйлаш керак ҳали, мураббийлик иши яшаш тарзи билан футболчиликни эслатади, аммо мен бундан чарчадим».

Аммо фаолиятини тугатган Пирло футболсиз яшай олмаслигини ҳам тушуниб етди: «Баъзида, кўзимни юмдим дегунча, уйқум келмасди – хаёлан футболчиларни майдонга жойлаштириб чиқардим».

2018 йилнинг кузида у Жилардино, Батистута, Бонера, Мотта, Монтеро каби собиқ футболчилар билан бирга Коверчанодаги мураббийлик курсларига қатнай бошлади. Орадан бир йил ўтиб эса, Pro лицензияси учун таҳсил олди. Андреа Аньели уни ўтган ёзда «Ювентус»га таклиф қилишни ўйламасдан олдин ҳам, Пирлонинг ёшлар жамоасини бошқариши ёки Саррига ёрдамчилик қил иши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. 2020 йилнинг 31 июлида Андреа «Ювентус»нинг таклифини қабул қилди ва U-23 жамоасига мураббийликка тайинланди, лекин Саррининг истеъфоси Пирлонинг йўлини очди – энди у янги мавсумни асосий жамоанинг бош мураббийи сифатида бошлайди.

Антонио Контенинг Туриндаги уч йили Андреа Пирлога учта чемпионлик совринидан кўпроғини берди – футболчини Контенинг энтуазиазми ҳайратга солганди.

«Мен унинг яхши мураббий эканини билардим, лекин бу даражада зўр эканини ўйламаганман. Унинг харизматик ва қатъий инсонлигини билганман, лекин у нафақат футболчиларни, балки ҳамкасбларини ҳам кўп нарсага ўргатганди», деб ёзади Андреа Пирло юқорида тилга олинган китобида.

Яна бир иқтибос – «Конте афсунгар ёки сеҳргар эмас. Лекин унинг нутқлари – жуда ажойиб. Ё унинг айтганини қиласан, ёки умуман ўйнамайсан. У бераётган талабларни, вазифаларни бажара олишинг учун диққат билан тинглашинг керак. Конте ҳар бир майда деталларгача эътибор беради ва ҳар бир маълумот ўз фойдаси учун ишлатишга ҳаракат қилади. У соатлаб бизга видео қўйиб берар ва ҳаракатларимиздаги хатоларни кўрсатиб берарди. Контенинг хатоларга аллергияси бор ва ҳеч қачон бу дарддан халос бўла олмаса керак».

«Контени кузатиб, мен илк бор мураббий бўлиш ҳақида ўйлай бошлаганман», деб тан олганди Андреа La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида – «у мен ишлаган мураббийлар ичида энг яхшиси. Мен жуда ажойиб мураббийлардан ўрганганман: то менинг майдондаги позициямни ўзгартирган Маццонедан бошлаб, акамдек бўлиб қолган Анчелоттигача. Лекин Конте биринчи ўринда».

Ўз китобида Пирло Гвардиола ҳақида ҳам, унинг «Барселона»га чақиргани ҳақида ҳам ёзган ва «Манчестер Сити» устози ҳақида илиқ фикрлар билдирган.

«У билан ишлаш катта омад ҳам бўларди. Гвардиола ўзи бошқарган жамоаларда изини қолдирадиган мураббий. У жамоага пойдевор қуради, шакл беради, ўз ортидан эргаштиради, койийди, охирида эса, буюк жамоага айлантиради.

Ибраҳимович Пепни ҳақорат қилмоқчи бўлиб, уни «файласуф» деб атаганди. Менимча, бу катта мақтов. Файласуф бўлиш, демак бу соҳада фикрлаш, янги билимларни ахтариш, ўз ғояларига эга бўлиш, мавжуд нарсаларга маъно беришдан иборат. Гвардиола бу хислатларнинг барчасини аниқ фан бўлмаган футболда ишлатди. У фикрлаш билан футболда муваффақият қозонди – бу мўъжиза эмас, рўй бериши керак бўлган натижа эди».

2016 йилда Пирло Испаниянинг Marca нашрига интервью берар экан, дунёнинг энг яхши мураббийи сифатида айнан Пепни айтганди: «Пеп – биринчи рақамли мураббий. Унинг «Барселона» ва «Бавария»да нималарга эришганини бир кўринг. Мен уни жуда ҳурмат қиламан. У билан таниш эканимдан хурсандман. Бизнинг умумий танишларимиз бор ва тез-тез гаплашиб турамиз».

2019 йилнинг март ойида La Gazzetta dello Sport’га берган интервьюсида Пирло энг яхши мураббийлар рейтинги ҳақида фикр билдираётиб, келажакда ўзини ҳам энг яхши мураббийлар ичида кўрганди – «Анчелотти саккизинчими? Унда юқорида кўтарилиш учун вақт бор. Бешинчи ўринга тушиб кетган Гвардиолада ҳам. Умуман бу рейтинглар ўзгариб туради ва бир кун мен ҳам кучли учликда бўламан».

Пирлонинг айтишича, унинг модели ўзи билан ишлаган барча мураббийларнинг қоришмасидан иборат бўлади - «Мен уларнинг ҳаммасидан ниманидир, энг яхши сифатларни олишга уринаман».

Карантин пайтида Фабио Каннаваронинг инстаграмида кўринган Пирло 4-3-3 схемасини ёқтиришини ва жамоаси тўпни назорат қилиб, ҳужумкор бўлишини айтганди. Лекин яқинда U-23 жамоаси тақдимотида схеманинг аслида у қадар катта аҳамияти йўқлиги ҳақида гапирди.

«Барчаси футболчиларга боғлиқ. Мураббий шогирдларининг максимумга эришишлари учун керакли шароитни тақдим қилиши керак. Энг муҳими, бўш зоналарни назорат қилиб, аниқ ўйин ғоясини амалга ошириш. Жамоа яхши ўйнаши, рақибдан кўра ташаббускор бўлиши ва ғалабага интилиши шарт», дейди у.

«Агар футболни тушуниш ва билим ҳақида гап борса, Пирло дунёда энг яхшилардан бири» – дейди Коверчан мураббийлик мактаби директори Ренцо Уливьери, - «у тайёр ва ўзига ишонади. Унинг футбол тажрибаси фақат майдонда ўтказган ёки машғулотларга кетган вақт билан ўлчанмайди, у доим ўрганган. Тахминимча, унинг жамоалари бир схемага боғланган бўлмайди. Ахир футболчи сифатида ҳам у узун пасларни ҳам яхши ижро этган, қисқа масофаларда ҳам зўр ўйнаган, тўғрими?».

Пирлонинг трансфер бозорида ўзини қандай тутиши ҳақида гапиришга эрта, лекин журналист Николо Скиранинг айтишича, Андреа Игуаин, Хедира ва Дуглас Коста каби футболчиларни жамоасида кўрмоқчи эмас. Бу энди, Сарри даврида ҳам рўй бериши мумкин бўлган хулосалар – Гонсалонинг кетиши ҳақида анчадан бери гапирилмоқда, Хедира деярли ўйнамаяпти, Коста эса, доим жароҳатлар гирдобида қолмоқда.

Ўз вақтида Пирло Sky Sport Italia’да эксперт сифатида ҳам фаолият олиб борди ва кўп бора бугунги «Ювентус»ни таҳлил қилди. Масалан, 2017 йилнинг кузида Маурисио Саррининг «Наполи»даги ишларини жуда мақтаган, лекин якунда «Ювентус» чемпион бўлишини, чунки туринликлар совринлар учун дастурлаштирилганини таъкидлаган.

«Ювентус» ҳақида гапирар экан, у Аарон Рэмзи ҳақида илиқ фикрлар айтган. 2019 йилнинг баҳорида, «Атлетико»га қарши ўйиндан сўнг эса, Федерико Бернардескини мақтаган – «Берна «Ювентус» учун жуда керакли футболчи, айниқса, Роналдунинг ортга кам қайтишини ҳисобга олсак, у жуда катта зонани назорат қилиш учун катта меҳнат қиляпти».

У «Ювентус»нинг энг ожиз нуқтаси сифатида яримҳимоя чизиғини тилга олганди. Албатта, Пирло ўз вақтида бу чизиқда Погба ва Видал билан бирга тўп сурганди. Фарқни билиш осон.

«Яримҳимояни кучайтириш керак. Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш учун кучли яримҳимоячилар зарур. Клуб Роналдуни сотиб олди, лекин тўпни унга қандай етказиб беришни билмаяпти. Бу жамоага тахминимча, Иско жуда мос келган бўларди».

Яқинда Пирло Саррининг «Ювентус»и ҳақида ҳам ижобий фикр айтганди – «Унинг футболи менга ёқади. Плеймейкерлар ўйинда кўп қатнашади, кўп тўп билан муомала қилишади – бундай тактикада мен ҳам мазза қилиб ўйнаган бўлардим».

Хуллас, футболчи Пирло ҳақида жуда кўп нарса билсак-да, мураббий Пирло ҳозирча номаълум. Унинг собиқ жамоадоши, эндиликда шогирди бўладиган Жоржо Кьеллини ўзининг «Мен, Жоржо» номли китобида Пирлога маслаҳатлар берганди: «Майдонда у ўзга сайёралик эди. Мураббий бўлиб, энди, Андреа ерга қайтишга мажбур бўлади. Футболчилардан орқасида ҳам кўзи бўлиши кераклигини талаб қила олмайди-ку?».

Пирло билан бирга 2006 йилда жаҳон чемпиони бўлган, «Ювентус»даги собиқ жамоадоши Алессандро Дель Пьеронинг эса, ишончи комил – «Андреа ўта юқори ақл соҳиби, ҳаммаси яхши бўлади».

Sports.ru сайтининг ДжанлукаЛападула блогидан олинди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар