07.08.2020 12:36
9470
ЕЧЛ қайтмоқда. Даъвогарлар ва асосий интригалар

Беш ойлик танаффусдан сўнг, ниҳоят Европа Чемпионлар Лигаси баҳслари ҳам қайтмоқда: аввалига нимчорак финалнинг чала қолган қисми ўйналади, кейин эса, чорак финалдан бошлаб, ҳар бир баҳс бир ўйиндан иборат бўлган ҳолда ғолиб аниқланади – ҳозирдан айтиш мумкинки, бизни кутилмаган натижалар ва шиддатли баҳслар кутиб турибди.

Қуйида тўлиқ тақвимни ҳавола қиламиз.

1/8 финал, жавоб ўйинлари
7 август, жума, соат 00:00
«Манчестер Сити» – «Реал» (биринчи ўйин — 2:1)
«Ювентус» – «Лион» (биринчи ўйин — 0:1)
8 август, шанба, соат 00:00.
«Бавария» – «Челси» (биринчи ўйин — 3:0)
«Барселона» – «Наполи» (биринчи ўйин — 1:1)

Чорак финал ўйинлари.
12 август. «Аталанта» – «ПСЖ»
13 август. «РБ Лейпциг» – «Атлетико»
14 август. «Барселона»/«Наполи» – «Бавария»/«Челси»
15 август. «Сити»/«Реал» – «Ювентус»/«Лион»

Ярим финал.
18 август куни биринчи ва иккинчи чорак ғолиблари, 19 август куни эса, кейинги ўйинлар ғолиблари финалчини аниқлайдилар. Финал 23 август куни бўлиб ўтади. Чорак финалдан бошлаб барча ўйинлар Португалияда бўлади.

Асосий даъвогарлар

Яққол даъвогарлар учта. «Манчестер Сити» анчадан буён ушбу совринни орзу қилмоқда ва айниқса, ушбу мавсумда мотивация ўта юқори: миллий чемпионатда соврин бой берилганда ниҳоят еврокубокни ютиб, Давид Сильвани юқори даражада кузатиб қўйиш, шунингдек, еврокубокларга қўйилган тақиқнинг бекор қилинганини яхшилаб «ювиш».

Бундан ташқари, «Олтин тўп» бу йил бекор қилинган бўлса-да, Кевин Де Брюйнеда мавсумни юқори савияда якунлаш ва энг яхши ўйинчи бўлиш истаги бор, хуллас, Пеп шогирдлари ниҳоят, ниятларига етишлари лозим.

Иккинчи фаворит – «Бавария». Мюнхенликлар клуби мавсум якунини жуда кучли ўтказишди, нимчорак финалнинг дастлабки ўйинида ҳам «Челси» «янчиб ташланганди». Немисларнинг асосий қуроли – Роберт Левандовски, аммо бир қатор камчиликлар ҳам бор, масалан, бош мураббий Фликнинг тажрибасизлиги ёки Бундеслига эртароқ тугагани учун керакли тонусдан узоқлашилган бўлиши мумкинлиги.

«Атлетико»нинг ҳам имкониятлари юқори – Симеоне шогирдларининг финал сари йўлида грандлар кўп эмас, айниқса, «Ливерпуль» доғда қолдирилгандан кейин ишонч янада ортган бўлиши мумкин. Шунингдек, формат ҳам мадридликларга жуда мос, учта ўйин ютилса, кифоя. Жамоанинг ҳужум чизиғида муаммо мавжуд, ҳар бир гол осонлик билан юзага келмаслиги тайин. Лекин ҳамма ўйинни 0:0 билан тугатиб, пенальтидан ютиш ҳам бир вариант.

Қийин ҳолатдаги грандлар

«Наполи» ёки «Лион» каби яққол аутсайдерларни айтмаса, ўйин нуқтайи назаридан «Ювентус» ва «Барселона»нинг ҳолати ҳавас қиларли даражада эмас. Кўп томонлама ўхшаш – мураббийлар жамоа ўйинини бошқара олишмаяпти, натижа учун эса, Лео Месси ва Криштиану Роналду жавобгар.

Бундай шароитда бир неча ўйинни муваффақиятли ўтказиш жуда қийин, айниқса, ўртада танаффуслар ҳам йўқ. «Барселона» «Наполи»дан ўтса, «Бавария» кутиб турибди, «Ювентус» эса, «Сити»га қарши ўйнаш эҳтимоли юқори. Саррининг Гвардиолага қарши статистикаси ўта омадсиз.

Бунинг устига, ушбу грандлар устида босим катта ва қизиғи, бу босим футболчилардан кўра, мураббийлар елкасига тушган. Яъни, агар бу турнирда муваффақият қозонилмаса, икки ҳафтада кейин янги мураббийлар Барселона ва Туринга ташриф буюришлари ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.

«Реал» ҳали шу ерда

«Реал» ҳали ўйиндан чиқиб кетмаганини ҳам унутмаслик керак. Зидан бошчилигида мадридликлар ЕЧЛ плей-оффдан чиқиб кетишмаган, демак ҳаммаси яна тескари айланиб кетиши ҳам мумкин. «Бланкос»нинг айниқса Ла Лиганинг сўнгги турларида қандай тартибли ўйин кўрсатганини эсласак, бунинг устига, жавоб ўйинини ўз уйида ўтказаётган «Сити»га қўшимча босим тушишини эътиборга олсак, ҳамма кураш олдиндан, яъни бугун.

«РБ Лейпциг»да ҳам охирги босқичларгача бориш имконияти бор. Бу мавсумда «Аталанта»га қойил қолишмоқда, аммо «Ред Булл» ҳам жуда кучли: Нагельсман йигитлари мураккаб гуруҳда ғолиб бўлишди ва Моуриньо жамоаси устидан намунали ғалабага эришди. Агар «Атлетико»дан ўтиш насиб қилса, уёғига ҳар қандай натижани кутиш мумкин улардан.

Энг яхши сюжет

«Атлетико»нинг «ПСЖ»га қарши ўйини чорак финалнинг энг қизиқ тўқнашуви бўлиши керак. Тўғри, нариги тарафда грандларнинг ўзаро тўқнашувлари бор – аммо у ўйинлар ҳар доим ўтказиладиган классик қарама-қаршиликлар бўлиб, у ёки бу жамоанинг ғалабаси ҳеч қандай кескин хулосаларни тақдим этмайди. Барчаси майдонда ҳал бўлади.

Аммо биз айтган ўйин сценарий, сюжет томонидан ҳам қизиқ – бир томондагилар камтарона бюджет билан бутун Европани титратишдан тўхтамаяпти, иккинчиси эса, катта пуллар сарф қилингани қарамасдан, доим омадсизлик оғушида. Ўртага жуда муҳим қадриятлар тикилиши турган гап, бу ўйиндаги мағлубият «ПСЖ»нинг умуман кейинги режаларига, тарзига таъсир қилиши мумкин.

Агар Париж клуби ярим финалга чиқса, бугунги хўжайинлар учун энг яхши натижа бўлади, аммо тақдирни қарангки, ярим финалда қандайдир гранд эмас, ютқазиш мумкин бўлмаган «Аталанта» ёки «Лейпциг» каби лойиҳалар рўбару бўлади – энг яхши натижани қайд этган «ПСЖ» агар ярим финалда ютқазса, ҳеч ким кечирилмайди, айниқса, Томас Тухел.

Вазиятни қарангки, «ПСЖ»нинг финал сари йўлида, айнан кам пул ва юқори савиядаги менежмент туфайли, шу даражага етиб келган «Аталанта», «Лейпциг» ёки «Атлетико» каби жамоалар турибди.

Мбаппе ёки Вератти ўйинларда қатнашиши сўроқ остида турган бўлса-да, уларсиз ҳам «ПСЖ» финалга чиқишга мажбур. 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар