28.07.2020 14:08
8177
Дилемма: Де Хеа ёки Ҳендерсон?

«Манчестер Юнайтед»ни бир пайтлар Давид Де Хеасиз тасаввур қилиб бўлмасди, ҳозир эса, уни сотиб юбориш тарафдорлари ҳам бор.

Биринчи сабаб, сўнгги икки йилдаги ишончсиз ўйинлар - менимча, 2018 йилги жаҳон чемпионатидаги ишончсиз ўйинлар (айниқса, Роналдунинг ҳет-тригини эсланг) дарвозабонга психологик зарба бўлгандек.

Иккинчиси, «Манчестер»да яна бир кучли дарвозабон пайдо бўлди - Ҳендерсон. «Шеффилд» сафида ажойиб мавсум ўтказган «МЮ» тарбияланувчиси эшик қоқмоқда ва жамоанинг асосий дарвозабони бўлиш орзусини яширмаяпти.

Сульшер учун нозик вазият. Агар уч йил олдингидек, «Реал» харидор бўлаётган, Давид ҳам Мадридга кетмоқчи бўлаётган палла бўлганида, ҳаммаси осон бўларди. Аммо ҳозир «Реал» варианти йўқ, Де Хеа ҳам Манчестерда қолмоқчи - дунёнинг энг кўп маош оладиган дарвозабони, ҳар ҳолда.

Назаримда, ҳаммаси Де Хеага боғлиқ. Катта эҳтимол билан у қолади, лекин бу йилгидан ҳам катта босимда ўйнашга мажбур. У робот эмас, албатта, матбуотни, ижтимоий тармоқларни кузатади, «нега энди Ҳендерсон бўлатуриб, сўнгги икки йилда энг кўп қўпол хато қилган дарвозабонга ишонаверамиз?», деган фикрларни ўқишга мажбур.

Фақат мухлислармас. Масалан, жамоа афсонаси Рой Кин шундай деди: «Агар «МЮ» чемпионликни истаса, дарвозабонни алмаштириш керак».

Осон бўлмайди, аммо Де Хеа бу босимни енгишга мажбур.

Иккинчи вариант - Ҳендерсони қайтариб, рақобат муҳитини яратиш. Бу ақлли қарор кўринса-да, жуда хавфли, зеро дарвозабонлар учун ишончнинг аҳамияти катта.

Умуман, футболчилар ўртасида рақобат бўлиши яхши, аммо айнан дарвозабонлар масаласида ҳаммаси сал бошқача ишлайди. Кеча «Футбол ТВ»даги дастурда Хайрулла Ҳамидов ҳам тўғри таъкидлади – дарвоза чизиғида «биринчи ва «иккинчи» аниқ бўлади, акс ҳолда, босим остида дарвозабонлар ўз ўйинларини кўрсата олмасликлари мумкин.

Айтайлик, майдондаги футболчиларда босим ҳаммага тақсимланиб кетади. Кейин ҳар бир футболчининг ўз камчилиги, устунлиги бор – кимдир яхши дриблинг қилади, кимдир тезкор, кимдир тўп учун курашда яхши: мураббий вазиятга, рақибга, вазифаларга қараб, таркибни аниқлаши, ўзгартириб туриши мумкин. Яъни, майдондаги 10 ўрин учун 15та асосий таркиб футболчиси бўлиши табиий, лекин дарвоза чизиғидаги бир ўринга икки асосий дарвозабон бўлмайди. Сабаби, ҳар қандай дарвозабонга доим ва айни вазифалар – дарвозани қўриқлаш, ўз вақтида тўпга чиқиш, ҳимояни бошқариш топширилади. Албатта, Гвардиоланинг баъзида дарвозабонлардан сўнгги ҳимоячи сифатида фойдаланиши ёки Луи ван Гаалнинг пенальтилар серияси учун бошқа дарвозабон тушириши каби ҳолатлар мустасно.

Бу ҳақида «Ростов»нинг дарвозабонлар мураббийи Виталий Кафанов жуда чиройли фикр айтди: «Тасаввур қилинг, Ҳендерсон келади ва Де Хеанинг ўрнини эгаллайди. Де Хеа захирада. Айтайлик, илк ўйинларнинг бирини муваффақиятсиз ўтказса, ёмон бўлади. Ҳозир икки яхши дарвозабонга эга бўлган «МЮ» иккита «иккинчи дарвозабон»га эга бўлиб қолади».

Шу ерда ўзимиздаги бир ҳолат эсга келди. Бир неча йил олдин Ўткир Юсупов «Қўқон 1912» дарвозасини қўриқлаб юрганда, мавсумни жуда яхши ўтказди. Яхши реакцияга эга, чизиқда ҳам, олдинга чиқишдаям зўр, пенальтиларни қайтаради, оёқда яхши ўйнайди. Бир қараганда, умуман камчилиги йўқ бўлган дарвозабон. Табиийки, нега миллий жамоада у эмас, Элдор Суюнов танланади деган фикрларни кўп эшитардим ва бу жуда асосли кўринарди.

Ниҳоят, Қатарга қарши ўртоқлик ўйинида Юсупов дарвозадан жой эгаллади. Учрашувда миллий жамоамиз дарвозаси ишғол қилинмаган бўлса-да, дарвозабон бир неча бор кулгили хатоларга йўл қўйди, Суперлигада унинг ўйинларини кузатмаган мухлислар учун тушунмовчилик бўлди. Юсупов гўёки, ўзи учун юқори бўлган даражада, ўзи ҳам билмаган ҳолда келиб қолган меҳмонга ўхшарди, ундаги ишонч қаергадир ғойиб бўлганди. Адашмасам, шундан сўнг, Юсупов миллий жамоа ўйинларида қайтиб майдонга туширилмади.

Эсласак, Де Хеанинг ўзи ҳам бир пайтлар Ҳендерсонга ўхшаш позицияда бўлган. Испания миллий жамоасида дарвозани узоқ йиллардан бери Касильяс қўриқлар, мухлислар юқори савияда Англияда ўйнаётган Де Хеани ҳам «Реал», ҳам Испанияда Касильяс ўрнида кўришни исташарди. Бу содир бўлди, Де Хеа аввал, Евро-2016да ўртача ўйин кўрсатган бўлса, ЖЧ-2018да бутунлай таназзулга учради. Энди у Испанияда Манчестердаги ишончни ҳис қила олмайди.

Бу жуда муҳим. Ҳозир кетма-кет хатоларга йўл қўяётган Де Хеанинг қайсидир маънода, «парашюти» бор, ерга қаттиқ тушмайди – мухлисларинг учун бир неча йил энг юқори савияда ўйнаганини, жамоани бир неча бор қутқарганини эслашади. Де Хеага имкон бериш кераклигини айтадиганлар ҳам айнан ўша эски ўйинлар учун.

Ҳендерсонда эса, ундай имконият бўлмаслигини эътиборга олиш керак. У агар Манчестерда биринчи рақамга айланса, захирада сўнгги икки йилда жуда кўп хато қилган Де Хеа эмас, саккиз йиллик супердарвозабон Де Хеа ўтирган бўлади. Табиийки, босим катта бўлиши, «бу зарбани Де Хеа қайтарган бўларди», деган фикрларни кўп эшитиши турган гап.

Хуллас, Ҳендерсоннинг қайтиши ҳозирча, фақат Де Хеа жамоани тарк этсагина мумкин. Испанияликнинг имкониятларини биз ҳам, Сульшер ҳам яхши биламиз - агар аввалги формасига қайтса, ўнта Ҳендерсон ҳам «чой дамлайди».

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар