23.07.2020 22:18
6263
Шоусиз шоу йўқ. «МЮ»нинг сўнгги ўйинлардаги йўқотишлари ҳақида

«Манчестер Юнайтед» карантиндан кейин, дастлабки 6 ўйинда 5 ғалаба ва 1 дуранг қайд этди. Тўплар нисбати - 17га 4.

Кейинги 4 ўйинда эса, 1 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият. Тўплар нисбати - 6га 6.

Пасайиш аниқ кўриниб турибди ва бу асосан таркибда чарчоқ аломатлари билан боғланяпти. Буни айниқса, охирги ўйиндаги Рэшфорд, Матич ёки Фернандешнинг ҳолатидан пайқаш қийин бўлмади.

Ростан ҳам, Сульшер ротация ва алмаштиришларни деярли амалга оширмаяпти, қаторасига беш ўйинни бир хил таркиб билан бошлаган пайтлари бўлди. Айниқса, ҳар уч кунда ўйналадиган («МЮ» 32 кунда 10 марта майдонга тушди) тақвимда бунинг таъсири сезилиши турган гап эди.

Албатта, бу асосий сабаб, лекин бу камчиликларни яхшигина маскировка қилиш мумкин бўлган яна бир факторга путур етганини ҳам унутмаслик керак. Люк Шоуни.

Ушбу чап қанот ҳимоячиси «Манчестер Юнайтед»да ҳимояланишдан кўра, тўп назоратида улкан таъсирга эга бўлган мурватлардан бири эди. Айнан Шоунинг тўп билан ишончли ҳаракатлари эвазига «МЮ» тўпни яхши назорат қилаётганди. Ҳар ўйинда Люк Шоу рақиб майдонида амалга оширилган паслар бўйича жамоанинг учлигига кираётганди.

Юқорида келтирилган статистикани айнан Шоунинг жароҳатидан олдинги ва кейинги деб ҳам олиш мумкин.

35-тур доирасида «Саутҳэмптон»га қарши ўйиннинг 75-дақиқасида Шоу жароҳат олди. «МЮ»нинг ўша ўйинда ғалабани қўлдан чиқаргани дастлабки зарба бўлса, кейинги ўйинларда умуман ўйин картинаси ўзгарди.

  • Шоу қатнашган ўйинларда «МЮ» тўпни ўртача 65-68 фоиз назорат қилаётганди. Шоусиз кейинги тўрт ўйинда тўп назорати 55-58 фоизларга тушиб кетди.
  • Унинг ўрнига майдонга тушган Фосу Менса ҳам, Уильямс ҳам, ишончни оқлай олишмаяпти. Айниқса, Матич, Погба ва Фернандеш билан боғламларда яққол сезиляпти.
  • Шоу билан чап қанотда яхши тандем ҳосил қилган Маркус Рэшфорднинг ҳам ўйинлари чиқмаяпти.

Албатта, ҳеч қайси мураббий ўз муаммоларини бир футболчининг йўқлигига боғлаб, интервью бермайди. Лекин менимча, Люк Шоуни ҳаммадан ҳам Сульшер кутаётган бўлиши эҳтимол.

Ҳозирда «Манчестер Юнайтед» «Лестер»га қарши ҳал қилувчи баҳсга тайёргарликка киришган ва Шоу ҳам жароҳатидан тикланиб улгурди. Сўнгги турда биз икки ҳафта олдинги жамоани кўрсак ажаб эмас.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар