21.07.2020 16:39
6483
Ла Лига якунлари: Мослашувчан Зидан, Эдегорнинг қайтиши, Касорланинг «оққуш қўшиғи» ва бошқалар

Коронавирус туфайли учга бўлиб ўтказилган мавсумда «Реал» ғалаба қозонди. Ҳолбуки карантингача «Барселона» пешқадамлик қилаётганди, аммо мавсумнинг охирги қисми каталонияликлар учун оғир кечди.

Энг яхши жамоа – «РЕАЛ»

«Чемпионлар Лигаси бу – Чемпионлар Лигаси, аммо Испания чемпионатини ютиш қийинроқ», деганди Мадридга ҳар 19 ўйинда битта соврин олиб келаётган Зинедин Зидан. Албатта, унга қўшилса бўлади, зеро ички чемпионатни бир неча муваффақиятли ўйин билангина ютиш имконсиз.

Ҳар томонлама олиб қараганда ҳам, бу Зиданнинг катта ютуғи, айнан у янги шартларга жуда яхши мослаша олди – Роналдунинг йўқлиги, Азар ва Асенсионинг жароҳати, Бэйл, Йович ва Хамеснинг ўз ишига профессионал ёндашмагани каби халақит бериши мумкин бўлган вазиятлар таъсирини камайтира олди. У Мадридда шундай структура яратдики, жамоа мавсумда энг кам гол ўтказган жамоат бўлди. Айниқса, сўнгги турлардаги минимал ҳисоблардаги ғалабалар олдинги чизиқда муаммолар бўлса-да, айнан ҳимоянинг ютуғи билан қўлга киритилди.

Энг ёмон жамоа – «ЭСПАНЬОЛ»

Мавсум давомида еврокубокларда иштирок этган Каталониянинг иккинчи жамоаси 1993 йилдан бери биринчи марта қуйи лигага тушиб кетмоқда. Умуман, клуб ўз тарихида бешинчи марта юқори лигани тарк этишидир. Муваффақиятсизликнинг асосий сабабчиси сифатида эса, Эл-Пратга Чемпионлар Лигасини ваъда қилган хитойлик хўжайин – Чен Ян Шен.

Ўтган мавсумда у тўрт марта мураббий алмаштирди. Давид Гальего, Пабло Макчина, Абелардо Фернандес ва Пако Руфете Эспаньолда ишлаб улгуришди. Қишда ҳатто трансферларга яхшигина пул ҳам сарфланди – Раул Де Томас, Адри Эмбарба ва Леандро Кабрера клубга 40 миллион еврога тушди. Аммо лигада жон сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.

Кашфиёт жамоа – «РЕАЛ СОСЬЕДАД»

Мавсумнинг кўп қисмида «Сосьедад» Испанияда энг зўр футбол кўрсатди, шу билан бирга натижалар ҳам ёмон бўлмади. Сан-Себастянликлар маълум вақт Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берадиган ўринларни банд этиб ҳам юрди, йўлланма учун «Атлетико», «Севилья» ва «Хетафе» жамоалари билан курашди.

Айниқса, ярим ҳимоячиларнинг фаоллиги, юқори прессинг ва жисмоний кўрсаткичлар бобида Алгуасиль шогирдлари Лигада етакчи бўлишди.

Мураббий Мартин Эдегор, Александер Исак каби скандинавиялик футболчиларни бир поғона юқорига кўтарди. Энди Эдегор «Реал» учун керакли «сигир»га айланган бўлса, Исакнинг нархи осмонга чиқиб кетди. Микел Ойарсабал эса, айнан шу мавсумдаги ёрқин ўйинидан сўнг, Испания терма жамоасига чақирув олди.

Тўғри, танаффусдан сўнг басклар ўз формаларини йўқотиб қўйишди – 11 учрашувда атиги 2 ғалаба ва клуб энди Европа Лигаси ўринлари билан қониқишга мажбур. Лекин Испания кубоги финалида «Атлетик»ка қарши дербида «Сосьедад» мавсумни юқори нотада тугатиш имкониятига эга.

Муваффақиятсизлик – «Барселона»

Сўнгги турда «Барселона» «Алавес»га қарши ўйинда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди, ҳисоб янада йирикроқ бўлиши мумкин эди. Иккинчи ўрин, ЕЧЛда ҳаммаси олдинда, Месси энг яхши тўпурар – қани энди барча клубларнинг ҳам инқирози шунақа бўлса...

Лекин жамоадаги муҳит, турли зиддиятлар, танаффусдан кейин пешқадамлик бой берилгани ва бошқа факторларни олсак, чиндан ҳам «Барселона» учун мавсум ёмон ўтди, дейиш мумкин. Жамоа сўнгги олти йилда илк марта мавсумни ички совринларсиз якунлайдиган бўлди, агар Мессининг иқтибоси билан айтганда, «бу туришда «Наполи»дан ҳам ўта олинмаса», умуман клуб совринсиз қолиши мумкин. Мавсум ўртасида Вальверде ўрнига Сетьен тайинланди ва янги мураббий ветеранларга ёқмаяпти.

Умуман айтганда, «Барселона»даги муваффақиятсизликдан ҳам кўра, бу мағлубиятга бўлаётган муносабат хавотирли. Агар Чемпионлар Лигасида ҳам муваффақиятсизликка учралса, вазият янада кескинлашиши турган гап.  

Энг яхши трансфер – Окампос

Миланда муваффақиятсизликка учраган футболчи учун 15 миллион евро сарфлаётганда, Мончи ниманидир билгани шубҳасиз. Пул ишлатишни биладиган спорт директори бу сафар ҳам адашмади, Окампос – Мончининг Севильядаги энг омадли нишонларидан бири.

Аргентина терма жамоаси футболчиси «Рамон Санчес Писхуан»да шу даражада ёқимтойга айландики, барча мусобақаларда 16 гол, 4 ассистдан ташқари, дарвоза чизиғида қутқарувчи бўлиб голдан сақлаб қолиш ҳолатлари ҳам бор. 

Энг ёмон трансфер – ЙОВИЧ

Эден Азар, Антуан Гризманн ва Жоау Феликс каби йирик трансферлар ҳам ҳозирча умуман оқлагани йўқ, лекин Йовичнинг хурмача қилиқларини ҳам қўшсак, рейтинг ғолиби маълум.

Йович карантин қоидаларини бузиб Сербия президентининг жаҳлини чиқарди, девордан йиқилиб оёғини синдириб олди, пандемия даврида барбекю ташкил қилиб, кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлди.

Табиийки, бундай воқеалар фонида Йовичдан майдонда натижалар кутиш мушкул – барча турнирлар доирасидаги ўйинларда атиги 2 гол ва 2 ассист. Олдинги мавсумда «Айнтрахт» сафида Европа Лигасининг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлган сербиялик энди «Реал» томонидан трансферга қўйилиши турган гап.

Хайрлашув – САНТИ КАСОРЛА

Бруно Сориано, Ариц Адурис, Давид Сурутуса каби футболчиларнинг кейинги мавсумдан Испанияда бўлмаслиги қайғули, лекин Санти Касорланинг ҳолати янада таъсирли. Чунки ўз вақтида ногирон бўлиб қолиши мумкин бўлган футболчи яна ўз даражасига, анча юқори савияга чиқа олди ва мавсумни 11 гол ва 10 голли пас билан якунлаб, «Вильярреал»ни бошини тик кўтарган ҳолда тарк этди.

Янги мавсумда ушбу 35 ёшли футболчи фаолиятини Қатарда, Хави бошқарувидаги «Ас-Саад»да давом эттиради.

Мавсум масхарабози – БЭЙЛ

Танаффусдан кейин Гарет икки марта майдонга тушди – «Эйбар» ва «Мальорка»га қарши ўйинларда. Қолган пайтини у трибунада ўзини кўрсатиш билан ўтказди – баъзида ухлаб, баъзида бўшлиққа тикилиб ўтирган уэльслик юлдуз режиссёрларнинг эътиборидан четда қолмади. Шубҳасиз, дунёдаги энг қимматбаҳо ва кераксиз ёлланма.

«Самора» соврини - КУРТУА

«Реал»нинг лигада энг кам гол ўтказган жамоа бўлишида бельгиялик посбоннинг ўрни катта – айниқса, сўнгги турлардаги асабий ўйинларда айнан унинг юқори даражадаги ўйини «Реал»га пешқадамликни сақлаб қолишда қўл келди. Мавсумда энг кўп «қуруқ ўйин» (16) ўтказган Тибо Касильяс давридан бери илк марта бу совринни «Бернабеу»га олиб келди.

«Сарра соврини» – ЖЕРАР МОРЕНО

Ла Лигада тўпурар Месси, аммо яна бир алоҳида рамзий соврин бўлиб, бу чемпионатда энг кўп гол урган испаниялик футболчига берилади. Яго Аспас ва Раул Гарсия каби футболчилар ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, «Вильярреал» ҳужумчисига етиб олишнинг уддасидан чиқишмади. Жерар Моренонинг 18 голи жамоасига бешинчи ўрин ва Европа Лигасида тўп суриш ҳуқуқини тақдим этди.

Мавсум рамзий терма жамоаси

Дарвозабон: Тибо Куртуа («Реал»)

Индивидуал олганда Ян Облак ва Марк-Андре тер Штеген ёрқинроқ кўринаётган бўлиши мумкин, лекин Тибонинг ишончли ўйинлари кўп бўлди. «Реал» ҳимояси ўз томонида рақибга кўп имкон бермади, Тибо эса, ўша какм вазиятларда диққатни сақлаб тура олди.

Ҳимоя: Дани Карвахал («Реал»), Диего Карлос («Севилья»), Серхио Рамос («Реал»), Ренан Лоди («Атлетико»)

Карвахал ушбу мавсумда шу қадар ишончли ҳаракат қилди-ки, «Реал» ўйлаб ҳам ўтирмасдан, ёрқин ўйинлар намойиш қилган Ашраф Ҳакимини сотиб юборди. «Севилья» ҳимоячиси Диего Карлос эса Окампос билан биргаликда, жамоанинг юрагига айланди ва энди ҳатто «Бавария» уни ўз сафида кўрмоқчи. Рамосни ортиқча таърифлаш ўрнига, катта мақола ёзиш керак, «Атлетико» чап қанотини ўзиники қилиб олган Лоди эса, бир йилда Бразилия терма жамоаси даражасигача ўсди

Яримҳимоя: Санти Касорла («Вильярреал»), Каземиро («Реал»), Мартин Эдегор («Сосьедад»),

«Вильярреал» сафида голлар бўйича иккинчи кўрсаткич (11 гол) ва паслар бўйича Месси ва Ойарсабалдан сўнг Лигада учинчи кўрсаткич (10 ассист) Санти Касорланинг катта футболдаги сўнгги мавсуми учун зўр натижа.

«Реал»нинг энг яхши даврлари, совринлар ютилган пайтлар айнан Каземиронинг яхши ўйини билан боғлиқ бўлаверади. Агар бугунги Мадрид таркибидан чиқариб ташлаш керак бўлмаган ягона футболчи бўлса, у ҳам Каземиродир. Замонамизнинг энг яхши таянч ярим ҳимоячиси, бунга шубҳа йўқ.

Ўз вақтида футболда ошириб юборилган талант сифатида баҳоланган Эдегорнинг катта футболга чин маънода кириб келиши, аввалгисидан зўрроқ бўлди. Энди катта шартномалар, келишувлар, трансфер миш-мишлари эмас, айнан майдондаги кўрсаткичлар борасида Эдегор лиганинг энг яхшиларидан бирига айланди. «Реал» келажак учун қайғурмай, бемалол Хамес ёки Искодан воз кечса бўлади.

Ҳужум: Лео Месси («Барселона»), Карим Бензема («Реал»), Окампос («Севилья»)

Месси ҳақида фақат, қаторасига ўн уч йил бир даражада турибди, дея оламиз холос. Карим Бензема эса, айтиш мумкинки, Мадриддаги энг яхши мавсумини ўтказди, ҳатто ҳеч кимга топширилмайдиган «Олтин тўп»га асосий даъвогарга айланди. Лиганинг иккинчи бомбардири, ассистлар бўйича 4-кўрсаткич. 

Окампос ҳақида юқорида ҳам айтилди. Ҳужумнинг ҳар икки қанотида фойдали ўйнай оладиган футболчига эга бўлгани Хулен Лопетегининг вазифасини анча осонлаштирди.

Асосий позициялар:

Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи: «Реал», «Барселона», «Атлетико», «Севилья»;
Европа Лигаси гуруҳ босқичи: «Вильярреал», «Реал Сосьедад»;
Европа Лигаси саралаш босқичи: «Гранада»;
Сегундага тушиб кетган жамоалар: «Леганес», «Мальорка», «Эспаньол».

Премьер Лигага «Кадис» ва «Уэска» жамоалари йўлланма олди. Учинчи клуб «Сарагоса», «Алмерия», «Жирона» ва «Эльче» клублари ўртасидаги плей-офф баҳсларида аниқланади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар