04.07.2020 16:44
2815
«Қизил» ҳудудларда ҳам футбол ўйинларига рухсат берилган

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси (ПФЛ) Суперлига 8-туридан ўрин олган «Сурхон» - «Локомотив» (6 июль) ва «Машъал» – «Пахтакор» (7 июль) ўйинларини мос равишда Термиз ва Муборак шаҳридан Тошкентга кўчирди.

Бунга Термиз ва Муборак шаҳрининг Республика махсус комиссияси томонидан хавфсизлик даражаси бўйича ажратилган ҳудудлар тоифасига кўра «қизил», яъни хавфлилик даражаси юқори бўлган ҳудудга киргани сабаб қилиб кўрсатилди.

Аввалроқ, худди шу сабаб билан «Металлург» - «Локомотив» ўйини Бекободдан Тошкентга, Про-Лигадан ўрин олган «Хоразм» - «Турон» ўйини Урганчдан Яйпанга кўчирилган эди.

Бироқ, Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, «қизил» ҳудудларда ҳам футбол ўйинларини ўтказишга рухсат берилган. 

4 июнь куни эълон қилинган ва амалда бўлган қарорда шундай дейилади:

БАРЧА ҲУДУДЛАРДА уларнинг тоифасидан қатъи назар қуйидаги карантин талаблари сақлаб қолинмоқда:

- концерт, кинотеатр ва спорт тадбирларини (профессионал футбол клублари ўқув машғулотлари ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатлари бундан мустасно) ўтказмаслик;

Яъни, қарорда ҳудудларнинг тоифасидан қатъи назар, концерт, кинотеатр ва спорт тадбирларини ўтказмаслик белгиланган. Аммо профессионал футбол клублари ўқув машғулотлари ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатлари бундан мустасно экани алоҳида қайд этилган.

Демак, тоифаси «қизил» бўлган ҳудудларда ПФЛ мусобақалари доирасидаги футбол ўйинларини ўтказилишига ҳеч қандай тақиқ йўқ.

Қайд қилиш жоизки, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 2020 йил 5 июндан Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатлари ўйинларини санитария талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилиши белгиланган эди.

 

Нурмуҳаммад Саид

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар