25.06.2020 17:06
7666
7 нафар ўзбекистонлик футболчи Бангладешдан қайта олмаяпти

Ўзбекистон ҳукумати пандемия бошланганидан буён кўплаб чартер рейсларни амалга ошириб, минглаб фуқароларимизни ватанга қайтарди. Бироқ ҳанузгача чет давлатларда қолаётган фуқароларимиз бор. Улар орасида футболчилар ҳам бор. 

Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида бўлиб турган «Пахтакор» ва Ўзбекистон ёшлар жамоаси собиқ футболчиси Алишер Азизовнинг Tribuna.uz cайтига маълум қилишича, Бангладеш чемпионатида тўп тепган 7 нафар ўзбекистонлик футболчи март ойидан бери уйларига қайтиб кела олмаяпти. 

Карантин жорий қилингунга қадар Бангладешнинг «SHEIKHRUSSEL FC» клубида ўйнаган Азизов билан бирга «BRASSERS FС» футболчилари Отабек Валижонов ва Мурод Тўйчиев, «CHITTAGONG ABAHANI FC» аъзолари Иқбол Бобохонов ва Шукурали Пўлатов, «RAKHMATJONJ FC» жамоасида ўйнаган Акобир Тўраев ва Фурқат Ҳасанбоев айни дамда Бангладеш пойтахтида қолмоқдалар. 

30 ёшли ҳужумчи Алишер Азизовнингнинг айтишича, Бангладеш чемпионати 20 март куни 6-тур ўйинларидан сўнг тўхтатилган. Мамлакат футбол федерацияси барча клубларга легионерлар билан шартномаларни бекор қилишни тавсия қилган. Шунга кўра, легионерларга 20 мартгача бўлган маошлар тўлаб берилиб, шартномалар бекор қилинган. Шунга қарамай, ўзбек легионерлари клублар қароргоҳида яшаб келмоқда. Баъзи жамоалар анча вақтгача футболчиларга кунлик озиқ-овқати учун пул бериб турган. Сўнгги пайтларда бу тўловлар ҳам тўхтаган.

«Бу ерда маошлар унча катта эмас. Баъзи футболчилар қийналиб қолишди. Очиғи, ҳеч биримизга осон бўлмаяпти. Биз пандемия эълон қилинган, чемпионат тўхтатилган пайтдаёқ Ўзбекистонга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтиргандик. Улар Ҳиндистондаги элчихона билан боғланинглар, дейишди. Биз билан алоқага чиққан ходим эса Ҳиндистон орқали чартер рейс билан олиб кетамиз, деб ваъда берди. Биринчи чартер рейсда олиб кетишмади. Биз Даккадан Ҳиндистонга бориб олишимиз даркор. Аммо, рейс йўқ экан. Иккинчи чартер рейс ҳам кетди. 10 кун бўлди бунга. Ҳиндистон рухсат бермаяпти, дейишди. Билсак, Даккадан Деҳлига рейс бўлган. Самолёт бўш кетган, жой бўлган. Бизга жой йўқ, дейишганди. Ҳамон Даккадамиз. Июнгача ўша одамнинг гапларига ишониб ўтирибмиз. Учинчи рейс ҳам худди шунақа бўлди – кетолмадик. Ҳатто Қирғизистон орқали кетиш вариантини кўра бошладик. Қирғизистон томони бизни олиб кетишга рози. 27 июнь санасида Даккадан Ҳиндистонга, у ердан Қирғизистонга рейс бор экан. Бизга фақат виза қилиб беришса бўлди. Аммо элчихона шуниям ҳал қилиб беролмаяпти», - дея вазиятни тушунтирди Алишер Азизов.

Қарийб тўрт ойдан буён Ўзбекистонга қайта олмаётган футболчиларимизнинг муаммоси ҳал бўлиб, тез орада Ватанга қайтишларига ишонамиз. Бу борада уларга Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам амалий ёрдам беради, деб умид қилиб қоламиз.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар