17.06.2020 11:33
6301
Теглар
Бизни кутар биз кутган ўйинлар. АПЛ қайтмоқда

Бундан буён карантин оқшомлари ҳам зерикарли бўлмайди - телевизорларимизга Англия чемпионати қайтмоқда. Чемпионлик масаласи деярли ҳал бўлган бўлсада, бир қатор сабаблар, саволлар барибир бизни қизиқарли учрашувлар қаршисига михлайди.

30 йил кутилган соврин

«Қизиллар»нинг чемпионлиги фақат вақт масаласи, мерсисайдликлар қолган 9 ўйинда керакли 6 очкони олишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Аммо пандемия туфайли, «Ливерпуль» 30 йиллик кутилган катта воқеани кўнгилдагидек нишонлай олмаслиги вазиятга соя солиб турибди, холос. Юрген Клоппнинг айтишича, муҳими совринни қўлга киритиш ва агар вазият яхши томонга ўзгарса, ҳатто йил охирида ҳам байрам тантаналарини ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, «Ливерпуль» АПЛ тарихидаги чемпионлар ичида бир қатор кўрсаткичлар билан рекордлар қўйиши мумкин. Масалан, 2017/18 йилги мавсумда «Манчестер Сити» 100 очко жамғариб, АПЛ рекордини ўрнатганди. Ҳозирда 82 очкога эга бўлиб турган ливерпулликлар назарий томондан кўпроқ очко жамғариш имкониятига эга бўлиб турибди. Шунингдек, ўшанда «Сити» 2-ўриндаги жамоадан 19 очко кўп жамғарганди. Бир ўйин кўпроқ ўйнаган ҳолда, таъқибчисидан 25 очко илгарилаб кетган «Ливерпуль» бу рекордни ҳам ўзиники қилиши мумкин. Бундан ташқари, агар кейинги 2 турда «Ливерпуль» ғалаба қозонса, мавсум якунига 7 тур қолганида АПЛ чемпионига айланиши мумкин. Бу борада рекорд Манчестер клубларига тегишли – икки клуб ҳам рекорд натижасини мавсум якунига 5 тур қолганида қайд этган.

Қизиғи, «Ливерпуль» расман март ойида чемпионликни нишонлаши мумкин эди ва энг эрта аниқланган ғолиб сифатида тарихга кириши эҳтимоли катта эди. Энди эса, «Ливерпуль» АПЛнинг энг кечки чемпионига айланади.

Дарвоқе, «Ливерпуль» «Эвертон» ва «Кристал Пэлас» клубларига қарши ўйинлардан сўнг, «Этиҳад» стадионига сафар қилади. Агар Клопп шогирдлари юқоридаги икки ўйинда ғалаба қозонса, ёки «Манчестер Сити» ҳам очко йўқотадиган бўлса, «Этиҳад»даги ўйинга чемпион сифатида ташриф буюради. «Шаҳарликлар» шундай ҳолат бўлганда рақиб учун «чемпионлик йўлаги» ташкил қилиб беришларини маълум қилишди. 

Томошабинларсиз

Футболни соғинган мухлислар учун Бундеслиганинг эртароқ бошланиши юпанч бўлганди, лекин бир қанча ўтмай, кўнгил совий бошлади - ўйинлар оддий машғулотлардек ўтар, телевизордаги футбол қандайдир аввалги эмоцияларни тақдим этмасди. Нимаям қилардик, кўнишга мажбур бўлдик.

Лекин ўтган ҳафта бошланган Ла Лига аслида «товарни чиройлироқ қилиб узатиш» мумкинлигини намойиш этиб берди. Трибуналарда мухлисларни кўрсатиб турадиган алоҳида техник дастур, томошабинга мухлисларнинг овозини берадиган интершум, тўғри, ҳақиқий бўлмаса-да, футбол жозибасини оширди. Бир пайтлар EA Sports ўз симуляторларида фойдаланиш учун жонли футболдан овозларни олган бўлса, энди аксинча, футболни жонлантириш учун EA Sports’га мурожаат қилинмоқда.  

Ҳар жабҳада илғорликни намойиш қиладиган АПЛ бу борада қандай йўл тутиши ҳам жуда қизиқ. Ўйиннинг картинасига ва «маҳсулот ўраладиган қоғоз»га қаттиқ эътибор берадиган инглизлар Германия эмас, кўпроқ Испания йўлидан боришларини кутса бўлади. Трибунадаги мухлислар эса, махсус дастур ёрдамида эмас, картон мухлислар билан тўлдирилаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Шунингдек, илк ўйинда «Манчестер Юнайтед»ни қабул қиладиган «Тоттенҳэм» стадионнинг ўзида ҳам мухлислар овозидан фойдаланмоқчи экани, Zoom дастури орқали фанатлар «Тоттенҳэм»га ёрдам беришлари учун шароит яратилаётгани ҳақида ҳам айтилмоқда. Кўрамиз.

Жозе Моуриньо учун имконият

Бизни яна Чемпионлар Лигаси ўринлари учун қизғин кураш кутиб турибди ва танаффус айнан «Тоттенҳэм»га қўл келса ажаб эмас. Гап фақат узоқ муддатга сафдан чиққан Ҳарри Кейн ва Сон Ҳеун Миннинг қайтишида ҳам эмас. Бу ҳам яхши, аммо бугунги шароитда Жозе ўзини «балиқдек ҳис қилади».

У ҳеч қачон динамикаси юқори бўлган футбол намойиш қилишда уста бўлмаган - камида сўнгги йилларда. Эсингизда бўлса, «Манчестер Юнайтед» АПЛда ўртача энг кам югурадиган кўрсаткични қайд этганди. «Тоттенҳэм» ҳам унинг қўлига тушиб, прессинг қилишни унутиб юборгани ҳам маълум.

Сўнгги йилларда Моуриньо рақибнинг устунликларини йўққа чиқариш эмас, аксинча, рақибнинг камчиликларидан фойдаланиб қолишда муваффақият қозона бошлади. «МЮ» билан бир қатор топ-ўйинлар, «Тоттенҳэм» билан «Ливерпуль» ва «Сити» устидан қозонилган ғалабаларни эсланг...

Коронавирусдан кейин эса, дарҳол интенсив футбол бошланиб кетмайди. Жамоалар спорт формада эмас, бунинг устига бугунги йиғинлар ҳам биз ўрганиб қолган ёзги мавсумолди машғулотлардан фарқ қилади. Яъни, жамоаларни жисмонан кучли, тезкор, юқори спорт формада кўрмаймиз бошида. Бу пайтда жамоалар таркибидаги савияли футболчилар кўп нарсани ҳал қиладилар. Класс ўз сўзини айтади ва...

Ва Моуриньонинг устунлиги - рақибнинг камчиликларини баҳолаб, улардан фойдаланган ҳолда натижага эришиш асосий қуролга айланади. Камчилик эса, ҳаммада бўлади, айниқса, бу шароитда...

Фернандеш ва Погба

Айниқса, «Манчестер Юнайтед» мухлислари бу жуфтликнинг майдондаги ҳаракатларини кўришга ошиқаётганликлари шубҳасиз.

Погба - Манчестернинг асосий юлдузи, шу билан бирга муваффақиятсизликлари тимсоли бўлиб келди, гўёки футболчининг «Олд Траффорд»даги кунлари саноқли қолганди. Аммо биргина Фернандешнинг трансфери вазиятни ўзгартириб юборди, «Манчестер Юнайтед» Погбасиз ҳам мазмунли, креатив футбол намойиш этишни бошлади. Бу эса, икки хил фаразни ўртага ташламоқда - ё энди «Юнайтед» Погбани осонлик билан қўйиб юборади ёки жамоада пайдо бўлган ижобий муҳит франциялик футболчининг кетиш ҳақидаги фикрларини ўзгартиради. Бунинг устига, бугунги кризис шароитида Погба учун катта пул таклиф қиладиган клуб топилмаслиги ҳам мумкин.

Фернандеш «МЮ»га шу қадар мослашиб кетдики, барча мусобақаларда атиги 9 ўйинда майдонга тушиб, 5тасида ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди ва жамоа футболчилари ичида бу борада биринчи ўринга чиқиб олди. АПЛда атиги 5 ўйинда қатнашганига қарамай, ВВС уни мавсумнинг рамзий терма жамоасига киритди - таркибда «Ливерпуль»нинг 7 нафар футболчиси жой олганига эътибор берилса, бу катта эътироф.

Хуллас, мана шу икки кучнинг бирлашиши ёзнинг энг қизиқ интригаларидан бири ва балки «Манчестер Юнайтед»нинг кейинги мавсумдаги стратегиясини ҳам белгилаб беради.

Қуйида нима гаплар?

Лигада ўз ўрнини сақлаб қолиш учун кураш ҳам қизғин кечиши кутиляпти. «Норвич» бироз орқада, қолган икки омадсиз ўрин эса, 5 жамоага хавф солиб турибди. Бу жамоалар ичида аслида еврокубоклар учун курашишни мақсад қиладиган ва шунга мос таркиб йиққан «Вест Ҳэм» ва «Уотфорд»ларнинг борлиги курашни янада қизитиб юборса керак. Шунингдек, «Брайтон», «Борнмут» ва «Астон Вилла» ҳам шу гуруҳда: 15-ўриндаги «Брайтон»ни 18-ўриндан атиги 2 очко ажратиб турибди, холос.

Қизиғи, санаб ўтилган 5 жамоа ўртасидаги ўзаро ўйинлар деярли йўқ, яъни кураш асосан сиртдан кечади. Мавсум охиригача, фақат сўнгги турларда «Вест Ҳэм» «Уотфорд» ва «Астон Вилла» билан рўбару келади, холос. Айнан ўша ўйинлар ҳам вазиятни ҳал қилиши эҳтимоли катта. 

Яна рекордлар

АПЛнинг давом эттирилиши бизга яна бир қатор эътиборли рекордларни тақдим этиши кутилмоқда.

- Кевин Де Брюйне бир мавсумдаги ассистлар бўйича Тьерри Анрининг кўрсаткичидан ўзиб кетиши мумкин. Франциялик ҳужумчи 17 йил олдин бир мавсумда 20 марта голли узатмани амалга оширганди. Кевинда ҳозирча 16та ва қолган 9 турда бемалол яхшироқ натижага эришиши мумкин.

- «Арсенал» ва «Вулверҳэмптон» шу кунгача 13тадан дуранг қайд этишган ва агар қолган турларда яна 5тадан дуранг ҳисобга эришилса, «Ньюкасл», «Астон Вилла» ва «Сандерленд» клубларига тегишли бўлган рекорд янгиланади . Бу жамоалар ўз вақтида бир мавсумда 17 ўйинни ғолибсиз якунлашган.  

- «Норвич» ушбу мавсумда сафар ўйинларида жуда ёмон ўйин кўрсатмоқда ва «Карроу Роуд» ташқарисидаги 15 ўйинда атиги 6 гол уришган. Агар кейинги 4та сафар ўйинида ҳам шундай ўйнашда давом этилса, «Мидлсбро», «Саутҳэмптон», «Шеффилд» ва «Дерби»нинг рекорди янгиланади. Бу жамоалар сафарда 8 гол билан кифояланган эди. Рақиблар анойи эмас - «Арсенал», «Челси», «Манчестер Сити» ва «Уотфорд».

- Ўтган мавсумда «Ливерпуль» ҳимоячиси Трент Александер-Арнолд ҳимоячилар ичида ассистлар бўйича рекорд ўрнатганди - 12. Футболчи ўз рекордини янгилаш йўлида бормоқда ва аллақачон яна шунча ассистни бажарди. Кейинги бир голли узатма янги рекорд деганидир.

Тақвим
Англияда бугун, 17 июнь куни Тошкент вақти билан соат 22:00да «Астон Вилла» - «Шеффилд» ўйини билан чемпионат тикланади. Кечроқ, 18 июнга ўтар кечаси, соат 00:15да эса, «Манчестер Сити» «Арсенал»ни қабул қилади. Бу икки ўйин қолдирилган учрашувлар бўлиб, жума оқшомида икки учрашув билан тўлақонли турга старт берилади.

  • НОРВИЧ - САУТҲЭМПТОН (19 июнь, 22:00)
  • ТОТТЕНҲЭМ - МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (20 июнга ўтар кечаси, 00:15)
  • УОТФОРД - ЛЕСТЕР (20 июнь, 16:30)
  • БРАЙТОН - АРСЕНАЛ (20 июнь, 19:00)
  • ВЕСТ ҲЭМ - ВУРВЕРҲЭМПТОН (20 июнь, 21:30)
  • БОРНМУТ - КРИСТАЛ ПЭЛАС (20 июнь, 23:45)
  • НЬЮКАСЛ - ШЕФФИЛД ЮНАЙТЕД (21 июнь, 18:00)
  • АСТОН ВИЛЛА - ЧЕЛСИ (21 июнь, 20:15)
  • ЭВЕРТОН - ЛИВЕРПУЛЬ (21 июнь, 23:00)
  • МАНЧЕСТЕР СИТИ - БЁРНЛИ (21 июнь, 23:55)

Шунингдек, Англия кубоги мусобақалари ҳам чорак финалда тўхтаб қолганди. 27-28 июнь кунлари ушбу соврин учун ҳам АПЛнинг 8 жамоаси курашни давом эттиради. Илк кунда «Норвич» ўз майдонида «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилса, эртасига «Шеффилд» - «Арсенал», «Лестер» - «Челси», «Ньюкасл» - «Манчестер Сити» жуфтликлари ярим финал учун баҳсга киришади. Ярим финал ўйинлари санаси маълум эмас.

Қ.Асланов тайёрлади

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар