06.06.2020 14:16
11297
Кутилмаган бурилиш. Тимо Вернердан қуруқ қолаётган «Ливерпуль» ҳақида

Танаффуснинг энг ёрқин воқеаларидан бири Тимо Вернер атрофидаги можаролар бўлди, дейиш мумкин. Ҳамма масала, бу ерда можаро йўқлиги, аслида - бир оёғи билан Ливерпулда бўлган ҳужумчи бирданига «Челси» либосини кийишга яқин турибди. Трансфер суммасидан тортиб, Вернернинг ҳафтасига 170 минг фунтлик маошигача маълум, ҳатто лондонликлар маблағни Альваро Моратанинг трансферидан қоплашларини ҳам билиб олдик. Катта эҳтимол билан Бундеслиганинг энг яхши ҳужумчиси келаси ҳафтада «Челси» футболчиси сифатида эълон қилинади.

Бу ерда «Ливерпуль»нинг позицияси, бирданига қўл тормозини тортиб юборгани қизиқ, ахир кечагина Юрген ва Тим телефонда бир яхши гаплашиб ўтиргандилар-ку? Анча ишончли манбага қараганда, бугунги инқироз даврида «Ливерпуль»да бирданига маблағ топилмай қолган, буни Клоппга маълум қилишган. Ва улоқ бир ярим йилдан бери тақиқ туфайли пул сарфламай, анча пул жамғариб қўйган «Челси» томонга кетиб қолган.

Очиғи, «Ливерпуль» фақат шу сабаб билангина Вернердан воз кечганига ишониш қийин. Вернернинг «Лейпциг» билан шартномаси омилкорлик билан тузилган. Унда 15 июнга қадар исталган клуб уни 60 миллион еврога (53 миллион фунт) сотиб олиши мумкинлиги кўрсатилган, 15 июндан кейин эса клуб билан музокаралар ўтказишга тўғри келади. 60 миллион евро - бугунги ўлчовларда жуда камтар рақам. Бу пулга сўнгги йиллардаги ўлчовларда Гвардиола қанот ҳимоячисини сотиб олмоқда. Инқироз таъсир қилган тақдирда ҳам, агар Клоппга ҳужумчи жуда керак бўлганида, бемалол Ориги, Шакири каби бир қатор футболчилардан воз кечиш орқали, керакли суммани қисман тўплай оларди ҳам. Менимча, гап «Ливерпуль»нинг ҳолатидан кўра, Тимонинг «Энфилд»даги салоҳияти ҳақида эди, балким.

Қишда яна бир ёш ва умидли юлдуз «Манчестер Юнайтед» эмас, «Боруссия»ни танлаганида, Юрген Клопп вазиятни қўйидагича шарҳлаганди: «Ҳамма «МЮ»ни айблаяпти, лекин агар биз уринганимизда ҳам имконият бўлмасди. Ҳоландга эртагаёқ асосий таркибда ўйнаши мумкин бўлган топ-клуб керак эди. Дортмундда «9» позицияси вакант турганди. Шундоқ олиб, Ҳоландни ўша ерга қўйишди».

Умуман олганда, Клопп қисман ҳақ, лекин Ҳоландга ҳозирги «МЮ»да ҳам осонгина жой топилар, асл муаммо бутунлай бошқа эди. Гап шундаки, Оле Гуннар Сульшернинг мураббийлик қарашлари олдинги чизиқдаги улкан ҳужумчи учун мос эмаслигини пайқаш қийин эмас.

Сульшерда бундай ҳужумчи бор эди - Ромелу Лукаку ўтган мавсумда у қадар ёмон ўйнамаган, етарли голлар урган. Лекин Сульшер унинг «Интер»га ўтиб кетишига қаршилик қилмади. Бельгиялик ҳужумчи айнан услуб учун қурбон қилингани, Сульшерга кўпроқ бошқа типдаги - олдинги чизиқдаги ҳар қандай позицияга тушиб кета оладиган ҳужумчилар ёқади. Рэшфорд ва Марсиял маҳорат бобида бугунги Лукакуга ета олмас, аммо айнан мана шу хислатлари, керак бўлганда вингерга айлана олишлари билан ҳам «Юнайтед»га қадрлироқ.

Манчестерга гол урувчи ҳужумчи керак бўлиб қолганда ҳам, асосан, қисқа муддатга номзод қидирилгани, Кинг ёки Игало каби арзон вариантлар танлов вариантлари бўлгани сабаби шунда ётади. Игало бемалол захира ўриндиғида ўтириши мумкин, бу унга руҳий муаммо туғдирмайди, исталган пайтда олдинги чизиқда қўшимча опция керак бўлганда тайёр бўлади.

Ҳоланд ва Варнер варианти шундоқ дераза ортида қизиган пайтда ҳам, «МЮ» қимматбаҳо Санчо ҳақида ўйлашининг ҳам сабаби шу. Англиялик вундеркинд узоқ муддатли режада фойдалироқ бўлади.

Юқоридаги фикрларни айтар экан, Юрген Клопп, худди азага келиб, ўз дардини айтиб йиғлагандек, Ҳоланд, «МЮ» ёки «Боруссия» ҳақида эмас, «Ливерпуль» ҳақида фикр юритганди, назаримда.

Бугунги «Ливерпуль»нинг таркиби шу қадар мукаммалки, келажакда бу - жамоанинг асосий муаммоларидан бирига айланиши эҳтимоли юқори. Ҳар қандай мукаммал жамоа қон айланиш имконсизлигидан пасайишга маҳкумдек. Ким келсаям, Салоҳнинг ўрнига тушмайди, ким келсаям, Трент Александр-Арнолд ўнг қанотда ўйнайверади ва ҳоказо.

Агар вазиятни Тимо Вернер тарафидан ўйлаб кўрсак, бугун «Энфилд»га келган ҳужумчи нимадан умид қилиши мумкин эди? Фирминонинг формадан чиқиши ёки Салоҳнинг жароҳат олишиданми? Василий Уткин ёзганидек, «Ливерпуль»даги учлик шунчаки, учта футболчи эмас, сеҳр». Яъни улар биргаликда бир муштга айланиб бўлгандилар. Бу ҳолатда асосий таркибдан умид қилиш учун, билмадим, ким бўлиш керак.

Бу ҳолат худди «Барселона»да тўрт йил олдин юзага келган ҳолатни эсга солади. Неймар - Суарес - Месси учлиги дунёдаги энг яхши олти футболчидан учтаси эди. Барибир, ким келишидан қатъи назар, асосий таркибга кира олмас, табиийки, клуб ҳам захира ҳужумчи танлашда оддийроқ номларга мурожаат қилар, юлдузлар «Камп Ноу»га келишни истамас эдилар.

«Ливерпуль»да фақат Ван Дейкнинг ёнидаги ўрин Гомис ва Матип ўртасида талаш, балки бирор топ марказий ҳимоячи шу позицияга келиши мумкин, холос. Ҳужум учлигига тегинилмайди, шунинг учун фақат Шакири, Орижи, Минаминолар захира вариантга рози бўлиб, келишлари мумкин. Ҳимоя ҳақида айтилди. Ярим ҳимояда аниқ етакчи бўлмасада, савияли футболчилар ҳаддан ташқари кўп - Вейналдум, Окслейд, Ҳендерсон, Кейта, Фабиньо, Лаллана: уч ўринга еттинчи даъвогар керакми, деган савол пайдо бўлади.

Хуллас, «Ливерпуль»даги мукаммаллик жамоани бироз қийин аҳволга солган. Европада топ-кучга айланаётган клуб доим трендда, эътиборда туриши учун фақат майдонда ғалаба қозониш кифоя қилмайди - бундан ташқари, трансфер бозорида тез-тез тилга олиниши, давомли тарзда юлдузлар келиб туриши ҳам таъминланиши керак бўлади. Усиз жамоада нафақат янгиланиш рўй бермайди, балки, жамоа ичидаги рақобат йўққа чиқади, ўринбосарлардаги амбициялар йўқолиб боради. Қисқа муддат учун топ-жамоа тузиб, соврин ютишга уринадиган Моуриньо кабилар учун бу муаммо эмас, эртага кетади, тамом. Лекин агар Клопп узоқ вақт Ливерпулда қолмоқчи бўлса, мана шундай муаммолар қаршисида бўлиши шубҳасиз.

Эсласангиз, Фергюсон ҳеч қачон мукаммал жамоа тузмаган. Таркиб доим қайсидир чизиқда янги футболчига эҳтиёж сезаверарди. У ерга сотиб олинса, янги эҳтиёж пайдо бўларди. Мана шундай давомли айланма жамоа умрини узайтириб борганди.

Назаримда, Клопп буни билади. Ҳоланд ёки Вернерни сотиб олишга пул эмас, таркибдаги шароит етишмаётганини англаган мураббий келажакда ҳар бир трансфер мана шундай саволни келтириб чиқаришини сезиб турибди, балки...

Яқин икки-уч йилда Ливерпулда топ-трансфер кутмаган бўлардим. Бу ўринда бир пайтлар, ўхшаш вазиятда, «Барселона»нинг мукаммал ярим ҳимоясига шунчаки, романтика учун амалга ошган ва муваффақиятсиз чиққан Фабрегас трансферини эслаш мумкин.

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар