03.06.2020 11:18
4843
Футбол қоидасидаги ўзгариш. Сетьен нега норози?

Май ойи бошларида футбол қоидаларини назорат қилувчи IFAB ташкилоти бугунги шароитни ҳисобга олган ҳолда, жамоаларга ўйин давомида бештадан ўйинчи алмаштиришга рухсат берди. Пандемия танаффусидан кейин майдонга тушадиган футболчиларни жароҳатлардан асраш учун вақтинчалик шундай қарорга келинди. Лекин бу қоидани амалда ишлатиладими ёки йўқми, ҳар бир Лига ўзи қарор қилади. 

Масалан, «Барселона» бош мураббийи Кике Сетьен бундай ўзгаришга қарши эканини баён қилди. 

«Менимча, бу бизга фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиради. Жуда кўп учрашувларда биз ўйин тақдирини сўнгги дақиқаларда ҳал қилганмиз. Одатда, биз рақиб футболчиларининг чарчаб қолишидан фойдаланишимиз керак бўлган пайтда, улар қўшимча кучларга эга бўладилар», дейди каталонияликлар жамоаси бош мураббийи.

Кикенинг бу мулоҳазалари асослими?

Эринмаган журналистлар мураббийга эътироз қилиш учун бир қатор тескари фактларни қидириб топишди.

Аслини олганда, сўнгги ўн дақиқаларга қарасак, «Барселона»нинг ишлари ҳавас қилгудие эмас, голлар нисбати атиги 7:6. Айниқса, статистикани сафар ўйинлари бузади - 1:4. Сафар ўйинларини алоҳида олганда, фақат «Гранада», «Мальорка» ва «Вальядолид» каби аутсайдерларда ёмонроқ кўрсаткич, холос. 

Сўнгги ўн дақиқаларда «Реал» «Барселона»дан анча устун кўринади - 9:4. Уйда - 4:2, сафарда, 5:2. Умуман олганда, ҳар икки пешқадам кўпроқ биринчи бўлимларда самаралироқ ўйнайди. «Барселона» учун идеал вақт 31-40 дақиқалар ораси ҳисобланади, тўплар нисбати - 10:1. Шунингдек, 41-50 дақиқалар ҳам, тўплар нисбати 12:3.

Тўғри, одатда 41-50 дақиқалар орасида 10 дақиқа эмас, биринчи бўлимга қўшиб бериладиган вақтлар ҳисобига кўпроқ эканини ҳам эътиборга олиш керак.

Бундан ташқари, «Барселона»нинг сўнгги дақиқаларда урган голлари ўйин тақдирига деярли таъсир ўтказмаган. «Валенсия» ва «Мальорка» дарвозасига (5:2), «Сельта»  (4:1) ва «Эйбар» (5:0) дарвозасига урилган голлар ҳисобни йириклаштирган, холос. «Барселона» фақат «Атлетико» ва «Сосьедад»га қарши ўйинларда сўнгги ўн дақиқада ғалабани илиб кетган. Ҳар икки ўйин 1:0 ҳисобида тугаган. 

Сўнгги 15 дақиқани оладиган бўлсак, «Барселона» бу даврда 12 гол уриб, 8та ўтказиб юборган. Бу ҳам асосан «Камп Ноу»даги ўйинлар туфайли - 10:3. Сафар ўйинларида «Барселона» сўнгги дақиқаларда ўзини ноқулай ҳис қилади - 2:5.

«Атлетико» билан ўйинда 89-дақиқада гол ўтказиб мағлубиятга учралган, «Валенсия» ва «Реал»га қарши ўйинларда ҳам, сўнгги ўн беш дақиқадаги голлар ҳисобни 0:2га айлантирган. «Осасуна» ва «Эспаньол» билан ўйинларнинг сўнгги 15 дақиқасида рақиб ҳисобни тенглаштирган.

Агар «Барселона» катта устунлик билан ғалаба қозонган ўйинларни қўшмасак, сўнгги ўн беш дақиқада, тўрт марта «Барселона» ғалабани илиб кетган, икки марта рақиб ҳисобни тенглаштирган ва уч ўйинда «Барселона» мағлубиятга учраган.

Кике Сетьеннинг иддаолари аслида асоссиз эканини бу кўрсаткичлар кўрсатмоқда.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар