31.05.2020 11:56
7481
Чемпион ҳикоялари. Кьеллини мураббийлар, асосий душмани ва Мадриддаги мағлубият ҳақида

Шу ойда италиялик ҳимоячи Жоржо Кьеллинининг «Мен, Жоржо» номли автобиографик китоби чоп этилди. Ўз вақтида Дель Пьеронинг китобида ҳаммуаллифлик қилган журналист Маурицио Кросетти ҳамкорлигида ёзилган ушбу китобда «Ювентус» сардорининг футболдаги илк қадамларидан бошлаб, жорий мавсумгача ҳикоя қилинади.

Асар Италияда бестселлерга айланди, бир ҳафта ўтмай Amazon’даги футбол адабиётлари орасида етакчилик қилмоқда, барча категориялар бўйича ҳам кучли ўттизталикдан жой олган. Айниқса, китоб сотувга чиқишидан олдинроқ, бир қатор парчалар матбуотда эълон қилинган ва ҳатто бунинг оқибатида футболчи Балотелли, Мело ва Видал каби футболчилар билан урушиб ҳам қолишга улгурганди. Буларнинг ҳаммаси китобнинг яхшигина рекламаси сифатида хизмат қилганди. Зеро футболчилар билан Кьеллини ярашиб олди, китоб эса, кўпчилик кутганидек, провакацион эмас. Аксинча, Кьеллинининг анча мулоҳазали шахс сифатида намоён этади. Қуйида ушбу асардан баъзи қизиқ мавзуларини ҳавола этамиз.

«Арсенал» ёки «Манчестер Сити»га ўтиши мумкин эди

Кьеллини 15 йилдан бери «Ювентус»да. У аллақачон туринликлар сафида 509 ўйинда майдонга тушган ва бу тарихдаги 5-кўрсаткич бўлса-да, қаҳрамонимиз ёшлигида «Ювентус»да ўйнашни орзу қилмаган. Жоржонинг айтишича, у болаликда онасининг севимли жамоаси бўлган «Милан» мухлиси бўлган, лекин мақсади, қайси клуб бўлишидан қатъи назар, А Серия клубида ўйнаш эди.

Жоржо Ливорнода улғайди ва 13 ёшидан маҳаллий клуб ёшлар жамоасида шуғулланди. 16 ёшида эса, Кьеллини «Арсенал»га ўтиши мумкин эди. Лондонликлар унга йилига 100 минг евро атрофида маош таклиф қилганди.

«Мен учун жуда катта пул эди, лекин рад қилганман. Ўзим улғайган клубни текинга тарк этиш нотўғри бўлади, деб ўйлаганман. Балки Англияда бориш, тил ўрганиш, ақлли қарор бўларди, аммо оилам билан шошилмасликка келишдик. Мен «Арсенал» таклиф қилган пулнинг 17 баробар камига «Ливорно» билан шартнома имзоладим», дейди футболчи.  

2002 йилда футболчи трансферининг ярмини «Рома» сотиб олди. Кейинги мавсумда «Ливорно»нинг асосий таркибига кириб, Б Серияда 41 ўйин ўтказган Кьеллини Римга боришига ишонарди.

«Энди «Рома» ўйинчиси бўлишимга шубҳа йўқ эди. Клуб раҳбарлари келишиб ҳам олганди. Мен Спаллетти билан бирга ишлашни жуда истаётгандим. Келаси ҳафтада шартномага қўл қўйишимиз керак эди, аммо, клуб президенти Спинелли қўнғироқ қилиб, зудлик билан Миланга боришим лозимлигини айтди», деб ёзади Кьеллини.

Ҳимоячига «Милан», «Ювентус», «Интер» ва «Рома» – кучли тўртлик даъвогар бўлиб, Кьеллинини барча вариантлар қониқтирарди. Миланда хонага Моджи, Жираудо ва Беттеганинг кириб келганини кўрган Жоржо ҳаммасини тушунади. Эртасигаёқ «Ювентус» билан шартномага имзо чекилди.

Кьеллинининг сўзларига қараганда, у икки марта Туринни тарк этишга яқин бўлган. 2010 йилда «Реал», 2011 йилда «Манчестер Сити»га. Икки йил қаторасига «Ювентус» турнир жадвалида 7-ўринни олгач, у кетиш ҳақида ўйлаб қолганди.

«Агентим «Реал» билан музокаралар ўтказди, ҳаммаси яхши кетаётганди, лекин сўнгги паллада Моуриньо мендан кўра Карвальюни истаётганини айтган», дейилади Кьеллинининг ҳикоясида. 

2010/11 йилги мавсумни эса, футболчи фаолиятидаги энг ёмон мавсум сифатида эслаб қолган – «бу даҳшат эди, кучим деярли қолмаганди. Вазним 87 килограмдан 82 килограммга тушиб кетди, касал бўлиб қолдим». У ўша пайтларда «Манчестер Сити» вакиллари билан учрашди, аммо жараён биргина учрашув билан ниҳояланди.

Конте, Аллегри, Сарри...

Освалдо Якони – Кьеллинини «Ливорно»да шуғуллантирган мураббий. Вальер Мадзаррини у фаолиятидаги энг муҳим мураббийлардан бири деб ҳисоблайди. Фабио Капелло Жоржога «Ювентус»да асосий футболчига айланиш имкониятини берган маэстро. Дидье Дешам уни қанотдан марказий ҳимоячига айлантирган. Марчелло Липпи нафақат Жоржонинг терма жамоадаги собиқ устози, балки агенти Давиденинг отаси ҳам. Аммо Жоржо ўз китобида энг кўп тўхталиб ўтган мураббийлар Антонио Конте ва Массимилиано Аллегридир. Улар ҳақида китобда алоҳида боб ҳам очилган.  

«Конте - футбол касали. У кунига 24 соат бу билан яшайди. Футболдан бошқа ҳеч нарса бўлмаган ўз оламини яратган ва унинг ичида яшайди. Ҳеч қачон бўшашмайди, балки бу унинг муаммоларидан бири. У доим бошқаларни бор имконият билан ҳаракат қилишга чақиради ва бу доим ҳам амалга ошавермайди. У билан ишлаш жисмоний томондан кўра, одамни руҳан чарчатиб юборади», дейди футболчи.

2013 йилнинг мартида «Ювентус» сафарда «Наполи» меҳмони бўлди. Рақиб туринликлардан олти очко орқада бораётганди. Кьеллини декабрь ойидан бери жароҳат туфайли майдонга туша олмаётганди. Учрашув олдидан майдонга қайтиб, тўпиғидан жароҳатланди. Бир ҳафтада оғриқлардан қутулишнинг иложи бўлмади ва ўйин олдидан мураббийга тайёр эмаслигини айтди.

Конте ҳеч нарса бўлмагандек қараб турди-да, асосий таркибни айтиб, кўрсатма бера бошлади. Кейин Кьеллинининг олдига келиб айтади: «Менга фарқи йўқ, эртага ўйнайсан. Улар сенинг туришингни кўриб ҳам иштонларига ўтириб қўйишлари керак. Агар жуда ёмон бўлиб кетса, алмаштирамиз. Лекин оёқда тура олар экансан, майдонда бўласан».

Жоржо оғриқсизлантирувчи уколлар билан майдонга тушди ва тўққизинчи дақиқада гол урди. Оёқ қотиб қолган, танаффусда бутсани ечишнинг иложи йўқ эди, аммо футболчи ўйин охиригача майдонда қолди.

«Мана шу ҳақиқий Конте. У мотивация беради. Унинг учун ҳар нарсага тайёр бўласан. Шунингдек, Конте менга футболнинг янги оламини очган. Олдин мен учун футбол фақат ҳимояланиш ва ёнингдагига тўпни узатиш бўлган. У эса мени тўп билан муомала қилишни, футбол ўйнашни ўргатди.

Аллегрининг энг устун жиҳати – футболчилар билан доим мулоқотда бўлади. Кулади, ҳазиллашади, уларни тушунишга ҳаракат қилади. Аллегри босимни енгишда беназир, доимий тарзда жамоадаги муҳитни сақлаб туришга уринади. У худди гуруҳни бошқарадиган мукаммал дирижёрга ўхшайди. Буни ўқиб ўрганишнинг сира иложи йўқ», дейди Кьеллини собиқ устозлари ҳақида.

Аллегри илк бор Туринга келганида «Ювентус»да бирор нарсани тубдан ўзгартириш шарт эмасдек эди, лекин мураббийда аниқ режалар бор эди.

«У бошиданоқ 3-5-2 схемасида давом этмаслигимизни айтди, чунки таркибимизда жуда кўп ажойиб яримҳимоячилар бўлган. Биз дастлабки уч ойда эски схема билан ҳаммани ютдик, кейин аста-секин 4-4-2 ромбга ўтиб олдик. Қачонки Аллегри бирор нарсани тушунтирса, ҳар қандай қийин вазиятда ҳам, сен унга ишонасан. Чемпионлар лигаси доирасида «Бавария» ва «Реал»га қарши жавоб ўйинларини эсланг, биз жуда қийин аҳволга тушиб қолгандик, аммо ҳар икки ҳолатда ҳам, айнан Макс туфайли, биз мўъжизага бир бахя яқин келгандик», дейди у.

Жоржо шунингдек, Маурицио Сарри ҳақида ҳам ўз фикрларини баён қилади: «Сарри Антонио ва Максдан бошқача. У ўйинларга илмий ёндашади, қаттиқ тайёргарлик кўради. Ўз хонасига қамалиб олиб, барчасини таҳлил қилади, схема ва статистикаларга кўмилиб кетади. Уни тактика жинниси дейишимиз мумкин. Уни ҳеч қачон тренажёр залида футболчилар билан ҳазиллашаётган пайтда кўрмайсиз, доим иш устида бўлади.

Унинг футболи жуда кичик деталлар йиғиндисидан иборат, шунинг учун бироз вақт керак бўлади. Катта жамоаларда вақт кўп бўлмайди, аммо хатоларимиз устида ишлай бошладик. Мавсумнинг биринчи ярмида муҳими ғалаба қозониш эди, шундай шароитда ҳам Сарри мукаммаллик қидиради. У рақиб майдонида юз фоиз тўпни назорат қилишимиз кераклигини айтади. Тўғри, бу утопия, аммо унинг ғоясини англаш мумкин. Агар ҳаммасини эплай олсак, сиз ҳеч қачон кўрмаган ажойиб футболни тақдим қиламиз ҳали».

Буффон ҳақиқий дўст

«Ҳимоячи – дарвозабоннинг энг яқин дўсти. Дарвозабон – ҳимоячининг охирги умиди. Майдонда биз бир бутунмиз. Мен Жижини яхши кўраман. Футболда у менинг энг яқин дўстимдир.

Буффон – ўзига хос. Нафақат дунёнинг энг яхши дарвозабони, балки ажойиб инсон ҳам. Сардор, ака. Биз у билан 15 йилни, ҳаётимдаги энг муҳим даврларни ўтказдик. Мен у билан ўз хотинимдан ҳам кўпроқ вақт ўтказганман ва ростан ҳам бу ҳақиқат», дейди у тажрибали дарвозабон ҳақида.

Кьеллинининг айтишича, Жижининг «Ювентус»га қайтишига асосий сабаб мураббийнинг ўзгаргани бўлган. Клуб раҳбарияти Саррининг жамоага мослашиши учун сенаторни қайтаришган, агар Аллегри қолганида, Буффон Туринга қайтарилмасди.

«Мен уни ҳеч қачон бу қадар хотиржам кўрмагандим. Одатда асосий дарвозабонларни машғулотларда учратиш қийин, улар алоҳида, ўз мураббийлари билан шуғулланишади. Энди эса, Буффон доим биз билан ва бу жамоа учун жуда фойдали. 42 ёш бўлса-да, у – машина, доимий равишда ўзини формада ушлаб туради, залга боради. Назаримда жисмоний тарафдан у яна анча йиллар футбол ўйнаши мумкин. Фақат руҳий томондан чарчаши мумкин, холос, Буффоннинг кейинги фаолияти қандай ва қачонгача давом этишини вақт кўрсатади», дейди у.

«Интер» ва Ибраҳимович – асосий душманлар

«Мен майдонда ёмон одамга айланишиб шарт эди. Бунинг учун эса, ўзимга душман топишим ва у билан жанг қилишим керак. Ёшим катта бўлиб, ўзгардим, лекин фаолиятимнинг кўп вақтида кимдандир нафратланишим лозим бўлган», деб ҳикоя қилади Жоржо.

«Мен «Интер»ни ёмон кўраман. Бу спортча нафрат – мен турнир жадвалида ўзимиздан юқорида ҳар қандай жамоани ҳазм қила оламан, лекин уларни эмас. Ҳатто қизимнинг гапини қаранг – «мен мактабга боргим келмаяпти, у ерни «Интер»дан ҳам ёмон кўраман»миш. Уйда, мен ва онаси билан ўтириш эса, унга «Ювентус»нинг голларини нишонлашдек мазза экан».

Ҳар бир ҳужумчи – ўйин давомида Кьеллинига душман. Асосий душман эса, Златан Ибраҳимович.

«Бу жангни яхши кўраман. Ибра шунчалик кучлики, унга қарши ўйнашда энг яхши ўйинингни кўрсатишинг лозим. Энг муҳими, ундан қўрқаётганингни билдирмаслигинг керак. Агар Златан буни билиб қолса, қон ҳидини сезса, сени янчиб ташлайди. Унинг жиғига тегиш қийин, чунки Златаннинг ўзи бу борада уста. Ибра ҳақорат қилмайди, бу кўпроқ жисмоний кураш – у доим сенга ёнингда эканини, ҳар бир хатоинг учун жазолашга тайёр эканини билдириб туради.

Мен у билан бир жамоада ўйнаганман ҳам, Ибра ажойиб инсон ва футболчи. Унинг «Олтин тўп» олмаганининг сабаби, Роналду ва Месси бошқа сайёрадан эканликларидир».

Роналду, Мбаппе, Рамос...

«Мен жуда кўп ҳужумчиларга қарши ўйнаганман, улар ичида энг хавфли илон – Роналду. У ўлдиради. Жарима майдони ичида у шу даражада ўзгарадики, тутиб бўлмай қолади. Тинимсиз йўналишини ўзгартиради, кутилмаган жойда пайдо бўлади. Жуда кўп марта бундан бошим айланиб ҳам кетган. Гўёки, сен унинг барча йўлларини биласан, аммо нима қилишини топа олмай қолаверасан.

Четдан қараганда, Роналду ҳақида нима деймиз? Ҳа, ҳақиқий профессионал, меҳнаткаш. Доим энг зўр бўлишга интиладиган бренд-инсон. Одатда, бундай футболчилар танҳоликни яхши кўришади, мен ҳам Роналду ҳақида шундай ўйлардим. Лекин Криштиану жамоамизга жуда тез киришиб кетди, унинг мақсадлари бизники билан ҳамоҳанг бўлди. Бизнинг бир бўлагимизга айланиб, ҳар биримизнинг янада яхшироқ бўла олишимизга ўрнак бўлди. Менинг энг яхши мавсумим айнан Роналду келганидан кейин бўлгани ҳам тасодиф эмас. Катта бўлгач, зўр футболчилардан ниманидир ўрганиш, улардан фойдаланишга интиласан», дейди у португалиялик юлдуз ҳақида.

Ёшлар ичида Кьеллини Килиан Мбаппени алоҳида эътироф этади.

«Биринчи марта мен уни 2016 йили Чемпионлар Лигасида, «Монако»нинг «Манчестер Сити»га қарши ўйинида кўргандим. Биринчи бўлимдан сўнг, Паратичига ёздим – «бу бола қайси сайёрадан?». У 18 ёшда ҳам ажойиб эди, ҳозир янаям кучлироқ. Тезлик, техника, голни сезиш. Шедевр. Келажак уники.

Кьеллини жамоадошлари ҳақида ҳам тўхталиб, Каннаваро ва Бардзальини эслайди, Бонуччи ва Де Лигтни ҳам мақтаб ўтади, лекин дунёнинг энг зўр ҳимоячиси ҳақидаги саволга жавоб берар экан, шубҳасиз, Серхио Рамоснинг исмини тилга олади.

«Унинг импульсив ҳаракат қилиши, бир мавсумда 8-10талаб голли хатолар қилиши бир пул. У менинг бутунлай тескари версиям, лекин ҳеч кимда йўқ бўлган икки хислатга эга: муҳим ўйинларда ажойиб ўйин кўрсатади ва шунчаки, майдонда бўлиши билан жамоани кучайтиради.

Жоржонинг фикрича, Рамоснинг ЕЧЛ финалида Салоҳни жароҳатлаши – шедевр: «табиийки, у атайлаб қилмаганини айтди, аммо бундай тўқнашувларнинг ўнтадан тўққизтасининг якуни худди шундай бўларди».

Кьеллинининг фикрича, агар Рамос бўлмаса, Варан, Карвахал ва Марсело ёшлар жамоасига ўхшашади ва «Реал» эса, ҳимоясиз бўлиб қолади. «Серхио майдонга туша олмаган «Аякс»га қарши ўйинни эсланг», деб ўз фикрини асослайди Кьеллини.

«Гвардиолани танқид қилмаганман»

2017 йилда Кьеллини Пеп Гвардиоланинг услуби ҳимоячилар авлодига путур етказганини, улар ҳимояланишни билмай қолишганини айтганди. Лекин китобда Жоржо Гвардиолани ўн йилликнинг энг буюк инқилобчиси деб атайди ва Гвардиоланинг бошқа мураббийлардан фарқи жуда катта эканини эътироф этади.

Жоржонинг айтишича, у Гвардиолани айбламаган, шунчаки, фикрини яхши тушунтириб бера олмагани учун бошқача тушунишган.

«Мен жуда кўп мураббийларни кўрганман, улар Гвардиолага эргашмоқчи бўлиб, эплай олишмаган. Ўша мураббийлар итальян футболи маданиятини унутиб, барчасини бирданига ўзгартириб бўлмаслигини тушунишмаганди. Бу эса футболнинг зарарига ишлайди.

Гвардиола жамоалари ҳужумга ихтисослашишган, позициялар муҳим роль ўйнамайди – муҳими бўш зоналарни ёпиш. Назаримда, бу ҳимоя сифатига путур етказади ва ўйлайманки, агар Пеп қарашларини бироз кўриб чиққанида, жамоалари икки баробар камроқ гол ўтказишлари мумкин эди. Менимча, у қачондир Италияда ишласа, ҳимояланишда бироз эҳтиёткор бўлади», дейди футболчи.

Финал оқшоми ҳақида

2017 йилги ЕЧЛ финалида «Ювентус» иккинчи бўлимга бошқача бўлиб тушади ва учта гол қўйиб юбориб, 1:4 ҳисобида мағлубиятга учрайди. Миш-мишларга қараганда, танаффусда футболчилар ўртасида жанжал келиб чиққан ва муштлашувгача борилган. Аммо Кьеллини барчасини инкор қилади.

«Бир неча кун ўтиб, матбуотда овоза бўлганида, Буффон ниманидир ўтказиб юборганини сўради. Сабаби, у танаффус пайтида ҳожатхонага кетган, шунинг учун газеталардаги хабарлардан ажабланганди. «Ҳеч нарса бўлмади» – жавоб бердим мен. Шунчаки, биз чарчаб қолгандик. Умуман ҳисоб 1:1 бўлиб турганида, жанжаллашиш нега керак? Агар 0:3 бўлса, ишониш мумкин, лекин ўшанда ҳам, бир-биримизни айблай олмасдик. Биз шунчаки, оддий сўзлар билан гаплашдик, вазиятни ўз қўлимизга олишимиз кераклиги ҳақида фикрлашдик. Чунки «Реал» иккинчи бўлимларда кучайишини яхши билардик», дейди у.

Кьеллинининг айтишича, футбол билан боғлиқ ғалати ҳикояларнинг кўпи тўқима бўлади.

«Футбол йиғинларидаги ғалати ҳикоялар, қандайдир тунги клублар, қизлар ҳақида ўқиб қоламан. Лекин ишонинг, йиғинлар пайтида унақа нарсаларни ўйлаш қийин, чарчоқ туфайли, ухлашдан бошқа дардимиз бўлмайди», дейди футболчи.

Мадриддаги аламли мағлубият

Туринда 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйган «Ювентус» Мадриддаги жавоб ўйинида ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиқади, лекин 94-дақиқада Буффон «юрак ўрнида чиқинди пақир бор» деб таърифлаган ҳакам Майкл Оливер ўша машҳур пенальтини белгилайди. Роналду гол уради ва «Ювентус» турнирни тарк этади.

«94 дақиқада фақат қоида бузилганига ишончинг комил бўлсагина, пенальти қўйиш мумкин. Бу унақа ҳолат эмасди. Ҳакам адашди. Мен ҳам, Буффон ҳам бироз ўзимизни тута билмадик, хато қилдик. Бундай пенальтини биринчи бўлимда, иккинчи бўлим ўрталарида белгилаш мумкин, аммо охирги ўн секундда эмас. Бенатия Васкесга нисбатан жуда яқин ўйнади. аммо яққол қоида бузилиши йўқ эди. Мен «Реал» ўйинчиларига бақира кетдим, аммо бу шунчаки эмоция эди», деб ёзади Кьеллини.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар