22.05.2020 13:43
3029
Чемпион ҳикоялари. Роберто Карлос «Реал»даги йиллари, Лоренцо Санс ва пандемия даври ҳақида

Уйимда унутилмас фото бор. Бу сурат 1996 йилда, «Реал» мени «Интер»дан харид қилган пайтларда олинган. Унгача мен ҳеч қачон Мадридда бўлмагандим. 23 ёшдаман. Самолётдан тушишим билан мен дастлаб уйга ёки «Сантьяго Бернабеу»га эмас, бир неча журналист билан Сибелес майдонига боргандим.

Мен Сибелес майдони расмларини кўп кўрмагандим, лекин жуда аҳамиятли жой эканини билардим. Марказда Кибела маъбудининг ҳайкали, атрофида улкан Испания Банки биноси ва Сибелес саройи бор. У ердан шаҳар марказига бориш ҳам осон, Ретиро парки, Прадо музейи ва Кастельяна кўчаси орқали «Сантьяго Бернабеу» стадионига чиқиш мумкин. Ҳар қандай мадридлик биладики, Сибелес – ўзига хос жой.

Шунингдек, «Реал» ёки Испания терма жамоаси ҳам ўз совринларини нишонлагани айнан шу ерга келишади. Айтиш мумкинки, аэропортдан марказга автобусда келаётиб, бу ҳолат мени Рио-де-Жанейрога тушиб, Исо-Масиҳ ҳайкали олдига борганимни эслатди. Жуда ҳаяжонлангандим. Айни ўша дамда фотограф расмга олган.

Бу суратга қараб туриб, «Реал» билан ажойиб сафаримни эслайман. Бу расм ҳали ҳам уйимда осиғлиқ туради. Уйим ҳали ҳам Мадридда, зеро «Реал» клубида жамоатчилик билан алоқалар бўйича директор лавозимида ишлаб келаман.

Табиийки, сизлар ва кўпчилик каби, ҳозир мен ҳам ишга бориб кела олмаяпман. Сўнгги бир ойда икки марта ташқарига, супермаркетга чиқдим холос. Бу жуда қийин, лекин шундай қилиш кераклигини тушунаман.

Кўчага чиққан ҳар икки ҳолатда ҳам, шаҳримни таний олмадим. Бошқа пайтлари қуёш нури остида сайр қилаётган кексаларни, югуриб юрган болакайларни, дам олишга чиққан оилаларни, ресторанларда ўтирган ёшларни кўрардик. Ҳаётда нима хоҳласанг, Мадридда топилади: қуёш, спорт, маданият, тунги ҳаёт, ширин таомлар. Бу ўзгача олам. Бу ернинг одамларни ҳаётдан завқ олишни жуда яхши билишади.

Ҳозир эса, бу нарса йўқ. Кўчалар бўм бўш. Мен ҳеч қачон Мадридни бундай ҳолатда кўрмагандим.

Шахсан менга вирус тегмади. Оилам ҳам саломат. Аммо касалликка чалинган бошқа оилаларга ачинаман. Баъзиларини танирдим ҳам. Маълумки, яқинда вирус «Реал»нинг собиқ президенти Лоресно Сансни ҳаётдан олиб кетди. Бу инсон мени клубга олиб келган. У 76 ёшда эди. Лоренсо вирусга чалинганини эшитганимда, у учун дуо қилдим. Аммо билардимки, у узоқ вақтдан бери касал эди ва шифокорлар у касалликка қарши курашиши қийин бўлишини айтишганди.

Санс ҳақида эслаганимда кайфиятим кўтарилади. У президент бўлсада, аввало, клуб мухлиси эди. У «Реал» учун яшарди. У доим футбол жараёни ичида яшар, доим кийим алмаштириш хонасига кириб, биз билан мулоқот қиларди. Мағлуб бўлган кезларимизда бизни юпатар, соврин ютсак, биринчи навбатда бизни бағрига босарди. У бизнинг отамиздек эди.

У билан деярли ҳар куни гаплашардим. Турли маслаҳатлар олардим. Ҳеч қачон исмини айтиб чақирмаганман, биз учун у президент эди.

«Салом, президент, ишлар қалай?», дейман мен. У куларди-да, мени қучоқлаб оларди.

«Реал» мени сотиб олган пайтда Лоренсо клубда эндигина олти ой ишлаганди. Шартнома имзолангач, ҳаммаси тезлашиб кетди. Дебют учрашувимда «Депортиво» дарвозасига гол урдим. Албатта, «Сантьяго Бернабеу»даги илк ўйинимни ҳам яхши эслайман.

Саксон минг томошабин қаршисида – нималар бўляпти, мен қаердаман, тушунмай қолгандим. Агар хато қилиб қўйсамчи? Даҳшат.

Кейингина бу ҳаётимдаги энг яхши кун бўлганини англаб етдим. Бир муддат ўтиб, «Реал»ни ўраб олган бу босимни ҳис қилишни, унда яшашни ўргандим. Шундай пайтлар келардики, энг тажрибали футболчиларга ҳам осон бўлмасди.

Мадриддаги икки йилимдан кейин «Реал» Чемпионлар Лигаси финалида «Ювентус»га қарши майдонга тушиши керак эди. Сир эмаски, «Реал» турнир тарихидаги совринлар бўйича етакчи, аммо ўша пайтда клуб 32 йилдан бери ғолиб бўла олмаётганди. Биз Ла Лигада унчалик яхши ўйнай олмаётгандик, туринликлар эса, қаторасига учинчи бор финалга етиб келганди. Табиийки, фаворит биз эмасдик.

Финалдан олдинги тунда ҳеч биримиз ухлай олмадик. Одатда, кечки ўнга яқин уйқуга ётишимиз керак, лекин ўша куни ҳаммамиз меҳмонхона залида соат тўртгача ўтириб чиқдик. Суҳбатлашдик, бир биримизга турли ҳикоялар, воқеаларни айтиб бердик. Биз «Ювентус»ни ҳурмат қилардик, лекин қўрқмадик. Сабрсизлик билан ҳакам ҳуштагини кутардик.

Учрашув бизнинг фойдамизга ҳал бўлди. Рақиб етарлича имкониятларга эга бўлганди, лекин совринни бошимиз узга кўтариш бизга насиб қилди. Биргина имконият ғалаба учун етарли бўлди. Назаримда, ўйин сифатидан кўра, мотивация бизага кўпроқ ёрдам берди, гўёки ғалабани улардан кўра кўпроқ хоҳлаётгандек эдик.

Муваффақиятдан сўнг Сибелес майдонига бордик. Кўчалар мухлислар билан тўлган, ҳамма оқ либосга бурканган. Мухлислар қўшиқ айтишар ва байрам қилишарди. Бу оқшомни ҳеч қачон унута олмайман. Агар «Реал»даги энг зўр хотирам ҳақида сўрашса, ўйлаб ҳам ўтирмай, Сибелесдаги ўша кунни айтаман.

Футболчи Мадридда қанчалик кўп қолса, «Реал»нинг нафақат Испания, балки бутун дунё учун нақадар муҳим клуб эканини кўпроқ англайверади. Қаерда ўйнашимиздан қатъи назар, Класико бўладими ёки оддий кубок учрашуви, фарқи йўқ, «Сантьяго Бернабеу» мухлислар билан тўлади. Мухлислар «Реал»ни шонли тарихи, эътибори, совринлари, анъаналари учун яхши кўришади. Худди шу сабаблар туфайли, мен ҳам ўз вақтида «Реал»ни танлаганман.

«Реал»даги галактикос даври нафақат мухлислар учун, биз учун ҳам унутилмас бўлганди. Бундай лойиҳанинг бир қисми бўлиш ажойиб ҳиссиёт. Шунчаки, захира ўриндиғида ўтириб, атрофингга қарайсан – «Олтин тўп» соҳиблари, Примеронинг энг яхши тўпурари, дунёнинг энг яхши дарвозабони... Вау, қаердан келдим-у, кимлар билан ўтирибман, деб юборасан беихтиёр.

Чемпионлар Лигасини яна икки марта ютдик. Аммо тан олишим керак, ўша воқеалар, ўйинларни аниқ эслаб қолмаганман. «Реал»дек жамоада ўйнар экансан, хотиралар, ғалабалар, ҳар қанча буюк бўлмасин, тарихда қолиши ва бугун билан яшашинг керак. «Реал»даги фаолиятимни тугатибгина, мен нималарга эришганимни тўлиқ ҳис қилдим, англаб етдим.

2007 йилнинг 17 июнь куни «Реал» сафидаги сўнгги ўйинимни ўтказдим. Сўнгги турда «Мальорка» бизга қаршилик қилаётган, «Барселона» эса Таррагонада «Ҳимнастик» меҳмони эди. Чемпион бўлишимиз учун уч очко олишимиз шарт эди. Биринчи бўлимда гол ўтказиб юборганимизга қарамасдан, кейин учта гол урдик ва чемпионга айландик. Унутилмас ғалаба.

Ҳаммасидан ҳам, мухлислар мени қандай олқишлашганини эслайман. Ўша ўйин мен ва Дэвид Бекҳэм учун хайрлашув эканини билишарди. Меҳмонхонани тарк этиб, стадионга етиб боргунча, мухлислар бизни таъқиб қилишар, исмимни айтиб олқишлашарди. Номим ёзилган шарфларни силкитишарди. Худди менинг туғилган куним бўлаётгандек.

Ўшандагина, клуб учун нималар қилганимни англадим. Ўша куни мухлислар мени қанчалик яхши кўришларини тушундим. Мухлислар яқиндан муносабат ўрнатмай туриб ҳам, бир инсонни қанчалик яхши кўриш мумкинлигини кўрсатишганди менга.

Айнан шу сабабли ҳам, бугунги кунлар мени кўпроқ қайғуга чўмдиради.

Барча қийинчиликларга қарамасдан, нафақат Мадрид, балки бутун дунёни ижобий кайфиятни сақлаб туришга чақираман. Ҳаётдаги асосий фалсафам, ҳар қандай муаммони табассум билан енгишдир. Шунинг учун ҳам, бошни кўтаринг ва фақат олдинга қаранг. Ўзингизга ишонинг. Сабр қилинг. Хотиржам бўлинг. Бошқаларга ёрдам беришга ҳаракат қилинг.

Пандемия даврида жуда кўп ижобий жараёнларни ҳам бошдан кечирдик. Шуни тушундик-ки, барча одамлар аслида бир-бирларига жуда ўхшаш, кучсиз томонлари ҳам бир хил. Тушундикки, оила муҳим, дўстлар аҳамиятли, бир-биримизсиз яшай олмаймиз. Оддий видеоқўнғироқ орқали айтилган бир оғиз ширин сўз ҳам қанчалик керакли эканини англадик. Бундан кейин ҳам, биргаликда ишлашда давом этишимиз керак. Одатий ҳаётга қайтиш учун, ҳатто уйда ўтириб ҳам, биргаликда курашамиз.

Мен ҳам сиз каби футболни соғиндим, «Реал»нинг Сибелесга келиб, навбатдаги совринини нишонлашини сабрсизлик билан кутмоқдаман.

Ҳозир эса... Шунчаки, кўчада кўпроқ одамларни кўришни орзу қиламан.

Бу энг муҳим ғалаба бўларди. Ахир ҳаммамиз шу учун курашяпмиз.

ThePlayersTribune

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар