09.05.2020 20:52
2030
Теглар
Тимур Кападзе ва Азиз Ҳайдаров футболчилар номидан Сирдарёга молиявий ёрдам етказишди

9 май куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари, собиқ ўйинчи ва мураббийлар Сирдарёдаги «Сардоба» сув омбори тошқинидан талафот кўрган маҳаллий аҳоли олдига кўмак юклари билан боришди.

Сирдарёга борганлар қаторида ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов, мураббийлар – Вадим Абрамов, Миржалол Қосимов, Тимур Кападзе, миллий жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаров, мухлислар клуби етакчиси Абдураҳмон Фозиловни учратдик.

Азиз Ҳайдаров, Вадим Абрамов, Абдураҳмон Фозилов 300та оилага озиқ-овқат махсулотлари, ичимлик сувлари, резина этикларни тарқатишди. Тимур Кападзе эса аҳолига футболчи ва мураббийлар томонидан йиғилган пулларни берди.

Тимур хайрия ишларида миллий жамоа аъзолари, айниқса, легионерларнинг хизмати катта бўлганини таъкидлади:

«Вазиятга бефарқ бўлолмадик. Шунинг учун ассоциация ходимлари, футболчилар ва мураббийларга ташаббус билан чиқдик.

Одил Аҳмедов ва Азиз Ҳайдаров билан келишиб, пул йиғишни бошладик. Миллий жамоа аъзолари, мураббийлар, айниқса, легионерлар фаол қатнашишди. Яхшигина маблағ йиғилди, 300та оилага ёрдам бера олдик. Худо хоҳласа, ҳаммаси тез кунда изига тушиб кетади».

Миллий жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ҳамма қўлидан келганича ёрдам берганини айтди:

«Барча ёрдам бериш учун бирлашаётгани ёқимли. Бу – кичкинагина хайрия. Уларнинг ҳолатини тушуниш, оғир вазиятда ёрдам бериш жуда муҳим.

Нима ҳам дейиш мумкин? Ачиняпмиз. Футбол бошланса, мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз».

Мухбир Аъзамжон Иззатиллаев,
тасвирчи Отахон Юсупов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар