10.04.2020 14:55
8479
Хайрулла Ҳамидовдан: Кеча ва бугуннинг зўрлари

10 апрель икки иқтидор билан ёдда қолган. Иккиси ҳам ўз замонасизнинг зўрларидан.

Бугунгиси Садио Мане. 

Кеча ва бугуннинг зўрлари (1-қисм)

Сенегалнинг Седиу шаҳарчасида 1992 йили масжид имоми оиласида туғилган. Бамбали қишлоғида кичик бир уйчада Садио бир хонада тўққиз киши билан яшаган. Ота-онаси, ака-укалари, опалари билан бирга. Оила камбағал эди. Шунинг учун ота болаларининг ўқишига қаттиқ эътибор қаратар, ўқиб олим бўлишларини истарди. Қаҳрамонимизнинг нигоҳи футболга тортар, уйдагилар бу ишига қарши эдилар. 

Спорт билан унинг тенгдошлари 2002 йили жиддий шуғулланишни бошлашди. Сенегал мундиалда фурор кўтарган мавсум. Чорак финалгача йўл, эсингиздадир?!

Мактабни битирар экан, Садио отасини футбол ўйнашга кўндирди. Қизиғи, уни Дакарга бутун қишлоқ пул йиғиб жўнатган. Ҳалигача Мане қишлоғини ҳар жабҳада таъминлаб келади.

Пойтахтда Женерасьон Фут клуби академиясида назоратдан ўтган. Тузукроқ оёқ кийими йўқ, либоси ҳаминқадар, йиртилган бутсаси ва иштони билан ўзини кўрсатишни бошлаган Садио дарҳол барчанинг эътиборига тушди. Қабул қилинди. 

Мане бегона бир оилага қўшилди. 2011 йили Франциянинг «Мец» клуби скаутларининг назарига тушгунига қадар кўп меҳнат қилди. Улар Африкада ёш талантларни таъминлашар, камбағал оилалар болаларига кўмак беришар, шу аснода иқтидорларни кашф этишарди. Айтишларича, Мане улар кўрган энг қобилиятли ва... энг камбағал ўспирин эди. Ваҳоланки, 17 ёшга кирган Садио бу пайтда жамоа тўпурари эди.

Кейинги ҳаёти бошқа юлдузларникига ўхшаш. Меҳнатлари эвазига каттароқ клубларга таклиф ва АПЛга ташрифи. «Саутҳемптон» сафида у ажойиб мавсумларни ўтказган. «Ливерпуль» билан ўзаро ўйинларда тўртта гол ургани эътиборга молик. Клопп Садиони «Редд Булл»даги ўйинларидан кузатиб юрганини тан олган. «Ливерпуль» ўзи сенегалликларни хуш кўради. Мане Эл-Хажи Диуф ва Салиф Диаодан кейинги сенегаллик. «Саутҳемптон»дан бу клубга ўтган бешинчи ўйинчи – Рики Ламберт, Деян Ловрен, Адам Лаллана ва Натаниэль Клайндан кейинги трансфер. Тан олинг, энг зўри ҳам у.

Ўтган йили Африканинг энг зўр ўйинчиси бўлди. Баъзи кўзга кўринган мутахассисларнинг наздида 2019 йилги ўйини билан «Олтин тўп» совриндори билан ёнма-ён туриши керак эди. Мессининг таърифи ҳам шундай бўлган.

Кеча ва бугуннинг зўрлари (2-қисм)

Мозий қаҳрамони – Роберто Карлос. Бразилиялик пушка. У ҳам 1973 йили Сан Паулуда камбағал оилада туғилган. Ҳаёти бошқа бразилиялик юлдузлар каби – футболдан бошқа нажот қолмаган ва катта меҳнати эвазига шу даражага етишган. Ёшлигида жуда хароба уйда яшагани учун ўзига ўзи ваъда қилади: Катта бўлсам футболчи бўламан ва отамга яхшироқ уй сотиб олиб бераман. Роберто ваъдасининг устидан анча вақтли чиқди. Қизиғи, отаси ҳамон ўша коттежда яшайди. 

Отаси Лотин Америка музикаси қироли деб таърифланган бразилиялик қўшиқчи Роберто Карлос мухлиси бўлган. Ўғлига ҳам унинг исмини қўйган. Бугунги кунда санъаткор қаҳрамонимиз фонида эсланади.

Роберто Карлос кўп уйланган. Тўққизта боласи бор ва ҳаммасини таъминлаб қўйган. Балким шунинг учун ҳам ҳозирги кунда 13 йилдан бери Бразилияда болалар соғлиғини яхшилаш хайрия фондида фаолият юритар. Сан Паулудаги клиникалардан бирига АҚШдан ҳар йили қиммат аппаратлар олиб беради. Жуда кўп мактаблар қурдирди, барчасида болалар текинга таҳсил олишади. Ўзи шундай дейди: Қизларимнинг кулганини кўрсам, ўзимнинг ёшлигимни эслайман. Қўрқинчли болалигимни. Шу боис, доим ёрдамга муҳтож болаларга нимадир кўмак бергим келаверади. 

Майдондаги Роберто Карлос ҳақида бизнинг авлод яхши билади. Ёш авлодга аввал натижаларини айтиб таништирай: жаҳон чемпиони, уч карра ЕЧЛ ғолиби, тўрт марта Испания чемпиони. «Реал» таркибида ҳимоячи бўла туриб энг кўп гол киритган ҳимоячилардан бири. Зарбаси ўта кучли бўлган. Жаҳон рекорди – соатига 198 километр тезликда учган тўп. Бу рекордни бир марта Лукас Подольски бузишга муваффақ бўлган. 2002 йилги мундиалда. Бироқ, Карлос бу тезликда доим тепиб юргани учун тасодифий бир зарбадан кўпроқ уни эслашади.

футбол тарихидаги энг чиройли голлардан бирини йўллаган. Франция миллий жамоасига, Бартезга. Не кўйга тушганини тўп айтиб берсин. 

«Қироллик клуби» «галактикос»га айлантирилган пайти ҳам Роберто Карлоснинг мухлислари етарли бўлган. Рауль, Зидан, Бекҳэм, Фигу ва Роналдодан қолишмайдиган тарзда мухлислари кўп эди. Уни ёмон кўрадиган футбол мухлиси бўлмаса керак, деганди Пуйоль. «Барселона» клуби ҳимоячиси. Бошқа таъриф ортиқча. Зарбаларини эслаймиз яхшиси...

Хайрулла Ҳамидов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар