06.04.2020 17:27
37434
Жалолиддин Машарипов ундан қарздор хонанда ва миллий жамоамизга нолойиқ бўлган икки бош мураббийни айтди

«Пахтакор» клуби ҳамда Ўзбекистон миллий жамоаси футболчиси Жалолиддин Машарипов «Zo’r TV» телеканалининг «Алдама мени» кўрсатуви меҳмони бўлди.

Суҳбат давомида бир қатор саволларга жавоб берган Ўзбекистоннинг амалдаги чемпион жамоаси етакчиси таниқли санъаткорга қарз бергани, Эктор Купер ва Самвел Бабаянни нега миллий жамоага нолойиқ бўлган икки мураббий сифатида билишини тушунтирди.

«Тўғри, таниқли аёл хонандалардан бирига ўз вақтида катта миқдорда қарз берганман. Чинданам, у Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист. Пулимни бир қисми ҳали қолган. Нима учун олган? Ҳар бир одам қарз олишдан олдин ўз муаммоларини айтади барибир. Асосан клип олиш учун эди, менимча. Лекин унинг кимлигини айта олмайман. Ҳар ҳолда бу хонанданинг обрў-эътибори, мухлислари кўп. Шу боис сир бўлиб қолгани яхши», - деди Машарипов.

Кўрсатув давомида миллий жамоани бошқарган, пуллар кўкка совурилган энг нолойиқ икки мураббий ҳақида берилган саволга мамлакат жамоаси аъзоси Эктор Купер ва Самвел Бабаянни тилга олди. 

«Жуда қийин савол бўлди. Менимча, биттаси Эктор Купер бўлди. Нега? Сабаби у бизнинг ўйин услубимизга мос бўлмаган мураббий эди. Нега буни вақтида айтмадик? Ахир, буни биз ҳал қилмаймизку. 

Купернинг наҳорги ошларга чиқиши? Буни Купернинг ўзи ҳам хоҳламасди. Аммо чақирилган жойга бормаса хафа бўлишади, деб мажбур борган. Лекин Куперни ўзи ҳам “мухлисларга кўп кўринишни ёмон кўраман, вақти келиб шу ҳам гап-сўз бўлади”, деб айтарди. Кетишида хафа бўлганди барибир, лекин одамгарчилик жиҳатдан яхши инсон эди.

Миллий жамоа учун иккинчи нолойиқ мураббий ким? Самвел Бабаян. Нега? Сабаби мухлислар ўртасида у алоҳида мавзуга айланиб қолганди. Ҳаттоки охирги ўйинларимизда мураббийнинг ўзи ҳам ҳаяжонга тушиб қолганди. Аслида охирги ўйингача имкониятимиз бор эди. Эсимда, ЖЧ-2018 саралаши сўнгги ўйинимиз олдидан матбуот анжуманида мен ҳам қатнашгандим, айрим журналистлар “бугун жаҳон чемпионатига чиққан тақдиримизда ҳам, халқ сизни миллий жамоадан кетишингизни истайди, шунга қандай қарайсиз?” – деб ҳам савол беришганди. Бу мураббий қўл остида Ўзбекистон илк марта жаҳон чемпионатига бориш мумкин эди, агар Кореяни ютсак, аммо қарангки халқ аллақачон уни қолишини истамаётган эди. Бу ёмон нарса», - дея гапирди Жалолиддин Машарипов.

Маълумот учун, Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2018га чиқа олмагач, 2017 йилда истеъфога чиқарилганди. Эктор Купер эса ЖЧ-2018дан кейин Ўзбекистон миллий жамоасида фаолият бошлаб, бир йилдан кейин - ЖЧ-2022 саралаш босқичидаги Фаластинга учралган мағлубиятдан кейин вазифасидан озод этилганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар