31.03.2020 13:39
3535
Шакири «Ливерпуль»дан кетиши керакми?

Дунё футболида номаълум муддатга тўхталиш юзага келгани сабаб баъзи воқеаларни таҳлил қилиш учун етарлича вақтимиз бор. Асосан рус футболини таҳлил қиладиган телеграмдаги «Рубинология» каналида баъзан Европа футболи ҳақида ҳам мулоҳазалар бериб борилади. Масалан, каналда «Ливерпуль» футболчиси Шердан Шакирининг келажаги борасида пост қолдирилди.

Шакирининг «Сток Сити»даги ўйинларини эслайсизми? У «Сток»даги охирги мавсумида (2017/18) ҳар ўйинда ўртача 3,7 тадан зарба йўллади. Бу футбол статистикасида xG кўрсаткичи дейилади. xG2 кўрсаткичи бўйича натижалар эса шунчаки ҳайратланарли: 6,5. Бунда футболчининг рақиб ҳимоясига қилган босими ва якуний зарбани амалга ошириши инобатга олинади. xG2 кўрсаткичи АПЛда охирги йилларда фақат Рийад Маҳрез ва Кевин Де Брюйнедагина 6,5 га етган.

Шакирининг «Сток»даги охирги мавсуми якунида жамоаси АПЛни тарк этганини инобатга олсак, унинг кўрсаткичлари шунчаки ажойиб. «Сток» лигадан тушиб кетди. Швейцариялик футболчининг трансфер қиймати эса атиги 9 миллион ерво! Уни олган жамоа ютарди. Бу омадли «Ливерпуль» бўлди.

Вақтида унга рус клублари ҳам тўғри баҳо беришмади (Россия грандларида Шакирини сотиб олиш имкони бўлган). Россияда ўтказилган жаҳон чемпионати эса Шакири учун яхши ўтди. У мусобақада Швейцария етакчиси бўлди. Худди Евро-2016 каби. Франция майдонларида ўтган охирги Европа чемпионатида унинг Польшага урган фантастик голи эсингизда бўлса керак. Бу гол охир-оқибат чемпионатнинг энг зўр голи деб топилганди.

Шакирининг трансфери «Ливерпуль» учун жуда фойдали бўлди. Айниқса «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйиндаги дубли унинг клуб учун нақадар муҳим футболчига айланаётганини кўрсатди. 2018 йил декабрдаги Британия дербисида («МЮ» – «Ливерпуль») Шакири 70-дақиқада захирадан майдонга тушади. У вақтда ҳисоб 1:1 эди ва Шакири иккита гол уриб «Ливерпуль»га ғалаба келтирди. Клопп Шакиридан «сеҳрли таёқча» вазифасида фойдалана бошлади. «Бургут» (уни шундай деб аташади) кўп марта захирадан ўйинга қўшилиб «Ливерпуль»га фойда келтирди.

Шакири «Ливерпуль»даги илк мавсумида яхши ҳаракат қилди, лекин мусобақаларда атиги 30 % ўйин амалиётига эга бўлди. У «Ливерпуль» билан ЕЧЛда ғолиб бўлгач, Швейцария билан Миллатлар Лигасида ҳам яхши қатнашиб, ярим финалгача етиб борди. Шакири мусобақанинг рамзий жамоасига ҳам киритилди.

Клопп Шакирини бир нечта позицияларда ўйнатиб кўрди. Унинг асосий вазифаси эса Салоҳ, Мане, Фирмино каби супер йигитлардан иборат ҳужум учлигидан бирортасининг ўйини чиқмаса, ўрнига тушиб ўйинни кучайтириш. Яъни, у доим босим билан ўйнашга мажбур. Бугун захирадан тушиб гол урмаса ёки голли узатмани амалга оширмаса, эртага уни майдонга туширмасликлари мумкинлигини сезган ҳолда босимда ўйнаши керак. Лекин футболчи хотиржам ўйнасагина ўзининг энг яхши ўйинини кўрсата олади.

Бундай вақтда Шакири учун энг яхши танлов «Ливерпуль»дан кетиш. Чунки у жамоадаги иккинчи мавсумида деярли майдонга тушмаяпти. Шердан худди шундай асосий таркибда туша олмай «Бавария» билан ҳам Чемпионлар Лигасини ютганди. «Ливерпуль»да ҳам Европанинг энг зўр мусобақасида ғолиб бўлди. Ҳозир Шакири «5 дақиқа кам» Англия чемпиони. Ёзда уни «Севилья», «Рома» каби жамоалар ўз сафига қўшиб олмоқчи. Бу клубларда Шердан катта эҳтимол билан асосий таркибда ўйнаш ва жамоасига кўпроқ фойда келтириши мумкинлигини исботлаш имконига эга бўлади.

Уни Россияга ҳам таклиф қилиш мумкин, лекин ҳозир эмас. Унга Европанинг ўзида ҳам ёмон пул таклиф қилишмаяпти. Шакири охирги имкониятини Россияда қидирган Шюрле эмас ахир. Лекин у яна икки йил Европада юқори даражада ўйнаб ўйинини сақлаб қола олса ва Россияга келса, адашмайди. Биринчидан, у Россияда Клоппнинг жамоасида бўлгани каби йўқолиб қолмаслиги аниқ. Бундан ташқари, РПЛда яхшигина пул ишлаб олиши мумкин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар