26.03.2020 17:39
7524
«Реал» Погбани «МЮ» сўраган нархда сотиб олишга тайёр

«Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Поль Погба янги мавсумни Мадриднинг «Реал» клуби сафида бошлаши мумкин. Бу ҳақда Испаниянинг As нашри хабар бермоқда.

Манбанинг ёзишича, Мадрид клуби ўтган ёзги трансферда Погбанинг трансфер нархини туширишга интилган, бироқ Манчестер клуби бунга рози бўлмаган. Ҳозирга келиб эса «МЮ» Поль Погбани ёзги трансфер ойнасида «Реал»га 100 миллион еврога сотишга тайёр. Мадрид жамоаси ҳам ушбу йирик трансферга тайёргарлик кўрмоқда. Қолаверса, коронавирус пандемиясининг жаҳон футболидаги таъсири сабаб келишув баҳоси яна арзонлашиши мумкин.

«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти аллақачон Погбанинг кетиши - клуб учун жиддий йўқотиш бўлмайди, деган қарорга келган. Улар энг аввало франциялик яримҳимоячини сотиб олинган нархида сотишни кўзлашмоқда. Манчестерликлар қишки трансфер ойнасида таклиф этилган Бруну Фернандешга катта умид боғлашган. Қолаверса, ёзда жамоага «Астон Вилла» яримҳимоячиси Жек Грилишнинг қўшиб олиниши режалаштирилган», - дейилади хабарда.

Олдинроқ, «Реал» президенти Флорентино Перес Федерико Вальверденинг яхши спорт формасига киргани ва янги мавсумда ижарадан қайтадиган Мартин Эдегорнинг ўйинидаги ўсиш туфайли Погба трансферидан воз кечмоқчи эканлиги айтилганди. Аммо Зидан ҳамюртини Мадридда кўриш ниятидан қайтмаган. Клуб ёзда таклиф билан чиқишга тайёрланмоқда.

Маълумот учун, Погба ушбу мавсумда «МЮ» сафида АПДда 7 ўйинда майдонга тушиб, бор йўғи 2та голга ҳаммуаллифлик қилди. Футболчи жароҳатидан тикланиш билан овора.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар