25.03.2020 19:04
3139
«Юве» халоскорига айланган Роналду ва ўзига ром этаётган «Лацио». А Серия коронавирусгача нимаси билан ёдда қолди?

 Ҳозирга келиб Италия коронавирус пандемиясининг ўчоғига айланишга улгурди. Мамлакатда футбол ҳақида ўйлаш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаяпти. Бунга Миландаги мода ҳафталигига ташриф буюрган хитойликлар сабабми ёки италияликларнинг саёҳатга мойиллигими? Буниси бизга қоронғу. Лекин шу нарса аниқки, Апеннин ярим ороли фавқулодда вазиятга мослашиб бўлди. Вирус эса чекинишни истамаяпти.

 Италия коронавирус қурбонлари сони бўйича аллақачон Хитойни ортда қолдирди, ўлим ҳолатлари эса кундан-кунга ортиб бормоқда. Афсуски, пандемия футболга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Биргина «Сампдория» клубининг 15 нафар ходимида вирус аниқланди, уларнинг 9 нафари футболчилардир. Коронавирусга чалинган илк таниқли футболчи – «Ювентус» ҳимоячиси Даниеле Ругани бўлди, кейинчалик унинг жамоадошлари Блез Матюиди ва Пауло Дибала ҳам инфекция юқтириб олгани маълум бўлганди. Шундан сўнг қолган ўйинчилар дарҳол изоляцияга олинди.

 Италия чемпионати тўхтатилганига қарамай, «Наполи» 25 март куни машғулотларни бошлашини эълон қилганди, бироқ Италия футболчилари ассоциацияси президенти Дамиано Томмази ушбу ташаббусда ҳеч қандай мантиқ йўқлигини айтди. Унинг таъкидлашича, вирусни юқтириб олган футболчиларга қараганда, ҳали аниқланмаганлари кўпроқ. Бундай ҳолатда машғулотларнинг бошланиши – ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавфга қўйиш билан баробардир. Умуман олганда эса А Сериянинг ёзда давом эттирилишига ҳам асосли шубҳалар бор. Шундай экан, келинг, танаффусдан олдин Италия футболида нималар бўлганини эслаймиз.

 Ўйини қовушмаётган «Юве»

Узоқ вақт давомида Италия футболида «Ювентус»нинг «тахт»дан ағдарилиши бунчалик яқин бўлмаганди. «Кекса синьора»га «Наполи» ва «Рома» қаршилик қилган йиллар бўлган, аммо барибир якунда туринликлар олтин медалларга эга чиқаверишган. «Ювентус» ҳамма вақт қолган жамоалар фонида зирҳли машина каби кўринарди. Жамоа бошқарувига «кекса синьор» – Маурицио Сарри келгач, гарчи клуб турнир жадвалида етакчилик (26та ўйинда бор-йўғи 3та дуранг ва худди шунча мағлубият) қилаётган бўлсада, жамоанинг ўйинида қандайдир тушкун кайфият бор. Ғалабаларнинг аксарияти индивидуал маҳорат эвазигагина қўлга киритилмоқда, олдиндан ўйланган комбинациялар ҳақида эса гапиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Майдон марказида Миралем Пьянич жамоа ўйинига уйғунлик бағишлай олмаётган бўлса (22та ўйинда атиги 2та ассист), Блез Матюиди ва Сами Хедиранинг ёши ўтмоқда, қанотларда Хуан Куадрадо ва Дуглас Костадан айтарли ҳеч қандай наф бўлмаяпти (иккиласининг ҳисобида 1та гол). Барчасини Пауло Дибаланинг ҳар замонда содир бўладиган «портлашлари» (7та гол ва 4та ассист) ва Криштиану Роналдунинг доимий фаоллиги ҳал қилиб бермоқда. «Юве»нинг А Сериядаги голларининг деярли ярми португалиялик футболчининг ҳисобига ёзилган.

 Ўзига ром этаётган «Лацио»

Футболчиларининг маҳорати эвазига юқори ўринларни эгаллаб келаётган «Ювентус»га муносиб қаршилик кўрсатаётган «Лацио» алоҳида эътиборга лойиқдир. Рим «бургутлари» ўзларининг ноодатий ва романтик футболи билан бутун Италияни забт этишди. Фақат «Юве» ва «Рома» мухлислари Симоне Индзаги бошқарувидаги жамоанинг чемпион бўлишини истамаса керак. Италияда ҳам «Ливерпул»га ўхшаш жамоа пайдо бўлди, десак муболаға бўлмайди. Инзагининг Клоппники каби юлдуз футболчилари бўлмасада, аммо улар ўз вазифаларини максимал даражада бажаришмоқда.

Майдон марказида ўйин тизгинини Сергей Милинкович-Савич ушлаб турибди. Сербиялик футболчи ҳар бир ўйинда ўзининг самарали ҳаракатлари билан яққол ажралиб туради. У рақиб футболчиларидан тўпни олиб қўйиб, жамоасининг ҳужумларини бошлашда жонбозлик кўрсатмоқда. Аммо жамоада асосий дирижёр ролини Луис Альберто бажармоқда. Вақтида «Ливерпуль» воз кечган испаниялик яримҳимоячи ўзининг беқиёс тўп узатишлари билан футбол ихлосмандларининг ҳайратига сазовор бўлмоқда. Унинг стандарт вазиятлардан фойдаланиши эса тақсинга лойиқ. Луис Альберто 12та голли узатма билан А Сериянинг энг яхши ассистенти бўлиб тўрибди. Италия чемпионатининг энг яхши тўпурари – Чиро Иммобиле эса Альбертонинг узатмаларидан оқилона фойдаланган ҳолда, ўз ҳисобига 27та гол ёздириб қўйди. Ҳозирда Европанинг бир қанча етакчи клублари Иммобилени ўз сафига қўшиб олиш ниятида эканини билдиришган. Бундан ташқари, Хоакин Корреа (7та гол) ва Фелипе Кайседо (8та гол) каби истеъдодли футболчилар ҳам ўзларининг ёрқин ўйинлари билан «Лацио»нинг ғалабасига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

 Контенинг қайғуси ва Гасперинининг қувончи

Мавсум бошида «Интер»нинг ишлари кўнгилдагидек бошланганди. Антонио Конте келгач, у футболчиларга ўз фалсафасини сингдира олди. Қанотлардан уюштириладиган тезкор ҳужумлар ва олдинги чизиқдаги икки форвард – Лаутаро Мартинес ва Ромелу Лукаку мавсумнинг бошиданоқ ёрқин таассуротлар қолдирганди. Аввалига барчаси режа бўйича кетаётганди, олти ўйинда олтита ғалабага эришилди. Аммо аста-секин «Интер»нинг азалий муаммоси – барқарорлик жамоага панд бера бошлади. Клуб Чемпионлар лигасидаги иштирокини якунлагач, мамлакат чемпионатида ҳам кетма-кет учта ўйинда муроса йўлини танлашга мажбур бўлди. Рақиблар эса «Лечче», «Кальяри» сингари ўртамиёна жамоалар эди. Шундай қилиб, олтин медаллар учун даъвогарлик қилаётган «Интер» «Ювентус»ни етиб олишга интилаётган жамоага айланди. Пешқадамлардан 9 очкога ортда қолаётган «нерадзурри» захира ўйини борлигига қарамасдан, чемпионлик учун курашдан деярли чиқиб бўлди.

 «Аталанта» кўрсатаётган натижалар аллақачон сенсация сифатида саналмаяпти. Ўтган мавсумда ҳам Гасперини қўл остидаги жамоанинг ўзига хос ўйинига гувоҳ бўлгандик. Агар Иличич, Муриэл, Гомес ва Запата ўзлари исташгандек ўйин кўрсата олишса, рақиб жамоа ҳимоячилари учун жиддий бошоғриғи бўлишлари аниқ. Бунга биз Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида «Валенсия»га қарши кечган ўйинларда гувоҳ бўлдик. Клубнинг А Сериядаги иштироки ҳам чакки эмас, Бергамо клуби «Торино», «Удинезе» ва «Лечче» дарвозаларига еттитадан тўп киритди ва олдинги чизиқдаги имкониятлари билан бемалол мақтаниши мумкинлигини исботлади. Таъкидлаш жоизки, бергамоликлар ҳисобида 70та гол бор, бу «Лацио»нинг голларидан 10тага кўпроқдир. Бундан ташқари, «Милан» ва «Парма» ҳам йирик – 5:0 ҳисобида мағлуб этилди. Шунга қарамай, Гасперини шогирдлари турнир жадвалининг тўртинчи поғонасида боришмоқда. Ҳужумкор ўйинни маъқул кўрадиган «Аталанта»нинг жорий мавсумдаги иштирокига омад тилаган ҳолда, жамоани келаси мавусда ҳам ЕЧЛда кўришни хоҳлаган бўлардик.

 Номдор ўртамиёналар

Дастлабки тўртликдан сўнг «Рома», «Милан» ва «Наполи» бормоқда. Аввалига бу жамоаларнинг ҳам имкониятлари юқори баҳоланган эди. Паулу Фонсека устозлик қилаётган «Рома»да ҳимоявий ўйин борасида қатор камчиликлар мавжуд. Фонсека «Шахтёр»да ишлаган вақтида ушбу жиҳат кўзга ташланарди. «Бўрилар»нинг ўйини асосан Клюйверт, Перотти, Перес, Мхитарян ва Пасторенинг ижодкорлиги атрофида қурилган. Ҳимоядаги муаммоларни инобатга олмаганда, бу ҳозирча ёмон натижа бермаяпти. Фикримизча, «Рома» Европа лигаси йўлланмасини ортиқча қийинчиликларсиз қўлга киритади. Бироқ февраль ойидаги кетма-кет мағлубиятлар Чемпионлар Лигаси учун «Аталанта» билан курашда жамоага қимматга тушиши мумкин.

Италия чемпионатининг жорий мавсумида энг беқарор ўйин намойиш этаётган жамоалари – «Милан» ва «Наполи». Бунга мисол тариқасида чемпионат стартидаги омадсиз сериялар ва таннаффусдан олдинги мувафаққиятли ўйинларни келтириш мумкин. Иккала клуб ҳам мавсумнинг аксарият қисмини кучли ўнталикда ўтказишди. «Наполи» бошқарувига Женнаро Гаттузо келгач, у жамоанинг ўйинига жўшқинлик бағишлади. Дрис Мертенс, Лоренцо Инсинье, Аркадиуш Милик каби футболчилар ажойиб ўйин намойиш этишмоқда. Неаполликлар танаффусгача кетма-кет учта ғалаба қозониб, олтинчи ўринга кўтарилиб олишди. Айтиш мумкинки, «Наполи» карантиндан энг кўп азият чеккан жамоа бўлди.

Мамлакатнинг энг номдор клубларидан бири «Милан» ҳам еврокубокларда иштирок этиш учун яхши имкониятларга эга. Миланликлар Европа лигасининг сўнгги йўлланмасига эга бўлиб турган «Наполи»дан уч очкога ортда қолишмоқда. «Россонери»нинг ўзига хос қаҳрамони – Златан Ибраҳимович клубга қайтгач, жамоанинг ўйини сезиларли даражада кучайди. Швециялик футболчи гўёки, жамоадан кетмагандек, келиши билан етакчиликни ўз қўлига олди. Унинг ёнида эса Анте Ребич фаол ўйин кўрсата бошлади. 26 ёшли хорватиялик ҳужумчи сўнгги олти тур давомида олти бор рақиблар дарвозасини ишғол этди, бунгача у асосий таркиб ўйинчиси ҳам эмас эди. Айнан унинг голлари «Удинезе», «Брешиа» ва «Торино» устидан қозонилган ғалабаларни таъминлаб берди. Ҳужум чизиғида Ибраҳимович ва Ребич тандеми яхши натижа бераётган бўлса, Ҳоқон Чалҳанўғли ва Франк Кесси майдон марказидаги ишончли ҳаракатлари билан жамоа ғалабаларида катта ҳажмдаги ишни амалга оширишмоқда. Бундай ажойиб таркибга эга Пиолининг жамоасидан кўп нарса кутиш мумкин. Ҳозирча натижалар яхшиланмоқда ва клуб Европа Лигаси учун курашга қўшилди.

Билол Норқобилов таржимаси.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар