25.03.2020 19:59
1812
«Бу ҳеч кимга устунлик бермайди». Олимпиаданинг қолдирилиши боксчиларимизга қандай таъсир қилади?

Жорий йилнинг ёзида ўтиши белгиланган Токио-2020 Олимпиадаси коронавирус пандемияси туфайли Халқаро олимпия қўмитаси қарорига кўра 2021 йилга қолдирилди. Дунё спорти тарихида илк марта қолдирилган ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақаси қолдирилиши спортчиларимизга қандай таъсир қилади?

Бу борада Олимпиададаги энг асосий умидимиз бўлган, ҳозирга қадар 7та йўлланмани нақд қилиб қўйган бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоасининг катта мураббийи Тўлқин Қиличев билан суҳбатлашдик.

- «Барчамиз интиқлик билан кутаётган Олимпиаданинг 2021 йилга қолдирилганини барча қатори тўғри қабул қилдик. Сабаби, биринчи навбатда одамларнинг соғлиғи ва хавфсизлигига эътибор қаратилди. Халқаро олимпия қўмитаси ва барча федерациялар Олимпиадани бир йил кейинга суриб, тўғри қарор қабул қилишди, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда дунё бўйлаб кузатилаётган коронавирус пандемияси ҳолатида таваккал қилиб бўлмасди. Шу боис биз Олимпиада қолдирилиши қарорини маъқуллаймиз», - дея сўз бошлади Тўлқин Қиличев.

- Олимпиаданинг бир йил кейинга сурилгани боксчиларимизга қандай таъсир қилиши мумкин?
- Биласизми, ҳозирга келиб барчамиз – биз ҳам, рақибларимиз ҳам бир хил вазиятда қолдик. Бу ҳеч кимга устунлик бермайди. Бизга таъсир қиладиган ягона жиҳат бу – йигитларни кейинги йил учун тўлиқ қайтадан тайёрлаш бўлади. Олимпиадага борадиган таркибимиз ҳозирга келиб 80 фоизга маълум. Шундай экан, тайёргарлик режасини қайтадан кўриб чиқиб, пухта ҳозирлик кўрамиз.

- Муҳим мусобақанинг бир йилга кечикишини салбий ёки ижобий таъсири бўладими?
- Фикримча, таъсири бўлмайди. Барча боксчилар ўз вазн тоифаларини сақлайдилар. Биз ҳам барча каби бундай ҳолатга биринчи марта тушаяпмиз. Агар кейинчалик салбий ёки ижобий таъсири пайдо бўлса, бу фақат бизга эмас ҳаммага бир хил таъсир қилади. Албатта, аслида ҳамма нарсанинг ўз вақтида бўлгани яхши. Аммо шундай қарорга келишган экан, бунга кўникишимиз ва охиригача енг шимариб ишлашимиз керак.

- Табиийки тайёргарлик режаси ҳам бузилди. Янги режалар тузиладими?
- Албатта. Бу қарор энди қабул қилинди. Тез орада барча режа ва йиғинларимиз маълум бўлади. Тайёргарлик режаси ишлаб чиқилади. Ундан ташқари олдимизда 22 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионати, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатилари бор. Тайёргарлик режасини алоҳида эълон қиламиз.

Усмон Ибодов суҳбатлашди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар