24.03.2020 15:28
13851
«Ўзбекистонда тўп суришни истамадим». Жасур Яхшибоев ҳар куни поездда Тошкентга қатнагани, Арвеладзе билан келишмовчилиги ва Беларусга қандай бориб қолгани ҳақида

 Таиландда ўтган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатидан кейин олимпия жамоамиз етакчиларидан бири Жасур Яхшибоев легионер бўлишга қарор қилди. Февраль ойида «Пахтакор» 22 ёшли яримҳимоячисини Беларуснинг ўртамиёна клуби «Энергетик-БГУ» клубига ижарага берди.

 «Шунга қарамай, Яхшибоев ҳали ҳамон «Пахтакор»га тегишли футболчи эканлигини тушуниш муҳим. «Пахтакор» бугунги кунда бор эътиборини Осиё чемпионлар лигасига қаратган. Шота Арвеладзе бошчилигидаги клубнинг асосий юлдузи Эрен Дердийўқ саналади. Тошкент клубига миллиардер Алишер Усмонов ёрдам бераётганлиги боис, пул ҳаммага етади», - дея ёзилади Беларуснинг «Прессбол» нашрида.

 Коронавирус пандемияси туфайли Европада миллий чемпионат ўйинлари тўхтатилган бир пайтда хавфга қарамай, Беларусь Олий лигасида янги мавсумга старт берилди. Жасур Яхшибоев дебют ўйинида мамлакат гранди, Европада ном қозона олган БАТЭ клубига қарши майдонга тушиб, дублга эришди ва якунда номдор жамоани мағлуб этиб, жамоаси билан дастлабки турдаёқ пешқадамга айланиб олди.

 Кўҳна қитъада барча чемпионат ва лигалар тўхтатилган бир пайтда кўпчиликнинг диққат эътибори айнан Белоруссия Олий лигасига қаратилган. Сенсацион натижа орқали Жасур Яхшибоев лига ўйинларини ёритишни бошлаган Россиянинг «Матч ТВ» каналида ҳам эътироф этилди. Қолаверса, «Прессбол» ва «Parimatch» айнан ўзбекистонлик футболчини тур қаҳрамони, дея эълон қилди ва ҳамюртимиздан интервью олди.

 - Жасур, Чинозда туғилган экансиз. Футбол жамоаси бўлмаган шаҳарда қандай қилиб футболчи бўлиш мумкин?

- Тўғри, чинданам у ерда жамоа йўқ. Аммо мен доимо «Пахтакор»га мухлислик қилардим. Чиноз Тошкент вилояти таркибида бўлиб, пойтахтдан 60 км чақирим узоқликда жойлашган. 7 ёшимдан бошлаб ҳар куни Тошкентга қатнаганман – «Пахтакор» мактабида шуғулланиш учун. Эрталаб бувим билан «электричка»да жўнаб, кечқурун яна 1,5 соатда шундай қайтардик. Ота-онамнинг ўз иши бор эди. Еттинчи синфда ўқиётганимда эса Тошкентга кўчиб, «Пахтакор» интернатида ўқишни бошлагандим.

 - Беларусга қандай келиб қолдингиз?

- Ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида «Пахтакор»дан ижара асосида Суперлиганинг бошқа клуби ОКМКга ўтгандим. Олмалиқ жамоасида Шаҳбоз Умаров билан бирга ўйнадик, у ҳам мен билан «Энергетик-БГУ» клубига ўтди. Олмалиқда беларуслик Владислав Косминин ҳам биз билан бирга тўп сурганди. Очиғи, Ўзбекистонда тўп суришни истамадим. Европага кетиш вақти келганлигини тушунгандим.

Илья Шкурин сингари «Энергетик-БГУ»дан ЦСКАга ўтиш? Нега энди йўқ? Худо хоҳласа ҳамма нарса бўлиши мумкин. Агентим билан учрашгач, у Анатолий Иванович ҳақида гапирди: «Сени футболчи қилиб тарбиялайдиган бувани биламан. Сен билан ишлаб, жисмонан тайёр футболчига айлантиради. Яхши футболчи бўлиб етишасан».

Ўшанда Жанубий Корея клубига йўл олиш вариантим ҳам бор эди. Икки йил олдин Осиё чемпиони бўлган бир қатор жамоадошларим Кореяга кетишганди. Мен эса таклифни рад этиб, Европани танладим. Ҳар ҳолда бу ерда бошқа даража.

 - Кўринишидан яхши футболчига ўхшайсиз, нега «Пахтакор»да қолмадингиз?

- Бош мураббий билан келиша олмадик. Жамоани Шота Арвеладзе бошқармоқда. Жуда кам ўйнардим. Мураббий мени фақат захирадан атиги 10 дақиқага майдонга туширарди, холос. Дарвоқе, ОКМКни ҳам таниқли мураббий Миржалол Қосимов бошқармоқда.

 - Осиё чемпионати ғолиблигини қўлга киритиш ёқимли бўлса керак?

- Умуман бошқача ҳиссиётлар. Ўзбекистон чемпионатида тўп суриш бошқа, Осиё чемпионати эса умуман бошқа турнир.

 - БАТЭгача сўнгги марта қачон дублга эришгансиз?

- Айнан Хитойдаги турнирда эди. Биз чорак финалда Японияни 4:0 ҳисобида мағлуб этганимизда иккита гол ургандим. Кейин эса яримфиналда Жанубий Кореяни 4:1 ҳисобида таслим этдик. Финалда эса Вьетнамни мағлуб этиб, чемпион бўлдик. Сон Хин Мин ўшанда корейслар таркибида йўқ эди. Аммо у билан 2018 йилги Осиё ўйинларида тўқнаш келганмиз.

 - Бош мураббий Владимир Белявский сизни бутун Осиё танишини айтди...

- Балки, ҳар ҳолда Ўзбекистонда гоҳида кўчаларда таниб қолишади.

 - Беларусдаги дастлабки ўйинингизда дублга эришдингиз. Таассуротларингиз қандай?

- БАТЭ – кучли жамоа. Бу клубнинг Чемпионлар лигасидаги ўйинларини кузатганман. Ўзи анчадан буён юқори савиядаги жамоага қарши тўп суришни истаётгандим. Ўйинда осон бўлмади. Ўйлашимча, БАТЭ бизга қарши барча имкониятларини ишга солмагандек туйилди – негадир юз фоиз кучи билан ўйнай олмади. Биз эса кучли иштиёқ эвазига рақибни мағлуб эта олдик. Чемпионатнинг гранд клубини мағлуб этиш жанговар руҳ ва кучимизга ишонч бағишлайди. Янада кучлироқ руҳлантиради. Ушбу ғалабадан кейин энди исталган жамоани мағлуб эта олишимизни тушунаяпмиз.

 - Фамилиянгизни қандай айтиш тўғри бўлади?

- Мана паспортимда инглизчада Yakhshiboev ёзилган. Аммо ўқилиши бошқачароқ бўлади – Яхшибоев. Мана шундай ёзиш ва айтиш тўғри бўлади.

Усмон Ибодов таржимаси.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар