13.03.2020 17:46
8030
«Чемпионат ўйинлари қайта бошланибди...» — Футбол берадиган умид ҳақида

Тўғрими, нотўғрими, билмадим-у, айтайлик, урушда қатнашаётган аскар шамолламас экан. Чунки бутун вужуд каттароқ хавф билан курашаётганда, ўлим билан юзма-юз келганда, оддий, кичик хасталиклар ўз-ўзидан чекиниб, даволаниб кетаверар экан. Ростанам, жанг окопида ўтирган бир солдатнинг сув ичгиси келганида, томоғим оғримасин дея, иссиқроқ сув қидириши кулгили кўринади ҳам. 

Бу устуворлик дейилади. Инсон, инсоният ҳам, энг аввало ўша устуворликни аниқлаб олиши, айнан ўша ўлчовларда ҳаракат қилиши лозим. Бирор кичик масала, устуворроқ мақсадга халақит берганида, кичигидан воз кечилади.  Инсон саломатлиги унинг дам олиш ҳуқуқидан устуворроқ, инсон ҳаёти ҳар қандай бойлик ёки сиёсатдан устун туради. 

Италия, Испания, Германия ва Франциядан кейин, Англия ҳам камида уч ҳафтага чемпионат ўйинларини тўхтатди. Европа Чемпионлар Лигаси, Европа Лигаси билан ҳам шундай ва ҳатто Евро-2020 энди Евро-2021 бўлса керак. Майли, футболсиз яшаса бўлар. 

Лекин биласизми, айнан спорт, хусусан спорт мусобақаларининг тўхтатилиши масаланинг анча жиддийлигини исботлайди. Бўлмаса, Хитойдаги воқеалар, Европадаги коронавирус хабарлари қарийб бир ойдан бери давом этиб келмоқда – нечта одам касалланиб, нечтаси вафот этгани рақамларда акс этиб келди. Ким учундир шунчаки, рақам, ким учундир бир яқин инсон. Лекин масалан, «Арсенал» бош мураббийи ёки «Ювентус» футболчиси (ёки Том Ҳэнкснинг ҳам) касалланганини бошқачароқ қабул қиламиз – худди яқин одамимиздек, худди бу бало биз учун бегона эмасдек.

Яъни футбол ҳаётимизда катта ўрин тутмаслиги мумкин, лекин айнан футболдан воз кечаётганимиз, бундан буёғига фақат катта нарсалар ҳақида ўйлашимиз кераклигини англатадигандек гўё. 

Худди, эртага бир кун, «фалон ерда чемпионат ўйинлари бошланади» деган хабарни эшитганимизда, инсоният коронавирусни енгганини, ниҳоят одатий ҳаёт тарзига қайтаётганини англаганимиздек.   

Ана ўшанда, биз учун яна майда масалалар катталашади, ростанам муҳим масалалар ҳақида камроқ ўйлашни бошлаймиз, «Ливерпуль»нинг чемпион бўлиши аслида анча аҳамиятлироқ бўлган мавзулардан муҳимга айланиб қолади. Катта эҳтимол билан шундай бўлади.

Аммо биз, бир инсон ёки инсоният, мана шу устуворлик ҳақида бир ўйлаб кўриши, балки ўзгариши учун зарур бўлган уч ҳафта ҳам бекор кетмаслигини истардим.

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар