12.03.2020 08:14
7143
Эл Чоло «Энфилд»ни тинчитди, Неймар – бўш стадион қаҳрамони. ЕЧЛнинг икки «жанги» ҳақида

ЕЧЛда яна икки чорак финалчи аниқланди. «Атлетико» меҳмонда «Ливерпуль»ни мағлуб этиб кейинги босқичга чиққан бўлса, «ПСЖ» ўз майдонида «Боруссия»га имконият қолдирмади.

Ҳиссиётсиз қолган «арилар» чақа олмади

Тунда ўтказилган икки ўйиндан бири олдинроқ тугади, десаям бўлади. «ПСЖ» асосий вақтнинг ўзида «Боруссия»ни «тинчитиб» қўя қолди. Неймар ва Бернарднинг голлари парижликларга ғалаба келтириб, Германиядаги 2:1 ҳисобининг аҳамиятини йўққа чиқарди. Бу ўйин коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида мухлисларсиз ўтказилди. Бу омил мезбонларга қийинчилик туғдириши кутилганди, ахир ўз майдонида мухлислари далдасисиз ўйнаш қийин-да!

Аммо стадионда мухлислар йўқлиги аксинча немисларга қийинчилик туғдиргандек бўлди гўё. «Сигнал идуна парк»даги даҳшатли атмосферада ҳар қандай рақибни тор-мор қиладиган «Боруссия» Париждаги бўш стадионда ҳеч нарса қила олмай қолди. Албатта, бунга асосий сабаб рақиб ўйини ўхшаб қолганидир, лекин бўш стадион ҳам «арилар»га таъсир қилиб улар «чақолмай қолди». Ҳоланд ва Санчо ҳам ҳеч нарса қила олишмади. Бир сўз билан айтганда, ҳеч қандай ҳиссиётсиз, фақат футболгина майдонда қолганида «ПСЖ» кучлироқ экани кўринди.

Неймар – бўш стадион қаҳрамони

Бу мавсумда ҳам жароҳатлар гирдобида қолаётган Неймар ниҳоят ўз даражасига яқин ўйин кўрсатди. Тўғри, унинг голи оддийгина тарзда бош билан урилди, лекин жамоанинг унга ўйнаши, ўйинни ўз қўлига олиши Неймарнинг ҳамон катта футболчи эканини кўрсатди. Замонавий футболнинг энг истеъдодли намоёндаларидан бири ҳисобланган Неймар бу вақтгача аллақачон «Олтин тўп»ни олган бўлиши керак эди, лекин доим бир хил ўйин кўрсата олмаслиги бразилиялик суперюлдузнинг максимал даражада порлашига халақит берарди.

«Боруссия»га қарши ўйинда Неймар феноменал ўйин кўрсатгани йўқ, шунчаки у кичик қайтишни амалга оширди. «Барселона»да бўлган вақти Неймарга дунё футболининг бўлажак қироли деб қарашарди, аммо Парижда Неймар ҳар туғилган кунида жароҳат оладиган, машғулотга келмай қоладиган ва жуда кўп вақтини даволаниш билан ўтказадиган шоу-бизнес юлдузига айланиб қолганди.

Неймар сўнгги вақтларда вазн орттиргани ҳам сезилмоқда. Мана шундай суперфутболчи кўз олдимизда катта маошнигина ўйлайдиган юлдузга айланиб бораётгандек эди. Унинг номи камдан-кам ҳолларда футбол билан боғланар, у мода журналларида футбол нашрларидан кўпроқ кўриниш берарди. Лекин аслида Неймар учун футбол ҳамон энг муҳим нарса экани айнан «Боруссия»га қарши ўйинда кўринди. У ғалабадан сўнг йиғлади... Ниҳоят «ПСЖ» учун нимадир қила олгани, футбол оламида ўз ўрнини йўқотмаганини исботлай олгани учун йиғлади.

«ПСЖ» доим ЕЧЛда камбэклар қурбонига айланиб келарди, аммо бу гал парижликларнинг ўзи камбэк қилиб, ғалабага эга чиқиди. Албатта, бу ғалабада Тухелнинг ҳам ўрни катта. «Боруссия» ҳар қанча ўзгарган бўлмасин, Тухелда собиқ жамоаси ҳақида етарлича тушанчалар бор эди.

«Энфилд»даги жанг. Эл Чоло ва «Реал»га керак бўлмаган футболчилар порлаши

«Энфилд»даги ўйин эса ЕЧЛ тарихидан ўрин олди. Бундай даҳшатли ўйинни мухлислар унутмайди. Мадриддаги мағлубиятдан сўнг максимал даражада мотивацияга эга бўлган Клопп жамоаси бутун ўйин давомида ҳужум уюштирди. «Ливерпуль» шунчалик кўп голли имкониятларга эга бўлдики, агар Криштиану Роналду Клопп жамоасида ўйнаганда, бу баҳсда 5-6та гол урган бўларди балки. Салоҳ ва Мане эса сон-саноқсиз ноаниқ зарбалар йўллаб вазиятни мураккаблаштириб юборишди.

Биринчи бўлим инглизлар учун ёмон ўтмади. Вейналдумнинг голидан сўнг Клопп жамоаси хотиржам ҳолда танаффусга йўл олди. Аммо иккинчи бўлимда Симеоне майдонга ўзининг ташриф қоғозига айланган ҳисобни ушлаш қироли бўлган «Атлетико»сини бошлаб тушди. Коке ва жамоа мардонавор тарзда ҳимояланиб берди. «Атлетико» ҳеч қачон бу ўйиндаги каби кўп ҳужумларга дуч келмаган ва бу қадар иродали эканини кўрсатмаганди.

«Ливерпуль» футболчилари шунчалик кўп ҳужум қилишдики, ҳакам ўйинга атиги 2 дақиқа қўшиб берди. Бу ҳам икки ўзгариш ва сариқ карточкалар учун тўхталишларга компенсация эди. Қолган вақт давомида фақат «Ливерпуль» ҳужум қилди.

Бу баҳс 2010 йилги «Барселона» — «Интер» ўйинини ҳам эслатиб юборди. Ўшанда Моуриньо бошчилигидаги «Интер» амалдаги чемпион ва даҳшатли «Барселона»ни антифутбол ўйнаб мағлуб этганди. «Энфилд»да ҳам, мадридлик мухлислар хафа бўлишмасин, «Атлетико» айнан антифутбол ўйнади, лекин бундай қўрқинчли «Ливерпуль»ни бошқачасига тўхтатиб бўлмасди ҳам.

Футболда асосий мақсад қоидани бузмаган ҳолда рақибдан кўпроқ гол уриш ва ғалаба қозониш. Буни қанақасига, қандай тактика билан амалга ошириш ҳамманинг ўз хоҳишига боғлиқ. Эл Чоло (Симеоненинг лақаби) «Ливерпуль» қўшимча бўлимлар аввалида гол ургачгина футболчиларига эркин ўйнашга рухсат берди ва катта саҳнага Маркус Льоренте чиқди. «Реал»га керак бўлмай қолиб Мадриднинг иккинчи жамоасига келган яримҳимоячи 8 дақиқа ичида иккита супергол уриб «Атлетико»ни чоракфиналга олиб чиқди.

Бу баҳснинг яна бир қаҳрамони Альваро Мората бўлди. Экстра бўлимларда майдонга тушган яна бир собиқ «реалчи» аввалига Льорентенинг иккинчи голига ассистентлик қилган бўлса, ўйинга якуний нуқтани қўйган голни ўзи урди. Бу гол бир нечта тарихий голларни эслатди. Масалан, Эммануэль Петининг ЖЧ-1998 финалида Бразилияга урган голи, Торреснинг «Челси» сафида «Барселона»га урган голи. Бу голларнинг барчаси ўта муҳим ўйинларга мантиқий якун бўлганди.

Шу тариқа, «Реал»га керак бўлмаган икки юлдуз шу оқшомда порлаб, «Атлетико»ни қаҳрамонларча кейинги босқичга олиб чиқди.

Кариусни эслаб...

Бу ўйиндаги энг яхши футболчилардан бири мадридликлар посбони Ян Облак бўлди. У жуда кўп вазиятда жамоасини голдан қутқариб қолди. «Ливерпуль» дарвозабони эса... Алиссоннинг жароҳати сабаб вақтинча асосий дарвозабонга айланган Адриан худди Лорис Кариус каби муҳим паллада қўпол хато қилиб бутун жамоасининг мағлубиятига сабабчи бўлиб қолди. У «Атлетико»нинг биринчи ва амалда ҳал қилувчи бўлган голида тўпни Фелишнинг оёғига ташлаб берди. Португалиялик футбочининг узатмасидан сўнг Льоренте яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Дарвоқе, Льорентенинг иккинчи голи ҳам яқин бурчакка урилди.

«Ливерпуль» икки мавсум аввал ЕЧЛ финалига чиққан ва Кариуснинг қўпол хатолари сабаб «Реал»га енгилганди. Ўша ўйиндан сўнг мерсисайдликлар «Рома»дан Алиссонни олиб келишга қарор қилганди. Алиссон ва ван Дейк «Ливерпуль»нинг ягона камчилиги бўлган ҳимояни эпақага келтиришди, натижада жамоа ЕЧЛда ғолиб бўлди. «Атлетико» билан ўйинда айнан Алиссоннинг йўқлиги қимматга тушди.

Аммо Адрианнинг хатолари, Салоҳ ва Маненинг ноаниқ зарбалари бу ўйин қаҳрамонлигини Симеоне ва жамоасидан олиб қўя олмайди. Худди Ахилл у билан жанг вақтида тошга қоқилиб йиқилган Ҳекторни урмай рақиби ўрнидан туришини кутаётганда «қандайдир тош мендан жанг қаҳрамонлигини тортиб оломайди» дегани каби.

«Атлетико» Симеоне даврида Европанинг ҳеч бир жамоасидан қўрқмайдиган «безори жамоа»га айланди ва ҳамон «безбетларча» кўҳна қитъа грандларини мағлуб этмоқда. Тўғри, футбол ҳужумкорлик билан гўзал, лекин бу ажойиб ўйинда телба Симеоненинг «Атлетико»си каби бошидан баланд сакрай оладиган совуққон жамоаларнинг ҳам ўрни беқиёс. Шубҳасиз, Симеоне жамоаси футболни фақат яхшироқ қилмоқда...

Ўткир Жалолхонов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар