09.03.2020 12:33
6273
Теглар
«Олтин изловчилар»нинг африкалик «топилма»си ва 100 миллионлик трансфер. «Қизилқум» ўзгаришлар арафасидами?

2020 йилги Суперлига иштирокчи жамоаларининг тайёргарлиги, таркибдаги ўзгаришлар, режа ва мақсадлари билан таништиришда давом этамиз.

Kun.uz ва Tribuna.uz сайти мухбирлари бу сафар Навоий шаҳрида бўлиб, «Қизилқум» жамоасининг тайёргарлиги, стадиони ва таркибдаги ўзгаришлари билан танишдик, мураббий ва футболчилар билан суҳбатлашдик.

 Клуб стадиони

Навоий шаҳрига кириб борар экансиз, сиз учратган дастлабки катта бинолар спорт мажмуалари бўлиб, олимпия шаҳарчаси шаклида қурилган. Вилоятнинг айни дамдаги асосий аренаси «Ёшлик» стадиони ҳам айнан шу ерда жойлашган бўлиб, «олтин изловчилар»нинг уй стадиони саналади. Кореялик мутахассислар томонидан ҳозирланган стадион чими тез орада идеал ҳолатга келиши кутилмоқда. Ўз бағрига 12 500 томошабинни сиғдира оладиган ўйингоҳ трибуналари, таблоси ва ёритиш тизимида ҳам муаммо йўқ.

 Таркибда қандай ўзгаришлар қилинди?

Қайд этиш жоиз, «Қизилқум» клуби сўнгги мавсумда имкониятидан паст натижа кўрсатди. Мамлакатимизнинг энг йирик корхоналаридан бири саналмиш НКМК ҳомийлигидаги Навоий клуби 2019 йилги мавсумда Суперлигада қолиш учун курашиб, 13-ўрин билан элитада илиниб қолди. Қониқарсиз натижа туфайли жамоа таркибида ўзгаришлар юз бериши кутилганди.

Февраль ойида Туркияда икки ҳафталик йиғин ташкил этган «Қизилқум» жамоаси бир қатор футболчиларни синовдан ўтказди. Жумладан, навоийликлар ҳужум чизиғига Африка қитъасининг Намибия мамлакатидан Маккартни Тевин Навесибни таклиф этишди. Қайд этиш керак, Навесиб Ўзбекистон футболи тарихидаги илк намибиялик легионерга айланди. Клуб аъзоларининг айтишича, Суперлига 1-турда «Насаф» дарвозасига гол урган африкалик «олтин изловчилар»нинг «топилма» футболчиларидан бири бўлади.

Шунингдек, Самарқанднинг «Динамо» жамоаси ҳужумчиси Қадамбой Нурметов ҳам қўшни вилоят клубига ўтди. Маълумотларга кўра, Навоий клуби футболчи учун Самарқанд жамоасига 100 миллион сўм трансфер пули тўлаган.

 «Қизилқум»нинг 2020 йил учун янги футболчилари:

Абди Башимов - 2020, декабрь (Туркманистон)

Везиргельди Ильясов - 2020, декабрь (Туркманистон)

Олег Толмасов (Россия) - 2020, декабрь (Грузия)

Маккартни Тевин Навесиб – 2020, декабрь (Намибия)

Руслан Веклич - 2020, декабрь (Локомотив)

Руслан Матниёзов - 2020, декабрь (Андижон)

Акром Хўжаев - 2020, декабрь (Оқтепа)

Зухриддин Абдуллаев - 2020, декабрь (Локомотив-БФК)

Азизбек Аҳмедов - 2020, декабрь (Зомин)

Қадамбой Нурметов - 2021, декабрь (Динамо)

 Равшан Мередов: «Қизилқум» янги мавсумга 60-70 фоизга тайёр»

«Қизилқум» клубининг Навоийдаги машғулотларини кузатгач, ўзимизни қизиқтирган саволлар билан клуб бош мураббийи Ҳамид Актамовга мурожаат этмоқчи эдик. Аммо у машғулот аввалида ўйингоҳни тарк этгани боис, клубда катта мураббий сифатида яқинда иш бошлаган туркманистонлик мураббий Равшан Аманович Мередов билан суҳбатлашдик.

- «Қизилқум» жамоасига мени Ҳамид Актамов таклиф этди. Биз у билан “Про” лицензияси учун бирга ўқиётган эдик. Мураббий сифатида ёрдам беришимни сўраганида, дўстимнинг таклифига рад жавоб бера олмадим. Ўзбек футболини ўзига яраша яхши даражада дея оламан.

Янги мавсумга тайёргарлик жараёни 10 январь кунидан Навоийда бошлаганди. Иккинчи босқич тараддудини Тошкентда ўтказдик. Якуний тайёргарликни эса Туркияда ташкил этиб, 10 кун давомида жиддий ҳозирлик кўришга интилдик. Белек шаҳрида хориж клублари билан қатор ўртоқлик баҳслари ўтказиб, Навоийга қайтдик.

«Қизилқум» ҳозирга келиб янги мавсумга 60-70 фоизга тайёр. Бизда яхши тайёргарлик кўриш учун вақт камлик қилди. Таркибни шакллантириш ҳақида гапиришим қийин. Сабаби расман февраль ойидан клубда иш бошлагандим. Маълум сабабларга кўра, таркиб борасида тўлиқ иш олиб боришга улгурмадик. Имконияти бўлса таркибни кучайтирамиз.

Легионерлар ҳақида? Руслан Маргиев ўтган мавсумда ҳам жамоада эди. Абди Башимов ва Везиргельди Ильясовни яхши билганимиз учун Туркманистондан чақирдик. Шунингдек, Россиядан Олег Толмасов ва Намибиядан Маккартни Тевин Навесибни қўшиб олдик. Уларнинг мослашиши учун вақт керак.

Чемпионатнинг илк турларидан кутилмаган натижалар қайд этилди. Уйимизга «Насаф»га мағлуб бўлмадик. Ўйлайманки, дастлабки давра баҳслари кутилмаган натижаларга бой ўтади. Ўтган мавсум жамоа қуйи лигаларда юриб, ўзига ярашмаган натижалар қайд этди. Бу йилги мақсадимиз энг аввало ўз мавқеимизни тиклашдан иборат» - дейди навоийликлар мураббийи.

 «Мақсадимиз - Суперлигада кучли олтиликка кириш»

Мураббийнинг фикри билан танишгач, жамоанинг етакчи футболчилари фикри билан ҳам қизиқдик.

Воҳид Шодиев («Қизилқум» ҳужумчиси): Жамоамиз билан бирга янги мавсумга пухта тайёргарлик кўрдик деб ўйлайман. Туркияда Европанинг бир қатор клублари билан ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Фикримча, жамоамиз мавсумга 80-90 фоизга тайёр.

Қадамбой Нурметов («Қизилқум» ҳужумчиси): «Қизилқум» сафига киришиб кетиш осон кечди. Чунки жамоадаги аксарият йигитлар билан ака-укадек бўлиб кетганмиз. Энг аввало, Навоийда мухлислар қаршисида ҳар бир баҳсда ғалаба қозонишимиз керак.

 Салим Мустафоев («Қизилқум» ҳимоячиси): Йил аввалида Навоий, Тошкент ва Туркияда яхши тайёргарлик кўрдик, деб ўйлайман. Суперлига бошланишига жамоамиз тайёр бўлмаса-да, ўйиндан-ўйинга кучайиб борамиз. 1-турда кўрдик мавсум бошида барча жамоалар деярли тенгкучга эга.

 Шерали Жўраев («Қизилқум» сардори): Мақсадимиз – Суперлигада кучли олтиликка кириш. Таркибимизда янги мураббий ва футболчилар қўшилди. Энди ўтган йилги хатоларимизни такрорламасдан, қўйилган вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз. Легионерларимиз яхши. Фақат, Африкадан келган футболчи билан тил борасида қийинчилик бўлаяпти. Шунга қарамай, у гол уришни бошлади. Легионерлар ишончни оқлашади, дея фикр билдирди жамоанинг кўп йиллик сардори Шерали Жўраев.

 Ижодий жамоамиз Навоийда «Қизилқум» клуби тайёргаргарлиги билан танишиб қайтгач, жамоада ўзгаришлар юз берди. Кўп йиллар давомида клуб президенти саналган НКМК бош директори Қувондиқ Санақулов ўрнига жамоа президенти сифатида Суперлига собиқ ҳаками, бунгача «Сурхон» клуби директори лавозимида ишлаб келган Ҳасан Рўзиев иш бошлади. Маълумотларга кўра, яқин орада клуб мураббийлар штабида ҳам ўзгаришлар юз бериши мумкин. Кузатишда давом этамиз.

Усмон Ибодов, Ғайрат Йўлдош,
Тасвирчи Фахриддин Ҳотамов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар