02.03.2020 12:07
11290
Винисиус: Мессидан ўзди, Роналдуга тақлид қилди ва класикода ғолиб бўлди

«Барселона» дарвозасига ғалаба голи 19 ёшли бразилиялик Винисиус Жуниор томонидан урилди.

Испания чемпионати, 26-тур
«Реал» — «Барселона» — 2:0 (0:0)
Голлар: Винисиус Жуниор, 71 (1:0). Диас, 90+2 (2:0).
«Реал»: Куртуа, Карвахаль, Варан, Серхио Рамос, Марселу, Вальверде (Васкес, 86), Каземиро, Кроос, Иско (Модрич, 79), Бензема (Диас, 90+1), Винисиус Жуниор.
«Барселона»: тер Штеген, Семеду, Пике, Юмтити, Жорди Альба, Бускетс, де Йонг, Артур (Ракитич, 80), Месси, Гризманн (Фати, 81), Видаль (Брэйтуэйт, 69).
Огоҳлантиришлар: Винисиус Жуниор, 10. Карвахаль, 19. Жорди Альба, 19. Месси, 85.
Ҳакам: Матеу Лаос (Испания).
1 март. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони.

Ўйиндан аввал «Реал»нинг собиқ футболчиси, кейин клуб директори ҳам бўлган Хорхе Вальдано бу класикога «чўлоқлар пойгаси» деб таъриф берганди. Аргентиналик қисман ҳақ бўлиб чиқди — биринчи бўлим давомида кўп футболчилар шундай кўринишди ҳам.

Биринчи бўлим охирида Гризманн, Видаль ва Месси Марсело ва Варанга қарши «3га 2» вазиятида қолишди, аммо бу ҳужум аргентиналик ҳужумчининг кучсизгина зарбасини Куртуа қайтариб юбориши билан якунланди. Бир дақиқа ўтиб эса худди шундай ҳужум «Реал» томонидан уюштирилди, аммо бу ҳужум Винисиуснинг хато паси рақиб оёқларидан қайтиши билан якунланди. Ҳолбуки бундай ҳужум одатда зарбагача етиб боради.

Барбод бўлган биринчи бўлим
Биринчи бўлимда ҳеч ким кутмаган статистика: «Реал» форварди Винисиус XXI асрдаги класиколарнинг энг ёш гол муаллифи бўлди (19 ёшу 233 кун). Аввалги рекорд Мессига тегишли эди (19 ёшу 259 кун).

Нега кутилмаган? Биринчи бўлимдаги ўйинига қараб бразилиялик футболчи гол уришига ишониш қийин эди. Англия футболида бундай футболчиларни шундай атама билан аташади — «бошсиз товуқ». Ҳар бир фермерга маълумки, товуқни сўйиш вақтида уни қаттиқ ушлаб туриш керак — акс ҳолда у бир неча дақиқа давомида бошсиз ҳам чопиб юриши мумкин. Винисиус биринчи бўлимда кўрсатган ўйин ҳам уёқдан буёққа беҳуда чопишдан иборат бўлди.

У ҳаддан ташқари фаол эди. Унинг ҳаракатлари харитасига қараб, чап қанотда у босиб ўтган йўллар билан қамраб олинганини кўриш мумкин. У ўнг қанотга ҳам югурди, фақат мақсадсиз. Буни якуний рақамлар ҳам тасдиқлайди: Винисиус 12 марта дриблинг ишлатган, фақат 4таси муваффақиятли чиққан. Алдаб ўтишлар сони бўйича ўйинда иккинчи ўринни Артур эгаллаган, аммо унинг натижаси беш уринишда амалга ошган. Бразилиялик футболчи нимага уринди? У нима учун рақиб «Барселона» эканини ҳисобга олмасдан, тажрибали футболчиларни алдаб ўтишга уринди?

Крооснинг паси
Винисиус икки жамоа натижалари бўйича ҳам тўп йўқотишлар бўйича майдондаги энг ёмон футолчи эди (20 марта), у яккакурашларда ютиб чиқиш бўйича энг ёмонлардан бири бўлди (27 фоиз). Аммо у дуэлга неча марта киришди денг? 22 марта! Табиийки, бу ўйиндаги энг юқори кўрсаткичдир. Иккинчи ўриндаги Нелсон Семеду 16 марта тўп учун курашган.

Бу ҳайратланарли ва турли рақамлар Винисиус ўйинидаги ранг-барангликни кўрсатади: у жуда фаол бўлди, аммо иккинчи бўлим ўрталарида унинг фойдалилик кўрсаткичи деярли нолга тенг эди, бразилиялик футболчи шунчаки чанг чиқариб ўйнарди. Энергия кўп бўлиши яхши. Аммо ундан тўғри фойдаланиш керак. Мадридликлар бахтига уни тўғри йўналтирадиган футболчи топилди.

Винисиус, албатта, ғалаба голи муаллифи, аммо бу голни Кроос ўйлаб топди. Шунчаки ўйлаб топмади — у ҳатто рақибга бу гол қандай урилишини олдиндан кўрсатиб турди! Гол урилишидан бир неча лаҳза олдин Кроос тўп билан тўхтаб турди ва Винисиусга қаерга чопишни қўли билан кўрсатди. Германиялик футболчининг ҳаракатини «Барселона» футболчилари кўриб турган бўлишсада, унинг узатмаси керак вақтда керакли жойга етиб борди. Винисиус тўпни эгаллади ва тер Штегеннинг яқин бурчагини нишонга олди. Бу вазиятда ҳам унга ёрдам беришди — у рикошет учун Пикега раҳмат айтиши керак.

Криштиану реверанси
Винисиус Мессининг рекордини янгилади, албатта унинг ўзи бу гол аҳамиятини гол урганида ҳам билмаган. Қизиқ томони, бразилиялик футболчи муваффақиятини Криштиану Роналду каби нишонлади.

Португалиялик футболчи ўйинни стадионда кузатиш учун Мадридга учиб келганди, у собиқ жамоадошларини қўллаб-қувватлаш учун танаффусда кийим алмаштириш хонасига ҳам ташриф буюрди. Бу ҳақда ўйиндан кейин Винисиус айтиб берди: «Криштиану биринчи бўлимдан кейин олдимизга кирди, бизга руҳий далда бўлди, бу жамоага ёрдам берди. Шунинг учун ҳам мен голни у каби нишонладим. Роналду — майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам ғолиб».

Винисиус учун Криштиану кўп нарсани англатади, ахир у Зинедин Зидан бошқаруви даврида аввал португалиялик ёрқин дамларини ўтказган позицияда ҳаракатланмоқда. Албатта, Роналдунинг ўрнини ҳеч ким тўлиқ босолмайди — на Винисиус, на Бэйл ва на Азар. Бразилиялик футболчи учун бу ўйин фаолиятидаги ҳозирча энг ёрқин воқеа бўлди. Шу туфайли у голдан кейин «Қироллик клуби» рамзини ўпди, ўйиндан кейин ҳам бу ҳақда гапирди: «Бу «Реал»даги энг ёрқин оқшомим. Мен бу кечани ҳеч қачон унутмайман».

Сетьен Мессининг даҳосига умид қилиши қолганди. Аммо Лео «Сантьяго Бернабеу»да йўқолиб қолди. Балки у Роналду ташрифи туфайли ўзини йўқотиб қўйгандир? Аргентиналик футболчи бирга-бир вазиятлардан фойдалана олмади, Марсело ўзини қувиб етишига имкон берди ва Каземирога тактик фол ишлатгани учун сариқ карточка олди. Бошқа ҳеч нарса кўрсата олмади.

Танаффусдан кейин у фақат бир зарба бериш ва бир ҳужумни ривожлантирувчи пас узатиш билан чекланди. Бу мавсумда Примера ўйинида илк марта майдонга чиққан Мариано Диас ҳисобни 2:0 кўринишига келтиргач эса, «Реал» биринчи ўринга қайтиши аниқ бўлиб қолди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар