03.02.2020 17:24
1519
Мбаппе Тухель билан можаро ортидан Бенземанинг голига лайк босди. У яна «Реал»га кетишига ишора қилмоқдами?

«ПСЖ» ҳужумчиси шанба куни жамоа бош мураббийи Томас Тухель билан рўй берган зиддиятли воқеа ортидан инстаграмда Карим Бенземанинг Мадрид дербисида «Атлетико» дарвозасига урган голи тасвирланган видеога «лайк» босди.

Бу орқали Килиан Мбаппе яна бир марта «Реал»га кетмоқчилигига ишора қилаётгани ҳақида тахминлар пайдо бўлмоқда. Париж клуби фанатларини унинг бу ҳаракати ғазаблантирмоқда.

Француз футболчи шанба куни «Монпелье»га қарши ўйин вақтида рўй берган воқеадан кейин газеталарнинг муқоваларини эгаллади. Ўйинда ҳисоб 5-0 кўринишига етгач, 68-дақиқада Томас Тухель Мбаппени майдондан олди ва унинг ўрнига Мауро Икардини туширди. Форвард бундан норозилигини очиқ намойиш этди, мураббий уни қучоқлаб олиб вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилди, аммо у мураббийга жаҳл қилган ҳолда захира ўриндиғига йўл олди.

Ўйиндан кейин Тухелдан ҳодиса бўйича изоҳ сўрашди, у футболчини жазоламоқчи бўлмагани, буни тасдиқлаш учун уни қучоқлаганини айтди.

«Жамоада майдонда ким ўйнашини ва ким майдондан чиқишини мен ҳал қиламан. Килиан ақлли йигит ва нима қилишни билади. У алмаштирилишини ёқтирмайди, умуман, бу ҳеч кимга ёқмайди. Футболчиларнинг бундай реакцияси фақат биздагина эмас. Бугун мен «Дортмунд»да ҳам шундай ҳолатни кўрдим (Ҳакими ва Ройс захирага олинганидан норози бўлишганди). «Ливерпуль» ва «Ман Сити» футболчилари ҳам шундай қилишади.

Лекин бундай қилиш яхши эмас – бу туфайли клуб атрофида турли миш-мишлар пайдо бўлади ва кайфият бузилади. Жамоа ҳамиша Килианни қўллаб-қувватлайди, чунки у профессионал ва ҳамиша жамоага натижа келтириш ҳақида ўйлайди. Мен ғазабланганим йўқ, лекин хафа бўлдим, бундай бўлмаслиги керак эди.

Мен Килианга вазиятни тушунтирдим: нега бундай қарор қилганимни. Мен ҳамиша спортча принциплар билан ишлайман, ахир биз теннис ўйнамаймизку – шунинг учун жамоадошларга ҳурмат кўрсатиш керак.

Мен ҳодисани мураббийлар штаби билан муҳокама қиламан, футболчилар билан эмас. Мен ҳеч қачон ўйиндан кейин футболчилар билан гаплашмайман: кимдир интервью бераётган бўлади, кимдир допинг-тестдан ўтаётган бўлади, яна кимдир шунчаки душ қабул қилишга кетган бўлади. Ҳаммани йиғиш қийин», деган мураббий.

Мбаппе захирага олинишидан намойишкорона норози бўлиши – биринчи марта эмас. У 7 декабрь куни ҳам «Монпелье»га қарши ўйинда шундай қилганди: Килиан гол урган, мураббий уни 90-дақиқада алмаштирган – у қовоғини солган ҳолда захира ўриндиғига йўл олганди.

Декабрь ойида «Нант»га қарши ўйинда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган – Килиан 78-дақиқада майдондан олингач у томоша кўрсатганди.

«ПСЖ» фанатлари мураббийдан эмас, футболчидан норози бўлишмоқда:

«Ҳеч бир футболчи мураббий қарорига эътироз билдирмаслиги керак. Уни ҳозироқ «Реал Мадрид»га сотиб юборинглар»

«Такаббурлик кўп футболчилар Месси ва Роналду даражасига ета олмаслигининг сабабидир. Мбаппе захирага олинганига шундай қилдими? Нега?!»

«Мбаппенинг Тухель билан ўзини болаларча тутиш саҳнасига тоқат қилиб бўлмайди. У яхши футболчи бўлгани учунгина буни эътиборсиз қолдириш керакми?»

«Мбаппенинг ҳаракати ҳаддан ошиш: у Тухелдан ва жамоадошларидан узр сўраши керак. У ҳали 20 ёшда – ҳар дақиқани қадрлаш керак, йўқса уни Балотеллининг йўли кутади»

«ПСЖ»нинг бошқа бир футболчиси Анхель Ди Мария ёш футболчининг ҳаракатларини қоралади.

«Ҳеч ким майдондан чиқишни истамайди, бу нормал ҳолат. Килиан яна гол уришни истади. Лекин захира ўриндиғида ҳам майдонга чиқиб ўйнашни истайдиган йигитлар бор, буни тўғри тушуниш керак», деди у.

Худди шу вақтда Mundo Deportivo нашри «Қироллик клуби» ёзда 21 ёшли французни асосий трансфер нишони этиб белгилагани ҳақида хабар тарқатди.

Қайд этиш керакки, Мбаппенинг номи тез-тез «Реал» билан боғлаб турилади ва ҳар сафар шунга ўхшаш воқеа рўй берганида «оловга мой қуйилади».

Мбаппе 2017 йилдан буён «ПСЖ» сафида тўп суриб келмоқда. У парижликлар билан икки марта Франция чемпиони бўлишга эришган.

Жорий мавсумда Мбаппе «ПСЖ» сафида барча турнирлар доирасида 25 ўйинда майдонга тушиб, 18 гол урган ҳамда 3 голга узатма берган.

Унинг «ПСЖ» билан шартномаси 2022 йил ёзига қадар амалда бўлади. Transfermarkt.de портали футболчининг трансфер қийматини 200 миллион еврога баҳолаган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар