22.01.2020 18:53
1894
Яна Саудия, яна охирги дақиқалар... Финал остонасидаги аламли мағлубиятдан фотогалерея

Таиландда давом этаётган Осиё чемпионати-U23 ярим финалидан ўрин олган Ўзбекистон ҳамда Саудия Арабистони жамоалари ўртасидаги учрашув ўзбекистонлик футболчилар учун аламли тарзда якунланди. Саудия 87-дақиқада гол уриб ғалабани илиб кетди.

Бутун ўйин давомида эса Ўзбекистон жуда кўп ҳужум қилди. Бобур Абдухолиқовнинг ўзи захирага олингунига қадар 3 марта дарвозабон билан яккама-якка чиқиб борди. Охир оқибат мураббий Бобур имкониятлардан фойдалана олавермагач уни захирага олди. Бобурнинг ўрнига кутилмаганда клубдоши Ислом Кенжабоев тушди. Қанотдаги фаол ўйинлари билан танилган Кенжабоевнинг марказий ҳужумчи ўрнига тушиши тушунарсиз қарор бўлди.

Ўйин давомида Илҳом Алижонов ва Ҳожиакбар Алижоновлар ҳам кўп марта ўз қанотларидан ёриб кириб хавфли ҳужумлар ташкил қилишди. Жасур Яхшибоев, Санжар Қодирқуловлар ҳам яхши ўйин ўтказишди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон рақибдан яхшироқ эканини ўйин давомида кўрсатди гоё, аммо буни исботлайдиган биргина голни биз эмас, саудиялик футболчилар уришди.

Саудия билан ўйинларда кўпинча охирги дақиқаларда гол ўтказиб юборамиз, чунки бу мамлакат футболчилари иродали, футбол ҳуштаги чалингунига қадар давом этадиган ўйин эканини ҳис қилишади, ўз имкониятини сабр билан кутиб ҳал қилувчи «ҳамла»ни амалга ошириш учун моҳир овчи каби пайт пойлашади. Бизнинг футболимизга айнан мана шу нарса етишмади.

Саудия ҳақли тарзда ғалабани қўлга киритди десак, хато бўлмайди. Саудияликлар 24 йилдан буён олимпиаданинг футбол баҳсларида ўйнамаганди. Саад аш Шеҳри жамоаси мамлакат футболи мухлисларининг бу орзуси ўшалишига ёрдам беришди. Бугун Саудия сабрлироқ, иродалироқ ва келинг тан олайлик, кучлироқ бўлгани учун олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.

Ўзбекистон ҳали Токио олимпиадаси йўлланмасидан умид узгани йўқ. Учинчи ўрин учун ўйинда йигитларимиз Австралия ёки Жанубия Кореяга қарши баҳс олиб боришади. Учинчи ўрин учун ўйин финалдан ҳам кескинроқ ўтади десак, хато бўлмайди. Чунки финалга чиққан жамоалар аллақачон асосий вазифани бажариб Токио чиптасини нақд қилган бўлади, учинчи ўрин учун баҳс эса олимпиадага берадиган охирги йўлланма соҳибини аниқлайди. Қуйида биз учун аламли якунланган Саудия Арабистони — Ўзбекистон ўйинидан фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар