14.01.2020 14:22
8246
Кике Сетьен ким? Унинг «Барселона»даги истиқболига назар

Икки ярим йиллик ҳамкорликдан сўнг «Барселона» Эрнесто Вальвердени истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига ўтган мавсумда «Бетис»ни бошқарган Кике Сетьенни тайинлади. Қуйида ушбу воқеага атрофлича тўхталиб ўтамиз.

Истеъфога зарурат бормиди?

«Барселона»да инқироз борми ўзи? Жамоа Вальверде бошчилигидаги ҳар иккала мавсумда ҳам таъқибчисидан икки рақамли сонли устунлик билан чемпионликка эришди. Истеъфо куни билан қараганда ҳам, «Барселона» турнир жадвалида пешқадамлик қилиб турибди. Аммо бошқа тарафдан қараганда, Вальверде тўплаган очколар «Барселона» учун катта натижа эмас – охирги икки мавсумдаги 93 ва 87 очко жамоа режими учун оддий ҳол. Гвардиола келганидан буёғига, яъни сўнгги ўн йилда «Барселона» атиги бир марта 90дан кам очко тўплаган, холос. Ўшанда каталонияликлар чемпионликни «Атлетико»га бериб қўйишган эди.

Айтмоқчиманки, «Барселона»нинг сўнгги икки йилдаги чемпионлиги яна бир омилга – «Реал»нинг кичик инқирозига ҳам боғлиқ. Мадридликлар шу икки йилда ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди, чемпионлик пойгасидан жуда эрта чиқди ва ҳатто 2-ўринни ололмади ҳам. Сўнгги йилларда испан футболи кучайиб, ўртамиёна жамоалар ҳам грандларга қаршилик кўрсата бошлагани ҳақидаги гаплар чўпчак, буни Англияда «Ливерпуль» исботламоқда. Яъни, агар топ-клублар ўз муаммоларини ҳал қилган ҳолда, барқарор ва ростанам кучли ўйин кўрсата бошласа, дунёдаги энг рақобатбардош лигалар ҳам тиз чўкади –Вальверде «Барселона»ни шундай машинага айлантира олмади. Гўёки, «Барселона» узоқ давом этадиган турнирда таркибдаги юлдузларнинг маҳорати ва маълум даражадан тушмаслиги ёрдамида ғалаба қозонадиган, лекин энг муҳим ва керакли пайтда кураша олмайдиган «ПСЖ»ни эслатиб юбора бошлади.

«Рома» ва «Ливерпуль»дан аламли мағлубиятлар, Испания Кубогидаги «Валенсия» ва мана ниҳоят, Суперкубокда «Атлетико» ҳам ғалабани илиб кетди. Бу йўсинда, навбатдаги топ учрашувда ҳам «Барселона» йўқолиб қолиши ва Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам бу чемпионликларнинг қадри оз эди ва Вальвердени «Камп Ноу»да олиб қолиш учун асос бўлолмади. 

Кике Сетьен ким?

Кике Сетьен 1958 йилда туғилган. 1977 йилда Испания футболида яримҳимоячи сифатида дебют қилган Кике ўз фаолиятини асосан «Расинг» жамоасида ўтказган. Орада бироз танаффус билан у сантандерликлар сафида 400га яқин учрашувда майдонга тушган. Шунингдек, Мадриднинг «Атлетико»си сафида ҳам 73 ўйинда майдонга тушиб, 7та гол урган. Ўша вақтларда Испания терма жамоасига ҳам жалб қилинган.

Кике Сетьен ўз вақтида мураббийлик қилиш учун яшаш эмас, яшаш учун мураббийлик қилишга тўғри келаётганини яширмаганди. Яъни, ҳозирда ўзига хос тактик ва футбол «жиннилари»дан бири деб эътироф этилаётган Кике аслида, футболдан кетиб, мураббийлик курсларига қатнай бошлагунча беш йил ўтиб ҳам кетганди. Ҳатто у футбол томоша қилишдан кўра, шахмат ўйнаш яхшилигини таъкидлаган, Гарри Каспаров, Анатолий Карпов каби афсоналар билан бирор партия ютишга ҳам муваффақ бўлган.

Фақатгина ойлик олиб, пул топиш учунгина у футболга қайтди ва «Расинг»ни шуғуллантира бошлади. Шунинг учун унинг карьерасида ғалати жамоаларни кўрасиз - «Полидепортиво», «Логроньес». Ҳатто қисқа муддатга Экваториал Гвинея терма жамоасига ҳам бориб келган. Бир ерда бир йилдан ортиқ қолмаган Кикенинг илк ҳақиқий жамоаси «Луго» эди. Учинчи дивизиондан топилган бу жамоани Кике икки йилда Сегундага олиб чиқади. Мураббий у ерда олти йил қолиб кетганидан ўзи ҳам ҳайрон қолди ва «Мен Фергюсонга ўхшайман» деб ҳазиллашганди ҳам.

Мураббий сифатида жиддий тарзда у ҳақида сўнгги беш йилда, илк бор «Лас Пальмас»даги фаолиятидан сўнг гапира бошлашди. Кике у ерда шундай жамоа қурдики, оддий, аутсайдер футболчилар билан ҳам грандларга қарши ишончли ҳаракат қила бошлади, тўп назорати бўйича Ла Лиганинг пешқадамига айланди. Лас Пальмасдаги учинчи йилга келиб, жамоа тўп назорати бўйича 56,9 фоиз кўрсаткични қайд этди ва фақат «Барселона»дан ортда қолди. Шунингдек, ҳар ўйинда ўртача 490тадан қисқа пасларни амалга ошириб, «Лас Пальмас» Испанияда яна «Барселона»дан кейинги иккинчи ўринни эгаллади.

Сетьеннинг услуби шу қадар ўзига жалб қила бошладики, ҳатто Кевин Принс Боатенг у билан ишлашга рози бўлди. Лас Пальмас қаердалиги ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмаган ганалик футболчи «Реал»га қарши ўйиндан кейин жамоага келишга иккиланиб ўтирмаганди.

«Бетис»да эса, унинг мураббийлик салоҳияти янада очилди. Натижа борасида у қадар катта қадамлар ташланмаган (6-ўрин) бўлса-да, ўйин сифати борасида «Бетис» Испаниянинг ўзига хос жамоаларидан бўлди. «Реал»га қарши «Бернабеу»даги ишончли ғалаба бутун дунёни ҳайрон қолдирган, шунингдек, Кикенинг «Бетис»и ҳозирча «Камп Ноу»да «Барселона»ни ютган (4:3) сўнгги жамоа бўлиб турибди.

У қандай мураббий?

Сетьен жамоаларининг асосий умумийлиги – рақибнинг савиясидан қатъи назар, тўпни ўз назоратларида ушлаб туришга ҳаракат қилишади. У бу фалсафани Йоҳан Кройфдан «юқтириб» олганини яширмайди.

«Кройфнинг «Барселона»сига қарши ўйнаганимизда, ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим» – деб эслайди Кике, - «биз ҳатто 80-дақиқаларга келиб ҳам, агар улар исташса, тўпга бирор марта ҳам тега олмаслигимиз ҳам мумкин эди. Мен у билан бирга ўйнаш учун бармоғимни кесишга ҳам тайёр эдим».

Шундай бўлса-да, Кике ўзини «тики така»чи мураббий деб аташларини ёқтирмайди, керак бўлганда, жамоалари узун паслар билан ҳам ўйнай олишлари кераклигини таъкидлайди. У доим содиқ қоладиган ягона жиҳат эса, чиройли ўйнашдир. У жамоалар доим гавдали, жисмоний бақувват футболчиларга кўпроқ эътибор қаратиб, финт ишлатувчи футболчиларни мураббийлар чеклай бошлаганликларидан ёзғириб келган.

«Ҳар қандай жамоа ёқимли футбол ўйнаши керак. Мураббий футболчиларнинг салоҳиятидан келиб чиқиши керак, деган гапларга қўшилмайман. Тўғри, бир пайтлар шундай дердим, балки футболни тушунмасдим», – дейди Сетьен.

Бу гаплар унинг портретини янада очиқлайди: ўз вақтида Кике Хуан Вальероннинг ўйинларидан йиғлаганини яширмайди, Лука Модрич эса, доим унга завқ бағишлайди. Ҳатто бир марта «Барселона» машғулот ўтаётган майдонга кириб, Мессига олтмиш ёшгача футболдан кетмай туришни илтимос қилган. Ана энди, бу қисман Кикенинг ҳам қўлида, тўғрими?

«Мен шогирдларимга бекорга югуриб юришдан кўра, ўйлашни ўргатаман», – дейишни хуш кўрадиган Сетьен шогирдларига айниқса, очиқ зоналарни назорат қилиш орқали тўпни ўзида сақлашни кўрсатма берарди. Бу фалсафани унга шахмат ўргатган, Кике доим футбол ва шахматнинг ўхшашликлари ҳақида фикр юритишни яхши кўради.

Вальвердедан фарқи ва Вальверде билан ўхшашлиги

Кике Сетьеннинг Эрнесто Вальвердедан фарқи сифатида, асосан, юқоридаги бўлимда тилга олинган услуб тилга олинмоқда. Яъни, Эрнесто «Барселона»нинг сўнгги йиллардаги энг прагматик мураббийи сифатида тарихда қоладиган бўлди, жамоа унинг қўл остида тўп назорати, рақиб майдонидаги паслар, ҳужумкорлик борасида энг паст кўрсаткичларни қайд этди. «Барселона» мухлислари Вальверденинг ўрнига айнан «Барселона» тизими билан яқин бўлган Куман ёки Хавининг келишини исташганида ҳам шу сабаб бор. Агар лозим бўлса, Испания футболида ўзига яраша тажрибага эга бўлган мураббийлар ичида Гвардиола услубига энг яқин бўлган мураббий айнан Кике Сетьендир. Демак, бу томондан хавотирга ўрин йўқ.

Яна бир фарқ, Кике Сетьен Вальверде каби юмшоқ характерли эмас. Буни биз унинг кескин интервьюларида, шунингдек, ўзи ишлаган клуб раҳбарлари билан зиддиятларида ҳам кўришимиз мумкин. Кике анчайин қатъиятли ва катта эҳтимол билан ўзига керак бўлмаган футболчи сотиб олинишига йўл қўймайди. Вальверде дуч келган муаммолардан яна бири, «Барселона» раҳбарларининг «ҳайп» учун Коутиньо, Френки де Йонг каби футболчиларни Вальверденинг иштирокисиз сотиб олишгани бўлганди. Мураббий уларга майдонда жой топиб беришда қийналди.

Ўхшашлик томон ҳақида гап борганда эса, икки жиҳатни алоҳида тилга олиш мумкин. Биринчидан, Кике ҳам худди Вальверде каби прессингни хуш кўрувчи мураббийлар қаторига киради. Эсингизда бўлса, Вальверде ҳам айнан юқори прессинг билан ўйнайдиган, Испанияда ўзига яраша эътибор қозонган «Атлетик»дан «Барселона»га ташриф буюрганди.

Иккинчидан, бу муаммо ҳам бўлиши мумкин, Кике худди Вальверде сингари, юлдуз мураббий эмас. Шу пайтгача ҳеч қандай соврин ютмаган, юлдузлар билан ишламаган, бу эса, дунёнинг энг юлдузли жамоаларидан бирида ишлашда халақит бериши ҳам мумкин. Бу борада, Кике «Барселона»да ишлаши кутилган Хави ёки Куман, ҳатто Чемпионлар Лигаси финалида қатнашишга эришган Почеттино олдида ҳам анча ғариб кўринади. Айниқса, юқорида айтилганидек, Кике Сетьен ўз услубига футболчиларни мослаштиришга уринадиган мураббий – бу эса, ўзига яраша ўзгаришларни талаб қилади. Жамоа натижаларини четга сурганда, Вальверде жамоасида ўзини жуда комфорт ҳис қилган ва 33 ёшга кирганига қарамасдан, энг яхши даврларидан кам бўлмаган кўрсаткичларни қайд этиб келаётган Мессига бу қандай таъсир қилади? Сетьен ва Месси муносабатлари олдида, яқинда кузатилган Сарри ва Роналдунинг «жанжалчаси» ҳолва бўлиб қолмайдими?

Мураббий жуда нозик ва четдан қараганда, бироз тушунарсиз бўлган «Барселона» ички муҳитини қўлга олишнинг уддасидан чиқа оладими? Назаримда, «тики така»ни қайтаришдан ҳам кўра, бу муҳимроқ ва қийинроқ вазифа.

Вазиятни ўнглай оладими?

Вазиятни ўнглаш ҳақида гапириш учун, аввало, Вальверденинг инқирозига айнан нималар сабаб бўлганини ҳам яхшилаб тушуниш керак. Аслида, Вальверденинг фаолияти ростан ҳам инқирозмиди, деган савол ҳам бор ва бунга ҳам аниқ жавоб бериш қийин. Бугунги «Барселона»нинг салоҳияти қай даражада, сўнгги уч йилда ҳар бири юз миллиондан қимматга олинган уч футболчи (Коутиньо, Дембеле ва Гризманн) билан «Барселона» Европани зир титратиши керакмасмиди?

Биласизми, ҳолатга бошқа тарафдан қараганимизда, Вальверде вазият қурбони ҳам эканини кўришимиз мумкин. Бу ҳақида аввалроқ, «Қафасдаги Вальверде» мақоласида ҳам ёзилган эди. Прессингни қўллаш жиҳатидан Испаниянинг энг яхши мураббийи бўлган Эрнесто Вальверде «Барселона»нинг бугунги таркибида бу ишни амалга ошира олмай қолганди. Месси-ку, майли, у ҳимояланишда иштирок этиши шарт эмасдир, лекин Луис Суарес ҳам прессингда иштирок этмасликни бошлаган, икки футболчисиз эса нафақат мукаммал, умуман ҳар қандан прессинг фойдасиз.

Жамоанинг прессинг борасидаги энг яхши кўрсаткичлари «Бетис»га қарши ўйинга (5:2) тўғри келган, ўшанда футболчилар 65 марта тўпни олиб қўйиш, эгаллаш, блок қўйиш каби ҳаракатларни амалга оширишган ва бундан 50таси рақиб майдонида рўй берган. Олдинги чизиқда ҳаракат қилган учлик – Гризманн, Перес ва Рафинья биргаликда 10 марта рақибдан тўпни олиб қўйишган. Ўша ўйинда Месси ва Суарес иштирок этишмаганди.

«Вальверде Мессини қурбон қилиб ўз мураббийлик салоҳиятини юзага чиқариш вариантини амалга ошира оладими? Йўқ, албатта. Бу ерда Вальверде, мана шу вазиятнинг асирига айланган, холос. Худди Аргентина терма жамоасининг барча мураббийлари сингари», – деб тугатилганди ўша юқорида тилга олинган мақола.

Бу фикрлар октябрь ойида ёзилган бўлса, вақт ўтиб муаммо катталашди ва Антуан Гризманн мисолида янада яққол кўрина бошлади. Асосий юлдуз ва ижрочилардан бири бўлиши кўзда тутилган Гризманн беш ойдан бери Месси ва Суареснинг тўпсиз ҳаракатланишдаги камчиликларини ёпиш билан вақт ўтказмоқда. Гризманн тўпсиз ҳаракатланишда доим беназир бўлган бўлса-да, уч футболчи ўрнига меҳнат қилиш унга ҳам оғир – натижада, гўёки Вальверде юлдуз ўйинчига мос жой топиб бера олмаётгандек туюлаётганди. Бу ҳолатни Неймар даври билан таққослаш қийин – у пайтларда Иньеста бор эди ва «Барселона» асосий вақтни тўп назоратида ўтказиб, прессинг қисқа масофаларда, тўп йўқотилган ҳамоно рўй берарди. Вальверде худди Неймар – Месси – Суарес бўлганидек, Гризманн – Месси – Суаресдан иборат ўз учлиги ярата олмади. Сабаби, биринчидан, Месси ва Суарес энди тўрт ёшга қариди, яъни олдингидек ҳаракатчан эмаслар, иккинчидан, Энрике давридаги прессинг фарқлироқ ва осонроқ бўлган. «Барселона» у қадар қуйи блокда ҳаракатланмасди.

Демак, Кике Сетьен «Барселона»нинг асосий муаммосини қисман ечиши мумкин. Тўпни кўпроқ назоратга олиш ва «тики така» ёрдамида олдинги чизиқдаги футболчилар устига тушадиган жисмоний юкни камайтиради ва бу Гризманнинг кўпроқ креативлик билан шуғулланишига замин яратади.   .

«Биз «Реал»нинг ожиз нуқталарини билардик ва уларнинг прессинг тизимини ўргандик. Неча киши иштирок этади, қай даражага қатъият билан ҳаракат қилишади, буни билардик. Агар сен тўпни қанчалик кўп эгаллаб турсанг, рақибни шу даражада тўп орқасидан югуришга мажбур қиласан. Ўйлайманки, шу орқали биз рақибнинг босимидан халос бўлдик», - деганди Кике Сетьен ўша «Реал» устидан қозонилган машҳур ғалабадан сўнг.

Суареснинг ёрдами

Жамоанинг асосий ҳужумчиси Луис Суареснинг узоқ муддатга сафдан чиқиши Кике учун айни муддао бўлиши мумкин. Бу воқеа ҳам, мураббийнинг келиши ҳам қишки трансфер ойнаси даврига тўғри келгани, яна бир бонус.

Демак, Кике Сетьен ўз услубини қуришда муаммоли бўлган бир юлдуз футболчидан қутулди. Тўғри, натижага таъсир қилиш борасида Суарес ўз голлари билан жуда керакли фигура, лекин гап айнан ўйинни қуриш ҳақида борганда, юқорида айтилганидек, икки тегинилмас юлдузнинг бўлиши ҳатто «Барселона» учун ҳам кўплик қиларди. Суареснинг захирада қолдирилиши қўшимча муаммолар яратади, унинг Месси билан ҳам майдонда ва унинг ташқарисида яқин экани вазиятни янада оғирлаштириши, камида мураббий бу жуфтлик билан ҳисоблашишини тақозо қилиши мумкин эди.

Энди Кике бемалол Суарессиз вариантларни синаб кўра олади, бемалол Дембеледан воз кечиши мумкин ва ўзига мос бўлган ҳужумчини сотиб олиш имконига ҳам эга. Бундай шароит ҳатто ёзда Вальвердеда ҳам бўлмаганди. Албатта, ақлли мураббий янги мавсумни 33 ва 34 ёшли икки ҳужумчи билан бошлашни истамаган бўларди, демак, Кике ҳозирдан Суарес жамоада бўлган ҳолатда, унга ўринбосар қидириши, усиз режаларни амалда синаб кўриши мумкин.

Катта эҳтимол билан, прессингда фаол бўлган, яхши жисмоний кўрсаткичларга эга, ёшроқ ҳужумчи сотиб олинади ва мана шу бир трансфер билан икки қуённи уриш мумкин. Антуан Гризманн айнан мана шундай шерик билан «Атлетико»даги ўйинларини кўрсата бошлаши мумкин. Табиийки, Кике Антуанни ўз юқори формасига қайтарган мураббий сифатида дастлабки «очко»ларни қўлга киритади. Бу борада у Вальвердедан омадлироқ.

Кикега етарли вақт бериладими?

Мана бу энг оғир ва жамоа мухлисларини хавотирга солиши мумкин бўлган савол. Сетьеннинг «Барселона»га тайинланиши қандай рўй берганининг ўзиёқ, унинг истеъфосини анча яқинроқ бўлиши мумкинлигидан далолат қилаётгандек, гўё. У билан шартнома «0,5+1+1» кўринишида бўлиб, у агар мавсумнинг қолган қисмида ишончни оқламаса, ишдан бўшатилиши ҳам мумкин.

Гап шундаки, 61 ёшли мураббий «Барселона» номзодлари ичида ҳатто учликда ҳам йўқ эди. Рональд Куман Европа чемпионати тугагандан кейин гаплашамиз, деди. Хави балки бундай масъулиятга ҳали тайёр эмаслигини билдирди. Яна бир номзод Почеттино эса қатиъян рад этди. Ўз вақтида «Эспаньол»да ишлаган мураббий, ўшанда «ҳеч қачон «Барселона»ни бошқармайман» деб айтан гапларига содиқ қолди.

Хуллас, Кике Сетьен «Ла Масия» тизимига, Кройф ва Гвардиола услубига ҳар қанча яқин бўлмасин, клуб учун тўртинчи номзод эди, бу эса, қарорнинг стратегик жиҳатини йўққа чиқаради. Умуман, клуб қайси стратегиядан борди, Хави билан Почеттино каби бир-бирига фалсафа ва ғоя жиҳатидан тескари мураббийларни қандай бир руйхатга тиркаш мумкин, бу номаълумлигича қолмоқда. Бундан хулоса қилиш мумкинки, клуб учун айни пайтда Вальверденинг ўрнига мураббий топиш муҳимроқ қаралган, кейинги йилларнинг стратегик пойдеворини яратишдан кўра.

Бундай ҳолатларда эса, кўрсатиладиган натижалар муҳим факторга айланиб қолади. Кикенинг олдида икки йўл бор – ё жуда чиройли футбол ва жаойиб муҳит ташкил қилиб, 2-3 йиллик истиқболда жуда кучли ва томошабоп жамоа яратиш салоҳиятини намойиш қилиши керак. Уни қисқа муддатда намойиш қилиш салоҳияти Кикеда бор, масалан, ўша «Бетис» билан «Бернабеу»даги ғалабаси пайтида у жамоага келганига атиги икки ой бўлган эди.

Ёки бирор катта соврин (Испания чемпионлиги ҳисоб эмас) ютиш орқали, ўзидан босимни олиб ташлаб, кейинги йиллар учун вақт ютиб олиш. Бўлди.

Умуман, «Барселона» ДНКси, «тики така» каби гаплар ҳам аслида бироз бўрттирилгандек, масалан, «Ливерпуль»га қарши ўйинда Альба ҳисобни тенглаштирганда ёки «Рома» ўша оқшом учинчи голни ура олмаганда нима бўларди? «Барселона» Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққанда, Вальверденинг прагматизми, «Барселона» догмаларидан чекинаётгани ҳақидаги бугунги гап-сўзлар бўлармиди? Йўқ, албатта. Аксинча, мураббийнинг бугунги шароит ва таркибдан келиб чиқиб, энг оптимал, мослашувчан тизим ярата олганига таҳсинлар ўқиларди, ишонаверинг.

Демак, Кике Сетьенда икки эмас, биргина йўл қоляпти. Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш. Акс ҳолда, ёзда биз яна Хави, Куман ёки Почеттино ҳақида тўқилган ёки тўқилмаган жуда кўп янлиликлар ўқишимизга тўғри келади.  

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар