08.01.2020 17:47
8310
Саудияда «Тўртлар финали»: Пуллар, можаро ва класико эҳтимоли

Бугун Саудия Арабистонида Испанияда нуфузи бўйича учинчи ўриндаги соврин ҳисобланган Суперкубок ўйинларига старт берилади. Эндиликда янги форматда ўтадиган ва икки эмас, тўрт жамоа қатнашадиган ушбу турнир «тўртлик финали» деб ҳам аталмоқда. Турнирда Испания чемпиони ва 2-ўрин соҳиби, шунингдек, кубок финалчилари қатнашиши белгилаб қўйилган.

Янги форматнинг ижобий томонлари нимадан иборат?

Биринчидан, иштирокчи жамоаларнинг даромади ошади. Айтилишича, қатнашувчи клублар 6-8 миллион евродан олишади. Турнир атиги бир ҳафтага бориб-бормаслигини эътиборга олсак, ёмон сумма эмас.

Иккинчидан, Испания футбол федерацияси ҳам даромад олади. Луис Рубиалес фақат испан футболининг обрўси учунгина бу ишга қўл урмагани аниқ.

Албатта, танганинг бошқа томонлари ҳам бор, айниқса, грандлар учун бу ўзгариш ёқмаслиги табиий. «Реал» ҳам, «Барселона» ҳам иложи борича ўйинлар сони камроқ бўлишидан манфаатдор, зеро асосий эътибор Испания чемпионати ва Чемпионлар Лигасига қаратилади. Шундоқ ҳам, Суперкубок ўйинлари бир эмас, икки ўйиндан иборат бўлиши бу клубларга ёқамас эди.

Умуман, «Реал» ва «Барселона» учун Испания футболидаги рақобат, ушбу мамлакат футболининг нуфузи муҳим эмас, аллақачон бу клублар Испания чегараларидан чиқиб, бутун дунёни эгаллаб бўлишган, молиявий томондан ҳам қийинчилик йўқ. Юқорида тилга олинган суммма «Валенсия», «Севилья», балки ҳатто «Атлетико»ни ҳам қизиқтириши мумкиндир, аммо икки грандни эмас. Уларга бунинг ўрнига қўшимча машғулотлардан иборат ҳафта ёки таътил фойдалироқ бўлади. 

Турнир формати жуда содда, жамоалар икки жуфтликка бўлиниб, ярим финал учрашувларида майдонга тушади. Ғолиблар эса, финал ўйинида Суперкубок соҳибини аниқлайди.

Ғоя муаллифи бўлмиш Луис Рубиалес турнир жуда қизиқарли ўтиши ва яқинда таниб бўлмас ҳолга келиши ҳақида кўп гапирганди, лекин илк онлардан турли қийинчиликлар пайдо бўлмоқда. Мисол учун, «Барселона» ўтган йили ҳам Испания чемпиони бўлди, ҳам кубок финалига чиқди. Ҳар йили мана шундай ҳолат айниқса, Испанияда рўй бериши турган гап. Натижада, кубок финалига чиқмаган, чемпионатда ҳам дастлабки икки ўринни эгаллай олмаган, яъни ўтган мавсумни муваффақиятсиз ўтказган «Реал» ҳам Суперкубок учун курашиш имкониятига эга бўлди. 

«Барселона» президентлилига номзод бўлган Тони Фрейш бунга эътироз билдирди.

«Турнир ярим финалида «Реал» ҳам қатнашиши мен учун тушунарсиз. Бу энди қандайдир Арабистон Суперкубогими?», – дейди Фрейш.

Пуллар тақсимоти ҳам норозилик пайдо қилмоқда. Турнир 2023 йилгача Саудия Арабистони билан шартнома имзолади ва бунинг учун испанлар 120 миллион евро олишади. Бундан 15 миллиони Испания Қироллиги футбол федерациясига тегса, «Реал» ва Барселона» 8 миллиондан, «Атлетико» 6 миллион евро оладиган бўлди. «Валенсия» эса хафа бўлиб қолди – Қироллик кубоги соҳибига атиги 3 миллион евро тегар экан.

«Даромадларнинг бундай тарзда тақсимланишидан норозимиз», – деди клуб президенти Анил Мурти.

Бундан ташқари, аввалроқ Каталония газетаси Mundo Deportivo агар сумма оширилмаса, «Валенсия» турнирда иштирок этишдан бош тортмоқчи экани ҳақида инсайдни ошкор қилганди. Хўш, агар шундай бўлса, ким уларнинг ўрнига қатнашади? Нашр бу ҳақида ҳам ёзиб, ўтган йили кубок ярим финалига етиб борган «Бетис»нинг имкониятларини чамалай бошлади.

Аммо «Валенсия» турнирда иштирок этадиган бўлди. Тахминларга кўра, эълон қилинган хабарлар ҳам ёлғон эмас, катта эҳтимол билан Рубиалес «Валенсия»нинг улушини 5-6 миллионгача оширган бўлиши керак.

Бир қараганда Рубиалес томонидан жуда қизиқарли ва тижорий тарафдан фойдали бўлиши илгари сурилган янги турнирдаги ҳолат мана шу. Ҳозирча, ҳеч қандай катта пуллар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Лекин биз томошабинлар, нима бўлгандаям, Испания футболи пешқадамлари ўртасида катта ўйинларни кузатишга тайёрмиз. 

ЎЙИНЛАР 

08.01 Ярим финал. 23:55 «Валенсия» — «Реал»

09.01 Ярим финал. 23:55 «Барселона» — «Атлетико»

12.01 ФИНАЛ 23:00 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар