08.01.2020 17:08
5495
Олтинчи уриниш: Ўтиб бўлмас довон бўлиб қолаётган Олимпиада саралаши тарихига назар

Бугун, 8 январь куни Таиландда U-23 терма жамоалари ўртасидаги навбатдаги Осиё чемпионати старт олди. Ўзбекистон Эрон, Жанубий Корея ва Хитой билан бир гуруҳда жой олган ва дастлабки ўйинини эртага эронликларга қарши ўтказади. Ёзда Токиода бўладиган ёзги олимпиадада ҳам қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш мумкин бўлган бу турнир аввалгисидан ҳам аҳамиятлироқ бўлиши табиий.

Ўзбекистон олимпиячиларининг саралаш босқичларидаги тақдири миллий жамоаникига ҳам ўхшаб кетади. Ўзбекистоннинг 1995 йилдан бошланган уринишлари натижасиз қолмоқда – ҳали бирор марта Олимпиада йўлланмаси қўлга киритилмади. Олимпиячилар номуносиб қатнашган турнирлар ҳам, бир қадамгача яқинлашган пайтлар ҳам бўлди, лекин доим асосий ўйинларда мухлислар ишончини оқлай олишмади.

Умид қиламизки, бу сафар ўсмирлар ва ёшлар жамоаларидан сўнг, 23 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топган олимпиячилар ҳам ниҳоят йирик турнирга йўлланмани қўлга киритишади. Айнан мана шу қадам, табиийки, миллий жамоанинг келажакдаги муваффақияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Келинг, ўйинлар бошлангунча шу пайтгача олимпиячиларимизнинг саралаш мусобақалардаги иштироки тарихига назар ташлаймиз.

АТЛАНТА – 1996

Ўзбекистоннинг Олимпиада учун юриши мундиал учун уринишлардан ҳам олдинроқ бошланган. 1996 йилда Атлантада бўлиб ўтган ёзги олимпиада ўйинлари саралашида иштирок этиш учун Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ташкил қилинганди. Жамоа анча кучли кўринган, айниқса, Авазбек Ҳошимов, Маҳмуд Тўрахўжаев каби футболчиларга катта умид боғланганди. Мухтор Қурбонов, Сергей Ни ва Юрий Винтовкин каби футболчилар ҳам олий лига мусобақаларида ўзини кўрсатиб, анча кўзга кўриниб қолишганди.

Олимпиячилар илк ўйинни Қирғизистонга қарши ўтказиб, 5:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Формат бўйича Туркманистондан (улар Саудия Арабистони ва Эрон билан бир гуруҳда эди) ташқари, Марказий Осиёнинг тўрт жамоаси дастлабки босқичда ягона ғолибни аниқлаши керак эди. Ўзбекистон вакиллари Қозоғистон олимпиячилари қаршилигини енга олмайди – уларга қарши ҳар икки ўйиндаги мағлубият гуруҳ масаласини ҳал қилди.

Қозоқлар эса кейинги босқичда Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва Хитойга қарши тўп суриб, барча ўйинларни бой беришганди:

  • 20.05.1995. Қирғизистон – Ўзбекистон - 1:5
  • 10.06.1995. Ўзбекистон – Тожикистон – 2:0
  • 24.06.1995. Ўзбекистон – Қозоғистон – 1:2
  • 12.08.1995. Ўзбекистон – Қирғизистон – 2:1
  • 02.09.1995. Тожикистон – Ўзбекистон – 1:1
  • 07.09.1995. Қозоғистон – Ўзбекистон – 3:1

СИДНЕЙ – 2000

Бу сафар ҳам Ўзбекистонга биринчи босқичда тўрт йил олдинги каби Марказий Осиё вакиллари бўлган рақиблар насиб қилди. Фақат энди Туркманистон ҳам рақобатга қўшилган, 5 жамоа ичидан бир ғолиб танланиб, якуний босқичга йўл олиши керак эди. Сўнгги босқичда эса гуруҳ ғолиблари (жами 9та) учга бўлиниб, ҳар бир янги гуруҳдан биттадан жамоа Олимпиада йўлланмасини қўлга киритар эди.

Ўзбекистонлик олимпиячилар бу сафар ҳам турнирни икки ишончли ғалаба билан бошлашди ва Туркманистонда дуранг ўйнаб қайтишди. Лекин Қозоғистон ҳам тожиклар билан дуранг ўйнаган, яъни Тошкентда кутилаётган дерби олдидан ҳар икки фаворитда имкониятлар тенг эди. Бу ўйиндаги ғалаба ўзбекистонлик футболчиларга гуруҳда яққол пешқадамга айланиш имкониятини берарди. Бунинг устига, Россиянинг «Балтика» клубида ўзини кўрсата бошлаган ва Лобановскийнинг назарига тушган Максим Шацких жамоани янада кучайтириши керак эди. Муҳим ўйинга Шацких ҳам жалб қилинди. Аммо бу ҳам ёрдам бера олмади, худди тўрт йил олдинги каби қозоқлар ғалабани илиб кетишди – 0:2.

Бу сафарги гуруҳ баҳслари қизғинроқ кечгани, Қозоғистон ҳам бир қатор ўйинларда очко йўқотиб, Ўзбекистонда имконият ҳосил бўлганини эслаш мумкин, аммо жавоб ўйинида ҳам мағлубиятга учралгач, рақиб анча олдинга ўтиб кетганди.

Сўнгги босқичдан сўнг Осиёдан Япония, Жанубий Корея ҳамда Кувайт олимпиячилари Сидней йўлланмасини қўлга киритишади. Австралия мезбонлигидаги турнирда Жанубий Корея ва Кувайт гуруҳдан чиқа олмаган, Япония плей-оффнинг илк ўйинида АҚШга пенальтилар сериясида ютқазиб, иштирокини якунлаганди.

  • 03.04.1999. Ўзбекистон – Қирғизистон – 3:1
  • 10.04.1999. Ўзбекистон – Тожикистон – 3:0
  • 24.04.1999. Туркманистон – Ўзбекистон – 1:1
  • 15.05.1999. Ўзбекистон – Қозоғистон – 0:2
  • 29.05.1999. Қозоғистон – Ўзбекистон – 3:1
  • 12.06.1999. Ўзбекистон – Туркманистон – 3:0
  • 26.06.1999. Тожикистон – Ўзбекистон – 0:2
  • 03.07.1999. Қирғизистон – Ўзбекистон – 0:2

АФИНА – 2004

Ўзбекистон учун энг қисқа ва омадсиз бўлган саралаш босқичи Афина-2004 саралаши ҳисобланади. Ниҳоят, Қозоғистон УЕФАда ўйнай бошлагач, Ўзбекистон асосий рақибидан қутулди, аммо формат яна ўзгариб, энди сўнгги босқичдаги уч гуруҳ иштирокчилари плей-офф ёрдамида аниқланадиган бўлди. Плей-оффда эса Ўзбекистонга кучли рақиблардан бири – Эрон рўбару келди. 2003 йилнинг 3 май куни бўлиб ўтган дастлабки учрашувда эронликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Бир ой ўтиб, Эрондаги жавоб ўйинида эса, рақиб ҳар томонлама кучли эканини исботлади – 1:6.

Осиёдан ҳар доимгидек, Жанубий Корея, Япония ва бу сафар уларга қўшилиб Ироқ олимпиячилари олимпиада йўлланмасини қўлга киритишди. Ироқ сенсацияни Афинада ҳам давом эттириб, аввалига гуруҳ босқичида Марокаш, Португалия каби жамоаларни ортда қолдирди ва чорак финалда Австралиядан устун келди. Ярим финалга келибгина, Парагвай ироқликларни тўхтата олганди.

ПЕКИН – 2008

Осиёда бўлиб ўтган Пекин олимпиадаси саралашидан ўзбекистонлик футболчилар йўлланмага яқинроқ кела бошлади ва сўнгги босқичларгача кураш олиб боришди. Умуман, Вадим Абрамов қўл остида қатнашган ўша авлод футболчилари чиндан кучли таркиб ҳосил қилган эди. Азиз Ҳайдаров, Виталий Денисов, Фарҳод Тожиев, Марат Бикмаев, Анзур Исмоилов, Одил Аҳмедов, Азиз Ибрагимов ва Вагиз Галиулин каби футболчилар кейинчалик миллий жамоада ҳам асосий футболчилар бўлганди. Шунингдек, ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида тажриба орттирган Саломов, Қўзибоев каби футболчилар ҳам таркибга жалб қилинганди.

Тожикистонга қарши икки ғалаба билан бошланган йўл Жанубий Корея, Яман ва БААдан иборат гуруҳ босқичида давом этди. Ўзбекистон корейсларга қарши ҳар икки ўйинни бой берган бўлсада, бошқа рақиблар устидан фақат ғалаба қозонди ва гуруҳда 2-ўринни олиб, сўнгги босқичга чиқди. Энди яна ўша Корея, шунингдек, Баҳрайн ва Сурия олимпиячиларига қарши ўйинларда 1-ўринни олиш талаб этилар эди.

Корея бу сафар ҳам ўтиб бўлмас довонга айланди. Баҳрайн ва Сурияга қарши ўйинларда ҳам Ўзбекистон вакиллари устунлик билан тўп сурган бўлсада, керакли натижага эришилмади. Айниқса, барчаси ҳал бўлгач, сурияликларга қарши кечган сўнгги тур ўйини жуда қизиқ ўтганди. Аввалига 0:2 ҳисобида ортда борган  ўзбекистонликлар 5 дақиқа ичида уч гол уришга муваффақ бўлишди, лекин ўйин охирларида мезбонлар ҳисобни 3:3 кўринишига етказишди.

Бу сафар Олимпиадада Осиёдан Жанубий Корея, Япония, Австралия ва мезбонлар иштирок этди, Осиёнинг тўрт вакили ҳам гуруҳ босқичидан ўтолмади.

  • 07.02.2007. Ўзбекистон – Тожикистон – 4:1
  • 14.02.2007. Тожикистон - Ўзбекистон – 0:2
  • 28.02.2007. Ўзбекистон – БАА – 2:1
  • 14.03.2007. Яман – Ўзбекистон – 0:1
  • 28.03.2007. Жанубий Корея – Ўзбекистон – 2:0
  • 18.04.2007. Ўзбекистон – Жанубий Корея – 0:1
  • 16.05.2007. БАА – Ўзбекистон – 0:2
  • 06.06.2007. Ўзбекистон – Яман – 3:0
  • 22.08.2007. Жанубий Корея – Ўзбекистон – 2:1
  • 08.09.2007. Ўзбекистон – Сурия – 0:0
  • 12.09.2007. Ўзбекистон – Баҳрайн – 1:2
  • 17.10.2007. Баҳрайн – Ўзбекистон - 2:0
  • 17.11.2007. Ўзбекистон – Жанубий Корея – 0:0
  • 21.11.2007. Сурия – Ўзбекистон – 3:3

ЛОНДОН – 2012

Натижа эътибори билан энг яхши, аммо энг аламли хотиралар билан эсга олинадиган турнир. Ўзбекистон Лондондаги олимпиаданинг футбол турнири учун ярим соатлик масофагача яқин келганди...

Ўша пайтда терма жамоа билан ЖЧ саралашига ҳам тайёргарлик кўриб турган Вадим Абрамов олимпиячиларни ҳам ўз назоратига олишни истади ва олимпиячилар жамоасига яна бош мураббий этиб тайинланди. Аввалига плей-офф босқичида икки учрашув натижасига кўра Ҳонгконг мағлуб этилди. Гуруҳда эса Австралия, Ироқ, БАА жамоалари рақиб бўлди – бу гуруҳда 1-ўринни олиш Ўзбекистонни тўғридан-тўғри олимпиада иштирокчисига айлантирарди.

Ироқ ва Австралия устидан Тошкентдаги ишончли ғалабалар, шунингдек, Австралия ва БАА майдонидаги голсиз дуранглар ўзбекистонлик олимпиячиларни гуруҳ фаворитига айлантирди, энди барчаси жамоанинг ўз қўлида эди. Аммо февраль ойида қабул қилинган қаторасига икки зарба сўнгги тур олдидан йўқ жойда босим яратди. Аввалига Ироқдан мағлуб бўлинди, БАА эса ироқликлардан аввалроқ ютқазган ўйинини ғалабага айлантирди. Сабаби, ўша ўйинда Ироқ таркибида тушиши керак бўлмаган футболчи ўйнаган эди. Натижада, Ўзбекистон гуруҳда 2-ўринга тушиб қолди. Лекин барчаси ҳали жамоанинг ўз қўлида, агар Тошкентда Ўзбекистондан 3 очко олдинда турган БАА мағлуб этилса, кифоя, гуруҳ пешқадамига айланардик.

Мақсадга яқин келдик ҳам, 47-дақиқада Фозил Мусаев ҳисобни 2:0 кўринишига етказгач, биздан йўлланмани ҳеч ким тортиб ололмайдигандек эди гўё. Аммо ўзимиз топшириб қўйдик – ҳимоядаги қўпол хатолар натижасида рақиблар етакчиси Аҳмал Халил 5 дақиқа ичида ҳисобни тенглаштириб қўйди. Сўнгги дақиқаларда эса, бор кучи билан ҳужумга ташланган олимпиячилар яна жазоланишди – 2:3.

Гуруҳлардаги 2-ўрин жамоалари ўртасида плей-оффнинг ягона иштирокчисини аниқлаш учун ўтказилган мини-турнирда эса Ўзбекистон вакиллари ўта кайфиятсиз ва нурсиз ўйин кўрсатишди. Сенегал билан олимпиада йўлланмасини ҳал қилувчи ўйинда қатнашиш ҳуқуқини Уммон олимпия терма жамоаси қўлга киритди.

Лондонда БАА гуруҳдан чиқа олмади, Жанубий Корея ва Япония эса биргаликда ярим финалгача етиб бориб, ўзаро ўйинда учинчи ўрин учун майдонга тушишди. Учрашув корейсларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади.

  • 19.06.2011. Ўзбекистон – Ҳонгконг – 1:0
  • 23.06.2011. Ҳонконг – Ўзбекистон – 0:2
  • 21.09.2011. Ўзбекистон – Ироқ – 2:0
  • 23.11.2011. БАА – Ўзбекистон – 0:0
  • 27.11.2011. Австралия – Ўзбекистон – 0:0
  • 05.02.2012. Ўзбекистон – Австралия – 2:0
  • 21.02.2012. Ироқ – Ўзбекистон – 2:1
  • 14.03.2012 Ўзбекистон – БАА – 2:3
  • 27.03.2012. Ўзбекистон – Сурия – 2:1
  • 29.03.2012. Уммон –Ўзбекистон – 2:0

РИО – 2016

Рио олимпиадаси учун саралаш ўйинлари тубдан ўзгарди, энди ОФК 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионатини ҳар икки йилда мунтазам ўтказади, Олимпиада олдидан ўтадиган турнирлар эса биратўла ушбу мусобақанинг ҳам саралаш босқичи сифатида қабул қилинади. Яъни, Олимпиада ўтадиган йиллардаги U-23 совриндорлари йўлланмага ҳам эга бўлади.

Бир томондан, компакт форматда бўлиб ўтадиган турнирларда терма жамоаларимиз муваффақиятлироқ тўп суришади, жуда кўп марта айнан шу йўл билан ёшларимиз ва ўсмирларимиз жаҳон чемпионатларига чиққан. Лекин бу тизим илк мартда бизга ёрдам бермади. Терма жамоа мураббийи Самвел Бабаян тўрт йил олдин Вадим Абрамов қилган хатони такрорлаб, олимпиячиларнинг ҳам бош мураббийига айланиб олди. Оқибати ёдимизда.

12 январда бошланган турнир 16-куни Ўзбекистон учун якунланиб бўлди. Жанубий Корея ва Ироққа қарши ўйинларда мағлубиятга учраган олимпиячилар гуруҳдан чиқиш имкониятини расман бой беришди. Сўнгги турдаги Яман устидан қозонилган ғалаба ҳам юпанч сифатида татимади.

  • 13.01.2016 Жанубий Корея – Ўзбекистон – 2:1
  • 16.01.2016. Ўзбекистон – Ироқ – 2:3
  • 19.01.2016 Ўзбекистон – Яман – 3:1

Юқорида айтилганидек, қисқа форматларда ўтадиган турнирлар Ўзбекистон вакиллари учун анча қулай. Биринчидан, турнир январь ойида бўлаётгани учун футболчиларимизда узоқ муддат биргаликда тайёрланиш ва турли тактик кўникмаларни ҳосил қилиш имконияти бўлади. Иккинчидан, гуруҳдан чиқиб, алоҳида бир ўйинда бор имкониятни ишга солиб ҳам олимпиада йўлланмаси учун дадил қадам ташлаш мумкин, йил давомида турли стадион ва шароитларда тўп суришга мажбур бўлинмайди.

2018 йилги Осиё чемпионатида ўзбекистонлик олимпиячилар амалда ҳам буни исботлаб, Осиё чемпиони бўлганди. Тўғри, ўша турнир ҳеч қандай йўлланма тақдим этмаслиги боис, баъзи фаворит жамоалар у қадар эътибор беришмагани ҳам бор гап, лекин умид қиламизки, биз ҳам бугун бошланаётган масъулиятли мусобақага эътиборни янада оширамиз ва Друлович шогирдлари камида совриндор бўлиб қайтишади. Соврин эса, сезиб турганингиздек, Токио-2020 йўллланмаси.

Қ.Асланов тайёрлади

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар