06.01.2020 17:16
6000
Чиро Иммобиле. Иккинчи уринишда Левандовски ва Роналдуни маҳв этаётган Италия қироли

Чиро Иммобиле – бугунги кунда А Сериянинг асосий юлдузи. 17-турдан сўнг унинг ҳисобида 19 гол бор ва тўпурарлар баҳсидаги таъқибчилардан анча олдинга ўтиб кетган.

Хусусан, Ромелу Лукаку ҳисобида 12, Криштиану Роналдуда эса атиги 10 гол бор, холос. Бундан ташқари, Чиро 5 марта шерикларига голли узатмалар амалга оширган, яъни римликлар урган 40 голнинг 22тасида яқинда 30 ёшга тўладиган ҳужумчи иштирок этган.

Умуман, Европа миқёсида ҳам Иммобиленинг натижалари таҳсинга лойиқ – фақат Левандовски кучли бешликда Иммобиле билан тенг кела оляпти, холос. Одатда гол уриш қийинроқ (Роналдудан сўранг) саналган ва одатда, тўпурарлар мавсумда 30талик довонни забт этавермайдиган А Сериядаги бундай самарадорлик табиийки, футболчини мавсумнинг биринчи ярмида Европанинг асосий юлдузига айлантиради.

Иммобиле «Лацио»да эндигина тўртинчи мавсумни ўтказаётган бўлса-да, қисқа муддатда у «Лацио» афсоналари даражасига чиқиб бўлди – шу муддатда у ҳар мавсумда камида 15тадан гол уришга муваффақ бўлди. 2014/15 йилги мавсумдан кейин илк марта тўпурарлар баҳсида «Лацио» футболчиси ўзини кўрсатмоқда. Ўшанда Мирослав Клозе 13 голи билан руйхатда 9-ўринда қолиб кетганди.

Иммобиленинг ажойиб спорт формаси ва кўрсаткичлари унинг индивидуал меҳнатигина эмас, «Лацио»да ҳужумчининг максимал даражада ўзини кўрсатиши учун барча шароитлар муҳайё қилинганида ҳамдир.

Индзаги у билан аъло даражада муносабат ўрнатган, кечки овқатланиш чоғида улар бирга ўтиришади, голларни ҳам бирга нишонлашади. Сиз сўнгги йиллардаги бутун Италия матбуотини титиб ҳам, Индзагининг Иммобиле ҳақидаги бирорта танқидий фикрини топа олмайсиз. Индзаги жамоасининг энг яхши футболчисини яхши кўради ва ҳеч қачон омма олдида унинг хатолари ҳақида сўз юритмайди.

Масалан, Индзагининг ҳужумчи ҳақидаги сўнгги фикрлари:

«Сассуоло»га қарши ўйинда Иммобиле пенальти тепиш ҳуқуқини Луис Албертога бергани ҳақида:

  • «У ажойиб футболчи. Бу вазият эса, унинг қанчалик катта футболчи эканини ва инсон сифатидаги фазилатларини намоён қилди. У нафақат ўзида, балки атрофидаги инсонларда ҳам ҳаммаси аъло бўлишини истайди»

Мавсум ҳақида:

  • «Лацио»да ҳаммаси жойида ва мен бундан жуда хурсандман. Кейин ҳам худди шунақа ўйнасак, зўр бўларди. Кимидир алоҳида ажратиб кўрсатиш одатим йўқ, лекин Сергей Милинкович-Савич ва Иммобилени эътироф этган бўлардим. Улар атрофида бутун жамоа қуриш мумкин бўлган ҳақиқий етакчилардир»

«Торино» дарвозасига дублдан сўнг:

  • «У – муҳташам. Чиро билан муносабатларимиз яхши, лекин шахсан ўзига мақтов сўзлар айтмайман. Яхшиси, бу ишни матбуот орқали қилганим яхши, шунда ҳамма у ҳақидаги фикримни билиб олади».

Ўтган йилнинг сентябрида Иммобиле ва Индзагининг муносабатлари дарз кетишига сал қолганди. Чиро «Парма»га қарши ўйинда эртароқ алмаштирилганидан норози бўлди ва микст-зонада ҳатто мураббийнинг қарорини танқид остига олди. Бир ой ўтиб эса, DAZN нашрига берган интервьюсида ўша воқеа уларнинг муносабатларини янада мустаҳкамлаганини таъкидлади ва «Сассуоло» билан ўйинда голни мураббий билан нишонлаб, барча шубҳаларга чек қўйди.

ESPN ва The Guardian нашрларининг А Серия бўйича ихтисослашган мухбири Жеймс Ҳорнкастлнинг инсайдларига кўра ҳам барчаси яхши – мураббий энг кўп вақтини Иммобиле билан бирга ўтказади, ҳатто овқатланиш пайтларида ҳам улар бирга ўтиришади, мураббий жамоани айнан ушбу ҳужумчи атрофида қуришга ҳаракат қилмоқда. Атиги бир неча йил олдин эса, биз гўёки, Иммобиленинг энг юқори нуқтасини кўргандик ва ундан яхши ҳужумчи чиқишига кўпчилик ишонмай ҳам қўйганди. Германия («Боруссия» Дортмунд) ва Испаниядаги («Севилья») муваффақиятсизликлар бу фаразни яхшигина исботларди ҳам.

Чиро аслида Неаполдаги Торре-Анунциата шаҳарчасида туғилган бўлса-да, катта клублар ичида биринчи бўлиб «Ювентус» эътиборига тушган. «Сорренто» академиясида тарбияланган Чирони 2008 йилда туринликлар ўз сафларига қўшиб олади. У Аюб Довуд исмли ҳужумчи билан биргаликда «Ювентус» ёшлар жамоасида ажойиб тандем ҳосил қилади ва улар тенгқурлари ичида нуфузли турнирда ғолиб чиқишади. Ўшанда Чиро турнир тўпурари бўлган ва табиийки, кейинги мавсумдан «Ювентус»нинг асосий таркибига ҳам жалб қилинади. 2009 йилнинг мартида у туринликлар сафида дебют қилади ва Алессандро Дель Пьеронинг ўрнига майдонга тушади. Худди шу ўйинда Аюб Довуд ҳам илк марта майдонга тушганди.

Турин клубидаги рақобат Чиронинг ўсиши учун халақит қилиши табиий эди, шу туфайли ижарама-ижара ўтадиган йиллар бошланди. «Сиена», «Гросетто» ва «Пескара» клубларидаги мавсумлардан фақат охиргиси эсда қоларди бўлди – Чиро 37 ўйинда 28 гол уриб, жамоасига А Серия йўлланмасини олишда ёрдам берди. Ўша мавсумдан сўнг «Женоа» ушбу футболчига эгалик ҳуқуқининг ярмини «Ювентус»дан сотиб олди. 2012/13 йилги мавсумда генуяликлар сафида асосий таркибда ўйнаган Иммобиле у қадар ишончни оқлай олмади ва Туриннинг бошқа клуби «Торино»га сотиб юборилади.

Ҳужумчи илк ёрқин мавсумини айнан «Торино»да ўтказди. 33 ўйинда 22 гол уриш ўртамиёна жамоа ҳужумчиси учун ажойиб натижа эди. Айнан ўша йили у Италия терма жамоасига ҳам чақирилиб, дебют голини уришга ҳам муваффақ бўлди. Бир қатор кучли клублар Чирога «оғиз сола бошлади», улар қаторида Юрген Клоппнинг «Боруссия»си ҳам бор эди. Клуб учун 19 миллион евро, йилига 2 миллион евро маош Чиро учун жуда яхши трансфер таклифи эди. Трансфер суммасини «Ювентус» ва «Торино» бўлиб олди.

Қаҳрамонимиз Дортмунддаги фаолиятини жамоанинг асосий ҳужумчиси сифатида бошлаган бўлса-да, аста-секин захира вариантига айлана бошлади.

Аслида муаммо фақат Чиронинг ўзида эмасди, ўша мавсум Клоппнинг Бундеслигадаги сўнгги мавсуми бўлиб, жамоа жуда беқарор ўйнаган ва кўп вақт давомида турнир жадвалининг иккинчи қисмида юриб, мавсумни 7-ўринда якунлаганди. Энг ёмони, ўша мавсум арафасида, ёзда «Боруссия» асосий ҳужумчиси Роберт Левандовскини «Бавария»га сотган, Чиродан айнан унинг ўрнини босиш талаб қилинарди. Иммобиленинг ўзи немисларнинг жуда ёпиқ халқ эканидан қийналган, айтишича, саккиз ой давомида ўзига бирорта ҳам дўст топа олмаган экан. Бунинг устига, юқорида айтилганидек, ундан Левандовски натижаларини талаб қилишар, ҳар муваффақиятсиз ўйиндан кейин танқидлар марказида қоларди. Табиийки, Италиянинг ўртамиёна клубидан келган ҳужумчи учун бундай босимлар бегона эди.

Испанияда эса унга Унаи Эмери ишонч билдирмади. Трансфер ҳуқуқи Дортмунд клубига тегишли бўлган Чиро 2015/16 йилги мавсумнинг илк ярмини ижара асосида «Севилья»да ўтказди.

Аслида «Барселона»га қарши суперкубок ўйинида голли пас, кейин эса «Реал» дарвозасига урилган голдан сўнг, Иммобиле Севильяда ўйнаб кетиши тахмин қилинганди, лекин...

Мавсумнинг иккинчи ярмида у ижара асосида «Торино»га қайтди. Энди у ерда янги юлдуз порлаётган, мураббийлар ҳам, мухлислар ҳам Андреа Белоттидан кўпроқ нарса кутишаётганди. 14 учрашувда 5 гол ва Европа тугул, Италиянинг ўзида ҳам ҳужумчининг яна порлашига ишонмай қўйишганди. Токи «Лацио» ўзининг мос ва хос тактикаси билан ўртада пайдо бўлмагунча...

Аслида Чиро Неаполга қайтиш ва «Наполи» клубида тўп суришни орзу қилар, лекин неаполликлар Мертенснинг ўйинидан сармаст ҳолда, Иммобиле учун пул сарфлашни исташмаганди. «Лацио»дагилар эса зудлик билан Иммобиледан максимал даражада фойдаланиш мумкин бўлган услубни жорий қилишди ва бутун жамоа ўйини ушбу футболчи атрофида қурила бошланди.

Бир қараганда, Иммобиледа жуда юқори техника ҳам йўқ, тез югурмайди, индивидуал маҳоратини намойиш қилган ҳолда, бир ўзи голларни ярата олиши ҳам камдан-кам кузатиладиган ҳолат. Буларнинг ҳаммасини Иммобиле биргина фазилати билан ювиб юборади – позицияни тўғри танлай олиш.

Унинг жамоадошлари мана шу устунликка мос тарзда ҳаракатлана олишади. Луис Алберто ушбу мавсумдаги 9 ассистидан 5тасини айнан Иммобилега узатган. Корреа, Лаццари, Лукаку, Лучли, Филипе каби футболчиларнинг ҳам мавсумдаги ягона голли узатмалари Иммобиле томон йўналтирилган. Ҳужумчининг самарали ўйинлари Индзагининг ишини ҳам осонлаштирмоқда. Ҳужумчи турли тўпсиз ҳаракатлардан озод қилинган, топ-ўйинлардан ташқари, майдонда у ҳимояланишда деярли қатнашмайди ва асосий ишни бажариш учун кучини асрайди.

«Менга жамоавий ўйинимиз ёқяпти. Жамоа президенти Лотито мендан янги мавсумдаги тилакларим ҳақида сўраганда, жамоавий ўйиннинг ривожланишини айтгандим. Бунга эришиш учун мен бу ерда етарли вақтга эга бўлдим ва ўзимдан ҳам талаб қила оламан. Бугунги кунга келиб, ҳимояланиш борасида ҳам, креативлик ва ижро маҳорати борасида ҳам, майдонда кўраётганларимдан розиман», дейди Симеоне Индзаги.

Ниҳоят Иммобиле Италияда ўзи учун ажойиб шароитга эга бўлди – матбуот уни деярли танқид қилмаяпти, «Лацио» мухлислари умуман осмонга кўтаришмоқда, жамоа ўйини унинг атрофида қурилган. Германия ва Испанияда балки мана шу омиллар етишмаслиги сабабли ҳам, ҳаммаси кутилганидек кечмагандир?

Иммобиле ҳикояси шуни кўрсатадики, алоҳида олганда, футболчининг муваффақияти баъзида мавжуд шароитдан ва муҳитга қаттиқ боғланган бўлади. Аммо авваллари, бу Чирони ташвишга солган бўлса, энди ҳаммаси ўзгарди: Италиянинг ҳақиқий қиролига айланган ҳужумчи энди фақат «Лацио» сафида совринлар ютишни орзу қилмоқда. 

Қ.Асланов тайёрлади

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар