13.09.2019 17:23
5139
Теглар
Ҳафта ўйинлари анонси: Мессисиз «Барса»ни қийин ўйин кутмоқда, Германияда пешқадамлар тўқнашуви

Ким учундир қайғули, ким учундир хотиржам ўтган терма жамоалар ўртасидаги ўйинлар яна бир ойга чекиниб, бор эътиборимиз яна миллий чемпионатларга қаратилади. Бу сафарги ўйинлар яна бир томони билан қизиқ – сентябрнинг илк кунларида ёпилган трансфер дарчасидан кейинги илк ўйинлар. Бу эса, жуда кўп жамоалар таркибида янги футболчиларни кўришимиз мумкинлигини англатади. Бундан ташқари, терма жамоалар билан боғлиқ танаффуслар асосан топ-клублар учун ноқулайлик туғдиради. Бу ҳолат, лигаларда рақиблар ўртасидаги вазиятни сал тенглаштириб, ҳар бир ўйин жуда қизиқарли ўтишини таъминлаши мумкин.

Эътиборингизга дам олиш кунларидаги шиддатли ўйинлар анонсини ҳавола қиламиз. Келаси ҳафтада еврокубок ўйинлари борлиги учун аксарият учрашувлар шанба кунига белгиланган.

ФИОРЕНТИНА – ЮВЕНТУС (14 сентябрь, 18:00)

«Ювентус» одатдагидек, чемпионатни ғалабалар билан бошлаган бўлса-да, Сарри ҳали ўзининг оптимал жамоасини тузгани йўқ, шунинг учун туринликларнинг ҳар бир ўйинини кузатиш қизиқ бўлади. Таркибда жуда кўп юқори савияли футболчилар жамланган ва шу палладаги ҳар бир ўйин уларнинг келажагига ойдинлик киритиши мумкин. Ёки масалан, бу ўйин трансфер ойнаси ёпилгандан кейин илк учрашув – бу шуни англатадики, ёз бўйи кетиши тахмин қилинган Игуаин, Дибала каби футболчилар «Ювентус»да қолишди, ана энди Сарри уларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишни бошлаши табиий. Бундан ташқари, ёзда эркин агент сифатида «Арсенал»ни тарк этиб Туринга келган Аарон Рэмзи жароҳатини тузатиб сафга қайтди ва у бу ўйинда майдонга тушиши мумкин.

Жамоага бироз хос бўлмаган тарафи, «Ювентус» дастлабки икки турда 3 гол ўтказиб улгурди. Тўғри, бу «Наполи»га қарши ўйинда рўй берди, лекин айнан шуниси ғалати, «Ювентус» топ ўйинларда ҳимояга қаттиқ эътибор берадиган жамоалардан ҳисобланарди. Наҳотки, энди Сарри билан бошқачароқ, янада қизиқроқ «Ювентус»ни кўрсак?

«Фиорентина» эса, қизиқарли рақиб. Биринчидан, флоренцияликлар мавсумни анча беқарор ўтказиб, турнир жадвалининг қуйи қисмларига ўрганиб қолган бўлсалар-да, топ рақибларга қарши кутилмаганда, доим муносиб ўйнаб келишган. Икки йил олдин айнан «Фиорентина» «Наполи»нинг йўлига тўсиқ бўлиб, «Ювентус»га чемпионлик йўлини очиб берганди. Иккинчидан, энди таркибда Рибери, Кевин-Принц Боатенг каби тажрибали футболчилар пайдо бўлди. Улар жамоадошларига «Ювентус»дан қўрқмасликни ўргатишлари табиий. Бу футболчиларнинг дебюти у қадар ишончли чиқмаган бўлса-да, ўртадаги танаффус янгиларнинг кўпроқ киришиб кетишлари учун имконият бўлди. Шунингдек, ўз вақтида Туринда тўп сурган Мартин Касарес ҳам собиқ жамоасига қарши майдонга тушиши мумкин. «Лестер»да ишлари юришмаган Рашид Ғаззолни ҳам янги чемпионатда кузатиш қизиқ бўлади.

Ўзаро ўйинларга келсак, «Ювентус» тўрт ўйиндан бери «Фиорентина»ни ютиб келмоқда. Флоренциядаги икки ўйин умумий 5:0 ҳисобида меҳмонларнинг устунлиги билан якунланган.

Дарвоқе, яна икки жиҳатдан мезбонлар «Ювентус»дан кўра яхшироқ шароитга эга. Биринчиси, Сарри шогирдлари келаси ҳафта Чемпионлар Лигасида «Атлетико»га қарши қийин учрашув остонасида туришибди. Иккинчиси, терма жамоалар ўйинлари билан боғлиқ танаффус кўпроқ «Ювентус»га халақит бергани табиий, чунки ушбу жамоа таркибидаги деярли барча футболчилар ўз терма жамоалари сафида йиғинларда қатнашиб келишди. «Фиорентина» эса, танаффус пайтида асосий таркиб билан шуғулланиш имкониятига эга бўлди. 

БОРУССИЯ Д – БАЙЕР (14 сентябрь, 18:30)

Ҳар икки жамоа ҳам мавсумни жуда яхши бошлашди, дастлабки икки турда ишончли ғалабалар қўлга киритилди. Аммо 3-турда «Байер» ўз майдонида «Ҳоффенҳайм» билан дуранг ўйнаган бўлса, дортмундликлар кўпчилик учун кутилмаганда, бундеслига дебютанти «Унион Берлин»дан 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Терма жамоалар билан боғлиқ танаффус ҳар икки жамоага ҳам қўл келгани табиий. Энди бу сафар кимдир аввалги натижанинг тасодиф эканини исботласа, кейинги жамоа муваффақиятсиз серияни давом эттириши мумкин. Жамоалар таркибида жуда қизиқарли ва топ-клублар томонидан қизиқиш билдираётган футболчиларнинг борлиги эса, бу учрашув янада кескин ва шиддатлироқ ўтишини таъминлайди.

Келаси ҳафта Европа Чемпионлар Лигаси ўйинлари бошланади ва жамоалар ўзлари учун анча мураккаб гуруҳга тушган. «Боруссия» «Барселона» ва «Интер» билан икки йўлланма учун кураш олиб борса, леверкузенликлар «Атлетико» ва «Ювентус» билан бир гуруҳда тўп суради. 1-турда «Боруссия» «Барселона»ни, «Байер» эса, «Локомотив»ни қабул қилади. Демак, мураббийларнинг бир хаёли жуда муҳим бўлган еврокубок ўйинлари билан ҳам банд бўлиши табиий. Хуллас, тайёргарлик учун жуда мураккаб вазиятда бўлиб ўтаётган бу ўйинда индивидуал футболчиларнинг маҳорати ҳам катта рол ўйнаш керак – Ройс, Алкасер, Хавертц, Бэйли ва бошқалар шулар жумласидандир. Айниқса, ҳар ўйинда голли вазиятни юзага келтираётган Жейдон Санчо муваффақиятини терма жамоада ҳам давом эттирди – ўйинда у учун алоҳида камералар ишлаши тайин.

Ўзаро ўйинларда, табиийки, «Боруссия»нинг яққол устунлигини кўриш мумкин. Сўнгги 18 ўйиннинг 10таси дортмундликлар ғалабаси билан якунланган. «Байер»нинг сўнгги ғалабасига уч йил бўлди, Дортмунддан эса, меҳмонлар охирги марта 2014 йилнинг августида уч очко олиб кетишганди.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЛЕСТЕР (14 сентябрь, 19:00)

Сўнгги йилларда «Манчестер Юнайтед» деярли ҳаммага ютқаза олишини исботлаётганини эътиборга олсак, «Лестер» билан статистика бироз ҳайрон қолдиради. «Тулкилар» АПЛга қайтган илк мавсумларида, ўша машҳур 5:3 ҳисобидаги иродали ғалабадан сўнг, бирор марта ҳам «Манчестер Юнайтед»ни мағлуб эта олишмаяпти. Ҳатто ўша чемпионлик мавсумида ҳам, ҳар икки ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланган.

Навбатдаги ўйин «МЮ»нинг бир қатор омадсиз ўйинларидан сўнг, «Лестер» эса, 4 турдан кейин ҳали мағлубиятга учрамаган уч жамоадан бири бўлиб турган пайтда ўтаётгани қизиқишни оширади, албатта. Мезбонлар сафида собиқ «лестерчи» Ҳарри Магуайр, меҳмонлар етакчиси ролида эса, январда «Олд Траффорд»га келиши мумкин бўлган ёш юлдуз – Жеймс Мэддисон.

Таркибларга келсак, Люк Шоу ва Марсиял жароҳат туфайли сўнгги ўйинни ўтказиб юборганди, терма жамоалар билан боғлиқ танаффусда яна, Погба, Лингард, Ван-Биссака каби футболчилар ҳам турли жароҳатлар туфайли эрта қайтишди. Сульшернинг айтишича, бу саналганларнинг асосий таркибдан жой олишлари эҳтимоли жуда паст, балки Лингард ва Ван-Биссака тайёр бўлиши мумкин. Погба ва Марсиял «Вест Ҳэм»га қарши ўйингача жамоага ёрдам бера олмаслиги аниқ.

Меҳмонлар таркибида йўқотишлар йўқ. «Лестер» бошқа бир топ-клуб «Челси»га қарши ҳам анча ишончли ўйин кўрсатганини эсласак, мезбонларга осон бўлмайди. Умуман, кўп мутахассислар Рожерс жамоасини «кучли олтилик»ка энг яқин жамоа, ҳатто якунда бу гуруҳда кимнидир ортда қолдириши ҳам мумкинлигига ишонишмоқда.

ВУЛВЕРҲЭМПТОН – ЧЕЛСИ (14 сентябрь, 19:00)

Олти йил чемпионшипда ўйнагач, бутунлай бошқа жамоага айланиб Премьер Лигага қайтган «Вулверҳэмптон» ўтган мавсумда айниқса, топ-клубларга қарши натижалари билан барчанинг эътирофига сазовор бўлганди. «Бўрилар» «Манчестер Сити»дан ташқари, барча топ-клубларни енгишган, ҳатто Англия Кубогида «Ливерпуль»ни курашдан чиқариб юборишганди. «Челси»га қарши ўйинда эса, уйда иродали ғалаба ва «Стемфорд Бриж»да дуранг. Ўша ўйинда ҳам, фақат Эден Азарнинг қўшимча вақтда урган голи мезбонларни мағлубиятдан қутқариб қолганди.

«Вулверҳэмптон» ёзда жуда фаол бўлди, «Лацио»дан Бруно Жордан ва Нету, «Милан»дан Кутроне, «Реал»дан ижарага Вальехо олиб келинди. Хуллас, «Вулверҳэмптон» АПЛнинг кучли жамоаларидан бири бўлиш учун йўлини давом эттирмоқда. Жумладан, топ-клубларга қарши муваффақиятли серия ҳам амалда – «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда дуранг қайд этилди. Шунингдек, келаси ҳафтадан Нуну Санту шогирдлари Европа Лигаси гуруҳ босқичида ҳам дебют қилади. Бир йил учун жуда дадил ва катта қадамлар, нима дедингиз?

Аммо зич график ўз салбий таъсирини ҳам ўтказмай қолмаяпти, «бўрилар» АПЛнинг 4 туридан сўнг ҳам ҳали ғалаба қозона олишгани йўқ. Қаторасига уч дурангдан сўнг, «Эвертон»га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида очкони қўлдан чиқаришди. Танаффус Санту учун фойдали бўлиши, ниҳоят жамоа ғалабали йўлга тушиб олиши учун яхши палла, яхши рақиб.

Таркибларга келсак, мезбонларнинг асосий ҳимоячиларидан бири Вилли Боли дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. У «Гуддисон Парк»даги ўйинда ҳакам томонидан майдондан четлатилганди. Меҳмонлар сафида эса, муаммолар жуда кўп. Ававлроқ сафдан чиққан Лофтус-Чик, Жеймс, Педро, Мусонда, Хадсон-Одои кабилар қаторига энди Нголо Канте, Эмерсон ва Ковачич ҳам қўшилди. Энди Лэмпард бу сафар ҳам, «кўклар»нинг янги юлдузлари – Маунт, Абраҳам ва Пулишич каби футболчиларга таянишга мажбур.

РБ ЛЕЙПЦИГ – БАВАРИЯ (14 сентябрь, 21:30)

Бундеслигада бу ҳафта яна битта ЕЧЛ иштирокчилари тўқнашуви бор. Буни турнир жадвалида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаб турган жамоалар ўртасидаги кураш, деб ҳам айтиш мумкин. Бу ўйин ғолиби чемпионатда яққол пешқадамга айланади.

«Бавария»ни мавсумнинг исталган палласида бу шароитда кўришга ўрганиб қолганмиз, лекин «Лейпциг» мавсумни жуда кучли бошлаганини эътироф этиш керак. Гап қандайдир қаторасига уч ўйиндаги ғалабада эмас, бу ўйинлар қандай ва кимлар билан кечганини ҳам унутмаслик керак. «Лейпциг» уч ўйинда рақиб дарвозасини 9 марта ишғол қилди, икки ғалаба сафарда қўлга киритилди. «Айнтрахт», «Боруссия» М каби юқори ўринлар учун курашадиган жамоалар мағлуб этилгани ҳам алоҳида таҳсинга сазовор. Тимо Вернерни эса, умуман тўхтатиб бўлмаяпти. Ҳужумчи янги мавсумда ҳар ўйинда майдонни голсиз тарк этмаяпти, Менхенгладбахдаги сўнгги ўйинда эса, ҳет-трик қилишга муваффақ бўлди. Икки йилдан бери чемпионатда мюнхенликлар бу стадионда ғалаба қозона олмаётганини ҳам эътиборга олсак, Ковач жамоасига осон бўлмайди.

Ўз ҳолича, янгиланган «Бавария»ни кўриш ҳам қизиқарли. Иван Перишич, Филипе Коутиньо, Микаел Кюизанс каби янги футболчилар кетганларнинг ўрнини босишга ҳаракат қилишади ва бу футболчиларнинг тўлақонли дебютини мана шу учрашувда кузатишимиз мумкин.

БАРСЕЛОНА – ВАЛЕНСИЯ (14 сентябрь, 23:55)

«Барселона» мухлисларига ҳавас қилиб бўлмайди, улар севимли жамоаларининг ҳақиқий ўйинини узоқ кутишларига тўғри келмоқда. Бу ерда ҳеч қандай истеҳзо йўқ, ростан ҳам таркибида Месси бўлган «Барселона» билан, Мессисиз «Барселона» умуман фарқлидир. Жамоа етакчисининг жароҳати тўлиқ тикланиб улгурмади, футболчи анчадан буён шуғулланаётган бўлса-да, клуб шифокорлари таваккал қилмасликни афзал кўришмоқда. Шунингдек, 1-турда жароҳат олган Луис Суарес ҳам катта эҳтимол билан майдонга туша олмайди. Усмон Дембеле эса ой охирида сафга қайтади.

Бу футболчиларсиз «Барселона» у қадар ишончли кўринмаётганини «Осасуна» билан ўйин ҳам исботлади. Ёш футболчилар августда ўзларини кўрсатган бўлишса-да, уларнинг ўйинида беқарорлик кўзга ташланмоқда. Балки «Атлетико» йўқотишсиз кетаётганини эътиборга олиб, ниҳоят Вальверде тажрибали Ракитич, Видал каби футболчиларга ишонч билдирар? Яъни янги жамоа қурилишини Месси келгунча кечиктириб турар? Бундан ташқари, «ПСЖ» билан муваффақиятсиз музокаралар натижасида Ракитич «Камп Ноу»да қолиши аниқ бўлди, энди хорватиялик футболчи ўз тажрибаси билан оғир дамда ёрдам бериши мумкин.

Ўйин «Валенсия» томонидан қараганда ҳам аҳамиятли. Сўнгги турда ниҳоят жамоа ғалаба қозонган бўлса-да, клуб Марселинони истеъфога чиқарди. Янги мураббий сифатида эса, Испания терма жамоаси ва «Реал»да Лопетегига ёрдамчилик қилган Алберт Селадес тайинланди. Қизиғи, Селадес футболчи сифатида «Барселона»да улғайган, академия тарбияланувчиси ҳисобланади ва бир неча йил «Камп Ноу»да тўп сурган. Тўғри, бу ҳолат Селадесни ҳақиқий каталониялик қилиб қўймади, зеро у кейинчалик «Реал» сафида ҳам беш йил ўйнаган. Хуллас, бош мураббий сифатида фақат ёшлар терма жамоаларида фаолият кўрсатган мураббий учун «Валенсия» жиддий синов бўлиши аниқ. Имтиҳон эса, биратўла «Камп Ноу»да, ундан кейин «Стемфорд Бриж»да давом этади – «Валенсия» келаси ҳафта Чемпионлар Лигасидаги юришини «Челси»га қарши ўйинда бошлайди.

«Валенсия» сўнгги йилларда «Камп Ноу» учун энг ноқулай рақиблардан бири эканини ҳам алоҳида эътироф этиш мумкин. Сўнгги 9 ўйиндан 4тасида мезбонлар ғалаба қозона олмаган, учтасида «Валенсия» зафар қучган – «Камп Ноу» учун буни жуда катта натижа сифатида баҳолаш мумкин. Хусусан, «Барселона»ни сўнгги совриндан маҳрум қилган жамоа ҳам айнан «Валенсия» ҳисобланади. Эсингизда бўлса, май ойида, Қироллик кубоги финалида «кўршапалаклар» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Февралда бўлиб ўтган ўйинда ҳам меҳмонлар 2:0 ҳисобида олдинда боришган, кейинчалик Мессининг дубли дуранг натижани таъминлаганди.

Мезбонлар таркибидаги жароҳатлар ҳақида юқорида айтилди, «Валенсия»да эса Карлос Солернинг йўқлиги жамоа ўйинига таъсир кўрсатиши мумкин.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

14 сентябрь. РЕАЛ – Леванте (16:00), ЛИВЕРПУЛЬ – Ньюкасл (16:30), ТОТТЕҲЭМ – Кристал Пэлас (19:00), Вулверҳэмптон – ЧЕЛСИ (19:00), ПСЖ – Страсбур (20:30), НАПОЛИ – Сампдория (21:00), Норвич – МАНЧЕСТЕР СИТИ (21:30), Реал Сосьедад – АТЛЕТИКО (21:30), ИНТЕР – Удинезе (23:45),

15 сентябрь. Уотфорд – АРСЕНАЛ (20:30), РОМА – Сассуоло (21:00), Верона – МИЛАН (23:45).

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар